Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

11. Фуқароларнинг ҳоким устидаги ҳақлари

3301 марта кўрилган

Барча халққа адолат ва тенглик билан ҳамда Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм юритиши, уларни тенг ҳифзу ҳимоя қилиши, уларнинг обрў-номусларини сақлаш йўлида душманларга қарши жиҳод қилиши, халқнинг роҳати йўлида ўз роҳатидан воз кечиши, уларга нисбатан раҳмдил ва меҳрибон бўлиши, эҳтиёжмандлар, заиф-нотавон кишилар қаршисига эшикларини ёпмаслиги раиятнинг ҳоким устидаги ҳақларидан саналади

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Имом (Халифа-давлат бошлиғи) роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Аёл киши эрининг уйида роъия ва у ўз раиятидан масъулдир. Хизматчи хожасининг мол-мукида роъий ва у [1]ўз раиятидан масъулдир.» Яна шундай ҳам деганлар, деб ўйлайман: «Киши отасининг молида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Ҳар бирингиз роъий ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз» (Муттафақун алайҳ).

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир бандани Аллоҳ раият устига раҳбар қилиб қўйган бўлса-ю, у уларнинг ҳаммасига холис бўлмаса, жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди» (Муттафақун алайҳ).

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир ҳоким мусулмонлардан бўлган раият устига волий бўлиб, уларга хиёнат қилган ҳолда[2] ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади» (Муттафақун алайҳ).

Бир ривоятда: «Аллоҳ бир қавмга раҳбар қилиб қўйган банда уларга хиёнат қилган ҳолда ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади» (Имом Муслим ривояти).

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки кишига менинг шафоатим етмайди: Ўта золим ва халқни талон-тарож қилувчи ҳокимга ва динда ғулув кетиб, ундан чиқиб кетган кишига» (Ибн Аби Осим «Сунна»да ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган).

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дунёда одамларга энг қаттиқ азоб берувчи кимса қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида энг қаттиқ азобга дучор бўлувчидир» (Байҳақий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 998).

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни энг қаттиқ азобланувчи киши зўравон ҳокимдир» (Табароний «Авсат»да, Абу Яъло «Муснад»да ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъ: 1001).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тўрт кишини Аллоҳ азза ва жалла ёмон кўради: қасамхўр сотувчи, мутакаббир камбағал, зинокор мўйсафид ва золим раҳбарни» (Насоий ва Ибн Ҳиббон ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 363).

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши жаннатга кирмайди: зинокор мўйсафид, ёлғончи раҳбар, мутакаббир камбағал» (Баззор ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3461).

Оиз ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Раҳбарларнинг энг ёмони жабр-зулм қилувчиларидир» (Муслим ривояти).

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ораларида ҳақ билан ҳукм қилинмайдиган ва заиф киши куч-қудрат соҳибидан ўз ҳаққини овози қалтирамай ололмайдиган УММАТ МУҚАДДАС (УЛУҒ) БЎЛМАЙДИ»[3] (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2191).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Имом (халифа) унинг ортида туриб жанг қилинадиган ва унинг ҳимоясида бўлинадиган қалқондир[4]. У агар Аллоҳдан тақво қилишга буюрса ва адолат қилса, бу билан унга ажр бўлади. Агар бундан бошқа нарсага буюрса, унга гуноҳ бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши ўнта ё ундан ошиқ одамга бош бўлган бўлса, Аллоҳ ҳузурига қўллари бўйнига боғланган ҳолда келади. Уларни ё яхшиликлари бўшатади ё эса гуноҳлари яна-да маҳкамлайди. (Бошлиқликнинг) аввали маломат, ўртаси надомат, охири қиёмат кунидаги шармандаликдир» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 5718).

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир амир мусулмонлар ишига бош бўлса-ю, кейин улар ҳақларида саъй-ҳаракат қилмаса ва холис бўлмаса, улар билан бирга жаннатга кирмайди» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бану Исроилни пайғамбарлар бошқарар, ҳар қачон бир пайғамбар вафот этса, ортидан бошқа бир пайғамбар келар эди. Мендан сўнг пайғамбар келмайди. Халифалар бўлади, улар кўп бўлади». «Шунда бизларни нима қилишга буюрасиз?», деб сўрашди саҳобалар. «Энг авал (байъат берилган халифанинг) байъатига вафо қилинглар, уларнинг ҳақларини ўтанглар. Аллоҳ таоло уларни ўз қўл остидагилар ҳақида сўроққа тутади», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Парвардигор! Ким умматимнинг ишидан бирон ишга бош бўлиб, уларга қийинчилик келтирса, Сен унга қийинчилик бер. Ким умматимнинг ишидан бирон ишга бош бўлиб, уларга раҳм-шафқат кўрсатса, Сен унга раҳм-шафқат қил» (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Адолат қилувчилар Раҳмон таолонинг ўнг қўли тарафида – Унинг ҳар икки қўли ўнгдир-баракотлидир – нурдан бўлган минбарларда бўладилар, улар қилган ҳукмларида, аҳли-аёллари хусусида ва ўзлари бош бўлган ишларда адолат қилувчи кишилардир» (Имом Муслим ривояти).

Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннат аҳли учта: адолатли, садақа қилувчи ва тавфиқли султон; юмшоқ кўнгил, қариндошларига ва мусулмонларга раҳмдил киши; ҳаромдан ўзини сақловчи, ўзини тиламчиликдан сақлаб борига сабр қиладиган серфарзанд мусулмон» (Имом Муслим ва Аҳмад ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 2637).

Муовия ибн Аби Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шундай амирлар келадики, уларнинг сўзлари рад қилинмайди[5]. Улар бирин-кетин дўзахга равона бўладилар» (Абу Яъло ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1790).

Урвадан ривоят қилинади: Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу Умайр ибн Саъднинг олдидан ўтиб қолди, у жизя тўламаган одамларни қуёш тиғида қўйиб азоблаётган эди. Унга деди: «Эй Умайр, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Дунёда одамларга азоб берадиган кишиларни Аллоҳ таоло албатта азоблайди» деганларини эшитганман. Бор, уларни қўйиб юбор»[6] (Саҳиҳу маворидиз-замъон ила завоид Ибн Ҳиббон: 1300).

Волийликни (бошлиқликни) тақводор, солиҳ, кучли ва адолатли кишига берилади, унинг насаби, қабилавий ва миллий келиб чиқишига қаралмайди

Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг: Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилганида уларни бенуқсон ҳолда адо этди. Шунда (Аллоҳ таоло): «Албатта Мен сени одамларга имом қилувчидирман», деди. «Зурриётимни ҳам-а?» деб сўради у. (Аллоҳ таоло) айтди: «Менинг бу аҳдим (сенинг зурриётинг орасидаги) золим кимсаларга етмайди»» (Бақара: 124).

Уммул Ҳусойн розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар сизларга (қулоқ-бурни) кесилган бир қул амир қилинса-да, сизларни Аллоҳнинг китоби билан бошқарса, унга қулоқ тутинглар ва итоат қилинглар!» (Имом Муслим ривояти).

Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Халифалар – модомики учта нарсани қиларканлар Қурайшдан бўладилар: ҳукм қилганда адолат қиларканлар, раҳм-шафқат сўралганда раҳм қиларканлар, аҳдлашганда аҳдларига вафо қиларканлар – деб уч бора такрорладилар. Улардан қайси бири юқорида айтилганларни қилмаса, унга Аллоҳнинг, малоикаларнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2189).

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу иш (яъни халифалик) – модомики раҳм сўралса раҳм қилсалар, ҳукм қилганда одил бўлсалар ва тақсим қилганда адолат қилсалар – Қурайшда бўлади. Улардан қай бири шундай қилмаса, унга Аллоҳнинг, малоикаларнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин, улардан тавба ҳам, фидя ҳам қабул қилинмайди» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2190).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз саксонга яқин қурайшлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик, орамизда қурайшлик бўлмаган бирон киши йўқ эди, у зот: «Аммо баъд, эй Қурайш жамоаси! Сизлар – модомики Аллоҳга осий бўлмасангиз – бу ишнинг эгасидирсизлар. Агар Унга осий бўлсангиз, У зот устингизга териларингизни худди мана бу новданинг пўсти шилинганидек шилиб оладиган кишиларни юборади», деб қўлларидаги новдани кўрсатиб, унинг пўстини шилдилар, шунда у оппоқ ва силлиқ бўлиб қолди (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1552).

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу иш – модомики динни барпо қилсалар – Қурайшда бўлади, ким уларга адоват қилса, уни Аллоҳ дўзахга юзтубан улоқтиради» (Имом Бухорий ривояти).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Яманга юбораётганларида насиҳат қилганча (шаҳар ташқарисигача) бирга чиқдилар. Сўнг у зот Мадинага ўгирилиб дедилар: «Менинг мана бу аҳли байтларим ўзларини одамлар ичида менга энг яқини деб кўрадилар. Ундай эмас, ичларингизда менинг дўстларим – ким бўлмасинлар, қаердан бўлмасинлар – тақводор кишилардир. Эй Парвардигор! Мен уларга Сен ислоҳ қилган нарсани бузишни ҳалол қилмайман. Аллоҳга қасамки, умматим динидан худди идиш юмшоқ ерда ағдарилганидек ағдарилади» (Ибн Аби Осим «Сунна»да келтирган, Албоний иснодини саҳиҳ деган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматимнинг ҳалокати Қурайшдан бўлган ақлсиз болалар қўлидадир» (Бухорий ва Аҳмад ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 7038).

Эҳтиёжманд ва мискин одамлар қаршисида эшигини беркитиб оладиган султон ҳақида

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидан одамлар ҳайдалмас ва тўсилмас эдилар» (Табароний ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2107).

Амр ибн Мурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир имом (халифа) ёки ҳоким ҳожатманд, фақир ва мискин кишилар қаршисига эшигини беркитиб оларкан, Аллоҳ таоло унинг эҳтиёжи, фақирлиги ва мискинлиги қаршисида осмон эшикларини ёпиб қўяди» (Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5685).

Абу Марям ал-Аздий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким мусулмонларнинг ишларидан бирон ишга волий бўлса-ю, уларнинг эҳтиёжлари, фақирлик ва муҳтожликлари олдида тўсиниб олса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг эҳтиёжи, фақирлик ва муҳтожлиги олдида ундан тўсинади» (Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 6595).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким одамларнинг ишларидан бирон ишга волий бўлса-ю, заиф-ночор ва эҳтиёжманд кишилардан тўсинса, Аллоҳ таоло қиёмат куни ундан тўсинади» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2209).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши ўлкаларга ҳокимлар юбораётиб уларга: «Арғумоқ минмайсизлар, сара таом емайсизлар, нафис кийим киймайсизлар, одамларнинг эҳтиёжлари олдида эшикларингизни ёпиб олмайсизлар. Агар мана шу ишлардан бирортасини қилар экансизлар, сизларга уқубат тушади» деб шарт қилиб, сўнг кузатар эдилар[7] (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган, Мишкот: 3730).

[1] Яъни, уларнинг ҳаммасига холис бўлдими, эътибор бердими, ҳимоя қилдими??? Уларга адолатли қонун-шариат қонунларини жорий қилдими? Ўз зиммасидаги уларнинг ҳақларини уларга тўла қилиб бердими? Ёки уларнинг ҳақларини адо этмадими, уларга зулм ва куфр қонунларини жорий қилдими!

[2] Ҳокимнинг ўз раиятига хиёнати жумласига уларга фисқу-фасод ва фужурни яхши кўрсатиши, жоҳилий қонунлар билан ҳукм юритиши, мамлакат бойликларини уммат душманлари учун осон ва қулай луқмага, талон-тарож учун нишонга айлантириб бериши, шунингдек, мамлакат ва мусулмон халқи ҳурматларига тажовуз қилиш истагида ёнаётган душманни хавфга соладиган куч-қудратга эга бўлишни пайсалга солиши каби ҳолатлар киради.

[3] Туғёнкор золим тузумлардаги одат шуки, заиф киши куч-қудратли одамдан – айниқса у нуфузли ва амалдор бўлса – ўз ҳаққини олиши ёки талаб қилиши учун қўрқиб, лаблари ва бўғинлари қалтирамасдан иложи йўқ. Маҳкама майдонида ўз кучли рақибидан ҳаққини талаб қиларкан, бу олишуви акс натижа бериши ва ҳақ-ҳуқуқлари бутунлай зое бўлиб кетишидан қўрққанидан овози узилиб, дудуқланиб зўрға гапиради. Шу даражада зулмга миқ этмай етиб келган умматни Аллоҳ таоло муқаддас қилмайди, унга баракот ато этмайди. Шундай экан ҳаққини умуман талаб қила олмайдиган, дудуқланиш у ёқда турсин бир оғиз миқ эта олмайдиган ҳолатга тушган умматнинг ҳоли не бўлиши ҳақида гапиришга ҳожат йўқ.

[4] Демак, халифанинг алоҳида таниқли белгилари ва ўзига хос муҳим вазифалари бўлади. Қачон ана шу белгилар унда кўринмаса ёки у ўша вазифаларни адо этишдан ожиз бўлса халифалик ва имомлик сифатига лойиқ бўлмай қолади. Яъни, уммат ичидан бир киши – ўзи хорлик ва заиф-нотавонлик ҳолида яшаб туриб – бутун умматни ёки ўз ҳукмронлиги остидаги кишиларни душмандан ҳимоя қилиш уёқда турсин, ҳатто ўзини ҳимоя қилишга қурби етмас экан, у ўзини мусулмонлар халифаси, барча мусулмонлар унга итоат қилишга байъат беришлари лозим, ким шундай қилмаса гуноҳкор бўлиб, ўлса жоҳилият ўлимини топади, деб даъво қилиши на шаръан, на ақлан жоиз саналади.

[5] Яъни, зулму зўровонликлари кучлилигидан уларнинг на сўзларини, на ҳукмларини танқид қилиш ва қайтаришга раиятдан бирон киши журъат қилолмайди. Улар ўз фикрларига қарши фикрни қабул қилиш у ёқда турсин, унга тоқат ҳам қилиша олмайди ва танқиддан юқори туришади. Ҳозирги даврда бу каби тоғутлар тўлиб-тошган!

[6] Бу каби ҳадислардан айрим фаҳми бузуқ кишиларнинг «Раҳм-шафқат фақат мусулмонлар орасида, бир-бирларига нисбатан чекланган бўлиши керак, мусулмон бўлмаганларга нисбатан қўлланилмаслиги лозим» деган даъволари нотўғрилиги маълум бўлади.

[7] Умар ал-Форуқ розияллоҳу анҳу даврида амирлар мана шундай бўлганлар! Мана шундай амирлар туфайли уммат пешво ва бошқалар устидан ҳукмрон бўлган! Ҳозирги замондаги бошлиқлар қаердаю, улар қаерда! Ўшалар сабабли уммат хору-зорликка гирифтор бўлди. Аллоҳ Ўзи мадад берсин.