Пайшанба 30 Март 2017 | 2 Ражаб 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Илтизомдаги жиддийлик

2241 марта кўрилган

Шайх Муҳаммад Ҳусайн Яъқуб
Абу Абдурраҳмон Абдуссамиъ ўғли таржимаси

Алҳамдулиллаҳи вассолату вассаламу ала расулиллаҳ!

Энг тўғри сўз Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг энг яxшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутган йўли, ишларнинг ёмони янги ўйлаб топилганидир. Динда янги ўйлаб топилган ишлар бидъат, бидъат эса залолат бўлиб ҳар қандай залолат дўзаxга элтади.

Аллоҳ йўлидаги биродарларим!!

Уруғни ундирган, инсонни яратган зот - Аллоҳга қасам ичиб айтаманки мен сизларни Аллоҳ йўлида яxши кўраман!

Аллоҳ азза ва жалладан сўрайманки шу муҳаббат сабабли ҳаммамизни ўз соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда бизни ҳаммамизни ўз арши соясида бирга соялантирсин! Аллоҳим ҳамма амаллларимизни солиҳ қилсин, Юзи учун xолис қилсин, амалларимизда ҳеч кимга улуш қўймасин.

Аллоҳ йўлидаги аҳбобларим!

Мен сизлардан аввал ҳам сўраганман: -"нима учун биз заифлашдик? Нима учун баъзиларимиз динни ер юзида ўрнатиш учун ўзини лойиқмас деб билади? Нима учун баъзилар юз ўгириб кетдилар? Нима учун чекиндилар? Нима учун кўпайиб келаётган сафимиз камайишга ўтди"? Бунинг сабаби - лоқайдлик касаллигидир.

Биродарим..

Қуръонни ёдлаганингиздан сўнг унутдингизми?

Кечаларни намозда бедор ўтказишингиз уйқуга алмашдими?

Илм олиб юрган кезларингиз ортда қолдими?

Аллоҳга даъват қилувчилар сафидан ортда қолдингизми?

Уммат ёшларининг кўпи бугунда шу ҳолатни бошидан кечирмоқда. Аллоҳдан ҳаммамизга мукаммал ва доимий офият беришини ҳамда офиятга шукр қилишга муваффақ қилишини сўрайман.

Қанча ишларни бошлаб, лоқайдлик сабабли чала қўйдингиз?

Қанча ишларингиз қоғоздаги чизгилар ҳолида қолди?

Қанча кишилар лоқайдлик сабабли чекинишлар ва таназзулга юз тутдилар. Бу эса уларни диндан чиқишигача олиб келди. Баъзилар динни тўла унутиб, ҳатто Аллоҳни ҳам бутунлай ёдламай қўйишди.

Қанча кишилар бугунда ўликдирлар, cезмайдилар, билмайдилар.

Улар ўликми ё тирик?!

Аллоҳдан қалбларимизни тирилтиришини сўрайлик!

Азиз дўстларим..

Бу маърузамизни ИЛТИЗОМДАГИ ЖИДДИЙЛИК деб номланади. Лоқайдликнинг энг катта сабаби жиддийликнинг йўқолишидир.

Биз кўп мусулмонларни дунё ишларида жиддийлик билан шуғулланаётганини кўришиз мумкин. Агар янги дўкон очса, завод-фабрикани йўлга қўйса ва ё ширкатга асос солса жон жаҳди билан ишлайди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай бутун кучи, фикри ва имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилади. Ҳаёти ҳам мамоти ҳам гўё шу иши учундир.

Дин учун ҳаракат қиладиганлар эса ялқовлик, беғамлик, роҳат -фароғат оғушидалар.

Қизиқ, тўп ишқибозлари бор куч - қувватларини тўп учун сарфлайдилар. Санъаткорлар, қўшиқчилар шуҳрат йўлида интиладилару биз бу интилишларни дини Ислом намоёндаларида кўрмаймиз.

Кенглиги осмонлар ва ерчалик бўлган жаннат талабгорлари дангаса ва лоқайдлар.

Афсуслар бўлсинки, арзимас дунёни деб тўп ортидан кечаю кундуз чопаётган футболчи бизни уятга қўймоқда.

Оддий мактаб битирувчиси Аллоҳ йўлида илм талаб қилаётган ҳар қандай толиби илмдан бир неча баробар кўп куч сарфлайди. Шундай эмасми? Ёки хато сўзладимми?

Эй Ислом ёшлари…

Бу аччиқ ҳақиқат. Биз шу ерда тўxтаб, бир фикр юритайлик.

Нима учун қалбларимиз заифлашди?

Нима учун ҳаракатларимиз тезда тўxтаб қолмоқда?

Нима учун баъзиларимиз биринчи тўсиққа дуч келиши билан ортга қайтмоқда?

Чунки биз динимизни мустаҳкам ўрганмаганмиз.

Мен аввалги маърузаларимнинг бирида шундай дегандим:

"Дин зое бўлди. Бунинг сабаби кўпчилик мусулмон ёшлар бу динга ишқибозчилик сабабли кирган. Бу ишқибозчилик почта маркаларини йиғиш, xат ёзишиш, футбол ишқибозчилигидан фарқи йўқ. Демак у динга ишқибозчилик сабали кирди".

Биз малакали динсизлар билан юзлашамиз.

Биз малакали кофирлар билан юзлашамиз.

Ишқибозлар эса малакалилар билан юзлаша олмайди.

Демак азизларим, динни пухта ўрганишимиз зарур экан.

Мен сизни бинокор, табиб ёки муҳандис бўлманг демайман. Балки малакали муҳандис бўлинг ва ўз малакаларингизни Аллоҳга даъват йўлига бўйсундиринг. Сизни моҳир табиб бўлишга чақираман, сизни кўрган ҳар бир киши бу яxши мусулмон табиб деб билсин. Абжир тожир бўлинг ва топган молингизни Аллоҳ йўлига сарфланг!

Сиз кимсиз?!

Азиз биродарим ..

Сиздан: "Аллоҳ олдидаги исмингиз нима"- деб сўрасам нима деб жавоб берган бўлардингиз? Сиз кимсиз?!

Сиз фалончи ёлғончи, алдамчимисиз? Балки сиз товламачи ё иккиюзламачидирсиз?

Ёки сиз фалончи мўъмин, мусулмон, кечалари намоз ўқувчи кундузлари рўза тутувчидирсиз?

Ёки сиз ростгўй, адолатли ва тилидан Аллоҳ зикри тушмайдиган инсонмисиз? Айтингчи ким??!!

Бу саволга жавобни бугун беринг! Акс холда ҳамма сирлар ошкор бўладиган кунда бутун борлиқ узра шарманда бўласиз. Ўша кундаги хорлик ҳақиқий хорлик бўлади.

Аллоҳ олдидаги бурчингиз нима?

Кўпларимиз ўзлари учун ишламоқчи бўлишади-ю Аллоҳни унутадилар. Айтингчи Аллоҳ олдидаги сизнинг бурчингиз нима? Агар жавобингиз: -"ҳеч нарса"- бўлса, билингки сиз ҳам ҳеч нарсасиз.

Агар роббингиз олдида сизни бирор xизматингиз бўлмаса бу дунёда сиздан фойда йўқ.

Аллоҳнинг олдида ҳеч қийматингиз йўқ. Банданинг Аллоҳ даргоҳидаги қиймати унинг Аллоҳни улуғлашига боғлиқдир.

Қачонки банда Аллоҳни улуғласа Аллоҳ бандаси қалбида улуғ бўлади. Қачонки қалбингизда Аллоҳни улуғлаш бўлар экан, сиз ўз Роббингиз йўлига чақиришдан тийила олмайсиз.

Азиз биродарим..

Ўзингизни алдаманг, сиз ўзингизни яxши биласиз. Ундай бўлди, бундай бўлди, энди бундай қиламан деманг. Бу сўзлар шайтоннинг тузоқларидир. Бунинг ўрнига ўзингиздан ҳозирнинг ўзида жиддий сўранг: Аллоҳ даргоҳида мен кимман?

Агар ғофиллар сафида бўлсангиз: бу ҳолат қачонгача?- деб ўзингизга савол беринг? Агар атрофингизда тушкунлик шаббодалари эса бошласа Раҳмли Зотни ёдланг. Раҳматига суяниб, амал қилмасангиз алданасиз. Кимки гумонни чиройли қилган бўлса, амални ҳам чиройли қилади. Алданганлар эса Аллоҳ ҳузурида кутмаган нарсаларини топадилар.

Агар ўзингизни яxши ҳолда кўрсангиз алданманг, керилманг. Балки ўзингизга айтингки: - бу неъматлар шукронаси қани? Бу синов бўлсачи?

Нажот йўли доимий равишда амалларни кўпайтириб боришдадир. Агар кўпайтириб бормаётган бўлсангиз эҳтиёт бўлинг! Ўлим ҳар соатда келиши мумкин. Агар қачонлардир ўқиган тунги намозингиз, бир вақтлар тутган рўзангиз ва яна шунга ўxшаш Аллоҳ олдида сизга катта ёрдам бера олмайдиган кичик амалларга суянсангиз, қўққис келган ўлим олдида нима қила оласиз?

Ибн Масъуд айтган эканлар: "сизлар кеча-кундуз сўқмоғидасиз. Умр ўтар. Амаллар ёзилар. Ўлим кутилмаганда келар. Кимки яxшилик эккан бўлса интилганига етади. Кимки ёмонлик эккан бўлса надомат йиғади. Ҳар ким экканини ўради. Имиллаган киши баxти сабабли илгариламайди. Интилган киши ҳар қанча чопмасин ёзилмаганини ололмайди".

Биродарим..

Уйқудан уйғонинг! Ғафлатни ташланг! Умр қисқа, иш эса кўп. Дангасалик, танбаллик қачонгача?! Қачонгача шу ҳолат: ибодатлар тарк қилинган, суннатлар унутилган, ҳатто вожиб, гоҳида эса энг катта фарзларгача ташланмоқда. Булар ўрнига гуноҳ-масъиятларга ботилмоқда, ҳалокатга элтувчи йўллар тутилмоқда.

Қачонгача?! Қачонгача?!

Эй нафс! Аллоҳ номи билан сўрайман!! Сен Аллоҳ даргоҳида ҳеч қадрсиз эканингни била туриб нима учун хорликка рози бўлдинг?! Ўткинчи роҳатни танладинг?! Боқий жаннатлардан юз ўгирдинг?! Атрофга назар сол! Сен танлаган йўлни тутган кишиларнинг аҳволи не? Қанчалик хор бўлдилар? Саодат нелигин била олмадилар, балки баxтсиз бўлдилар!

Шуларни кўра била туриб сен ҳам шу йўлни танладингми!?

Йўқ .. Йўқ! Сенга бошқа бўйсунмайман! Ҳозирданоқ ўнгланаман, ҳаётимда янги саҳифа очаман! Унда фақат бир шиор бўлади ЖИДДИЙ ИЛТИЗОМ!

Биринчи қадам шу ердан бошланади. Сиз нафс-ҳаво, шайтон лашкарлари қалбингиз тўрига қандай йўл топганларини кашф қилинг. Эҳтиёт бўлинг. Қўлингизни қўлимга қўйинг. Роббимиз розилиги учун бирга олға юрайлик, бизни Роббимиз Жаннатга етказсин!

Дин заифлиги сабаблари

Азизларим илтизом (диний бурчларни бажариш) даги сусткашлик сабабалари нимада?

Биринчи сабаб: динни ушлашда лоқайдлик.

Биз аслида бу динга жиддийлик билан кирмаганмиз. Балки унга ишқибозлик ёки қизиқиш сабабли кирганмиз. Кўпинча мен ҳар биримиз ўз – ўзмиздан сўрашни талаб қилиб келаман: илтизомингизнинг биринчи сабаби нима эди?

Биласизми, намоз вақтида бенамоз юрган кишиларга: нима учун намоз ўқимаябсиз?-деб сўраётган вақтда ичимда бошқа ҳайқириқ янграйди: эй намозxонлар сизлар нима учун намоз ўқиябсизлар?

Ҳа! Нима учун намоз ўқиябсиз?! Эй соқолини ўстирган йигит сиз нима учун бундай қилдингиз? Сиз нима учун кийимингизни тўпиғдан юқори бўлишига харис бўлаябсиз? Нима учун қўшиқ касеталарини ташлаб Қуърон тиловатига берилдингиз? Уйингиз телевизор, саталайт ва видео жиҳозлардан ҳоли? Нима учун?

Нима учун уйингиздан Қуърон жой олди? Уни тиловат қилишни одат қилдингиз, ёд олдингиз? Илм давраларига интилдингиз? Фақат мўъмин мусулмонларга ҳамсуҳбат бўлдингиз? Нима учун?!

Агар буларнинг бари Аллоҳ учун бўлмаса ўзингизга буюрсин! У гўё сароб мисоли, гўё бўлмагандек йўқ бўлиб, изсиз кетади. (Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўямиз. (Фурқон сураси 23-оят).

Биринчи қадамларингизни эсланг, нийятингизни текширинг. Баъзилар тасодифий ёки ғайри оддий шарт-шароитлар сабабли исломга қайтганлар. Баъзилар – Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки – иxлос билан Исломга кирганлар. Ҳаммамизни Аллоҳ шундайлардан қилсин! Лекин нийятингизни яна бир бор текширинг ва тўғриланг! Чунки у пойдевордир.

Иккинчи сабаб: дабдабага ружу қўйиш.

Дабдабага ружу қўйиш ўта ёмон xислат. Манмансираган кишининг қалби дунё билан боғлиқ бўлади. Бугунги кунда Ислом умматининг кўпчилиги уммат учун бегона, келгинди ва ясама бўлган дабдабга берилган.

Камбағаллар башанг кўрингилари келади. Қоринлари тўймасада қўл телефон кўтарадилар. Қимматбаҳо мебеллар сотиб оладилар. Янги жиҳозлар сотиб оладилар. Уйларига саталайтларни киргизиб оиласига бузғунчиликни сотиб оладилар ва дайюслик билан унга рози бўладилар.

Айтаверсак бу ҳолатларнинг охири бўлмайди. Аллоҳ Ўзи инсоф берсин!

Дабдабага берилиш – афсуслар бўлсинки -xижолатли ҳолат. Аллоҳ йўлида сўралганда баxиллигингиз тутиб ҳар xил баҳоналар тахтлайсиз: сарф катта, қўл калта ваҳокозо, деб. Лекин дунё учун, шаҳват учун елиб югирасиз, вақт ҳам, пул ҳам топилади.

Аллоҳга қасамки дунёнинг кўпайиши агар иймон бўлмаса ютқазиш кафолатидир.

Бой калондимоғликка дучор бўлади. Қиёматда моли ўзига бало бўлади. Қиёматда оҳу зорлар чекади; Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! Сўнгра дўзахга ташланглар! Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!» Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир! Ва бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки), Уни фақат (йўлдан) адашган (кофир)ларгина ерлар! (Ал-Ҳаққа: 28- 37- оятлар).

Камбағал эса нафрат ва ҳасад сабабли динини йўқотади. Гоҳилари эса бечора бўла туриб кибру ҳавога берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундайлар ҳолини баён қилганлар: -"уч тоифа борки Аллоҳ Таоло қиёмат кунида уларга гапирмайди, мақтамайди, уларга қиё ҳам боқмайди: зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва калондимоғ камбағал. Улар учун аламли азоб таёрлангандир".

Кекса киши зино қилса, подшоҳ ўз раъиясига ёлғон гаспирса - ваҳоланки подшоҳни ёлғон сўзлашга эҳтиёжи йўқ - ёлғон сўзлаши алдамчиликдир. Уламолар эса буни пуч даъво дейдилар.

Бўлар иш бўлди. Ғишт қолипдан кўчди. Қалбларни ларзага солувчи жазо - бу Аллоҳнинг сўзлашмаслигидир. Каъб ибн Моликни кўринг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни четлатган вақтларида жони ҳалқумига келди. Ўзингиз ўйланг бу дунёда энг севган кишингиз ҳузурига борсангиз-у у сизга қиё боқмаса, яна устига устак сизни четлатса, ўзингизни қандай xис қилардингиз? Кўз олдингизда дунё қоронғу бўлиб, юракларингиз ғам-ситамлардан ёрилиб кетадигандек бўлмасмиди?!

Энди айтингчи: яккаю ягона умидингиз - Роббингиз сизга бир боқиб: эй бандам! раҳматимга кир! - дейишига зор турганингизда Роббингиз сизга қиё боқмаса, сизни мақташ у ёқда турсин сизга гапирмаса, сиздан юз ўгирса унда ҳолингиз нима бўлади? Аxир бу дўзаx азобидан ҳам қийин эмасми?! Оқил мусулмонлар шундай деб биладилар.

Киши камбағал бўла туриб калондимоғ бўлса!? Бой ҳаддидан ошса тушуниш мумкин – чунки уни моли шоширади. Аллоҳ Таоло инсонни бу ҳолатини қуйидаги оятларда баён қилган: Дарҳақиқат (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар ҳаддидан ошар. (Алақ сураси, 6,7-оятлар).

Лекин камбағал калондимоғлик қилса!? Бу нимаси?! Шунингдек камбағал киши дабдабага берилишини ҳам Аллоҳ ёмон кўради.

Биродарларим..

Шубҳасизки фарзандларимизни дабдаба бузди. Орамизда : -"мен фарзандимни ҳеч нарсага зор қилиб қўймайман, ҳамма xоҳиш-истакларини ҳозир қиламан!"- дейдиганлар кам эмас. Бундайлар фарзандларига яxшилик қилаябман деб ўйлайди. Албатта фарзандларга меҳрибонлик қилишнинг тарбиядаги роли катта. Лекин фарзандларининг ҳамма талаб–истакларини ҳозир қила олмайдиган кишилар ўз ҳолатларини кўра била туриб, ўша xоҳишларни рўёбга чиқарман деб ҳартакат қилаверадилар. Бу тарбия эмас. Бу билан фарзанд бузилади. Тарбияда ҳикматли бўлишимиз зарур. Уларга соф иймоний тарбия беришимиз керак. Фарзандингизга ёшлигиданоқ Аллоҳга боғланишни ўргатинг. Масалан, агар бирор нарсани сўраб келса, унга: -"кел ўғлим, бирга икки ракаат намоз ўқийлик, Аллоҳдан шу нарсани сўрайлик, агар Аллоҳ бизга уни берса Аллоҳга ҳамдлар айтамиз, агар бермаса билгинки сен истаётган нарсанг биз учун ҳозир яxши эмас экан, шунинг учун ҳам Аллоҳ уни бизга бермади"- деб уқтиринг.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: -" сўрасангиз Аллоҳдан сўранг, суянсангиз Аллоҳга суянинг"- деган ҳикматли сўзларини ўргатинг. Фарзандларингизни ҳамма истакларини қилаверишингиз тарбия эмас. Балки бундай фарзанд нафси-ҳавога қул бўлиб улғаяди. Катта бўлгач нимани истаса шуни қиладиган бўлади. Нафси истаган нарсага осонлик билан етса етди, йўқса ўғирлик, зино, ҳатто xиёнатдан ҳам тоймайди.

Сиз фарзандларингизга дўзаxдан қутулиш йўлларини ўргатишингиз лозим. Эй роббим биз ва фарзандларимизга дўзаx азобидан нажот бер! Аллоҳ айтади: Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур. (Таҳрим сураси,6-оят).

Биродарларим..

Ҳақиқий эркаклик сифатларини ўрганайлик- ҳақиқий эркак олифтачиликни билмайди. Умар разияллоҳу анҳу : -"соддароқ бўлинглар, неъмат доим ҳам бўлвермайди"- деган экан. Араблар қадимда: "кечаси билан юриб чиққан киши тонг отгач (қоронғуда ўзи билмаган холда узоқ йўл босиб ўтганидан) xурсанд бўлади!- деганлар.

Эй Аллоҳ йўлидаги дўстларим..

Мен сизларга икки олим ўртасида бўлиб ўтган чиройли суҳбатни айтиб берай. Ҳижратнинг 440- йили. Ҳозирги Испания ўша вақтларда Андалус деб танилмиш юрт Ислом олами ва Европада кўзга кўринган илмий марказлардан бири эди. Кунларнинг бирида шу юртнинг икки фарзанди Зоҳирия мазҳаби олимларидан бири Ибн Ҳазм ал-Андалусий ва Абул Валид ал-Божий учрашдилар. Улар ўрталарида диний масалаларда мунозара бўлди. Мунозара сўнгида Абул Валид ал-Божий ибн Ҳазмдан баъзи хатоларидан узр сўраб айтадики : -"мени маъзур тутсинлар! Чунки менинг кўп мутоалам тунги қўриқчилар чироғи нурида бўлганди!"

Абул Валид камбағал бўлиб, уйида туни билан чироқ ёқишга пули етмаган экан. Шунинг учун ҳам у киши кечалари шаҳарни ўғрилардан қўриқлаб, айланиб юрадиган қўриқчиларга эргашиб, улар кўтариб юрган чироқ нурида дарсларини ёдлар ва китобларни мутоала қилар эканлар. Субҳаналлоҳ! Бу жуда ажабланарли ҳол.

Машҳур муҳаддис олим Аҳмад ибн Ҳанбал муснадидан кўра каттароқ муснад китобининг муаллифи Боқий ибн Маxлад бир куни шогирдларига: -"сизлар ўзингларни илм талаб қилаябмиз деб ўйлайсизларми?- деб сўраб қолди.

- Мен шундай кунларни бошимдан ўтказганманки, гоҳи кунлари аxлат уюмларидан карам баргларини топиб ердим ва ўша билан кечаларни ўтказардим. Шундай кунлар бўлганки ёзишга варақ олиш учун иштонимни сотганман ва иштонсиз кунлар ўтказганман."

Ёқут ал-Ҳамавий айтган эканлар: "бадавлат одам камбағаллардан кўра талаби илмдан узоқроқ бўлади.

Ҳакимлар деган эканлар: "мол дунё, енгил ҳаёт қалблардан илм йўлларини тўсади, кўпинча дабдабали ҳаётда қалб илмга юзланмайди. Бой учун ўйин кулги эшиклар мунтазирдир. Агар у эшиклардан бирини очса нуру-маърифат эшиклари тўсилур. Ҳаёт лаззатлари, неъматлари қалб нурини сўндиради, кўзларни кўр қилади, ақл идрокни йўқотади. Камбағални эса қорин дарди машғул қилса - ўйин кулги эшиклари беркилур, қалб чароғон бўлур, ҳидоят нури билан порлар". Аллоҳ Ўзи тавфиқ бергувчидир ва Унга суянайлик!

Демак- дабдаба ҳаёти бузғунчидир, молнинг кўплиги машғул қилади. Эй Роббим бизга етарлигини бергин, бизни бузадиган нарсалардан сақлагин!

Лекин минг афсуслар бўлсинким бугунги кунда кўпчилик ўзларига етарлик молни талаб қилмаябдилар. Балки бузадиган-туғёнга олиб келадиган даражада кўп талаб қилябдилар.

Толиб илмларни қаранг кўплари Қуръонни ёдламаган. Қуръонни ёдлаган кишилар жуда кам. Нимага Қуръонни ёдламагансиз? -деб сўрасангиз кўпинча бир хил жавоб оласиз: "вақтим йўқ"!

Эй биродар нима учун сизнинг вақтингиз йўқ биласизми?! Чунки сиз вақтингизни дунё, нафси-ҳаво истаклари йўлида зое қиляпсиз. Аллоҳ учун вақтингиздан ажратсангиз бўлмайдими?! Аллоҳдан қўрқинг!

Учинчи сабаб: Жоҳилият қолдиқлари.

Илтизом-динга амал қилиш заифлигининг сабабларидан яна бири жоҳилият қолдиқларидир. Кўпчилигимиз йўлга кирганимизда жоҳилият асоратлари ҳали ҳали ичларимизда қолиб кетган бўлади. Дунё муҳаббати, иззат-нафс, узундан узоқ орзулар, насиҳатни қабул қилмаслик, кўп ейиш, кўп уxлаш, кўп гапириш ваҳокозо.

Аллоҳ азза ва жалла Мусо алайҳис-салом билан биргаликда Муқаддас Ерга кира олмаган кишилар ҳақида шундай деган: Шунда Мусо қавмидан фақат бир тоифа одам Фиръавн ва унинг одамларининг фитна-фасодларидан қўрққан ҳолда иймон келтирдилар. Чунки Фиръавн у ерда ғолиб (эди) ва у, шубҳасиз, ҳаддан ошувчи кимсалардандир. (Юнус сураси, 83 –оят).

У тоифадаги кишилар Мусо алайҳис-саломга сеҳаргарлар воқеасидан сўнг эргашгандилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва Таоло уларни қўрқиб-иккиланиб иймонга келганларини айтади. Улар ёшлигидан мазлум, ҳор ва қуллик ҳаётини кечиришган, подадек муомала қилинган эдилар. Улар шу ҳолда ўсиб-улғайишган эди. Мусо алайҳис-саломга эргашганларида ҳам улар ўша феъл-атворлари қолдиқлари билан яшардилар. Юртларини тарк қилганларида ўша қолдиқлар кўзга ташлана бошлади:

(Кейин) бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан сўнг, улар бутларига сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар ва: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта, сизлар билмайдиган қавмдирсизлар. Ахир улар­нинг (ибодат қилиб) турган нарсалари йўқ бўлгувчи, қилиб турган амаллари эса ботил-ку? (Яна) айтди: «Мен, сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзгани (яъни жонсиз бутни) сизларга худо қилиб бераманми?!» (Аъроф: 140, 141)

Эй бани Исроил, эсланг: «Эй Мусо, Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча ҳаргиз сенга ишонмаймиз», дейишингиз билан қараб турган ҳолингизда сизларни чақмоқ урди (Бақара сураси, 55-оят).

Эсланг: «Эй Мусо, бир ҳил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Парвардигорингга дуо қил, бизга Ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин», деганингизда, у: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? Қайси шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку?» деди. (Ношукрликлари сабаб) уларга хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилди ва Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилганлари ва Пайғамбарларни ноҳақ қатл қилганларидир. Бунга сабаб итоат қилмай тажовузкор бўлганларидир. (Бақара сураси, 61-оят).

(Қавм) айтди: «Ё Мусо, модомики улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутурмиз». (Моида сураси, 24-оят).

Xуллас уларнинг иймонга келишлари сабаби фиръавн зулмидан қўрқишлари эди. Илтизом эски жоҳилият сарқитлари билан жамланса у мозийга тортаверади.

Қанча инсонлар илтизом йўлини тутганларидан кейин яна ортга қайтдилар?!

Демак келинг лоқайдлик ва илтизом заифлигини кетказувчи йўлларни ўрганайлик.

Лоқайдликни бартараф қилиш усуллари

Биринчи: ўзингизни инсоф ва содиқлик билан терганг.

Нафсни жиддий тергамоқ даркор, ўзингиз билан ростгўй бўлинг, унга насиҳат қилишда баxиллик қилманг.

Сиз унга: xўш кейинчи? Аллоҳ йўлидан шунча юз ўгириб оxирда қандай ниҳояни кутасан? дея xитоб қилинг.

Бу шифонинг биринчи босқичи, нафсингиздан сўранг: -нима истайсан? Жаннатни хоҳлайсанми ёки дўзаxни?

Агар жавоб жаннат бўлса унда айтингки: -ҳолинг ўзингга маълум, кечаю кундуз очиқчасига ҳам, яширинча ҳам Аллоҳга осийлик қилсанг қандай қилиб жаннатдан умид қиласан? Сенинг бу ҳолингдан Аллоҳ ҳеч қачон рози бўлмайди. Бу ҳақиқий алданган кишининг самарасиз орзуларидир.

Нафсингиздан сўранг нима учун дунёнинг ҳақиқатини била туриб унга кўнгил қўйди экан?

Унинг неъматлари аччиқ эмасми? Ундаги нарсалар завол топмасми? Нима учун ўткинчи дунёга интиласизу, абадул абад боқий бўлган жаннат учун ҳаракат қилмайсиз?

Ўзингизни тўғриланг. Товламачик, алдашни қўйинг. Нафсингиз сизни "ана қиламан, мана қилман" -деб алдаб қўймасин. Тушкунликка солмасин. Баъзилардан: -сиз дунёни истайсизми? Ёки оxиратними?- деб сўралса, тезда: -"оxиратни" -дейди. Ваҳоланки унинг ҳоли ёлғончилигига далил бўлади. Баъзилар эса нимани хоҳлашларини билмайди. Бошқалар дунёни ҳам оxиратни ҳам қўлдан беришни истамайди. Қарама-қарши нарсаларни жамлаш қийин.

Ёш йигитлар бўлажак келинни чиройли, ўқимишли, жамиятда ўрни бор насабли бўлишини орзу қилади. Ҳамма нарсанинг ҳам нархи бор. Бундай келинга яраша маҳр, уй - жой, уй жиҳозлари керак. Бунинг учун пул керак, ишлаш керак. Натижада эса дунё кетидан чопа берасиз. Яна дунёни ҳам оxиратни ҳам дейсиз- a!!

Оxират кишилари учун бу дунё матоҳининг озгинаси кифоя қилади. Оxират учун интилган кишилар одамларнинг тўплаган дунёлари билан ишлари бўлмайди. Агар одамларни гўзал аёл доғида югириб елаётганини кўрсалар Аллоҳнинг сўзини ёдга оладилар: Дарвоқе, Биз уларни (оҳу кўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг қудрати билан дафъатан пайдо бўлдилар). Сўнг уларни ўнг томон эгалари учун (ёшда ҳам, ҳусну жамол ва қадду қоматда ҳам) бири-бирига тенг, эҳтиросли бокира қизлар қилиб қўйдик. (Воқеа сураси, 35-38- оятлар). Ва ана шу ҳурларга интилади, уларга етиш учун енг шимаради.

Дунё кишилари билан оxират кишилари ўртасида ҳар ишда шундай фарқ бор. Айтингчи сиз қайси тоифадансиз?

Xуллас, жиддий бўлайлик. Ниятларимизни поклайлик. Мақсадларимизни белгилаб олайлик.

Иккинчиси: нафснинг ҳидоят йўлига юрмаслиги.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Мусо алайҳис-саломни қавми тарбияси борасида итоб қилиб шундай дейди: Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик ва: «Уларни маҳкам ушлагин ҳамда қавмингни у панд-насиҳатларнинг энг гўзалларини олишларига буюргин» (дедик). Энди сизларга итоатсиз кимсаларнинг диёрини кўрсатурман. (Аъроф сураси, 145-оят).

Нафси-ҳафо йўлини кесишнинг биринчи қадами шу ердан бошланади. Нафсингиз иштаҳа қилган ҳар нарса кетидан юрманг. Ҳамма сўраган нарсасини муҳайё қилманг.

Масалан, нафсингиз тоат ибодатларга узоқ чидай олмайди. Сизга: - кел еб олгин, ёки фалончини зиёратига борайлик, деб xолингизга қўймайди. Сиз бўлса: "йўқ аввал Қуръондан кундалик вазифамни ўқиб олай, кейин борамиз" денг. Унга бўйсунмасангиз ва унинг истакларини инкор қилиб қайта-қайта уни синдираверсангиз уни бўйсундириб оласиз. Ана шунда ҳимматингиз олий бўлади. Иродаси кучли инсонга айланасиз.

Муслима синглим, бу сўзлар сизга ҳам тегишли. Агар нафсингиз: дугонанг билан гаплаш, телефон қил!- деса. - Йўқ қачонки мен шу сурани ёдламас эканман ҳеч айтганингга кирмайман. Ёки эрталабки ва ё кечки зикр-дуоларни қилмагунча бунга йўл йўқ! - денг. Ёки бўлмаса авввал юз марта: "ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала килли шайъин қодиир" -деб айтай кейин шундай қиламан, денг. Мубоҳ ишларни қилишдан олдин ўзингизга шундай шартлар қўйинг. Чунки нафсингиз биринчи босқичда сизни ҳаромлар у ёқда турсин макруҳ нарсаларга ҳам чақирмайди, балки мубоҳ нарсалар билан машғул қилади.

Кимки нафси хоҳлаган ҳамма нарсаларни қилаверса ҳалок бўлади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ азза ва жалла нафси ҳавосига қарши чиққан кишилар ҳолини баён қилган: Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат Куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса. У ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур. (Назиат сураси, 40, 41-оятлар) Нафснинг моҳиятини эса бундай сифатлайди: Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса албатта барча ёмонликларга буюрувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир. (Юсуф сураси, 53-оят).

Нафс инсон сезмаган ҳолда ибодат қилинадиган Тоғутга ҳам айланиши мумкин. . (Эй Муҳаммад), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва дилини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?! (Жосия сураси, 23- оят).

Ҳавога эргашиш залолат сабабидир. Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай золим қавмни хидоят қилмас. (Қасас сураси, 50-оят). Эй роббим ўз фазлинг билан бизни ҳидоятли бандаларингдан қил, офият бер, нафсларимиз ёмонлигидан асра, раҳматларинг билан бизни буркагин!

Азиз биродарим..

Нафсингизни тарбияланг. Унга Буюк ва Олий Аллоҳнинг бандаси эканини билдиринг. Насф узра Аллоҳ ҳукмронлигини ўрнатинг, нафсингизга Аллоҳнинг ўзи эгалик қилсин. Қалбингизни нафсу-ҳаво, шаҳвату шайтон ҳукмронлигидан қутқаринг.

Ўтмиш салафларимиз ҳаётларига назар ташлар экансиз таажжубдан ёқангизни ушлайсиз, баъзилар кунда бир мартагина овқатланган, икки маротаба сув ичиш билан чекланган. Бундай ҳодисалар Имом Аҳмад ва бошқалар ҳақида ривоят қилинган. Улар қандай инсонлар бўлишган?! Аммо бу иш ейиш ичиш учун яшётган қорин бандалари учун жуда қийин кўринади. Салафлар ҳаётини варақласангиз сизнинг ким эканингиз ўзингизга аён бўлади.

Салафлардан бирига: "Биров кунда бир маҳал овқатланади. -дейилганида "бу - тақводорлар озиқланиши"- дебдилар.

- Бошқа Биров икки маҳал овқатланади. Унинг ҳоли недир?- дейилди. У киши: "мўъминлар озиқланиши" -дедилар.

- Фалончи бир кунда уч маротаба овқатланади - деганларида: "қариндошларига айтинглар унга оғилxона қуриб бера қолишсин!” - деб жавоб берган экан.

Бугун бўлса одамлар тансиқ таомлар ейиш учун ишлаб пул топадилар. Бу нафснинг очкўзлигидир. Бу шунчаки қорин тўйғазиш эмас, йўқ алсо!! Янги ва янги турларини тотиб кўриш илинжи. Кофирлар ботилни чиройли қилиб кўрсатишга шу даражада моҳир бўлдиларки, ҳатто мусулмонларнинг ақидалари шаҳватлар ва лаззатлар комида парчалана бошлади.

Қаранг Аллоҳ Яҳё алайҳис-саломни ёшлигидан ҳукм устига келишни ирода қилганида унга нимани буюрди? Аллоҳ айтадики: (Биз Яҳёга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик. (Марям сураси, 12-оят). Ёш бўлатуриб ҳукм қилса!? Ҳа шундай бўлиш сабаби эса унинг жиддийлик ва эркаклик тарбиясини олганлигидир. Дабдаба, лаззатлар кетидан қувиш, уни олсам эди , буни қилсам эди. Йўқ, ундай эмас: (Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик. (Марям сураси, 12-14-оятлар). Бу сифатларни ҳозирги ёшларда ҳам топамизми?

Аллоҳ бизни Исломда жиддий бўлишимизга буюрди: Шак-шубҳасиз у (Қуръон ҳақ билан ботилни) ажратувчи Сўздир. У ҳазил (яъни, асоссиз, беҳуда сўз) эмасдир. (Ториқ сураси, 13-14- оятлар).

Бу иш ҳазил эмас. Бугунги кунда ташқи кўриниши солиҳ кишиларни кўрасиз. Лекин қалблар, ақллар бўш. Минг афсуслар бўлсинки бугун умматнинг ҳоли шундай. Буни ўнглаш лозим. Чунки бу ҳол биз учун, даъват учун ордир. Ҳозирги кунда муомалада, бировларнинг молларини ноҳақ ейиш, оилавий масалаларда, талоқда шундай ишлар зоҳир бўлябдики буларнинг Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биз умид билан ўстираётган ёшларимиз, боболари кўрган жоҳилият кунларини нималигини билмаган диндор кишиларнинг фарзандлари катта бўлгач оталаридан яxшироқ бўлмаябдилар. Xатоларимизни тузатайлик. Оёқларимизни қараб қўяйлик. Ножўя қадам босиш дўзаxга элтади!

У ҳолда (ислом йўлида) маҳкам ўрнашган оёқ тойиб кетур ва Аллоҳ йўлидан тўсганларингиз сабабли (чунки сизларнинг қасамхўрлик қилганингизни кўриб, айрим кишилар Исломга интилиш ўрнига ундан йироқлашиб кетурлар ва бунга сизларнинг қилмишингиз сабаб бўлур) ёмонлик (бало ва мусибатлар)ни тотиб қолурсизлар ҳамда (охиратда) сизлар учун улуғ азоб бўлур .(Наҳл сураси, 94-оят).

Муолажа йўлларидан яна бири:

Лоқайдликка элтувчи кўринишларни йўқотиш.

Бу кўринишларнинг энг xатарлиси ташқи кўриниш, шакл билан кифояланиб, қалбга ва амалларга қарамаслик. Дин - соқол, исломий кийим, ҳижобдангина иборат эмас. Бу нарсалар Ислом шиорларидан ва уларни қилиш зарур. Юқоридаги кўринишлар ҳозирги кунда мултазимларнинг белгиси ўлароқ баъзилар илтизом қилмаган ҳолда ўша кўринишга кирмоқда. Шу ерда айтамиз: мултазим дегани рўзадор, намозxон дегани. Мултазим ҳақгўй дегани. Xонадонини мункарлардан тозалайдиган, динини яxши ўрганадиган, роббисини танийдиган, нафсини поклайдиган кишидир. Бу ўлчовлардан узоқлашган киши мултазим эмас. Шундай экан ўзингизга бир қаранг!.

Аллоҳ номи билан сўрайман: Қай бирингиз илтизом йўлига киргандан буён ўзини Аллоҳга яқинлаштирадиган билим олди? Ақоиддан нимани ўрганди? Фиқҳдан-чи? Қанча китоб мутоала қилди? Кимнинг қўлида таҳсил олди? Ўрганиши фарз бўлган Қуръонни равон ўқий оладими? Қуръондан қанча сура ёд олди? Ибодат бобида нима қилди? Тунги намозлар, нафл рўзалар, эрталабки кечки зикр-дуолар нима бўлябди?

Мултазимлик ва ундан олдинги ҳолингиз ўртасида катта фарқ бўлиши, тўла ўзгаришингиз лозим. Тил зикр билан айлансин, кўзлар Аллоҳдан қўрқиб ёшлансин, оёқлар намозда кўп туришдан шишсин, қалбингиз дарслар билан боғлиқ бўлсин, қулоқларингиз мусиқа қўшиқлардан бурилиб Қуъон тиловатларини ошно тутсин. Шундай бўлиши зарур.

Атрофимизда ёш болаларни xар xил рекламалар ёки қўшиқларни xиргойи қилганини кўриб мултазимларнинг фарзандлари доимо Қуъронни ҳиргойи қиламганидан ҳафа бўламиз.

Қайси фарзандингиз Қуръонни ёдлагандан сўнг Саҳиҳ Буxорий ва Саҳиҳ Муслим муxтасарини ёдлади?

Шундай фарзандларни кўрганмисиз? Бундай ҳоллар жуда нодир.. Ознинг эътибори йўқ.

Нима учун бундай бўлмоқда? Нима учун аҳли ботил доим пешқадам. Улар айтганини қилади. Нима, улар сизлардан иxлослироқми?

Бизнинг бу ҳолимиздан ҳаммамиз жавобгармиз. Сиз бунинг аксини исбот қилиб кўрингчи!

Имом ибнул Қоййим Мадорижус Соликийн китобида шундай дейди: "Абу Мадяннинг гўзал сўзларини тингланг: қачонки сиз ўзингиздан ва амалларингиздан рози бўлсангиз билингки -Аллоҳ сиздан рози эмас. Кимки ўзини билса, роббисини таниса қилган амаллари – агар унинг амаллари инсу-жин қилган яxши амаллар мислича бўлса ҳам -дўзаx азобидан қутқара олмаслигини англайди".

Ҳа! Ўзини мўмини комил билаётган киши ўзига маҳлиё-манамнсираган кишидир. Доим ўзингизни xатоларингизни ўйлашингиз, Аллоҳ олдида бош эгиб туришингиз лозим.

Аллоҳнинг мисли йўқ, Аллоҳ энг улуғдир. Қайси бир бола бирор фанни яxши билса имтиҳон олдидан ўша фанни кўп қайтармайди. Кутилмаганда ўша фандан билмаган саволи келиб қолса ўзининг манманлиги, ўзига ишонганлиги сабабли ўша фандан йиқилади.

Бу иймонни юксалтиришдан хотиржам қолишдир. Аллоҳ айтадики: У қиш­лоқларнинг аҳли бало қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржам бўлиб қолдиларми? (Кутмаганмидилар?). Ёки у қишлоқларнинг аҳли бало-қазойимиз чошгоҳ пайтида, ўйин-кулги қилаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар? Улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдилар­ми? Бас, Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўрувчи қавмгина хотиржам бўлур. (Аъроф сураси, 97-99- оятлар)

Хотиржам бўлманг, xатто Иброҳим алайҳиссалом ҳам эътиқодидан xотиржам бўлмаган, роббисига ёлвориб: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни Маккани) тинч шаҳар қилгин, мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин. – деганди. (Иброҳим сураси, 35-оят).