Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

07.2 Кўпхотинли киши аёллари ўртасида адолат қилиши шарт, бу ҳам аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларидан

4315 марта кўрилган

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир одамнинг иккита аёли бўлса-ю, улар ўртасида адолат қилмаса, қиёмат куни бир томони осилган ҳолда (қийшайиб) келади[1] (Термизий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 761).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг иккита аёли бўлиб, улардан бирига кўпроқ мойил бўлса, қиёмат куни бир томонга мойил бўлган ҳолда келади» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 6515).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Адолат қилувчилар Раҳмон таолонинг ўнг қўли тарафида – Унинг ҳар икки қўли ўнгдир-баракалидир – нурдан бўлган минбарларда бўладилар, улар қилган ҳукмларида ва аҳли-аёллари хусусида адолат қилган кишилардир» (Муслим ривояти).

Киши қиз болага уйланса, унинг ҳузурида неча кун туради, жувонга уйланса неча кун туради

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жувон устига қиз болага уйланса, унинг олдида етти кун туради, агар қиз хотин устига жувонга уйланса, унинг олдида уч кун туради» (Байҳақий ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1271).

Аёлига инфоқ-эҳсон қилишнинг фазли

Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёлингга едирган таоминг сен учун садақа, фарзандингга едирган таоминг сен учун садақа, хизматкорингга едирган таоминг сен учун садақа, ўзингга едирган таоминг сен учун садақа» (Аҳмад, Табароний ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5535).

Амр ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кишининг аёлига берган нарсаси садақадир» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 5540).

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сен Аллоҳнинг юзини истаб бирон нафақани инфоқ қилсанг, ҳатто аёлингнинг оғзига солган луқмага ҳам, албатта ажр оласан» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши муомала қилувчиларингиздир» (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3265).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир динорни Аллоҳ йўлида садақа қилсанг, бир динорни қул озод қилиш учун сарф қилсанг, бир динорни мискинга садақа қилсанг, бир динорни аҳлингга инфоқ қилсанг, булар ичида ажри энг каттаси аҳлингга инфоқ қилганингдир» (Муслим ривояти).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кишининг сарф қиладиган динорлари (пуллари) ичида энг афзали аҳли-аёлига сарф қиладиган динори (пули)дир» (Муслим ривояти).

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши аёлига сув ичирса, шунга ҳам ажрланади», дедилар, бориб аёлимга сув ичирдим ва эшитганимни унга айтиб бердим. (Бухорий «Ат-тарихул-кабир»да ва Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2736)[2].

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлaрнинг энг яxшилaрингиз aҳли-аёлигa яxши мунoсaбaтдa бўлувчиларингиздир. Мен ичларингизда aҳлигa энг яxши бўлгaнидирман[3]» (Термизий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3314).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи гўзалроғидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аёлларига яхши бўлганларидир» (Аҳмад, Термизий ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўз қарамоғида бўлганларни зое қилиши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади» (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 4471).

Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уй ичида қиладиган ишлар ҳақида сўралганда: «Аҳли-аёлларининг хизматида бўлардилар, намоз вақти бўлса намозга чиқардилар», деб жавоб бердилар (Бухорий ривояти).

Эри унга динни ўргатиши ва фойдали илмдан бирон нарсани яширмаслиги аёлнинг эр зиммасидаги ҳуқуқларидан

Аллоҳ таоло айтади: «Аҳли-аёлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг!»[4] (Тоҳа: 132).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким аҳли-аёлидан бирон илмни яширса, қиёмат куни ўтдан бўлган жилов билан жиловланади» (Саҳиҳул-жомиъ: 6517).

Алий розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг: «Ўзингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз» ояти ҳақида сўзлаб: «аҳли-оилангизга яхшиликни таълим берингиз», дедилар (Ҳоким ривоят қилган мавқуф ҳадис, Саҳиҳут-тарғиб: 115).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёллар рухсат сўрасалар[5], масжидлардан бўлган улушларидан уларни ман қилманглар» (Муслим ривояти).

Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз бир тўп ёш-яланг тенгқурлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотнинг олдиларида йигирма кун турдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меҳрибон, раҳмдил эдилар. Бизни аҳли-оилаларимизни соғиниб қолган деб ўйладилар ва қолдириб келган аҳлларимиз ҳақида сўрадилар. Биз хабар бергач: «Аҳли-аёлингиз олдига қайтинглар, улар орасида туриб, таълим беринглар, уларга амри маъруф қилинглар. Намоз вақти бўлса, сизлардан бирингиз азон айтсин ва ёши каттароғингиз имом бўлсин», дедилар (Муслим ривояти).

Оилавий ҳаётга алоқадор, риоя қилиш зарур бўлган одоб ва ҳақ-ҳуқуқлар

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Сафардан келаётиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига кирган эдим: «Аҳли-аёлинг олдига борганингда яхши иш[6] қилгин», дедилар. Уйга боргач, аёлимга: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳли-аёлинг олдига борганингда яхши иш қилгин», дедилар», дедим. Аёлим: "Ҳўп бўлади, марҳамат, мен тайёрман», деди. (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1190).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биронтангиз узоқ сафардан келса, уйига тунда бостириб кирмасин»[7] (Муттафақун алайҳ).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазотда бўлдик. Мадинага етиб келгач, уйларимизга кириб бормоқчи бўлганимизда у зот: «Кутиб туринглар, тунда кириб борамиз, токи аёллар ювиниб-тараниб, тозаланиб олсинлар», дедилар. (Менга:) «Уйингга боргач, ақл-ҳушингни қўлдан берма!», дедилар[8] (Муслим ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли-аёллари олдига тунда келмасдилар, эрталаб ё оқшомда кириб келардилар (Бухорий ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ғазотдан қайтиб келарканлар: «Эй одамлар! Аёлларингиз олдига тунда кириб бориб, уларни ғафлатда қолдирманглар!», дедилар (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3085).

Аёл кишига илтифот кўрсатиш, у билан ҳазил-мутойиба қилиш ва мубоҳ бўлган ўйин-кулгиларга қатнашишига рухсат бериш ҳам унинг ҳақ-ҳуқуқларидан

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Хабашлар масжидга ўйин кўрсатиб кириб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Эй Ҳумайро,[9] уларни томоша қилишни хоҳлайсизми», дедилар. Мен: «Ҳа» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшик олдида турдилар, мен эса орқа томонларидан келдим-да иягимни елкаларига қўйдим ва ёноғимни ёноқларига текказдим. Хабашларнинг ўша кунги сўзлари орасида: «Абул Қосим жуда яхшидир», деган сўзлар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Етар энди», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, шошманг», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бироз турдилар. Сўнг яна «Етар, энди», дедилар. Мен яна «Ё Расулуллоҳ, шошманг», дедим. Ҳабашларни томоша қилиш мен учун муҳим эмас эди, балки мен аёлларга Расулуллоҳнинг мен учун турганликлари ва мени қадрлашлари етиб боришини истардим (Насоий ва бошқалар ривояти, (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3277).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сафарларининг бирида йўлдош бўлдим. Мен у пайтлар нозик, ҳали тўлишмаган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга: «Сизлар олдинга кетинглар!», дедилар. Одамлар илгарилаб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Келинг, чопишамиз», дедилар. Мен у киши билан чопишдим ва ўзиб кетдим. Вақт ўтиб яна сафарларининг бирида ҳамроҳ бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга: «Сизлар олдинга кетинглар!», деб менга: «Келинг, чопишамиз», дедилар. Аввал чопишганимиз эсимдан кўтарилган, мен ҳам анча тўлишган эдим. «Ё Расулуллоҳ, мен шу аҳволда сиз билан қандай чопишаман?!», дедим. Узот: «Чопасиз!», дедилар. Биз чопишдик ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан ўзиб кетдилар, сўнг кулиб: «Буниси аввалгиси билан тенг бўлди!», дея бошладилар (Насоий, Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти, Албоний «Одобуз-зифоф»да саҳиҳ санаган).

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга идишда (сут) олиб келинар, ҳайзли ҳолда бўлсам ҳам, у зотдан аввал мен ичар, сўнг косани Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга узатар эдим. Шунда менинг оғзим теккан жойга оғзиларини қўйиб ичардилар. Ҳайзли ҳолимда устухондан тишлар, сўнг уни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга узатардим, у зот мен тишлаган ердан тишлаб ердилар (Муслим ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳнинг зикридан бўлмаган ҳар бир нарса бемаъни ва беҳуда ёки хато иш бўлиб, фақат тўртта хислат бундан мустасно: киши (камон отиб,) икки нишон ўртасида юриши[10], отини машқ қилдириши, ўз аёли билан дилхушлик қилиши ва сузишни ўрганиши» (Насоий «Ишратун-нисо»да ва Табароний ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 315).

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, эр-хотин ўртасидаги алоқа ақида ва дин алоқасидан кейин энг юқори даражадаги алоқа деб эътибор қилинади. Шундай экан, ҳар иккиси Аллоҳ ва Расулининг итоати остида ушбу алоқани асраб-авайлашлари лозим бўлади. Агар ўрталарига шайтон оралаб, бирон хусусда жанжаллашиб қолишса, бунинг ҳукмида Китобу-Суннатга мурожаат қилсинлар. Зотан, иймон тақозоси шудир. Аллоҳ таоло айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).

Шунингдек, оилавий ҳаёт муваффақиятли давом этиши учун эр-хотиннинг ҳар бири ўз ҳуқуқлари билан бир қаторда зиммаларидаги бурч ва мажбуриятларини ҳам яхши англаб етишлари зарур. Муаммолар асосан эр ё хотин фақат ўз ҳуқуқларини талаб қилгани ҳолда иккинчи тарафнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ўз зиммасидаги мажбурият ҳақида ўйламаслигидан келиб чиқади.

* * *

[1] “Бир томони осилган ҳолда (қийшайиб) келади” яъни, у дунё ҳаётида икки хотиндан бирига мойил бўлганидек қиёматда ҳам барча халойиқ кўз ўнгида қилган зулмига яраша, шарманда бўлиб қийшайиб келади. Аллоҳ таоло уни шундай қилиб шарманда қилиб жазолайди мақолда айтилганидек: “Ҳар ким экканини ўради”.

[2] Мен ҳам (яъни, ёзувчи) ўз навбатимда шу ҳадисни ёзганимдан кейин турдим ва аёлимга бир пиёла сув бердим ва бу ҳақдаги Расулуллоҳдан эшитганим ва китобга ёзганим ҳадис ҳақида унга хабар бердим. Албатта илм амал қилиш учундир.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалардан яна бири, хизмат қилиш икки томондан бўлади, фақат аёл томонигагина чекланмайди.

[3] Ҳадиснинг маъноси: Агар кимда яхшилик бўлса, аввал ўз аёлларига кўрсатсин, аҳли аёлига қилмасдан бошқаларга кўрсатган яхшилигидан фойда йўқ.

[4] Аҳли-аёлни намозга буюриш ичига уларга намозга тааллуқли бўлган шартлар, рукнлар, вожиблар, одоблар ва мустаҳабларни таълим бериш ҳам киради.

[5] Яъни, намоз ўқиш ҳамда масжидларда ташкил қилинувчи илм ҳалқаларида ҳозир бўлиш учун изн сўрасалар, чунки илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак-аёлга фарз, жаннат билан дўзах эркакларга ҳам, аёлларга ҳам баробардир.

[6] Оқилона ишдан мурод – аёлнинг кўнглини овлайдиган ва эҳтиросини қўзғотадиган ҳар қандай шариатда мубоҳ бўлган ишдир.

[7] Яъни, аёлига хабар бермасдан тўсатдан кириб келмасинки, улар қўрқиб кетишлари ва ювиниб-тараниб, ўзига оро беришга улгурмай қолиб, эрининг кўзига ёқимсиз кўриниб қолиши мумкин. Бу – эрининг кўзига доим чиройли ва ораста кўринишни истайдиган солиҳа аёл учун озор ҳисобланади. Демак, тунда тўсатдан кириб келишдан қайтарилишга сабаб – уларга аввалдан хабар бермасдан кириб келиш бўлиб, нафақат кечасида, балки кундузида ҳам бундай қилмаслик керак бўлади. Бунга кейинги ҳадисдаги: «Кутиб туринглар, кечки пайт кириб борамиз» деган сўзлари далил бўлади. Чунки, қоронғи тушмасидан Мадинага кириб боришлари аёлларни шошилтириб қўйиши ва кутилмаган нохушликлар келтириб чиқариши мумкин эди. Қолаверса, ушбу қайтариқ бу ишнинг ҳаромлигини ифодаламайди, балки бу нубувват одобларидан бир одоб ва мустаҳаб амал ҳисобланади.

[8] Яъни, узоқ вақт кўришмаган аёлинг билан қўшилишда ақлу-ҳушингни йўқотиб, ношаръий ва макруҳ ишларни қилиб қўйма.

[9] Ҳумайро - «оқюз, оқбадан» маъносида бўлиб, эркалашни англатади.

[10] Яъни, отиш учун турган ери билан нишони ўртасида отган ўқларини қайтариб олиб келиш учун юриши.