Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

193. Ғийбатнинг ёмонлиги ва мусулмонларнинг обрўларини ҳимоя қилишнинг фазли ҳақида

3466 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади:

«وَلا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ»

«Баъзиларингиз баъзиларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?!» (Ҳужурот сураси 12- оят).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا الْغِيبَةُ؟ قَالَ: «ذِكْرُكَ أَخَاكَ بِمَا يَكْرَهُ» قَالَ أَرَأَيْتَ إِنْ كَانَ فِيهِ مَا أَقُولُ قَالَ: «إِنْ كَانَ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدْ اغْتَبْتَهُ وَإِنْ لَمْ يَكُنْ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدْ بَهَتَّهُ» (رواه أبو داود والترمذي).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Расулуллоҳ, ғийбат нима?» деб сўралди. «Биродаринг ҳақида у ёқтирмайдиган нарсани айтишинг», дедилар. «Агар мен айтган нарса унда ҳақиқатан бўлса-чи?», дейилди. «Аган сен айтган нарса унда бўлса, сен уни ғийбат қилган бўласан, агар у нарса унда бўлмаса, сен унга бўҳтон қилган бўласан», дедилар (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَمَّا عُرِجَ بِي مَرَرْتُ بِقَوْمٍ لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ يَخْمُشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ فَقُلْتُ مَنْ هَؤُلاءِ يَا جِبْرِيلُ قَالَ هَؤُلاءِ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ وَيَقَعُونَ فِي أَعْرَاضِهِمْ» (أخرجه أبو داود).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Меърожга олиб чиқилганимда бир қавм ёнидан ўтдим. Уларнинг тирноқлари мисдан бўлиб, у билан юзларини ва кўкракларини тирнардилар. «Булар кимлар, эй Жибрил?» деб сўраганларида Жибрил алайҳиссалом: «Улар одамларнинг гўштларини (ғийбат билан) ейдиган ва обрўларига чанг соладиган кимсалар», деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ» (أخرجه مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа мусулмонга ҳаромдир». (Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ رَدَّ عَنْ عِرْضِ أَخِيهِ رَدَّ اللَّهُ عَنْ وَجْهِهِ النَّارَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ» (أخرجه الترمذي).

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким биродарининг обрўси (тўкилиши)ни қайтарса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг юзидан дўзах ўтини қайтаради» (Имом Термизий ривояти).

Шарҳ:

Ғийбат гуноҳи кабиралардан ва одамлар ўртасида кенг ёйилган маъсият турларидан бўлгани ҳолда кўпчилик унга енгил ва бепарво қарашади. Ҳолбуки, у мусулмонлар орасида адоват пайдо бўлишига ва уларнинг ўртаси бузилишига сабаб бўлади. Ғийбат жирканч ишлардан бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло ғийбатчини ўзининг ўлган биродарининг гўштини еювчига ўхшатди. Ғийбатчининг барзах ҳаётидаги жазоси шуки, у мис тирноқлар билан юзини ва кўксини тилкалайди. Мусулмоннинг бошқа мусулмонга нисбатан унинг беҳуда қонини тўкиш, ноҳақ молини ейиш ҳаром бўлгани каби унинг обрўсини тўкиш ҳам ҳаромдир.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Ғийбат ҳаром ва гуноҳи кабиралардан;
  2. Бировни у ёқтирмайдиган нарса билан зикр қилиш – гарчи ўша нарса унда бўлса-да – ғийбатдир;
  3. Ғийбатга қулоқ тутиш ҳаром, ғийбатчини айблаш, уни бу ишдан қайтариш лозим;
  4. Ғийбатчининг барзах ҳаётидаги азоби қаттиқдир;
  5. Мусулмон кишининг обрўси тўкилаётганда уни ҳимоя қилиш зарур, шундай қилган кишининг юзидан Аллоҳ таоло дўзах ўтини қайтаради.