Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ислом келмоқда! (2)

2884 марта кўрилган

Аллоҳ таолонинг: "Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатадилар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлади, сўнгра мағлуб бўладилар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун жамланадилар. Ана ўшалар зиён кўргувчилардир" (Анфол: 36) оятига қулоқ солинглар!

Ҳа, кофирлар миллиардлаб пулларни сарф қиладилар, бироқ, охир-оқибат бу сарфлаганлари ўз бошларига ҳасрат бўлади, бу курашда улар мағлуб бўлишади! Мана, кўринг, Ислом гуркираб, ҳайбату салобат билан турибди! Қарматийлар қаерга кетди?! Мўғул-татар ва салбчиларчи?! Жиноятчилар қани?! Фиръавн ва Ҳомон қаерда?! Ҳандаққа чўғ қалаб, мўминларни тириклай куйдирганлар қани?! Од халқи қаерга кетди?! Исломга қарши курашганлар қаерга кетди?! Уларнинг барчаси ҳалок бўлиб кетди, ИСЛОМ эса қад ростлаганича турибди ва у Аллоҳ тақдир қилган кунга қадар қолажак! "Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатадилар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлади, сўнгра мағлуб бўладилар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун жамланадилар. Ана ўшалар зиён кўргувчилардир" (Анфол: 36).

Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен сизларга ҳозир бўлиб ўтган бир воқеани сўзлаб бераман:

Мен ўтган Рамазон ойининг охирги даҳасида Америка Қўшма Штатларида бўлдим. Зиёратим асносида миссионерлик васиқасига кўзим тушди. Унда Ватикан папаси иккинчи Иоан Павелнинг Ер юзидаги барча миссионерларга қарата: "Европада Исломнинг жадаллик билан тарқалиши олдини олиш учун жиддий чоралар кўриб, тезкор ҳаракат қилингиз!"- деган сўзлари битилганди. Ҳолбуки, Ислом учун ҳеч ким ҳаракат қилмаяпти. Агар Ер юзидаги бошқа бирон бир дин учун қилинган даражадаги ҳаракатлар Ислом учун қилинса, Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Ер юзида Исломдан бошқа дин қолмас эди!

Рамазоннинг йигирма учинчи кунида Америка Мусулмон Миршаблар уюшмаси раиси билан учрашдим. У, асли келиб чиқиши америкалик зобит. У билан узоқ суҳбатлашдим. Суҳбат давомида Ислом динига қандай кирганини сўрадим. У мусулмон бўлишдан аввал мутаассиб епископ (роҳиб) бўлганини айтганида ҳайратим ошди. Сўнг у шундай деди:

"Мен Қуръоннинг таржимасини ва "Саҳиҳул-Бухорий"нинг талайгина ҳадисларини ўқиган эдим. Кунларнинг бирида ҳамкасбим – америкалик мусулмонни излаб, уйига бордим. У уйида йўқ экан. Менга унинг масжидда эканини айтдилар. Уни чақириш учун масжидга кирдим. Масжид дарвозасига етиб келдим ҳамки, азон овози эшитилди. Азон калималари менинг ич-ичларимгача кириб борди ва қалбимни ларзага солди. У пайтдаги ҳолатимни тил билан ифодалай олмайман. Ўзимда қандайдир ички ўзгариш бўлаётганини сездим. Буни сизга ифодалаш учун сўз топа олмайман! Чунки мен азон эшитишдан аввал бундай лаззатни ҳеч тотиб кўрмаган эдим. Кейин масжиддаги мусулмонларга назар солдим. Улар намоз ўқишар: бирга туриб, бирга сажда қилишар эди. Мен ҳамкасбимни чақирган эдим, у жавоб бермади. Намоз тугаганидан сўнг: "Мен сенинг бошлиғингман, нега чақирганимда жавоб бермадинг?!"- деб сўрадим. У: "Мен Роббим жалла жалолуҳу ҳузурида эканман, Унгагина ижобат қиламан!"- деб жавоб берди. Мен бу динга бўлган муҳаббатни дилдан ҳис қилдим ва: "Исломга кирмоқчи бўлсангизлар нима қиласизлар?"- деб сўрадим. У мени ғусл қилишга буюрди, ғуслдан сўнг масжид саҳнига чиқдим-да: "Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ" дея шаҳодат калималарини айтдим. Исмим Майкл эди, уни Абдуссабурга айлантирдим".

Мен суҳбатдошимдан: "Исломнинг Америкадаги келажаги ҳақидаги фикрингиз қандай?"- деб сўрадим. У: "Ислом – Америкада жуда ҳам кучли" - деди. Сўзларимга қаттиқ эътибор беринг, мен мусулмонлар демаяпман, балки Ислом деяпман.

Сўнгра у менга: "Хушхабар тариқасида айта оламанки, кўплаб америкаликлар Ийсо алайҳиссаломнинг рисолати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатининг айни ўзи эканини тушуна бошлаганлар"- деди.

Мен ундан: "Менга уюшмангиз аъзоларининг ҳаётида содир бўлган бирон бир таъсирли ҳодисани айтиб бера оласизми?"- деб сўрадим. У шундай деди:

"Биродар, мен сизга таъкид билан айта оладиган ягона ҳодиса шуки, Ислом америкалик миршаблар ўртасида катта тезлик билан ёйилмоқда".

Баъзи шайх-устозлар билан бирга қора танли америкалик биродарларимизнинг Тақво номли масжидига зиёрат учун бордик. Каъба Роббисининг номига онт ичиб айтаманки, уларнинг даврасида ўзимизни арзимас одамлардек ҳис қилдик. Улар нинг ҳар бири намозида шундай хушуъ билан турадики, уни кўриб Умматнинг салафини хотирлайсиз. Мен у ерда бир зобит билан учрашдим. У менга: "Мен муваҳҳид бўлган икки минг элликка яқин зобитлардан бириман. Бу – оз сон эмас"- деб қизиқарли бир воқеани сўзлаб берди: "Америкалик зобита аёл Ислом динини қабул қилди. Эртаси кун иш жойига ҳижоб кийиб келди. Бошлиғи: "Бу нимаси?!"- деганида: "Мен мусулмон бўлдим!"- деди. Бошлиқ: "Мусулмон бўлсанг бўлавер, бироқ мана бу кийимингни ечиб қўй!"- деди.

(Зобита аёл бошлиғига шундай ажойиб гап айтибдики, уни Ислом динига мансуб бўлган ва Ислом ўлкаларида яшаётган барча очиқ-сочиқ мусулмон аёллар эшитишини жуда-жуда истар эдим).

Зобита аёл бошлиғига: "Йўқ! Ер юзида мендан бу ҳижобни ечиб оладиган Аллоҳдан бошқа ҳеч бир куч йўқдир!"- дея жавоб берди".

Аллоҳу Акбар!! Нақадар қатъий ишонч! Каъба Роббисига онт ичиб айтаманки, бу сўзлар – ҳайратомуз сўзлардир!

Мен суҳбатдошимга: "Дўстим, мен сиздан учта насиҳат қилишингизни сўрайман: бири америкаликларга, иккинчиси америкалик мусулмонларга, учинчиси эса Мисрдаги мусулмонларга"- дедим. У: "Менинг биринчи насиҳатим америкаликларга: "Биз Ийсо (алайҳиссалом)га Муҳҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га иймон келтирганимиздек иймон келтирамиз!"- деди.

Субҳоналлоҳ!! Бу – динни теран тушуниш намунасидир. Дарҳақиқат, суҳбатдошим илгари роҳиб бўлган-ку!

У сўзида давом этди: "Америкаликлар шуни ҳам яхши билсинларки, биз Ийсо ва Марям алайҳимассаломларни улуғ зотлар деб биламиз!".

Мен: "Энди америкалик мусулмонларга насиҳат қилинг!"- дедим.

У айтди: "Мен уларни сабр-бардошли бўлишга ва шошқалоқлик қилмасликка чақираман. Чунки сабрсизлик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бирортангиз тарафидан содир бўлган хато ва камчиликлар сизларни қўрқитмасин ва қайғуга солмасин. Ахир хато қилмасак, Аллоҳга эҳтиёжимиз қолмас эди-ку! Биз Аллоҳ таолога тавба қилиш учун хато ва камчиликларга йўл қўямиз".

Ҳақиқатан, бу одамнинг фикрлари ғоят теран, қарашлари чуқур экани кўриниб турарди.

Мен унга: "Энди Мисрдаги мусулмонларга насиҳат қилинг, мен уни сизнинг тилингиздан миллионлаб мусулмонларга етказай?!"- дедим. У шундай деди: "Сиз уларга айтинг: Сизлар билан биз ўн минглаб миллар узоқда яшасак ҳам, Аллоҳнинг раҳмати барча нарсани ўз ичига сиғдирувчидир ва биз сизларни Аллоҳ учун яхши кўрамиз!".

Эй ёшлар, биласизларми, куфр қалъасининг юраги бўлган бу мамлакатда икки мингга яқин масжид бор! Нью Йорк шаҳрида эса бир юз етмиш беш масжид ва исломий марказ фаолият кўрсатмоқда. Ахир Роббимиз: "Аллоҳ у (Ислом)ни барча динлар устига, кофирлар ёқтирмаса-да, ғолиб қилади"- деб бежиз айтмаган!

Охирги ҳисоботлар мусулмонлар сони Францияда беш миллион, Буюк Британияда эса икки миллиондан ошгани, ҳар йили икки мингдан ортиқ асли британиялик бўлганларнинг Ислом динини қабул қилаётганини кўрсатди. Бу рақамлар яхшиликлардан дарак бермоқда. Чунки, Ислом – фитрат динидир. Йўлларига қанчалар тўсиқ қўйилмасин, барибир бир кун Ислом дини келади. Аллоҳ таоло айтди: (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир" (Тавба: 33);

"У (Аллоҳ) Ўз пайғамбари (Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи ва салом)ни ҳидоят ва Ҳақ дин (Ислом) билан, у (дин)ни барча (дин)ларга ғолиб-устун қилиш учун юборган зотдир. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли гувоҳдир" (Фатҳ: 28).

Жуда кўп динсизлар агар Ислом дини ҳақида эшитсалар ва уни ҳақиқий кўринишида танисалар эди, уни қабул қилишга шошилган бўлишарди. Чунки улар кундалик ҳаётларида даҳшатли беқарорлик ҳолатларини яшамоқдалар. Шарқ ва Ғарб давлатларига сафар қилган киши тиббий руҳий текширишга мурожаат этганларнинг сонига эътибор берса, уларнинг сони жуда кўп эканини билади. Чунки улар баданларига ҳоҳлаган барча нарсасини бердилар, бироқ баданлари ичидаги руҳлари ҳайқирмоқда: ғизо ва даво изламоқда. Унинг давоси ва ғизосини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло айтади: "(Эй Муҳаммад), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Роббим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир" (Исроъ: 85).

Туркиядаги секуляристлар (яъни, илмонийлар, дунёвий тузум тарафдорлари) Туркиядан ислом либосини бутунлай ечиб ташлашга бор кучлари билан ҳаракат қилмоқдалар. Аллоҳ таоло айтади: "Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хохламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди" (Тавба: 32).

Охирги сафаримда туркиялик дўстим шундай деди: "Туркиядаги масжидлар сони олтмиш беш мингтадан ортиқ. Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, ўтган Рамазон ойида намозхонлар бомдод намозини масжидларда ўқишди ва худди жума намозида бўлганидек, масжидлар тўлиб, кўчаларга ҳам чиқиб кетдилар." Шундай бўлгани учун Туркияга берилаётган зарбаларни кўринг. Малъун Отатуркнинг издошлари Туркияни Исломдан узоқ, секуляр давлат қилишга зўр бериб уринишмоқда. Бироқ, мақсадларига ета олмаяптилар. Улар бу буюк исломий уйғониш чашмасидан сипқорган ёшларни кўрганида, талвасага тушмоқдалар. Бу ҳамма ерда – Мисрда, мусулмонлар яшаётган ўлкаларда ва бутун жаҳонда ўз аксини топмоқда. Биз Аллоҳ таолонинг: "Куфрга қарши курашда (сустлашмангиз) ва (Ухуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар" (Оли Имрон: 139) ояти мазмунлари ичида кўп яхшиликларни кўрмоқдамиз.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда ушбу сўзлар айтилган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Пайғамбарлик сизларнинг ичингизда Аллоҳ хоҳлаган кунга қадар қолади (давом этади), сўнгра Аллоҳ Ўзи хоҳлаган пайтда уни кўтаради. Кейин пайғамбарлик йўлидаги халифалик даври бошланади ва сизларнинг ичингизда Аллоҳ хоҳлаганича қолади (давом этади), сўнгра Аллоҳ Ўзи хоҳлаган пайтда уни кўтаради. Кейин зўравон подшоҳлик даври бошланади ва сизларнинг ичингизда Аллоҳ хоҳлаганича қолади. Сўнгра, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган пайтда уни кўтаради. Кейин ғоят зулмкор подшоҳлик даври бошланади ва у сизларнинг ичингизда Аллоҳ хоҳлаганича қолади. Сўнгра, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган пайтда уни кўтаради. Кейин (яна) пайғамбарлик дастури асосида халифалик бўлади".

Аллоҳ таолодан пайғамбарлик дастури асосидаги халифалик низомини тезроқ олиб келишини ва бизларни ҳам унинг соясидан баҳраманд қилишини, агар бизга насиб этмаса, фарзандларимиз ва набираларимизни маҳрум этмаслигини сўраймиз. У – бунинг ҳожаси ва бунга Қодирдир!

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Савбон розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳ таоло менга ерни йиғиб берди ва мен унинг машриқу-мағрибини кўрдим. Умматимнинг мулки менга йиғилган жойга қадар етиб боради...".

Эй тавҳид уммати, нега ноумид бўласиз?! Ноумидлик фаол инсоннинг ёрдамчиларини озайтириб, ноумидларга умидсизликни зиёда қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам, саҳобалари ҳам қувғинликка учраб турган бир даврда Хаббоб ибн Аратга: "Аллоҳ бу ишни тамомига етказади, ҳатто отлиқ Санъодан Ҳазрамавтга қадар фақат Аллоҳдан ва қўйларини бўри олиб қочишидан қўрқиб етиб боради", деган эдилар. (Бухорий ривояти.)

Ахир Аллоҳ: "(Куфрга қарши курашда) сустлашмангиз ва (Ухуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар" демаганми?! (Оли Имрон: 139).