Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Лиъонга (лаънат айтишувга) доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3054 марта кўрилган

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бузуқликка алоқаси бўлмаган бир пок инсонни бузуқликда айблаб, унинг шаънига бўҳтон қилишни ҳаром қилди ва бундай қилган кишини жуда қаттиқ азоб билан огоҳлантирди: «Албатта (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У кунда қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур. Ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақиқий жазоларини комил қилиб берур ва улар Аллоҳнинг аниқ-ҳақ эканини билурлар» (Нур: 23-25).

Аллоҳ таоло бировни бадном қилган кишига агар ўз гапининг ростлигига гувоҳлик берадиган тўртта гувоҳ олиб келиш билан ҳужжат барпо қилишга қодир бўлмаса, саксон дарра уришни ва агар тавба қилмаса ва ўзини тузатмаса, уни гувоҳлиги қабул қилинмайдиган фосиқ деб эътибор қилишни вожиб қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир. Магар шу (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кишиларгина (фосиқ эмасдирлар). Зеро Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Нур: 4, 5). Ўз аёлидан бошқани бузуқликда айблаган кишига ана шундай кескин ижролар қўлланилади.

- Аммо, агар бир киши ўз хотинини зинокорликда айбласа, у учун бошқачароқ ечим мавжуддир. У ҳолда юқоридаги ижролар ўрнига «лиъон» (лаънат айтишув) деб аталувчи амалияни қўлланилади. Лиъон – ҳар икки тарафнинг ўзига лаънат ва ғазаб тилаб ичган қасами билан қувватланган гувоҳликлардир.

Агар бир киши ўз хотинини зино билан айбласа ва ҳужжат барпо қилишга қодир бўлмаса, лаънат айтишув амалиясини бажариш билан ундан туҳматчига бериладиган жазо соқит бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар — уларнинг ҳар бири ўзини шак-шубҳасиз ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир). (У эрнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса) агар ёлғончилардан бўлса, устига Аллоҳнинг лаънати (тушишини сўрамоқлигидир). У (аёлдан) азоб-жазони «У (яъни эри) шак-шубҳасиз ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши дафъ қилур. (У аёлнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса агар эри) ростгўйлардан бўлса, ўзининг устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўрамоқлигидир» (Нур: 6-9).

Аввал эр тўрт марта: «Аллоҳ номи билан гувоҳлик бераманки, мана шу хотиним зино қилди» деб агар хотини шу ерда бўлса, унга ишора қилиб кўрсатади, агар бу ерда бўлмаса унинг номини аниқ қилиб айтади, бешинчи гувоҳлигида эса: «Агар ёлғон айтаётган бўлсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб қўшиб қўяди.

Сўнгра хотини тўрт марта: «Аллоҳ номи билан гувоҳлик бераманки, у мени зинокорлик билан айблаб, туҳмат қилди», дейди, бешинчи гувоҳлигида эса: «Агар у (яъни, эри) рост айтаётган бўлса, менга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин», деган сўзларни зиёда қилади. Аёл ғазабга хосланишига сабаб, ҳақни билиб туриб инкор қилган киши ғазабга дучор бўлувчидир.

Лиъон саҳиҳ бўлиши учун эр-хотиннинг ҳар иккиси мукаллаф (оқил ва болиғ) бўлишлари, эр хотинини зино билан айблаши, хотини эса уни ёлғончи қилиши ва бу то лиъон тамомига етгунича ҳам давом этиши ва лиъон қозининг ҳукми билан амалга ошиши шарт қилинади.

Юқорида айтилган шартлари топилган кўринишда лиъон амалга ошгач, бунинг натижасида:

  1. Эрдан туҳматчига бериладиган жазо соқит бўлади.
  2. Эр-хотин ўртасида ажралиш содир бўлади ва хотин эрга абадий ҳаром бўлади.
  3. Агар эр лиъон пайтида: «Бу бола мендан эмас», деса, болани унга нисбат берилмайди.

Эр қачонки хотинини зино қилаётганини кўрса ва ҳужжат барпо қилишга имкони бўлмаса, ёки хотинининг зино қилганини қувватловчи кучли аломатларни билса, масалан, фожирлик билан танилган бир эркакнинг хотини ҳузурига кирганини кўрса, шунда лиъонга мажбур бўлади.

Эр учун лиъоннинг машруълигидаги ҳикмат шуки, хотинининг зинокорлиги сабабли эрга ор-шармандалик етар ва бу ор унинг тўшагини булғаган бўлар, бировнинг боласи унга нисбатланар, у эса аксарият ҳолларда хотинга қарши ҳужжат барпо қилишга қодир бўлмай қолиши, хотин эса ўз жиноятига иқрор бўлмаслиги ва эрнинг хотинга қарши даъвоси мақбул бўлмай қолиши мумкин эди. Бу ҳолда ҳар иккиси учун жуда оғир қасам билан қасам ичишдан бошқа йўл қолмайди ва лиъоннинг машруъ бўлиши бу муаммо учун ечим ва эрдан ҳаражни кўтариш бўлди.

Эрнинг ўзидан бошқа гувоҳи бўлмагач, хотинга ҳам эрнинг қасамига қарама-қарши бўлган маънода такрор-такрор қасам ичишига имкон берилади ва шу билан у ўзидан зинокорлик жазосини даф қилади. Агар эр қасам ичишдан бош тортса, унга бўҳтончилик жазоси урилиши фарз бўлади. Агар эр қасам ичганидан сўнг хотин қасам ичишдан бош тортса, эрнинг қасами ва хотиннинг бош тортиши кучли далилга айланади.

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтганидек, мана шу иш устида далил барпо бўлади (Ҳошияту Ибнил Қаййим: 12/165).

Молик, Шофиий, Аҳмад ва бошқалар мазҳабига кўра, агар хотин бош тортса, унга ҳад-жазо берилади. Шу фикр тўғрироқ, Қуръон ҳам шунга далолат қилади.

Зарурат пайтида лиъон машруъ эканига суннатдан ҳам далил бор. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда ривоят қилинишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан лаънат айтишувчи эр-хотин ҳақида сўралиб: «Уларни ажратиб юбориладими?», дейилганда у киши: «Субҳаналлоҳ! Ҳа, албатта. Бу ҳақда биринчи бўлиб сўраган одам фалончи ўғли фалончи эди. У: «Ё Расулуллоҳ! Айтингчи, агар биримиз аёлини бузуқлик устида топса, нима қилиши керак? Гапирса, оғир гапни гапирган бўлади. Индамай қўя қолай деса, яна оғир», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукут қилдилар ва унга жавоб бермадилар. Кейинроқ ҳалиги одам яна келди ва: «Сиздан сўраган нарсага ўзим мубтало бўлганман», деди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло «Нур» срасидаги «Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар...» оятларини нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оятларни унга ўқиб бердилар, унга панд-насиҳат қилдилар ва дунёдаги азоб охиратдаги азобдан енгилроқ эканини айтдилар. У одам: «Йўқ, сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен унга туҳмат қилмадим», деди. Кейин у зот унинг аёлини чорлаб, унга ҳам панд-насиҳат қилдилар ва дунёдаги азоб охиратдаги азобдан енгилроқ эканини айтдилар. У ҳам: «Йўқ, сизни ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, у ёлғон айтяпти», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал эркакдан бошладилар, у тўрт марта Аллоҳ номига қасам ичиб, ўзининг рост сўзлаётганига гувоҳлик берди. Бешинчисида агар ёлғон айтаётган бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўради. Кейин аёлга қасам ичкиздилар, у тўрт марта Аллоҳ номи билан қасам ичиб, унинг ёлғончилигига гувоҳлик берди. Бешинчисида агар у рост айтаётган бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлишини сўради. Сўнг уларни ажратиб юбордилар» (Бухорий (5311) ва Муслим (1493) ривоятлари).