Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Зироат ва суғориш ишларидаги шерикликка (музораат ва мусоқотга) доир ҳукмлар ҳақидаги боб

2823 марта кўрилган

Шерик бўлиб суғориш (мусоқот) ва деҳқончилик (музораат) қилиш одамлар қадим замонлардан бери шуғулланиб келадиган ва бунга эҳтиёжлари бор бўлган ишлар жумласига киради. Гоҳо бир одамнинг мулкида дарахтлари бўлади, лекин уларни парваришлаб, ҳосилини етиштиришга имконияти бўлмайди. Ёки экин-тикин қилинадиган ери бўлади-ю, уни ишлатиш ва фойдаланишга қодир бўлмайди. Бошқа бир одам эса ишлашга қодир, лекин на дарахтлари, на ери бор бўлади. Шунинг учун ҳар икки тарафнинг манфатларини ҳисобга олиб, зироат ва суғориш ишида шерикликка рухсат берилди. Ҳоказо, ҳар қандай шаръий муомалалар адолатга, манфаатларни рўёбга чиқариш ва мафсадаларни (ёмонликларни) даф қилиш устига қурилгандир.

1) Мусоқот:

Мусоқот – фуқаҳолар таърифига кўра, экилган дарахтларни ёки ҳали экилмаган дарахтларни ер билан бирга уни экадиган ва то ҳосили етилгунча суғориб, парваришлайдиган одамга беришдир. Шунда ушбу ҳосилдан бир қисмини ишчига ажратиб берилади, қолгани эгасиники бўлади.

Музораат – ерни унда ишлайдиган кишига ёки ер билан уруғликни уни экиб-тикиб, парваришлайдиган кишига беришдир. Ҳосилнинг бир қисмини ишчига берилиб, қолгани эгасига қолади.

Баъзан мусоқот ва музораатда шарт қилинган бўлак ер ва дарахт эгасига бўлиб, қолгани ишчига бўлади.

Мусоқот ва музораатнинг жоизлигига далил Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдир: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар аҳлини ундан чиқадиган ҳосил ва зироатнинг ярми муқобилига муомала қилдилар (яъни, ишга олдилар)» (Бухорий (2328) ва Муслим (1551) ривоятлари).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар яҳудларига унинг хурмолари ва ерини унга ўз пул-молларидан ишлатишлари ва ҳосилнинг ярми уларга бўлиши эвазига бердилар» (Саҳиҳ Муслим: 1551).

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар аҳлига унинг ери ва хурмоларини (ҳосилни) тенг иккига тақсимлаш шарти билан бердилар» (Аҳмад (1/250, №2255) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хайбар воқеаси ҳикоясида ердан чиқадиган ҳосил ва экин-тикиннинг бир қисми эвазига ерни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар аҳли билан қилганларидек мусоқот ва музораатга бериш жоизлигига далил бордир. Бу иш то у зотнинг вафотларигача давом этди ва мансух бўлмагани аниқдир. У зотдан сўнг хулафои рошидийнлар ҳам шу йўсинда иш олиб бордилар. Бу иш ўзаро ижарага бериш бобидан эмас, балки шерикчилик бобидандир ва бу музораба билан бир хил кўринишдадир» (Зодул-маъод: 3/345).

Муваффақ ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хулафои рошидийнлар ўз халифаликлари даврида мана шунга амал қилдилар, бу машҳур бўлди, уларга ҳеч ким инкор қилмади, демак ижмоъ бўлди».

«Ҳадис ва ижмоъга хилоф бўлган нарсага суяниш жоиз эмас, кўпгина хурмо ва бошқа дарахтлар эгалари уларни парваришлаш ва суғоришга ожизлик қиладилар, унга мардикор ёллашга имкониятлари бўлмайди, бошқа талайгина одамларнинг эса дарахтлари бўлмайди ва ўзлари ҳосилга муҳтож бўладилар. Бу ишнинг жоиз қилинишида ҳар иккала ҳожатни раво қилиш ва иккала гуруҳнинг ҳам манфаатларини ҳосил қилиш бордир» (Ал-муғний: 7/527, 529).

Фуқаҳолар – раҳимаҳумуллоҳ – сўзларига кўра, мусоқот саҳиҳ-яроқли бўлиши учун суғориладиган дарахтнинг меваси ейиладиган мевали дарахт бўлиши шарт қилинади, мевасиз дарахтда ёки меваси ейилмайдиган мевали дарахтда мусоқот саҳиҳ бўлмайди. Чунки, бунга далил келган эмас.

Мусоқот саҳиҳ бўлиши шартларидан яна бири – ишчининг ёки мулк эгасининг ҳосилдан оладиган улуши маълум бўлак билан белгиланган бўлиши, учдан бири ёки тўртдан бири ё шунча қисми деб аниқ қилиб қўйилиши лозим. Агар ҳосилнинг ҳаммасини фақат битталарига бўлиши шарт қилинса, дуруст бўлмайди.

Шунингдек, аввалдан фалон соъ (ёки кило) деб, масалан, ўн соъ ё йигирма соъни шарт қилинса, дуруст бўлмайди. Чунки, ўша йили бор-йўғи шунча соъ ҳосил қилиши ҳам мумкин, у ҳолда ҳосилнинг ҳаммаси шарт қилинган томонга берилиб, бошқаси ундан маҳрум бўлиб қолиши мумкин.

Шунингдек, мусоқот учун муайян бир пул шарт қилинса ҳам дуруст бўлмайди. Чунки, ўша пулга тенг келгудек ҳосил бўлмаслиги ҳам мумкин.

Шунингдек, бир ёки бир неча дарахтни аниқ қилиб кўрсатиб, ўшанинг ҳосилини шарт қилинса, дуруст бўлмайди. Чунки, фақат ўша тайин қилинган дарахтларгина ҳосил қилиб, бошқалари ҳосил қилмаслиги ҳам мумкин.

Жумҳур билдирган саҳиҳ фикр шуки, мусоқот лозим ақд бўлиб, уни фақат иккинчи томоннинг розилиги билангина бузиш мумкин.

Унинг муддатини, ҳар қанча узун бўлса ҳам, аниқлаб қўйиш зарур.

Ишчининг зиммасига экиш, суғориш, ишлов бериш, яъни зарарли шох-бутоқларни буташ, хурмони чанглатиш, мевасини қуритиш, шунингдек, сув йўлларини тузатиш ва сувни дарахт ва экинларга тараш каби ишлар юкланади.

Дарахт соҳибининг зиммасига эса аслни – яъни дарахтни – сақлайдиган ишлар, яъни, қудуқ қазиш (ёки оқар сув билан таъминлаш), қўрғонлаш, қудуқда сув бўлишини кафолатлаш ва ҳоказолар юкланади. Шунингдек, ўғит ва шу каби дарахтни кучлантирадиган нарсаларни етказиб бериш ҳам моликнинг зиммасида бўлади.

Музораатнинг саҳиҳ-яроқли бўлиши учун ерга қўшиб, уруғлик ҳам бериш шарт эмас. Фақат ернинг ўзини берса, ишчи ўзининг ёнидан экиб-тикса, бир жамоа саҳобалар фикрича, жоиздир ва одамлар шунга амал қилиб келганлар. Чунки, музораат ҳукми чиқариб олинган далил – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хайбар аҳлига унинг ярим ҳосили эвазига ерни беришлари ҳақидаги ҳадисдир, бу ҳадисда уруғлик дон мусулмонлар зиммасида бўлиши айтилмаган.

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уруғлик дон ер эгасидан бўлишини шарт қилганлар буни музорабага қиёс қилганлар... Бу қиёс саҳиҳ суннатга ва саҳобаларнинг сўзларига зид бўлиши билан бирга, энг фосид (нотўғри) қиёс ҳамдир. Чунки, музорабада пул ўз эгасига қайтади ва фойдани тақсимлайдилар. Бу музораатдаги ернинг назири (ўхшаши)дир. Аммо, назири (ўхшаши) ўз эгасига қайтмайдиган, балки ернинг нафи кетгани каби кетадиган уруғликни кетувчи нафга қўшиш қолувчи аслга қўшишдан кўра тўғрироқ бўлади» (Иъламул-муваққиъийн: 2/8).

2) Музораат:

Музораат зироат сўзидан олинган бўлиб, уни мухобара ва мувокара ҳам дейилади. Бунда ишловчи ишчини музориъ, мухобир, мувокир деб номланади.

Унинг жоизлигига далил, юқорида ўтганидек, саҳиҳ суннатдир. Ҳожат ҳам унинг жоиз бўлишини тақозо қилади. Чунки, баъзи одамлар бўладики, зироатгоҳ ери бўла туриб, унда ишлашга имконияти бўлмайди, бошқа баъзиларнинг деҳқончилик қилишга имкониятлари бўлгани ҳолда, зироат учун ерлари бўлмайди. Шундоқ экан, ташриъдаги ҳикмат ҳам музораатнинг жоиз қилинишини тақозо қилади. Токи, иккала томон ҳам, бири ери билан, иккинчиси иш-амали билан фойда қилсинлар ва ўртада ҳамкорлик вужудга келсин.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Музораат муожаратдан (яъни, ўзаро ижарага беришдан) кўра асли чуқурроқ ҳамда адолат ва усулга яқинроқдир. Чунки, ҳар иккалови фойдада ҳам, зарарда ҳам шерик бўладилар» (Мажмуъул-фатава: 28/85).

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «У ижорага қараганда зулм ва алдовдан узоқроқдир. Чунки, (ижорада) улардан бири албатта зиённи кўтаради. Аммо, музораатда эса ҳосил бўлса, ҳар иккалови унда шерик бўлади, бўлмаса, маҳрумликда иккалови ҳам шерик бўлади» (Иъламул-муваққиъийн: 2/7).

Музораат саҳиҳ бўлиши учун ишчига ёки ер эгасига тегадиган ғалла миқдори очиқ белгилаб олиниши ва учдан бир, тўртдан бир каби аниқ бир қисм белгиланиши шарт қилинади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар аҳли билан ҳосилнинг тенг ярми миқдорига келишганлар.

Икковларидан бирининг улуши аниқ бўлса, қолгани иккинчисига қолаверади. Чунки, ғалла икковларининг ҳаққи, бирининг улуши тайин бўлгач, иккинчисининг улуши ҳам маълум бўлади.

Агар икковидан бирига ўн соъ, йигирма соъ каби маълум ўлчовни шарт қилган бўлса, ёки ернинг маълум бир қисмини ажратиб, шунинг ҳосилини шарт қилган бўлсалар, саҳиҳ бўлмайди.

Шунингдек, ер эгаси уруғлик донини ажратиб олиб, қолганини тақсимлашни шарт қилса, дуруст бўлмайди. Чунки, ердан бор-йўғи шунча ҳосил чиқиши ҳам мумкин. Бу ҳолда шеригини маҳрум қилиб, фақат ўзига олишига тўғри келади.

Рофиъ ибн Хадиж розияллоҳу анҳудан ерни тилла ва кумушга кирага (ижарага) бериш ҳақида сўралганда у киши шундай деганлар: «Бунинг зарари йўқ, чунки одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида сувга яқин ерлар, ариқларнинг юқори тарафида (бўлган ерларнинг ҳосилини олиш шарти билан) ижарага беришар, шунда (экиннинг) униси ҳалок бўлиб, буниси саломат қолар ёки буниси ҳалок бўлиб, униси саломат қолар, одамларнинг шундан бошқача ижаралари бўлмас эди, шунинг учун бундан қайтарилди. Аммо, маълум ва кафолатли нарса бўлса, зарари йўқ» (Бухорий (2327) ва Муслим (1547) ривоятлари). Яъни, юқоридаги кўринишдаги ижара низога ва одамларнинг молини ноҳақ ейишга олиб келгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қайтарганлар.

Ҳадис далолатига кўра, мажҳуллик ва зарарга етказувчи ва одамлар ўртасида низо келтириб чиқарувчи бўлган музораат ҳаромдир.

Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Рофеъдан ривоят қилинган хабарларда қайтариқ улар сабабли эканига далолат қилувчи бир неча иллатлар келган, улар одамлар одатланиб қолган ишлар эди. У: «Биз ерларни бу бизга, униси уларга, деган шарт билан кирага берардик, кўпинча бир ер ҳосил берар, бошқаси бермай қоларди», дейди» (Рофиъ ибн Хадиж ҳадисининг давоми, «Ал-ишроф»: 1/153).