Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Биринчи фасл: Мазах қилишнинг хатарлари

2967 марта кўрилган

Мазах қилиш, Аллоҳ душманларининг ахлоқидандир. У — кофирлар, мушриклар ҳамда Аллоҳнинг дини ва мусулмонларга нисбатан қалблари гина-адоват билан тўлиб-тошган мунофиқлар хулқ-атворидир.

Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бу хулқ ва унинг эгаларини ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобаларига очиб берди. Қуръон Каримнинг талайгина оятларида бу ёмон хулқ ва унинг эгаларига нисбатан пайғамбарларнинг муносабатлари баён қилинган. Балки бу оятлар ўша, мазах қилганларнинг кофир бўлганликларини очиқ айтган.

Расулуллоҳ соллаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамлар ичидаги энг раҳмдил ва уларнинг ичида узрларни қабул қилишда тенгги йўқ бўлганликлари сийратларидан маълумдир. Шунга қарамасдан у зот масхараловчининг узрини қабул қилмаган, кулувчи, мазах қилувчининг хужжатига эътибор қилмаганлар. Ўзлари ва асҳоблари устидан Табук жанггига кетар эканлар, мазах қилиб кулган кимсаларнинг узрларини қабул қилмадилар ва ҳатто уларга қиё боқиб ҳам қўймадилар. Ҳолбуки, улар: "Биз ҳазиллашган эдик!" десаларда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан узрларини қабул қилмадилар. Балки, уларга етти қат Осмон устидан нозил бўлган раббоний ҳукмни тиловат қилиб бердилар:

«(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан кулаяпсизларми? (Энди) Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг кофир бўлдингиз!"» (Тавба: 65, 66).

Қилмишларининг нақадар оғир ва хатарли эканини тушуниб етиш учун, уларнинг ҳолатларига бир назар ташлайлик. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазот қилиш учун оилалари, рафиқалари, фарзандлари ва юртларини ташлаб чиққан эдилар. Бу, ёзнинг энг иссиқ кунлари бўлган эди. Улар қаттиқ очлик ва қақратган чанқоқликка учраган эдилар. Бироқ, бу кўрган қийнчиликлари уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар устидан кулган пайтларида ҳеч бир фойда бермади.

Ислом умматининг ўтган ва ҳозирги уламолари —Аллоҳ уларга раҳм қилсин — Аллоҳ, Унинг дини ва расулини мазах қилишнинг диндан чиқарадиган очиқ куфр эканига ижмоъ-иттифоқ қилганлар. Буни очиқроқ тушуниш учун жаҳаннамнинг энг тубига тушадиган мунофиқлар аҳволи ҳақида фикр юритсангиз, уларнинг Аллоҳ, Унинг оятлари, расули ва мўъминлар устидан энг кўп масхара ва мазах қилувчи одамлар бўлганини кўрасиз. Бу эса уларни Ислом динидан бутунлай чиқарадиган ишдир. Аллоҳ таоло айтди:

«Уларга: «Мана бу кишилардек иймон келтиринглар», дейилса, «Шу пасткашларга ўхшаб мўмин бўламизми?» дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир, лекин буни билмайдилар. 14. Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади. 15. Оллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади. 16. Улар ҳақ йўлнинг ўрнига залолатни сотиб олган кимсалар бўлиб, бу савдоларида фойда қилмадилар ва тўғри йўлга юрувчилардан бўлмадилар. (Бақара: 13 – 16).

Бу ишнинг ўта хатарли бўлгани учун ҳам, уламоларимиз уни Ислом фиқҳи ҳақида ёзилган китобларнинг муртадлик бобида зикр қилдилар. Муртадлик, илм аҳлларига маълум бўлганидек, аслий куфрдан кўра қаттиқ эканлигида шубҳа йўқдир.

Ибн Қудома Мақдисий раҳимаҳуллоҳ айтди: "Ҳоҳ жиддий ва ҳоҳ ҳазиллашиб Аллоҳни ҳақорат қилган (сўккан) одам – кофир бўлади. Шунингдек Аллоҳ таоло, Унинг оятлари, пайғамбарлари ёки китобларини масхара қилган одам ҳам, кофир бўлади"([1]).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтди: "Куфрни тақозо этадиган ишлар, қасддан қилиш ва динни очиқ мазах қилиш билан бўлади"([2]).

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ қози ибн Арабий раҳимаҳуллоҳнинг табук жанггидаги мазах қилганларнинг ҳолатини шарҳлар экан ёзган сатрларни иқтибос қилиб келтирди: "Уларнинг айтган бу сўзлари ё жиддий ёки ҳазил бўлиши муқаррардир. У қандай бўлмасин куфр амалидир. Зеро куфрни хазиллашиб қилиш ҳам куфр эканига Уммат уламолари ижмоъ қилганлар. Чунки, тадқиқ билим ва ҳақиқатнинг йўлдоши бўлса, ҳазил ноҳақлик ва жаҳолатнинг қардошидир"([3]).

Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтди: "Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан мазах қилиш куфр бўлиб, уни қилган кимса иймон келтирганидан сўнг кофир бўлади"([4]).

Сулаймон Тамимий эса, ўзининг бебаҳо китоби "Китобут-тавҳид"да: "Унда Аллоҳ ёки Қуръон ёки пайғамбар зикри бўлган нарса билан ҳазиллашган кишининг боби" номли боб ажратди. Яъни, бундай кишининг кофир бўлиши ҳақида([5]).

Шояд имом Сулаймон Тамимий раҳимаҳуллоҳ мазах қилишни Исломни бузадиган ўнта амаллардан бири деб ҳисоблаган олимларнинг кўзга кўринганларидан бири бўлса керак. У Исломни бузадиган ўнта амалнинг олтинчисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни ёки унинг савоби ёки жазолари устидан мазах қилишни зикр қилди. ("ал-Жомеъул-фарид", 283).

Динни мазах қилганларнинг кофир эканлигини айтган замонамиз олимларидан баъзилари булардир: шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх, шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз ва шайх Муҳаммад Солиҳ Усаймин — раҳимаҳумуллоҳ. Уларнинг барчаси бундай кимсалар ҳақида: "Ислом миллатидан чиқувчи кофирдир" дея фатво бердилар[6].

Аллоҳнинг Китоби ҳақиқий исломий тарбия китоби бўлганлиги учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонлар жамияти жоҳилият ахлоқи ва айбларидан узоқ бўлиб, садоқат, ростгўйлик, ҳурмат ва жиддийлик узра бўлиши учун, мўъминларни мазах ва масхара қилиш ахлоқларидан огоҳлантирди ва улардан қайтарди:

«Эй мўминлар, (сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавмдан масхара қилиб кулмасин — эҳтимолки, (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёлларга (масхара қилиб кулмасинлар) — эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар би­лан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидирлар.» (Ҳужрот: 11).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида шундай деди: "Аллоҳ таоло одамларни масхара қилишдан қайтармоқда. Масхара қилиш – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан "Саҳиҳ" да ворид бўлганидек, одамларни мазах қилиш ва уларни таҳқирлаш, демакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Кибр – ҳаққа қарши чиқиш ва одамларни камситишдир"[7].

Саййид Қутб раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида шундай деди: "Ислом Қуръон ҳидояти билан тиклаётган фазилатли жамият, олий одоби бўлган жамиятдир. Бу жамиятдаги ҳар бир шахснинг дахлсиз эҳтироми бордир. Бу эҳтиром барчанинг эҳтиромидан келиб чиққандир. Шунинг учун ҳам, бировни айблаш ўзини айблаш кабидир. Чунки, жамият яхлит бўлиб, унинг ҳурмати бирдир. Қуръон Карим ушбу оятда мўъминларга қуйидаги ёқимли нидо билан хитоб қилмоқда: "Эй, мўъминлар!" ва уларга бир қавмнинг иккинчи бир қавм устидан кулишни таъқиқламоқда. Яъни, бир одам бошқа одам устидан кулмасин, шояд мазах қилинганлари мазах қилувчилардан кўра яхшироқдир. Аёллар бошқа аёллар устидан кулмасинлар, шояд мазах қилинганлар Аллоҳнинг ўлчовида мазах қилувчилардан кўра яхшироқдирлар.

Гоҳо бой камбағални, кучли заифни, маҳоратли зийрак, бўшашган соддани мазах қилиши, болалик бефарзанддан, ота-онали одам етимдан, гўзал аёл хунукдан, ёш қиз кампирдан, соғ аёл мажруҳдан, бой аёл камбағал аёлдан кулиши мумкин. Бу ва бунга ўхшаш ўлчовлар Ерга мансуб ўлчовлар бўлиб, ҳақиқий ўлчовлар эмас. Аллоҳнинг тарозиси эса булардан бошқа ўлчовлар билан кўтариб пастлатади.

Одамлар ёқтирмайдиган ва ўзлари учун камситиш ва таҳқир деб ҳис этишадиган лақаблар билан айблаш, масхаралаш ва камситишнинг айни ўзидир. Мўъминнинг мўъмин устидаги ҳақларидан бири эса, уни ёқтирмайдиган ва озорлайдиган лақаблар билан чақирмаслигидир"[8].

Хуллас, Ислом дини ва унинг аҳли устидан ҳоҳ махфий ва ҳоҳ ошкора кулинсин, у Иймонни бузувчи нарсадир.

Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ деди: "Қалб билан масхара қилиш ва камситишнинг қалбдаги иймонга қаршилиги икки зиднинг бир-бирига қаршилиги кабидир. Тил билан мазах қилиш тил билан зоҳир бўлган иймонга қаршидир"[9].

[1]- "ал-Муғний, китабул-муртад", 12/298, 299. Доктор Туркий ва Ҳулв тадқиқи, биринчи нашри, 1410 ҳ. Йил, Ҳажр нашриёти.

[2]- "Равзатут-толибийн, китабур-ридда": 10/64. ал-Мактабул-Исламий нашриёти, 1396 ҳ. йил.

[3] - "ал-Жомеъ ли аҳкамил- Қуръан", 8/397. Тадқиқ: Атфиш, 1380 ҳ. йил.

[4] - "Мажмуъул-фатава", 7 / 273, ибн Қосим тўплаган. Биринчи нашри, 1381 ҳ. йил. Яна қаранг: 15 / 48.

[5] - "Фатҳул-Мажийд", 520. Шайх Арноут тадқиқи, 1402 ҳ. йил, Дорул Баён нашриёти.

[6] - "Фатава шайх Муҳаммад ибн Иброҳим", 1 / 174, 12 / 195. "Фатава шайх ибн Боз", 3 / 165. "ал-Мажмуъус-самийн мин фатаваш-шайх ибн Усаймийн", 1 / 62.

[7] - "Тафсирул-Қуръанил-Азийм", 7/356. Ҳадиснин Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ "Сунан, китабул-либас"да келтирди: 4 / 352, № 4092; "Саҳиҳу Муслим, Китабул-ийман", 91; Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ, "Муснад", 1/385; Имом Термизий, "Абвабул-бир", 1999.

[8] - "Фий зилалил-Қуръан", 6/3344 (Қисқартмалар билан)

[9] - "ас-Соримул маслул ала шатимир-расул", 370. Муҳаммад Муҳйиддин Абдулҳамид тадқиқи.