Чоршанба 22 Ноябрь 2017 | 3 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

146. Чақирилган жойга бориш

1644 марта кўрилган

عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقولُ: «حَقُّ المُسْلِمِ عَلَى المُسْلِمِ خَمْسٌ رَدُّ السَّلامِ وَعِيَادَةُ المَرِيضِ وَاتِّبَاعُ الجَنَائِزِ وَإِجَابَةُ الدَّعْوَةِ وَتَشْمِيتُ العَاطِسِ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кишининг мусулмон биродари устида бешта хаққи бор: Саломига алик олиш, касал бўлса зиёрат қилиш, (вафот этса) жанозасига қатнашиш, чақирса бориш ва аксирса (кейин алҳамдулиллаҳ деса) ярҳамукаллоҳ дейиш», дедилар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «إِذَا دُعِيَ أَحَدُكُمْ إِلَى الوَلِيمَةِ فَليَأْتِهَا» (متفق عليه).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар биронтангиз валима - никоҳ зиёфатига чақирилса борсин», дедилар.

عَنْ جَابِرٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دُعِيَ أَحَدُكُمْ إِلَى طَعَامٍ فَليُجِبْ فَإِنْ شَاءَ طَعِمَ وَإِنْ شَاءَ تَرَكَ» (رواه مسلم).

Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биронтангиз таомга таклиф қилинса борсин, агар хоҳласа ейди, хоҳламаса емайди», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّهُ كَانَ يَقُولُ بِئْسَ الطَّعَامُ طَعَامُ الوَلِيمَةِ يُدْعَى إِلَيْهِ الأَغْنِيَاءُ وَيُتْرَكُ المَسَاكِينُ فَمَنْ لَمْ يَأْتِ الدَّعْوَةَ فَقَدْ عَصَى اللَّهَ وَرَسُولَهُ (رواه مسلم)

Имом Муслим ривоят қилган асарда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Бойларгина чақирилиб, камбағаллар чақирилмайдиган тўйнинг оши нақадар ёмон ош!. Ким чақирилган жойга бормаса, Аллоҳ ва Расулига осий бўлибди.»

Шарҳ:

Чақирилган жойга бориш мусулмон кишининг мусулмон биродари устидаги ҳақларидан биридир. Мусулмонларнинг ижтимоий ва оилалараро борди-келдиларини кучайтиришга сабаб бўлгани учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чақирилган жойга боришга буюрганлар. Шариатга мувофиқ ўтказилаётган тўй ва зиёфатларга таклиф қилинганда бормаслик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига осий бўлиш, демакдир.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Тўй ва зиёфатлар агар шариатга мувофиқ бўлса, чақирилганда бориш лозим.
  2. Чақирилган жойга бориш мусулмон кишининг мусулмон биродари устидаги ҳақларидан бири.
  3. Чақирилган жойга борганда албатта таом тановул қилиш шарт эмас, хоҳласа ейди хоҳламаса емайди.