Сешанба 21 Ноябрь 2017 | 2 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

114. Жумъа намозига эрта боришнинг фазли ва Жумъа намозига бормаганларнинг оқибати

1723 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Жумъа сурасининг 9-оятида шундай дейди:

«يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا نُودِيَ لِلصَّلاةِ مِنْ يَوْمِ الجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا البَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ»

«Эй мўъминлар, қачон жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса) дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-соттини тарк қилинглар. Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (Аллоҳнинг зикрига, жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «مَنْ اغْتَسَلَ يَوْمَ الجُمُعَةِ غُسْلَ الجَنَابَةِ ثُمَّ رَاحَ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَدَنَةً وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الثَّانِيَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَقَرَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الثَّالِثَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ كَبْشًا أَقْرَنَ، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الرَّابِعَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ دَجَاجَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الخَامِسَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَيْضَةً، فَإِذَا خَرَجَ الإِمَامُ حَضَرَتِ المَلائِكَةُ يَسْتَمِعُونَ الذِّكْرَ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким жумъа куни жанобатдан қилинадиган ғусл каби ғусл қилса, сўнг (масжидга) борса, гўё бир туя қурбонлик қилгандек, иккинчи соатда келган киши сигир қурбонлик қилгандек, учинчи соатда келган киши шохдор қўчқор қурбонлик қилгандек, тўртинчи соатда келган киши товуқ қурбонлик қилгандек, бешинчи соатда келган киши бир тухум қурбонлик қилгандек (ажрга эга) бўлади. Имом (хутба учун минбарга) чиққанида малоикалар зикрга қулоқ солиш учун ҳозир бўладилар.»

عن عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقولُ: «لَيَنْتَهِيَنَّ أَقْوَامٌ عَنْ وَدْعِهِمْ الجُمُعَاتِ أَوْ لَيَخْتِمَنَّ اللَّهُ عَلَى قُلُوبِهِمْ ثُمَّ لَيَكُونُنَّ مِنْ الغَافِلِينَ» (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар жумъа намозига келмасликларини тўхтатадилар ёки Аллоҳ уларнинг қалбларини муҳрлаб қўяди, сўнгра улар ғофиллардан бўлиб қолишади», дедилар.

Шарҳ:

Жумъа намозига эртароқ бориш жумъанинг суннат ва одобларидан. Аллоҳ таоло жумъа намозига азон айтилгач, унга шошилишга буюриб, жумъага эрта борганларга катта савобларни ваъда қилди. Жумъага кечикиб боришга одатланиш гоҳо жумъани тарк қилишга ҳам олиб боради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъага бормаётганларни қаттиқ огоҳлантирганлар, чунки бунинг оқибати жуда ёмон бўлиб, яхшиликка ҳечам ета олмайдиган қилиб, қалбига муҳр уриб қўйилади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Жумъага эрта боришга буюрилганмиз.
  2. Жумъага эрта боришнинг фазли улуғдир.
  3. Жумъага бормаганларнинг оқибати ёмон бўлиб, қалбига хатм урилишига сабаб бўлади.