Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

113. Жумъа кунининг фазилатлари, суннат ва одоблари

3825 марта кўрилган

عَنْ أَبيِ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قال: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «خَيْرُ يَوْمٍ طَلَعَتْ عَلَيْهِ الشَّمْسُ يَوْمُ الجُمُعَةِ، فِيهِ خُلِقَ آدَمُ وَفِيهِ أُدْخِلَ الجَنَّةَ وَفِيهِ أُخْرِجَ مِنْهَا» (رواه مسلم).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш нурини сочган энг яхши кун жумъа кунидир, бу кунда Одам алайҳис-салом яратилди, шу кунда жаннатга киритилди ва шу кунда жаннатдан чиқарилди», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الوُضُوءَ ثُمَّ أَتَى الجُمُعَةَ فَاسْتَمَعَ وَأَنْصَتَ غُفِرَ لَهُ مَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الجُمُعَةِ وَزِيَادَةُ ثَلاثَةِ أَيَّامٍ وَمَنْ مَسَّ الحَصَى فَقَدْ لَغَا» (رواه مسلم).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким таҳорат олса ва таҳоратини мукаммал қилса, сўнгра жумъага келса ва хутбани эътибор бериб, жимгина эшитса, ўтган жумъа билан бу жумъа орасидаги (кичик) гуноҳлари ва яна уч кунлик қўшимча гуноҳи кечирилади. Ким майда тошни ушласа (яъни хутба вақтида бирон беҳуда ҳаракат қилса ҳаттоки зарур гапни гапирса ҳам) лағв қилган бўлади», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقُولُ الصَّلَوَاتُ الخَمْسُ وَالجُمْعَةُ إِلَى الجُمْعَةِ وَرَمَضَانُ إِلَى رَمَضَانَ مُكَفِّرَاتٌ مَا بَيْنَهُنَّ إِذَا اجْتَنَبَ الكَبَائِرَ (رواه مسلم).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Беш вақт намоз, жумъа кейинги жумъагача, Рамазон кейинги Рамазонгача ўртадаги (кичик) гуноҳларга каффорат бўлади, агар (шу амалларни қилувчи) гуноҳи кабиралардан четланса», дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَكَرَ يَوْمَ الجُمُعَةِ فَقَالَ: «فِيهِ سَاعَةٌ لا يُوَافِقُهَا عَبْدٌ مُسْلِمٌ وَهُوَ يُصَلِّي يَسْأَلُ اللَّهَ شَيْئًا إِلا أَعْطَاهُ إِيَّاهُ زَادَ قُتَيْبَةُ فِي رِوَايَتِهِ وَأَشَارَ بِيَدِهِ يُقَلِّلُهَا» (متفق عليه)

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа кунини зикр қилиб: «У кунда бир соат борки, унга мусулмон киши намоз ўқиган, Аллоҳдан бирон нарсани сўраган ҳолда тўғри келса, Аллоҳ унинг тилагини албатта беради», дедилар ва қўллари билан у вақтнинг жуда оз эканига ишора қилдилар.

Шарҳ:

Жумъа куни улуғ айёмлардан бўлиб, Аллоҳ таоло бу кундан яҳуд ва насороларни маҳрум қилиб, ўзининг фазли карами билан уни бу умматга хос қилди. Жумъа намозини ўқиш гуноҳ сағиралар учун каффорат бўлади. Унда бир соат борки, қайси бир мусулмон киши бу соатга Аллоҳ таолодан бирон нарсани сўраган ҳолда мувофиқ келса, Аллоҳ таоло уни албатта беради. Имом хутба қилаётган пайтда беҳуда иш ёки сўз билан машғул бўлиш жума савобини кетказади ва шу одамни гуноҳкор қилади. Абу Ҳанифа хутбага қулоқ солиш вожиб ундан машғул бўлиш ҳаром деганлар. Бу ҳолат имом хутбани бошлаганидан то минбардан тушгунича бўлади.

Жумъа кунидаги дуо ижобат бўладиган вақт ҳақида уламолар кўп сўзларни айтганлар улардан кучлироғи имом хутба учун минбарга чиққандан бошлаб то жумъа намози ўқиб бўлингунича сўнгра аср намозидан кейин то қуёш ботгунча, бу сўзларни қувватловчи саҳиҳ ҳадислар мавжуд. Мазкур икки вақтда мусулмон киши дуода астойдил бўлиши керак.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Жумъа куни ҳафта кунларининг энг яхшисидир.
  2. Жумъа намози кўп фазилатли бўлиб, у гуноҳ сағираларнинг кечирилишига сабаб бўлади.
  3. Бу кунда бир қисқа вақт борки, унда мусулмон киши Аллоҳ таолога дуо қилган ҳолда тўғри келса, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилади.