Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

155. Алдоқчиликдан огоҳлантириш

3335 марта кўрилган

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ عَلَى صُبْرَةِ طَعَامٍ فَأَدْخَلَ يَدَهُ فِيهَا فَنَالَتْ أَصَابِعُهُ بَلَلاً فَقَالَ: «مَا هَذَا يَا صَاحِبَ الطَّعَامِ؟» قَالَ أَصَابَتْهُ السَّمَاءُ يَا رَسُولَ اللَّهِ، قَالَ: «أَفَلا جَعَلتَهُ فَوْقَ الطَّعَامِ كَيْ يَرَاهُ النَّاسُ، مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي» (رواه مسلم)

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам озиқ-овқат (дон-дун маҳсулоти) уюми ёнидан ўтиб кетатуриб, қўлларини унинг ичига тиққан эдилар, бармоқлари намликни ҳис қилди. Шунда: - «Бу нимаси, эй дон соҳиби?!», дедилар.

У: - «Ёмғир ёғиб қўйганди, ё Расулуллоҳ», деди.

- «Одамлар кўрадиган қилиб устига чиқариб қўймабсан-да! Ким алдаса, мен(инг умматим)дан эмасдир», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «مَنْ حَمَلَ عَلَيْنَا السِّلاحَ فَلَيْسَ مِنَّا وَمَنْ غَشَّنَا فَلَيْسَ مِنَّا» (رواه مسلم).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизга қурол кўтарса, у биздан эмас. Ким бизни алдаса, у биздан эмас», дедилар.

عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «الدِّينُ النَّصِيحَةُ» قُلنَا لِمَنْ؟ قَالَ لِلَّهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلِأَئِمَّةِ المُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ (رواه مسلم)

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дин - насиҳат (холислик)дир» дедилар. «Ким учун, ё Расулуллоҳ?» - деб сўраган эдик, «Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», деб жавоб бердилар.

Шарҳ:

Мусулмонларга нисбатан самимий муносабатда бўлиш вожиб ва у диннинг асосларидан. Олди-сотди ёки бошқа муомалаларда уларни алдаш катта гуноҳлардан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ёмон иллатдан огоҳлантириб, мусулмонларни алдаган одам мусулмон бўлмаслигини айтганлар.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Мусулмонларни алдаш ҳаром ва гуноҳи кабиралардан.
  2. Мусулмонларга нисбатан холис бўлиш ва уларга яхшилик исташ вожиб.