Жума 24 Ноябрь 2017 | 5 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

132. Етимларни кафолатга олиш ва уларга меҳрибонлик қилиш фазли

1726 марта кўрилган

Аллоҳ таоло “Зуҳо” сурасининг 9-оятида шундай дейди: «Бас, энди Сиз ҳам етимларга қаҳр қилманг».

“Инсон” сурасининг 8-оятида етимларни суюб, таом берганларни мақтаб шундай дейди: «Ва таомни суюб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар».

عَن سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَنَا وَكَافِلُ اليَتِيمِ فِي الجَنَّةِ هَكَذَا وَأَشَارَ بِالسَّبَّابَةِ وَالوُسْطَى وَفَرَّجَ بَيْنَهُمَا شَيْئًا (رواه البخاري).

Имом Бухорий Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана шундай турамиз» деб, кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бир-бирига тегар даражада бирлаштириб, ишора қилдилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كَافِلُ اليَتِيمِ لَهُ أَوْ لِغَيْرِهِ أَنَا وَهُوَ كَهَاتَيْنِ فِي الجَنَّةِ» وَأَشَارَ مَالِكٌ بِالسَّبَّابَةِ وَالوُسْطَى (رواه مسلم).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳ ўзига, хоҳ бошқага қарашли етимни кафолатига олган одам мен билан жаннатда мана бундай туради», дедилар. Ровий шундай деб, кўрсаткич ва ўрта бармоғига ишора қилди.

Шарҳ:

Балоғат ёшига етишдан аввал отаси вафот этган бола етим дейилади. Навниҳол ёшида белига қувват, йўлига ҳамроҳ ва мушкулига ечим бўладиган қаровчисини йўқотган болага кафил бўлиб, тарбиялаб, меҳр-мурувватини кўрсатган кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катта мартабаларни ваъда қилдилар.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Етимларни кафолатига олиш ажру мукофотли амал.
  2. Етимни кафолатига олиш жаннатга киришга ва жаннатда олий даражаларга етишга сабаб бўлади.
  3. Бу мукофотга етимга кафил бўлган ҳамма - ҳоҳ қариндош бўлсин, ҳоҳ бегона бўлсин - эришади.