Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

159. Дўст ва улфатлар ҳақида

3710 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Зухруф сурасининг 67-оятида айтади:

«У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)».

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ قَالَ: «إِنَّمَا مَثَلُ الْجَلِيسِ الصَّالِحِ وَالْجَلِيسِ السَّوْءِ كَحَامِلِ الْمِسْكِ وَنَافِخِ الْكِيرِ فَحَامِلُ الْمِسْكِ إِمَّا أَنْ يُحْذِيَكَ وَإِمَّا أَنْ تَبْتَاعَ مِنْهُ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ مِنْهُ رِيحًا طَيِّبَةً وَنَافِخُ الْكِيرِ إِمَّا أَنْ يُحْرِقَ ثِيَابَكَ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ رِيحًا خَبِيثَةً» (متفق عليه).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Яхши улфат билан ёмон улфатнинг мисоли худди мушк сотувчи (аттор) билан (темирчининг) босқонига дам урувчига ўхшайди. Мушк сотувчи ё мушкидан сизга ҳадя қилади ё ундан сотиб оласиз ёки ҳеч бўлмаса ундан хушбўй ҳид топасиз. Босқонга дам урувчи эса ё кийимингизни куйдиради ё эса ундан бадбўй ҳид топасиз.»

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الرَّجُلُ عَلَى دِينِ خَلِيلِهِ فَلْيَنْظُرْ أَحَدُكُمْ مَنْ يُخَالِلُ» (أخرجه أبو داود والترمذي).

Имом Абу Довуд ва имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши ўз дўстининг динидадир. Шундай экан, ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганини текшириб боқсин», дедилар.

Шарҳ:

Ошна-оғайни ва ёру-дўстларнинг инсонга таъсири кучли бўлади. Кўпинча инсонга дўстларининг хулқи – яхши бўлсин, ёмон бўлсин – юқади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши дўст танлашга буюрдилар ва яхши дўст мисолини мушк сотувчи атторга ўхшатдиларки, ҳар қандай ҳолда ҳам ундан фақат яхшилик топасиз. Аксинча, ёмон дўстнинг ёмонлиги сизга етмай иложи йўқ.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Кимнинг дўстлиги тақво асосига қурилмаган ва Аллоҳ йўлидаги дўстликдан бошқа бўлар экан, қиёмат куни бундай дўстлик адоватга айланади.
  2. Яхши дўст ва улфат танлаш зарур.
  3. Дўстнинг дўстга таъсири кучли бўлади.