Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

001. Ихлос ва ният

9442 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 15 ва 16- оятларида шундай дейди: "Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. 16. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч кандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир."

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилган, муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Албатта амаллар ниятга қараб бўлади ва ҳар бир киши нимани ният қилса шуни олади. Ким Аллоҳ ва Расули учун ҳижрат қилса унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, дунёдан улушини олади ёки аёл киши учун бўлса, унга уйланади. Ким қандай ният билан ҳижрат қилса, унинг ҳижрати ниятига яраша бўлади.", деганларини эшитдим дейди.

Имом Муслим ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадиган кишиларнинг биринчиси шаҳид бўлган киши бўлади. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга ўз неъматларини эслатади, у уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: "Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?"-деб сўрайди. У банда : "То шаҳид бўлгунимга қадар Сен учун жанг килдим,"- деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: "Ёлғон айтаяпсан, зеро сен одамлар сени жасур-қўрқмас дейишлари учун урушдинг ва дарҳақиқат, шундай дейилди," - дейди. Сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб олиб кетилади ва дўзахга ташланади.

Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган, ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ:

— Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг? - деб сўрайди. Банда:

— Илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Сен учун Қуръон ўқидим, деб жавоб беради.

— Ёлгон гапирдинг, сен илмни “олим” дейилиши учун ўргандинг, Қуръонни эса “қори” дейилиши учун ўқидинг, дарҳақиқат, шундай дейилди,- дейди Аллоҳ. Сўнгра буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади.

Кейин Аллоҳ унга ризқни кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга Ўз неъматларини танитади. У уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ:

— Буларни шукронасига сен нима амал қилдинг? – деб сўрайди.

— Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасида Сен учун сарф қилдим, -дейди.

— Ёлғон сўзладинг, зеро, сен бу ишларни “сахий” дейилиши учун қилдинг, дарҳақиқат шундай дейилди,- дейди Аллоҳ.

Сўнгра буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади.

Шарҳ::

Дарҳақиқат, ният амалнинг асосидирки, ҳар бир яхши амал унинг устига барпо бўлади. Одам алайхис саломдан тортиб, то қиёматгача келадиган барча одамзод сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилган. Ким ихлосни маҳкам ушласа – нажот топади. Ким уни зое қилса ҳалокатга юз тутади. Зеро амалнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.

Демак, бир амалнинг бошқа амалдан афзаллиги унинг катта ёки кичиклигига қараб эмас, балки шу амал соҳибининг қалбида сақладиган иймон ихлоснинг қай даражада эканига қараб белгиланар экан. Зеро амал суратдир, ихлос эса унинг руҳидир. Шайх Дувайш айтадилар: “Агар амалларда ихлос қилмасанг, ўзингни чарчатиб ўтирма. Ихлос дарахтининг илдизи мустаҳкамдир, риё дарахтининг илдизи эса қўпориб ташлангандир”. Дарҳақиқат агар дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлса, унинг танаси қанчалик кесилиб-қирқилиб ташланмасин, барибир ўсишда, ривожланишда давом этаверади, аммо унинг илдизи қўпориб ташланган бўлса, унинг тезда қуришини кутавер. Аллоҳ таоло ҳаммамизни сўз ва амалда ихлос қилишимизга муваффақ қилсин.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Қилинаётган амал қабул бўлиши учун иккита шарт топилиши керак. Улар ихлос ва амалнинг суннатга мувофиқ бўлиши.
  2. Ихлос ҳар бир амалда буюк аҳамиятга эга, чунки ихлоссиз амал эгасига бало бўлади.
  3. Амалнинг зоҳири чиройли бўлмоги унинг қабул бўлишига кифоя қилмайди, ҳудди амалда ихлос топилиб суннатга мувофиқ бўлмаганига ўхшаш. Демак, ҳар бир амалда ихлос ва суннатга мувофиклик топилиши шарт.
  4. Ҳар амал олдида ниятни тўғирлаш ва суннатга мувофиқми ёки мувофиқ эмаслигини текшириш вожибдир.