Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

09. Қўшнининг қўшни устидаги ҳақлари

3600 марта кўрилган

Қўшнининг қўшниси устида фақат қўшни бўлганлиги сабаб ҳақлари бор, қўшни қўшнисига нисбатан бошқаларга ҳақли бўлмаган бирмунча ҳақ-ҳуқуқларга эга. Шунингдек, қўшнининг ҳурматларини поймол қилиш ва унга тажовуз қилиш гуноҳи ҳам бошқаларга қилинган тажовуз гуноҳидан анча катта саналади. Қуръон ва Суннатда мавжуд далиллар шунга далолат қилади:

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!» (Нисо: 36).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўшнига яхшилик қилиш хусусида Жибрил алайҳис-салом менга шунчалик кўп насиҳат қилдики, ҳатто мен қўшнини қўшнига меросхўр қилиб қўйса керак, дедим» (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қўй сўйганида: «Яҳудий қўшнимга ҳам бердингизларми? Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қўшнига яхшилик қилиш хусусида Жибрил алайҳис-салом менга шунчалик кўп тайинладиларки, мен қўшни меросхўр қилиб қўярмикин, деб ўйладим», деганларини эшитганман», деди[1] (Термизий, Абу Довуд ривояти, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4291).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ҳажжатул-вадоъ»да туялари Жадъонинг устида ўтирган ҳолларида: «Сизларни қўшнига яхшилик қилишга буюраман» деб кўп такрорлаганларини эшитдим, ҳатто мен «Қўшнини қўшнига меросхўр қилиб қўядилар шекилли» деб ўйладим. (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2573).

Қўшнини иззат-икром қилиш ва унга яхшилик қилишнинг фазли ҳамда қўшнисига яхшилик раво кўрмайдиган киши ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳаром нарсалардан тийилинг, энг ибодатли киши бўласиз. Аллоҳ қисматингизга битган нарсага рози бўлинг, энг бадавлат одам бўласиз. Қўшнингизга яхшилик қилинг, мўмин бўласиз. Ўзингизга яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўринг, мусулмон бўласиз. Кўп кулаверманг! Зеро, кўп кулги қалбни ўлдиради» (Аҳмад, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 100).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир яхши иш садақадир. Биродаринг юзига табассум билан боқишинг ҳам, челагингдан қўшнингнинг идишига сув қуйиб беришинг ҳам яхши ишлар жумласига киради» (Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 4557).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, банда то ўзи учун яхши кўрган нарсани қўшнисига ҳам яхши кўрмагунича иймонли бўлмайди» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин!» (Муттафақун алайҳ).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳеч бирингиз яхшиликдан бирор нарсани ҳақир санамасин. Агар гўшт сотиб олсанг ё қозон қайнатсанг, сувини кўпроқ қил ва қўшнингга ҳам ундан (сувидан) сузиб бер» (Термизий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 7634).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Халилим соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга шундай насиҳат қилдилар: «Эй Абу Зар, агар шўрва пиширсанг, сувини кўпайтир ва қўшниларингдан хабар ол ёки қўшниларингга ҳам улаш» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 83).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Абу Зар, агар шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ сол ва қўшниларингдан хабар ол» (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ наздида дўстларнинг энг яхшиси ўз дўстига яхшироқларидир, Аллоҳ наздида қўшниларнинг энг яхшиси ўз қўшнисига яхшироқларидир» (Термизий, Доримий ривоятлари, Албоний саҳиҳ санаган, Мишкотул-масобиҳ: 4987).

Абдурраҳмон ибн Аби Қурод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳ ва Расулини яхши кўришни ёки Аллоҳ ва Расули уни яхши кўришларини истаса, сўзлаганида рост сўзласин, омонат берилса уни адо этсин, қўшнисига яхши қўшничилик қилсин» (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да келтирган, Албоний «Мишкот»да саҳиҳ санаган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Эй мусулмон аёллар! Қўшни аёл қўшни аёлга ҳатто қўйнинг бир дона туёғини ҳадя этишини ҳам ҳақир-арзимас санамасин.» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ён қўшниси оч бўла туриб, ўзи тўқ юрадиган одам комил иймонли эмас» (Табароний, Ҳоким, Байҳақий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5382).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ён қўшнисининг оч-наҳорлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунаган киши менга иймон келтирмабди»[2] (Баззор, Табароний ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5505).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қанча қўшнилар бўладики, қиёмат куни қўшнисини маҳкам тутиб: «Эй Роббим! Бу одам юзимга эшигини ёпиб олган, яхшилигини мендан қизғанган» дейди» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 81).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга айтдилар: «Кимга мулойимликдан насиба берилган бўлса, унга дунё ва охират яхшилигидан насибаси берилибди. Силаи раҳм, ҳусни хулқ ва яхши қўшничилик диёрларни обод, умрларни зиёда қилади» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 519).

Қўшнилар ичида сизнинг фазлу марҳаматингиз ва яхшилигингизга лойиқроғи сизга эшиги ва хонадони яқинроғидир

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, улардан қай бирига ҳадя беришим афзал?», деб сўрадим. «Эшиги сизга яқинроқ бўлганига», деб жавоб бердилар (Бухорий, Абу Довуд ривоятлари).

Қўшничилик чегараси

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан кишига нечта хонадон қўшни бўлиши ҳақида сўралганда: «Олди томонидан 40 та, орқа томонидан 40 та, ўнгидан 40 та, чапидан 40 та хонадон» деб жавоб бердилар (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 80).

Қўшниси ғайридин бўлган киши ҳақида

Мужоҳид айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Амрнинг уйида эдим, унинг ғуломи қўйнинг терисини шилаётган эди, «Эй ғулом, шилиб бўлгач, гўштдан энг аввал яҳудий қўшнимизга бергин!», деди. Шунда кимдир биров: Аллоҳ сизни ўнгласин «Яҳудийга эмиш?!» деди таажжубланиб. Абдуллоҳ деди: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшни ҳақида кўп насиҳат қилганларини эшитганман, ҳатто бизлар қўшни ҳам ворислар қаторига киритилса керак, деб ўйлаб қолганмиз» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 95).

Қўшнининг гувоҳлиги Аллоҳ таоло ҳузурида эътиборлидир

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, мен ўзимнинг яхши ё ёмон иш қилаётганимини қандай билсам бўлади?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қўшниларинг яхши иш қилдинг дейишса, яхши иш қилган бўласан, ёмон иш қилдинг дейишса, ёмон иш қилган бўласан», деб жавоб бердилар (Ибн Можа ривояти, Албоний «Мишкот»да саҳиҳ санаган: 4988).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қўшниларинг сени яхши одам деб мақташса, сен яхши одамсан, агар ёмон одам дейишса, сен ёмон одамсан», дедилар[3] (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Табароний ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 277).

Ҳовли-жой ёки ер сотиш пайтида қўшни энг биринчи ҳақдор ҳисобланади

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўшнининг ҳовлиси ёки ерига (агар сотмоқчи бўлса) ён қўшниси ҳақлироқдир» (Термизий, Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3003).

Абу Рофиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўшни қўшнисининг сотмоқчи бўлган ерига ҳақлироқдир» (Бухорий ва Абу Довуд ривоятлари).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўшни қўшнисининг сотмоқчи бўлган мулкига ҳақлироқдир, агар уларнинг йўлаги битта бўлса, мабодо сафарда бўлса (келишини) кутилади» (Ибн Можа, Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3004).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизлардан бир киши биродаридан унинг деворига ёғоч қадашга рухсат сўраса, йўқ демасин», дедилар (Муттафақун алайҳ) Абу Ҳурайра бу ҳадисни айтганидан кейин одамлар ҳадис тақозосига кўра амал қилишдан бош тортгандай бўлдилар, шунда “сизларга нима бўлди? Агар (деворга қадашга) кўнмасангизлар елкаларингизга қадаб қўяман” деди.[4]

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: «Ким бино қурса, қўшнисининг девори уни суяб турсин». Бир лафзда: «Қай бир кишидан қўшниси унинг деворига суяб (бино қуришни) сўраса, рухсат берсин». (Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2947).

Қўшнисига озор берадиган одам ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўшниси унинг озоридан омонда бўлмайдиган кимса жаннатга кирмайди» (Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Банданинг дили тўғри бўлмагунича иймони тўғри бўлмайди, тили тўғри бўлмагунича дили тўғри бўлмайди, қўшниси унинг озоридан омон бўлмаган киши жаннатга кирмайди» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2841).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўшниси унинг ёмонликларидан хотиржам бўлмаган одам мўмин эмас» (Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2181).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қўшнисига озор бермасин» (Муттафақун алайҳ).

Толқ ибн Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўшниси унинг ёмонликларидан хотиржам бўлмаган киши (комил) мўмин эмас» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 538).

Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, (комил) мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, (комил) мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, (комил) мўмин бўлмайди», дедилар. «Ким, ё Расулуллоҳ?», сўрашди саҳобалар. «Озор-азиятидан қўшниси хотиржам бўлмайдиган кимса!», деб жавоб бердилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Бухорий, Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 7102).

Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Киши (қўшни бўлмаган) ўнта аёл билан зино қилиши у учун қўшнисининг хотини билан зино қилишидан яхшироқдир, ўнта хонадондан ўғирлик қилиши у учун қўшнисининг уйидан ўғирлик қилишидан енгилроқдир» (Аҳмад, Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 8043).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Баҳрайндан меҳмонлар келишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат учун сув келтиргизиб таҳорат қилдилар, улар у зотнинг таҳоратларидан ортган сувга қараб шошилдилар ва қолган сувни ичдилар, ерга тушган сувларни олиб, юзларига, бошларига, кўкракларига суртдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан: «Нега бундай қилдинглар?», деб сўраган эдилар, «Сизга бўлган муҳаббатимиз туфайли, шояд Аллоҳ таоло бизни ҳам яхши кўрса, ё Расулуллоҳ», деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар Аллоҳ ва Расули сизларни яхши кўришини истасангиз, учта хислатга: рост сўзлашга, омонатни адо қилишга, яхши қўшничиликка қаттиқ риоя қилинглар! Зеро, қўшнига озор бериш яхшиликларни худди қуёш музни эритиб юборгандек эритиб юборади», дедилар (Халъий «Фавоид»да ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2998).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши деди: «Ё Расулуллоҳ! Фалончи аёл кўп намоз ўқиши, рўза тутиши, садақалар қилиши айтилади. Бироқ у тили билан қўни-қўшниларига озор беради». «У аёл дўзахда!», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Фалончи аёл эса (нафл) рўзаси, садақалари ва намози камлиги айтилади. Бир икки дона қуртопни (бўлса ҳам) садақа қилади лекин тили билан қўшниларига озор бермайди». «Ўша аёл жаннатий!», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Аҳмад ва Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган, Мишкот: 4992).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қўшнисидан шикоят қилиб келди. У зот: «Бор, сабр қил», дедилар. У одам яна икки ё уч марта келгач: «Бор, уй-рўзғор буюмларингни кўчага олиб чиқиб ташла», дедилар. У анжомларини кўчага олиб чиқиб ташлаб қўйди. Шунда одамлар ундан бунинг сабабини сўрай бошладилар, у эса бўлган воқеани айтиб берарди. Одамлар унинг қўшнисини лаънатлаб: «Аллоҳ уни ундай қилсин, бундай қилсин», дея бошладилар. Шундан сўнг қўшниси келиб: «Уйингга қайт, энди мендан ёмонлик кўрмайсан», деди (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4292).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни энг аввал даъволашиб келувчилар қўшнилар бўлади» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2557).

Абу Омир ал-Ҳимсийдан ривоят қилинади: Савбон розияллоҳу анҳу айтардилар: «Қай бир қўшни қўшнисига зўравонлик ва зулм қилса ва бу уни уйидан чиқиб кетишига олиб келса, ўша қўшни ҳалок бўлибди» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 94).

Қўшнисининг озорига сабр қилувчи киши ҳақида

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло уч кишини яхши кўради – улардан бири – бир кишики, унинг дилозор қўшниси бор, то Аллоҳ унга ҳаёт ёки ўлим билан Ўзи кифоя қилмагунича у ўша қўшнисининг озорларига сабр қилади» (Аҳмад, Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2569).

Киши ўз қўшнисини ноҳақ ўлдириши қиёматнинг аломатларидан

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «То киши қўшнисини, ака-укасини ва отасини ўлдирмагунича қиёмат қоим бўлмайди» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 87).

Яхши қўшни бахт, ёмон қўшни бахтсизликдир

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тўрт нарса саодатдан: солиҳ аёл, кенг уй-жой, яхши қўшни ва ёқимли маркаб (улов), тўрт нарса эса бахтсизликдан: ёмон хотин, ёмон қўшни, ёмон маркаб ва тор уй-жой» (Ҳоким, Абу Нуайм «Ҳиля»да, Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъ: 887).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Қуйидагилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларидан эди: «Парвардигоро! Мен Сендан охират ҳовлисидаги ёмон қўшнидан паноҳ тилайман, зеро дунёдаги қўшни ўзгариб туради» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 86).

Аллоҳ таолодан дунёда ҳам, охиратда ҳам яхши қўшни ато этишини сўраймиз, дунёда ҳам, охиратда ҳам ёмон қўшнидан паноҳ беришини сўраймиз.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавот ва саломлар йўлласин.

[1] Ғайридинларга яхшилик қилиш ва уларга меҳр кўрсатишга чорловчи бу каби ҳадислар ўртада аҳд, сулҳ ва тинчлик шартномалари бўлган ҳолатларга тааллуқлидир. Зеро, бу каби ҳолатларнинг ўзига хос ҳукмлари бўлади, ўртада уруш ва душманлик бўлган ҳолатларнинг ўзига хос алоҳида ҳукмлари бўлади. Ҳар икки ҳолатнинг ўзига хос бўлган далил ва ҳукмларини бир-бирига аралаштириб юбормаслик ва бирининг ҳукмини иккинчисига қўлламаслик лозим.

[2] Ҳадисдан маълум бўладики, қўшни қўшнисининг ҳолидан хабардор бўлиб, унинг эҳтиёжлари борми йўқми, билиб туриши лозим. То қўшнининг ўзи келиб, эҳтиёжларини айтишини кутиб туриш қўшничилик ҳаққини яхши адо этиш бўлмайди.

[3] Шундай экан, ҳар бир одам ўзининг қўшниларга муносабатини, қўшниларининг у ҳақидаги фикрларини текшириб кўрсин. Чунки уларнинг гувоҳлиги Аллоҳ таолонинг ҳузурида мўътабар саналади ва қиёмат куни унинг оқибати яхши ё ёмон бўлиши белгиларидан ҳисобланади.

[4] Абу Ҳурайра бу гапини Марвоннинг халифалик даврида Мадинада волий бўлиб турганида айтган.