Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

131. Қиз болаларга яхши муомала қилиш ва уларни чиройли тарбия қилишнинг фазилати

3698 марта кўрилган

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها قَالَتْ جَاءَتْنِي امْرَأَةٌ وَمَعَهَا ابْنَتَانِ لَهَا فَسَأَلَتْنِي فَلَمْ تَجِدْ عِنْدِي شَيْئًا غَيْرَ تَمْرَةٍ وَاحِدَةٍ فَأَعْطَيْتُهَا إِيَّاهَا فَأَخَذَتْهَا فَقَسَمَتْهَا بَيْنَ ابْنَتَيْهَا وَلَمْ تَأْكُل مِنْهَا شَيْئًا ثُمَّ قَامَتْ فَخَرَجَتْ وَابْنَتَاهَا فَدَخَلَ عَلَيَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَحَدَّثْتُهُ حَدِيثَهَا فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ ابْتُلِيَ مِنْ البَنَاتِ بِشَيْءٍ فَأَحْسَنَ إِلَيْهِنَّ كُنَّ لَهُ سِتْرًا مِنْ النَّارِ» (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Бир хотин икки қизи билан менинг олдимга тиланиб кирди. Мен битта хурмодан бошқа ҳеч нарса топмадим. Хурмони аёлга берган эдим, уни олиб, иккига бўлди-да, икки қизига берди, ўзи ундан тотиб ҳам қўймади. Сўнгра туриб чиқиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужрамга кирганларида бўлган воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимга қиз фарзандлар берилган бўлса, у уларни чиройли тарбия қилса, улар унга жаҳаннамдан парда бўлишади», дедилар.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ عَالَ جَارِيَتَيْنِ حَتَّى تَبْلُغَا جَاءَ يَوْمَ القِيَامَةِ أَنَا وَهُوَ وَضَمَّ أَصَابِعَهُ» (رواه مسلم).

Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким икки қизни вояга етгунча яхшилаб тарбияласа, қиёмат куни мен билан бирга туради», деб бармоқларини бир-бирига бирлаштирдилар.

Шарҳ:

Қиз бола заифа бўлиб, ўзи мустақил ҳаётини қуриб кетишга қодир бўлмай, доим уни паноҳига оладиган кишига муҳтож бўлади. Қизларни паст санаб, камситиш жоҳилият аломатларидан бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиз болаларни чиройли тарбиялашга ва яхши муомала қилишга тарғиб қилдилар ва бунинг учун катта мукофотларни ваъда қилдилар.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Қарамоғидаги қизларни Ислом асосида гўзал тарбия қилиш кишининг жаннатга киришига сабаб бўлади.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларга яхши муомалада бўлишга тарғиб қилдилар.