Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Иддага доир аҳкомлар ҳақидаги боб

4671 марта кўрилган

Идда – талоқ қилинган ёки эри вафот этган аёл шаръан белгиланган муддат ўзини кузатишидир.

Унинг далили Қуръон, Суннат ва ижмоъдир.

- Қуръондан далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларидир: «Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар» (Бақара: 228), «Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (билингизки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир). Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4).

Бу ҳаётлик ҳолида ажрашган аёлларнинг иддаларидир.

Аммо, эри вафот этган аёлнинг иддаси ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар» (Бақара: 234).

- Суннатдан далил Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисдир: «Барира уч ҳайз муддати идда сақлашга буюрилди» (Ибн Можа (2077) ривояти). Ва бошқа ҳадислар.

Идданинг машруъ бўлишидаги ҳикмат аёлнинг бачадони ҳомиладан поклиги билиниши бўлиб, шу билан насаблар аралашиб кетмайди, шунингдек, талоқ ражъий бўлган ҳолда талоқ қилган эрга агар қилган ишига пушаймон бўлса, аёлини қайтариб олишига фурсат берилади.

Бошқа ҳикматлари ҳам бор, жумладан, никоҳ ақдини улуғ санаш ва ҳурматини ўрнига қўйиш, талоқ қилувчи эрнинг ҳаққини улуғ санаш. Шунингдек, ажрашган аёл ҳомиладор бўлса, ҳомиланинг ҳаққини сақлаш. Бир сўз билан айтганда, идда аввалги никоҳнинг чегарасидир.

Идда сақлаш талоқ ё хулъ ё фасх воситасида эридан ажралган ёки эри вафот этган аёлга лозим бўлади. Шарти шуки, ажраган эри у билан қўшилишга қодир бўлгани ҳолда у билан холи қолган бўлиши керак, хотин озод бўладими, чўрими, болиға бўладими, қўшилишга ярайдиган даражадаги кичик қиз бўладими, фарқсиз.

- Аммо эри тирик бўлиб, у билан қўшилмасдан туриб талоқ ё бошқа йўл билан ажрашган бўлса, у аёлга идда лозим бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўшилишдан илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас» (Аҳзоб: 49), деди. «Санайдиган» деганидан мурод – ҳайз муддатлари ва ойлар билан санашдир. «Қўшилишдан олдин» деганидан мурод – жимоъ қилмасдан туриб демакдир. Ояти карима эри у билан қўшилмасидан туриб талоқ қилинган аёлга идда сақлаш лозим эмаслигига далилдир. Бу борада аҳли илмлар ўртасида хилоф йўқдир. Оятда мўминалар ғолибият ҳукми билан зикр қилинди, аслида бу ҳукмда мўмина аёллар билан китобия аёллар ўртасида фарқ йўқдир.

- Аммо, вафот сабабли ажралиш содир бўлганда хотин мутлақ идда сақлайди, эри у билан қўшилишидан илгари вафот қиладими, кейинми, фарқсиз. Чунки, Аллоҳ таоло умумий равишда: «Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар» (Бақара: 234), деди ва бунда ҳеч кимни хосламади.

Идда сақлайдиган аёллар умумий олганда олти турлидир: ҳомиладор, ҳомиласи бўлмаган ҳолда эри вафот этган аёл, тирик ҳолда ажрашган ҳайз кўрадиган аёл, ёши кичиклиги ёки ёши ўтиб қолгани сабабли ҳайз кўрмайдиган тирик ҳолда ажрашган аёл, ҳайздан қолган ва бунинг сабабини билмайдиган аёл, дом-дараксиз йўқолган кишининг аёли. Қуйида улар ҳақида батафсил баён қилинади.

- Ҳомиладор аёл ҳомиласини туққунича идда сақлайди, хоҳ тирик ҳолда ажрашган бўлсин, хоҳ вафот сабабли ажрашган бўлсин, фарқсиз. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4), деди. Ояти карима ҳомиладор аёлнинг иддаси, хоҳ у эри биан тириклик ҳолида ажрашган бўлсин, хоҳ вафоти сабабли ажрашган бўлсин, боласини туғиши билан ниҳоясига етишига далил бўлади. Баъзи салафлар эри вафот этган ҳомиладор аёл икки муддатнинг узоқроғида идда сақлайди, деган фикрга борган эдилар, лекин кейин унинг иддаси ҳомиласини туғиши билан тугашига иттифоқ ҳосил бўлган.

- Лекин, ҳар қандай ҳомила ҳам туғилиши билан идда тамом бўлавермайди. Балки, ҳомила дегандан инсон шакли билинган ҳомила муроддир. Аммо, агар ҳали инсон хилқати аниқ бўлмаган музға (бир парча гўшт) ташлаган бўлса, у билан идда тамомига етмайди.

- Шунингдек, ҳомилани туғиш билан идда ниҳоясига етиши учун ўша ҳомила ажрашган эрдан бўлган экани шарт қилинади. Агар эр ҳали ёши кичиклиги учун ёки жисмида бирон нуқсони бўлгани сабабли фарзандли бўлиши имконсиз бўлгани учун ҳомилани ажрашган эрга нисбат берилмаса, ёки никоҳ ақди бўлиб, эр-хотин бирга бўлишлари мумкин бўлганидан сўнг олти ойга етмай ҳомилани туғса ва бола яшаб кетса, бу билан у аёлнинг иддаси тамомига етмайди. Чунки, боланинг насаби у эрга қўшилмайди.

- Ҳомиланинг энг оз муддати олти ойдир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир» (Аҳқоф: 15). Бошқа бир оятда айтади: «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар» (Бақара: 233). Агар эмизиш муддати бўлган икки йилни – яъни йигирма тўрт ойни – ўттиз ойдан айирсак, олти ой қолади ва бу ҳомиланинг энг кам муддатидир. Ундан кам муддатда туғилган ҳомила яшаб кетиши кузатилмаган.

Ҳомиланинг энг кўп муддати борасида уламолар ўртасида хилоф бор. Кучлироқ гап шуки, бунда вужудга (яъни воқеъда топилган ҳолатга) қаралади. Ал-Муваффақ ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Далил-ҳужжат бўлмаган нарсада вужудга қаралади» (Ал-муғний: 8/98). Воқеъда беш йил ва ундан кўпроқ муддатда ҳомиланинг туғилганлиги ҳолати топилган.

Ҳомиланинг ғолиб – аксарият муддати тўққиз ойдир. Чунки, аксарият аёллар шу муддатда туғадилар, шунинг учун шу муддат эътиборлидир.

- Шариати исломияда ҳомиланинг ҳурмати бор бўлиб, унга тажовуз қилиш ва унга зарар етказиш мумкин эмас. Агар унга жон киритилгандан кейин бирон жиноят сабабли тушиб кетса, дия (хун пули) ва каффорат фарз бўлади. Агар ҳомиладор аёлга дарра урилиш ёки тошбўрон каби бирон шаръий жазо берилиши фарз бўлиб қолса, жазонинг ижроси то ҳомиласини туққунича кечиктирилади. Она дори ичиш ва шу каби бирон йўл билан ҳомилани тушириши жоиз бўлмайди.

- Буларнинг барчаси шариатимизнинг ҳамма нарсага шомил экани ва ҳатто она қорнидаги ҳомилани ҳам эътиборсиз қолдирмаганига, унинг ҳам ҳурматини сақлаганига далил бўлади. Бундай комил ва адолатли шариат тузиб бергани учун Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсин, Аллоҳ таолодан бизларни уни маҳкам тутишга ва унинг аҳкомларига амал қилишга муваффақ қилишини сўраймиз.

Эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлмаса, тўрт ою ўн кун идда сақлайди. Эри у билан қўшилишидан илгари вафот этадими, қўшилганидан кейинми, хотин ўзи жимоъга ярайдиган аёлми, йўқми, фарқсиз. Чунки, Аллоҳ таоло умумий равишда: «Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар» (Бақара: 234), деди.

Аллома Ибнул Қаййим айтади: «Аммо, вафотнинг иддаси ўлим сабабли фарз бўлади, хоҳ эр у билан қўшилган бўлсин, хоҳ қўшилган бўлмасин, фарқсиз. Қуръон, саҳиҳ суннат ва одамларнинг иттифоқи шунга далолат қилади. Бу ерда иддадан мурод баъзи фуқаҳолар айтганларидек, фақат бачадоннинг ҳомиладан холи эканини аниқлашгина эмас, зеро, қўшилмаган бўлса ҳам идда фарз бўлади... Иш шундай бўлгач, бир тоифа уни маъносини англаш имконсиз таъаббуд деб ҳисоблади. Бу бир неча важҳдан нотўғридир. Жумладан, шариатда қандай бир ҳукм бўлмасин, унинг албатта маъноси ва ҳикмати бор бўлади, уни англаган англайди, баъзиларга махфий бўлиб қолаверади» (Иъламул-муваққиъийн: 2/86).

Ал-Вазир ва бошқалар айтадилар: «Эри вафот этган аёл агар ҳомиладор бўлмаса, унинг иддаси тўрт ою ўн кун эканига иттифоқ қилганлар» (Ихтилафул-аимматил-уламаъ: 2/199).

Эри вафот этган чўри мазкур муддатнинг ярмича идда сақлайди, яъни унинг иддаси икки ою беш кундир. Чунки, саҳобалар розияллоҳу анҳум чўрининг талоқдаги иддасини яримлатишга ижмоъ қилганлар, ўлим иддаси ҳам шундай бўлади. Ал-Муваффақ Ибн Қудома айтади: «Аксар уламолар, жумладан, Молик, Шофиий, асҳоби раъй шу сўзни айтганлар» (Ал-муғний: 9/107).

«Ал-мубдиъ» соҳиби айтади: «Саҳобалар чўрининг иддаси озод аёл иддасининг ярмича эканига ижмоъ қилганлар. Қолаверса, оятнинг зоҳири умумийдир» (Ал-мубдиъ: 8/113).

Вафот иддасига хос бўлган бир неча ҳукмлар мавжуд. Жумладан:

- Эри вафот этган аёл эри вафот этган ва ўзи унда яшаб турган уй-жойда идда сақлаши фарз бўлади. У уйдан бошқа жойга узрсиз кўчиб ўтиши жоиз эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйингда тургин», деганлар (Абу Довуд (2300), Термизий (1204), Насоий (3530), Ибн Можа (2031) Фурайъа бинт Молик розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Бир лафзда: «Эрингнинг ўлими хабари келган уйда идда сақла», деганлар (Ибн Можа (2031) ривояти). Бир лафзда: «Сенга хабар етган ўринда», деганлар (Насоий (3529) ривояти).

- Агар бошқа жойга кўчиб ўтишга мажбур бўлса, у ерда қолишга жонига хавф қилса ёки зўрлик билан кўчирилса ёки уй ижарага олинган бўлиб, уй эгаси уни чиқариб юборса ё ижара ҳақини ошиқча талаб қилса, бу ҳолатларда истаган жойига кўчиб ўтиши мумкин.

- Вафот сабабли идда сақлаётган аёл зарурат учун кундузида уйидан чиқиши мумкин, тунда эмас. Чунки, тун фасод юз бериши гумон қилинадиган пайтдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотдан идда сақлаётган аёлларга: «Бировингизникида истаганча сўзлашиб ўтиринглар, ухламоқчи бўлсангизлар, ҳар ким ўз уйига қайтсин», деганлар (Байҳақий (7/436) ривояти).

- Эри вафот этган аёл идда муддати мобайнида мотам тутиши, яъни шаҳватни қўзғатадиган ва ўзига бировларни қаратадиган кўринишдан четланиши лозим.

Имом аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳам шариатимизнинг олийжаноблиги, ҳикмати ва бандаларнинг манфаатларини комил суратда риоя қилишига далилдир. Ўлган кишига мотам тутишни жоҳилият аҳли ўта муболағали қилишар, эри ўлган аёл бир йил энг тор ва энг хароб уйда турар, хушбўйлик суртмас, упа-элик ишлатмас, ювинмас ва ҳоказо Парвардигор таолога ва Унинг қадарига норозилик белгиларини кўрсатар эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз раҳмати билан ва меҳрибонлиги билан ушбу жоҳилият қоидасини бекор қилди ва унинг ўрнига бизга сабр, ҳамд айтиш ва истиржоъ айтишни алмаштириб бердики, бундай қилиш мусибат эгасининг дунёсига ҳам, охиратига ҳам фойдалироқдир.

Ўлим мусибати ушбу мусибат эгаларига инсон табиати тақозо қиладиган хафалик ва алам-аччиқ келтириши аниқ бўлганидан ҳикмат соҳиби ва барча нарсадан хабардор бўлган Зот (ўлган кишининг хотинидан бошқаларга) озроқ миқдорда, яъни уч кун мотам тутишга рухсат берди, бу билан кўнгиллари бироз таскин топади ва ғамлари бироз кесилади. Уч кундан ошиқ мотамнинг фойдасидан зиёни кўпроқ бўлганидан уни ман қилинди...

Мақсуд шуки, У аёлларга уларнинг ақллари заифроқ ва сабрлари камроқ бўлганидан ўлган кишиларига уч кун мотам тутишларига рухсат берди. Аммо, эрга мотам тутиш идда ичига кириб кетади, у идданинг тақозоларидан ва тўлдирувчиларидан...

Аммо, ҳомиладор аёл ҳомиласидан қутулиб олгач, ундан мотам тутишнинг вожиблиги соқит бўлади ва унинг мотами ҳомиласини туққунича давом этади. Зеро, мотам идданинг ичига киради ва шунинг учун унинг муддатига чекланган. У идда ҳукмларидан бир ҳукм ва унинг вожибларидан бир вожибдир, борлиги ва йўқлиги у билан боғлиқдир...

Аёл киши ўз эрига суюмли бўлиш ва уни ўзига жалб қилиш, оилавий ҳаётларини ҳаловатли қилиш учун ўзига хушбўйлик суртиш, зийнатланиш, безаниш ва пардоз қилишга муҳтож бўлади. Энди эри вафот қилиб, унга идда сақлаётган ва бошқа эрга боғланмаган бўлгач, биринчи эрнинг ҳаққи тўлалигича тамомига етди ва то иддаси тамом бўлмагунича кейинги эрга тегишдан ман қилинди. Шундай экан, у хотинлар эрлари учун қиладиган ишлардан қайтарилди. Қолаверса, бунда зийнатланиб, эркакларни ўзига умидвор қилиш ва ўзи ҳам эркаклардан умидвор бўлиши олдини олиш бордир» (Иъламул-муваққиъийн: 2/165).

Эри вафот қилиб, идда сақлаётган хотинга ушбу мотами ичида баданига ҳар хил ранг ва бўёқлар билан оро беришдан тийилиши, зеб-зийнат ва тақинчоқларнинг барча туридан сақланиши, хушбўйликнинг ҳар қандай туридан узоқлашиши, зийнатли кийимлардан сақланиши ва зийнати бўлган кийимлар киймаслиги, оддий ва зийнатсиз кийим кийиши фарз бўлади.

- Мотам учун хос кийим йўқдир. Мотам тутувчи аёл зийнатли бўлмаган одатий кийимини кийиб юраверади.

- Иддадан чиққач, баъзи авом кишилар даъво қилганидек, бунга атаб бирон иш қилиши ёки бирон нарса айтиши лозим эмас.

Ҳайз кўриш ёшидан ўтган кекса аёллар иддаси уч ойдир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (билингизки), уларнинг иддалари уч ойдир» (Талоқ: 4).

Талоқ қилинган аёл агар ҳайз кўрадиган бўлса ва ҳомиладор бўлмаса, уч ҳайз муддати идда сақлайди. Аллоҳ таоло айтади: «Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар. Агар Аллоҳга ва Охират Кунига ишонсалар, улар учун Аллоҳ бачадонларида яратган нарсани (ҳомилани ёки ҳайзни) яширишлари ҳалол бўлмайди» (Бақара: 228). Уч ҳайз муддати идда сақлаганидан сўнг агар истаса бошқа турмушга чиқиши мумкин бўлади. Оятдаги «қуруъ» калимасини ҳайз деб тафсир қилиниши Умар, Алий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган. Қолаверса, қуръни ҳайз маъносида истеъмол қилиниши шариат тилида ҳам келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам истиҳозали аёлга: «Қачон қуръинг (яъни ҳайзинг) келса, намоз ўқимагин», деганлар (Абу Довуд (280), Насоий (358), Ибн Можа (620) Фотима бинт Аби Ҳубайш розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

- Ҳайзлар тўла ўтиши лозим бўлади, унинг ичида талоқ қилинган ҳайз иддага саналмайди. Ҳайз ичида қилинган талоқ ҳаром бўлса ҳам тушади. Лекин, шу талоқ қилинган ҳайзни иддадан санамайди.

- Агар талоқ қилинган аёл чўри бўлса, икки ҳайз муддати идда сақлайди. Чунки, «Чўрининг қуръи икки ҳайздир» деган ривоят бор. Умар, у кишининг ўғиллари, Алий ибн Аби Толиб ҳам шу фикрда бўлганлар, саҳобалар ичида уларга мухолиф фикр билдирган киши билинмаган. Бу Аллоҳ таолонинг: «Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар» (Бақара: 228) оятининг умумийлигини хослайди. Ўзи қиёсга кўра унинг иддаси бир ярим ҳайз бўлиши керак эди, бироқ ҳайз бўлакларга бўлинмагани учун икки ҳайз қилинди.

Кексайиб қолгани туфайли ҳайздан умиди узилган талоқ қилинган аёлнинг, шунингдек ҳали ҳайз кўрмаган кичик ёшли талоқ қилинган қизнинг иддаси уч ойдир. Аллоҳ таоло айтади: «Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (билингизки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир)» (Талоқ: 4).

Имом Ибн Қудома бошқалар сўзларига кўра: «Аҳли илмлар ҳайздан қолган кекса ёшли озод аёлнинг ва ҳали ҳайз кўрмаган кичик ёшли қизнинг иддаси уч ой эканига ижмоъ қилганлар» (Ал-муғний: 8/114).

Балоғатга етган, бироқ ҳайз кўрмаган аёл ҳайздан умидсиз бўлган аёлнинг иддасини, яъни уч ой идда сақлайди. Чунки, у «яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир)» (Талоқ: 4) ояти ичига дохил бўлади.

Талоқ қилинган ҳайздан умидсиз ёки кичик ёшли қиз умму валад (хожасининг фарзандига она) бўлса, унинг иддаси икки ойдир. Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Умму валаднинг иддаси икки ҳайз, агар ҳайз кўрмаса икки ойдир» (Абдурраззоқ (7/221, №12872), Дорақутний (3/214, №2785). Бундай бўлишига сабаб, ойлар қуруъдан бадалдир. Баъзи уламолар унинг иддаси бир ярим ой дейишган. Чунки, чўрининг иддаси озод аёл иддасининг ярмичадир, ҳайз кўрмайдиган озод аёлнинг иддаси уч ой, демак ҳайздан умидсиз бўлган чўрининг иддаси бир ярим ой бўлади.

Аммо, одатда ҳайз кўриб турган, кейин ҳайзи кўтарилган ва кексалик учун эмас, тасодифий сабабларга кўра ҳайзи узилиб қолган аёл талоқ қилинган бўлса, у учун иккита ҳолат бор:

  1. ; Ҳайзини тўсган сабабни билмаслиги. Унинг иддаси бир йил: тўққиз ойи ҳомила учун, уч ойи ҳайздан умидсиз бўлган аёлнинг иддаси учун.

    Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу Умар розияллоҳу анҳунинг муҳожирлар ва ансорлар ўртасида қилган ҳукми бўлиб, улардан биронталари уни инкор қилганларини билмаймиз» (Ал-муғний: 8/89).

    Чунки, иддадан ғараз унинг бачадони ҳомиладан бўшлигини билиш эди, энди тўққиз ой ўтса, бу унинг бачадони ҳомиладан бўш экани маълум бўлади ва уч ой ҳайздан умиди узилган аёлнинг иддасини сақлайди, жами ўн икки ой бўлади.

  2. ; Ҳайзи кўтарилиши сабабини билиши, касаллик, эмизиш, ҳайзни тўхтатадиган дори қабул қилиш каби. Бундай аёл мазкур монеънинг кетишини кутади. Монеъ кетганидан сўнг ҳайзи қайтгач, идда сақлашни бошлайди. Агар монеъ кетганидан кейин ҳам ҳайзи қайтмаса, саҳиҳ гап шуки, ҳайзи кўтарилгани сабабини билмайдиган аёл каби бир йил идда сақлайди. Шайхулислом Ибн Таймия шу фикрни ихтиёр қилган, имом Аҳмаддан бир ривоят ҳам шудир.

Истиҳозали аёл учун бир неча ҳолат мавжуд:

  1. Истиҳозали бўлишидан илгариги одатий ҳайз кунларининг миқдорини ва вақтини билган бўлиши. Бу аёлнинг иддаси одатий кунлари бўйича уч ҳайз муддати ўтиши билан тугайди.
  2. Одатий ҳайз кунлари муддатини эсдан чиқарган, бироқ кўраётган қони фарқли бўлиб, ҳайзи билан истиҳозси ажралиб турган бўлиши. Бу аёл ҳайзлиги ажралиб турган қонни эътибор қилиб, шу билан идда санайди.
  3. Одатий ҳайз кунлари муддатини унутган, кўраётган қони ҳам эътиборли даражада фарқланмайдиган бўлиши. Бу аёл ҳайздан умиди узилган аёлнинг иддасини, яъни уч ой идда сақлайди.

Иддага тааллуқли ҳукмлардан яна бири идда сақлаётган аёлга совчи қўйиш масаласидир. Вафотдан идда сақлаётган ва боин талоқ билан идда сақлаётган аёлга: «Мен сизга уйланишни истайман» деб тасриҳ (очиқ лафзда айтиш) билан харидор бўлиш мумкин эмас. Аммо, таъриз (яъни, ишора йўли) билан харидор бўлиш мумкин, «Мен ҳам сизга ўхшаган бир аёлга уйлансам, дегандим» каби. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «У аёлларга (яъни, эрлари ўлиб, идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни ишора қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида) ўйлашингизда сиз учун гуноҳ йўқ» Бақара: 235).

- Киши ўзи уч талоқдан кам бўлган боин талоқ қилган аёлига ва ражъий талоқ қилган аёлига тасриҳ билан ҳам, таъриз билан ҳам харидор бўлиши мумкин. Чунки, уч талоққа етмаган боин талоқ қўйган ва ражъий талоқ қўйган аёлига иддаси ичида уйланиши у учун мубоҳдир.

Дом-дараксиз йўқолган ва тирик ё ўликлиги маълум бўлмаган кишининг хотини қози тарафидан белгилаб бериладиган ва эрининг шаънида эҳтиёт учун кифоя қиладиган муддат ичида унинг келишини ёки хабари аниқланишини кутади, шу муддат ичида эрнинг никоҳида сақланиб қолади. Чунки, асл-асос эрнинг тириклигидир. Белгиланган кутиш муддати тамомига етгач, уни вафот этган деб ҳукм қилинади ва аёли вафот иддасини, яъни тўрт ою ўн кун идда сақлайди. Саҳобалар розияллоҳу анҳум шунга ҳукм қилганлар.

Имом Ибнул Қаййим айтади: «Хулафо дом-дараксиз кетган кишининг аёли ҳақида Умардан собит бўлганидек ҳукм қилганлар... Аҳмад: «саҳобалардан беш киши уни кутишга буюрганлар», деди» (Иъламул-муваққиъийн: 2/53).

Ибнул Қаййим айтади: «Умарнинг сўзи бу ҳақда айтилган сўзлар ичида саҳиҳроқ ва қиёсга муносиброқ. Шайхулислом Ибн Таймия ҳам шуни тўғри деган» (Иъламул-муваққиъийн: 2/56).

Иддаси тамом бўлгач, эрга тегиши мумкин бўлади. Вафот иддасини сақлаганидан кейин эрининг валийсининг талоғига эҳтиёжи бўлмайди. Агар турмушга чиққанидан кейин биринчи эри қайтиб келса, саҳиҳ сўз шуки, биринчи эр уни қайтариб олиш билан иккинчи эрида қолдириш ва маҳрини қайтариб олиш ўртасида ихтиёрли бўлади. Унинг қайтиб келиши иккинчи эр у аёлга духул қилганидан (яъни, қўшилганидан) кейин бўладими, олдинми, фарқсиз.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дом-дараксиз кетган кишининг хотини ҳақидаги саҳиҳ гап Умар ва бошқа саҳобаларнинг мазҳабидир, яъни у эрини тўрт йил кутади, сўнг вафот иддасини сақлайди, шундан сўнг бошқа эрга тегиши мумкин бўлади. Энди у зоҳирда ҳам, ботинда ҳам иккинчи эрнинг хотинига айланади. Кейин, турмушга чиққанидан сўнг биринчи эри қайтиб келса, у хотини билан маҳри ўртасида ихтиёрли қилинади, духулдан олдинми, кейинлигида фарқ йўқдир... Хотин билан маҳр ўртасида ихтиёрли қилиниши сўзлар ичида энг адолатлисидир» (Ал-фатавал-кубро: 5/511).