Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

123. Ёмғирга тааллуқли аҳкомлар

3233 марта кўрилган

عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الجُهَنِيِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ صَلَّى لَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلاةَ الصُّبْحِ بِالحُدَيْبِيَةِ عَلَى إِثْرِ سَمَاءٍ كَانَتْ مِنْ اللَّيْلَةِ فَلَمَّا انْصَرَفَ أَقْبَلَ عَلَى النَّاسِ فَقَالَ هَل تَدْرُونَ مَاذَا قَالَ رَبُّكُمْ قَالُوا اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ قَالَ أَصْبَحَ مِنْ عِبَادِي مُؤْمِنٌ بِي وَكَافِرٌ فَأَمَّا مَنْ قَالَ مُطِرْنَا بِفَضْلِ اللَّهِ وَرَحْمَتِهِ فَذَلِكَ مُؤْمِنٌ بِي وَكَافِرٌ بِالكَوْكَبِ وَأَمَّا مَنْ قَالَ بِنَوْءِ كَذَا وَكَذَا فَذَلِكَ كَافِرٌ بِي وَمُؤْمِنٌ بِالكَوْكَبِ (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбийяда ёмғир ёғиб ўтган тундан сўнг биз билан бомдод намозини ўқидилар. Намозни тугатгач, одамларга юзланиб: «Роббингиз нима деганини биласизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дейишди. Ул зот: «Роббингиз: Бандаларимдан баъзилари мўмин бўлиб, баъзилари кофир бўлиб тонг оттирди. Кимки: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан бизга ёмғир ёғди», деган бўлса, у Менга иймон келтирган ва юлдузга кофир бўлган кишидир. Аммо, кимки: «Фалон, фалон юлдузлар сабабли ёмғир ёғди», деган бўлса, у юлдузга иймон келтирган ва Менга кофир бўлган кишидир, деди», дедилар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا رَأَى المَطَرَ قَالَ: «اللَّهُمَّ صَيِّبًا نَافِعًا» (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар ёмғирни кўрсалар “Аллоҳумма соййибан нафиъан” (Эй Аллоҳим, фойдали ёмғир қилгайсан), дер эдилар.

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مِفْتَاحُ الغَيْبِ خَمْسٌ لا يَعْلَمُهَا إِلا اللَّهُ لا يَعْلَمُ أَحَدٌ مَا يَكُونُ فِي غَدٍ وَلا يَعْلَمُ أَحَدٌ مَا يَكُونُ فِي الأَرْحَامِ وَلا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَاذَا تَكْسِبُ غَدًا وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ بِأَيِّ أَرْضٍ تَمُوتُ وَمَا يَدْرِي أَحَدٌ مَتَى يَجِيءُ المَطَرُ» (رواه البخاري).

Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ғайб калитлари бешта, уларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди: 1) Ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди; 2) Ҳеч ким қоринлардаги (ҳомила)нинг нима бўлишини билмайди; 3) Ҳеч бир жон эртага нима қилишини билмайди; 4) Ҳеч бир жон қаерда ўлишини билмайди; 5) Ҳеч ким ёмғир қачон ёғишини билмайди».

Шарҳ:

Ёмғир – Аллоҳ таолонинг хоҳлаган бандаларига инъом қилиб берадиган неъмати ва фазлу марҳаматидир. Бу неъматни Аллоҳ таолодан бошқасига нисбатлаб: фалон юлдуз чиққани ёки фалон фасл киргани учун ёмғир ёғди, дейишлик куфрони неъматдир. Зотан, бу неъматнинг фазлини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига нисбатламоқ лозим. Юлдузларнинг чиқиши ва фаслларнинг алмашиши Аллоҳ таоло жорий қилиб, унда хоҳлаган бандаларини бундай неъматлар билан ризқлантириб турадиган вақтлар холос. Агар маълум юлдуз ва фасллар сабаблигина ёмғир ёғадиган бўлганида, улар кўринган ё келган пайтда ер юзида бу неъмат билан озиқланмаган бирон киши қолмаган бўлар эди. Лекин воқеъда бундай эмас, керакли юлдуз ва фасллар бор бўлишига қарамай ёмғир ўз вақтидан кечикиши, баъзан ёғиб, баъзан бутунлай ёғмаслик ҳоллари кўп кузатилади. Бинобарин, ёмғир ёғиш вақтини ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзигина билади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. “Фалон материк ёки фалон юлдуз сабабли бизга ёмғир ёғди” дейишлик жоиз эмас, балки “Аллоҳ таолонинг фазлу карами, раҳмати сабабли ёмғир ёғди” дейилади.
  2. Ёмғирни кўрган вақтда “соййибан нафиъан” - яъни, Эй Аллоҳим, фойдали ёмғир қилгайсан, дейиш суннат.
  3. Ёмғирнинг қайси соатда, қайси равишда ёғиши Аллоҳ таолодан бошқаси билмайдиган ғайб илмларидандир.