Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Закот чиқариш ҳақидаги боб

3056 марта кўрилган

Закотнинг энг муҳим ҳукмларидан бири – унинг шаръий масрифини, яъни берилиши керак бўлган ўринларни билишдир, уни ўз ўрнига бергандагина берувчининг зиммасидан хориж бўлади.

Мусулмон биродар, билингки, закотни молда фарз бўлиши биланоқ чиқаришга шошилиш лозим.

Чунки, Аллоҳ таоло: «Ва закотни беринглар!», деб амр қилди (Бақара: 43). Мутлақ амр дарҳол бажаришни тақозо қилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бир молга садақа аралашиб қолган бўлса, уни ҳалок қилади», деганлар (Байҳақий (4/159), Ибн Адий «Ал-камил»да (7/431) ривоят қилган).

Чунки, фақир-мискиннинг эҳтиёжи уни тезроқ беришни тақозо қилади, кечиктириш билан унга зарар етади.

Чунки, муфлислик (бозори касод бўлиш) ва ўлим каби тасодифий тўсиқлар туфайли кейин беролмай қолса, бу унинг зиммасида қолиб кетишига олиб боради.

Чунки, уни чиқаришга шошилиш кишини бахилликдан узоқлаштириб, зиммаси хориж бўлишига, бу эса Парвардигорнинг розилигига сабаб бўлади.

Ушбу маънолар туфайли закотни тезроқ чиқаришга шошилиш, яна ҳам муҳтожроқ одамни топиб бериш ёки қўлида мол бўлмаслик каби бирон зарурат бўлмаган ҳолда уни кечиктирмаслик лозим бўлади.

Норасида боланинг ва мажнуннинг молидан ҳам закот чиқариш фарз бўлади. Чунки, далиллар умумийдир. Бу иккисининг молидан уларнинг молдаги валийлари закотини чиқаради.

Закот чиқаришга ният қилиши шарт бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар фақатгина ниятлар билан (эътибор қилинади)», деганлар (Бухорий (1) ва Муслим (1907) Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), закот чиқариш ҳам амалдир.

Закот тақсимотига мол эгасининг шахсан ўзи бош-қош бўлиши ва ҳақдорларга етиб боришини кузатиб, кўнгли хотиржам бўлиши афзалдир. Бирон кишини бу иш учун вакил қилиши ҳам мумкин.

Агар мусулмонларнинг имоми (халифаси) талаб қилса, унга беради ёки имом тарафидан тайинланган закот йиғувчига беради.

Закот чиқариш пайтида уни берувчи ҳам, олувчи ҳам дуо қилишлари мустаҳабдир.

Берувчи: اللَّهُمَّ اجْعَلْهَا مَغْنَمًا وَلاَ تَجْعَلْهَا مَغْرَمًا»» «Парвардигор, буни (мен учун) фойда қилгин, зиён қилмагин», дейди (Ибн Можа (1797) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Олувчи: «آجرك الله فيما أعطيت ، وجعلها لك طهورا ، وبارك لك فيما أبقيت» «Берганларингда Аллоҳ сенга ажр берсин, уни сен учун тоҳур-пок қилсин ва ўзингга қолдирганингга баракот ато этсин», дейди (Шофеъий «Ал-ум»да (2/60) келтирган).

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг» (Тавба: 103).

Абдуллоҳ ибн Аби Авфо розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон қавм ўз садақаларини келтирганларида «Аллоҳумма солли алайҳим» деб улар ҳақларига дуо қилардилар» (Бухорий (1497) ва Муслим (1078) ривояти).

Бир шахс муҳтож бўлса ва одатда закот оладиган одам бўлса, хижолатга солмаслик учун унга бунинг закотлигини айтмасдан бераверади. Аммо, бир шахс муҳтож бўлса ва закот олиш унинг одатидан бўлмаса, бунинг закот эканини унга билдириб қўяди.

Ҳар бир диёрдаги молларнинг закотини ўша диёр аҳлидан бўлган фақир-мискинларга тақсимлаш афзалдир. Шаръий манфаат жиҳатидан, масалан, бошқа диёрда камбағал қариндошлари бўлса ёки бошқа диёр аҳли ўз диёридагилардан кўра муҳтожроқ бўлсалар, уни ўша жойга юбориш ҳам мумкин. Чунки, садақотлар Мадинага, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келинар ва у зот уларни камбағал муҳожир ва ансорларга тарқатардилар.

Мусулмонларнинг имоми (бошлиғи) закот фарз бўлиш вақти яқинлашганда чорва моллари, дон-дун ва мева-чевалар каби зоҳирий молларнинг закотини йиғиб келиш учун закотчилар юбориши фарз бўлади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, у зотнинг халифалари ҳам шундай қилганлар, мусулмонлар орасида жорий амал шу бўлган.

Чунки, айрим одамлар бўладики, агар тек қўйиб қўйилса, закотини чиқармайди, айримлар эса закот фарзлигини билмасликлари ҳам мумкин. Закотчиларни юбориш билан мана шу хатарнинг олди олинади. Қолаверса, закотчилар юборилиши одамларга қулайлик ва зиммаларидаги фарзни адо қилишга ёрдам ҳам бўлади.

Юқорида айтиб ўтилгани каби, мусулмон киши молининг закотини фарз бўлиши биланоқ, кечиктирмай, тараддудланмай чиқариши лозим. Закотни фарз бўлишидан олдин бир-икки йил олдинроқ чиқариб қўйса ҳам жоиз бўлади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аббос розияллоҳу анҳунинг икки йиллик закотини олдиндан олганлар (Абу Довуд (1624), Ибн Можа (1795), Термизий (678), Аҳмад (1/104, №822) Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Фарз бўлиш сабаби топилиб турган бўлса, молнинг закотини фарз бўлишидан олдинроқ бериш жумҳур уламо наздида жоиз. Хоҳ чорва молларининг, хоҳ дон-дун, хоҳ пулларнинг, хоҳ тижорат молларининг закоти бўлсин, фарқсиз, агар нисобга етган бўлса, бериши мумкин. Аммо, тезлаштирмай, вақтида бериш афзал ва хилофдан узоқроқ бўлади.