Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сунний талоқ ва бидъий талоқ ҳақидаги боб

5352 марта кўрилган

Сунний (яъни, суннатга мувофиқ) талоқ Аллоҳ ва Расули шаръий қилган машруъ кўринишда воқеъ бўлган талоқдир. Бунинг сурати шундайки, (ҳайз ё нифосдан) покланган аёли билан қўшилмасдан туриб, бир талоқ қилади ва то иддаси чиққунига қадар уни тарк қилади. Бу бир талоқ қўйиб, то иддаси чиққунича тарк қилиши билан сон жиҳатидан сунний талоқ бўлди, аёлини у билан қўшилмаган поклик ҳолатида талоқ қилиши билан вақт жиҳатидан ҳам сунний талоқ бўлди. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар» (Талоқ: 1).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу ояти карима маъносида: «Яъни, поклик ҳолатларида, жимоъ қилмасдан туриб», деганлар (Байҳақий (7/3250) ривояти). Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: «Агар одамлар талоқ борасида Аллоҳ буюрган ишни ушлаганларида, ҳеч бир киши ўзини аёл киши ортидан эргаштирмаган бўларди. Уни бир талоқ қўяди, сўнг то уч марта ҳайз кўргунича тарк қилади. Агар хоҳласа, қайтариб олади» (Ибн Аби Шайба (4/55, №17728) ривояти). Яъни, иддаси ичида қайтариб олади. Чунки, Аллоҳ таоло талоқ қилувчига агар қилган талоғидан пушаймон бўлса, модомики талоқлар сонини тўлдириб қўймаган бўлса, аёлини қайтариб олиши мумкин бўладиган фурсатни, яъни иддаси ичида қайтариб олиш имкониятини берди. Аммо, талоқлар сони учга етган бўлса, энди унинг олдида эшик ёпилган бўлади.

Бидъий (яъни, бидъат) талоқ – талоқ қилувчи ҳаром қилинган йўл билан қилган талоқдир. Бу бир лафз билан уч талоқ қўйиши ёки ҳайз ва нифосли ҳолида талоқ қилиши ё покланганидан сўнг жимоъ қилган ва ҳомиласи аниқланмаган ҳолда талоқ қилиши билан бўлади. Биринчи тури ададда бидъий, иккинчи тури эса вақтда бидъий талоқ саналади.

- Ададдаги бидъий талоқда аёли то бошқа эрга тегмагунича унга ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди» (Бақара: 230), деган.

- Вақтдаги бидъий талоқда аёлини қайтариб олиши мустаҳаб бўлади. Чунки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қайтаришга буюрганлар (Бухорий (5332), Муслим (1471), Абу Довуд (2179), Термизий (1176), Насоий (3392), Ибн Можа (2019) ривоятлари). Қайтариб олса, то (ҳайз кўриб) пок бўлгунича олиб ўтириши лозим бўлади. Кейин хоҳласа, талоқ қилиши мумкин.

Эр аёлини хоҳ ададда, хоҳ вақтда бўлсин, бидъий талоқ билан талоқ қилиши ҳаром бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «(Оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим)» (Бақара: 229), «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар!» (Талоқ: 1). Яъни, пок бўлганларидан сўнг жимоъ қилмаган ҳолда талоқ қилинглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир киши аёлини уч талоқ қўйгани хабари етганида у зот: «Мен ҳали ораларингизда бўлиб туриб, Аллоҳнинг китобини ўйин қиладими?!», деганлар (Насоий (3401) Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларига уч талоқ қўйган одамни олиб келишса, жонини ачитадиган қилиб урдирардилар (Ибн Аби Шайба (4/61, 17790) ривояти). Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ибн Умар розияллоҳу анҳумо аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилгани хабари етганида у зот ғазабланганлар ва унга аёлини қайтариб олишни буюрганлар (Бухорий (4908), Муслим (4/1471) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Буларнинг бари талоқнинг сони ва вақтига оид ҳукмларга риоя қилиш вожиблигига ҳамда адад ва вақтда ҳаром қилинган талоқни қилмаслик лозимлигига далолат қилади. Лекин, кўпчилик одамлар буни билмайдилар ёки бунга бепарво қарайдилар, кейин ўзлари қийналиб, надомат қилиб юрадилар ва ўзлари тушиб қолган муаммодан чиқиш йўлини қидириб, ўзлари ҳам қийналиб, муфтийларни ҳам қийнаб юрадилар. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг китобини ўйин қилиш оқибатидир.

Айримлар талоқни аёлини бир нарсага мажбурлаш ё бир нарсадан қайтариш учун қурол қилиб оладилар. Баъзилар эса одамлар билан бўлган муомала ва гап-сўзларида қасамларини талоққа боғлаб олишади. Ундайлар Аллоҳдан тақво қилсинлар, тилларини ҳуда-беҳуда талоқ лафзини айтишдан сақласинлар! Талоқ фақат зарурат пайтида, ўзининг вақтида ва чекланган ададида тилга олинадиган сўздир.

Талоқ лафзлари икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Очиқ-ошкор лафзлар. Улар ошкор талоқни англатадиган ва ундан бошқа маънони ўзига олмаган сўзлардир. Яъни, «талоқ» калимасидан олинган сўзлар, жумладан, ўтган замон феъли шаклида «Сени талоқ қилдим» ёки исми фоил шаклида: «Сен талоқсан» ёки исми мафъул сийғасида: «Сен талоқ қилиндинг» деган лафзлардир. Аммо, келаси замон феъли шаклида: «Сен талоқ бўласан», буйруқ феъли шаклида: «Талоқ бўл», рубоъий исми фоил шаклида: «Сен талоқ қилувчисан» деган лафзлар билан талоқ тушмайди

Иккинчи қисм: Киноя (яъни, ичида талоқ маъноси яширин) сўзлар. Улар талоқни ҳам, ундан бошқа нарсани ҳам англатиши мумкин бўлган сўзлардир. Масалан, сен бўшсан, холисан, орамиз очиқ, озодсан деганга ёки «уйингга жўна», деганга ўхшаш сўзлар.

Талоқдаги ошкор лафзлар билан киноя лафзлари ўртасидаги фарқ шуки, ошкор лафзлар билан агарчи талоқни ният қилмаган бўлса ҳам, талоқ тушади. Хоҳ жиддий айтган бўлсин, хоҳ ҳазиллашиб айтган бўлсин, фарқсиз. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч нарсанинг – талоқ, никоҳ ва ражъа (талоқ қилган аёлини қайтариб олиш)нинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий», деганлар (Абу Довуд (2194), Термизий (1148) ва Ибн Можа (2039) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Аммо, киноя лафзлари билан агар талоқни ният қилмаган бўлса, талоқ тушмайди. Чунки, бу лафзлар талоқни ҳам, ундан бошқа маънони ҳам ўз ичига олган бўлиши мумкин. Шу боис талоқ унинг ниятига қараб бўлади. Агар талоқни ният қилмаган бўлса, талоқ тушмайди. Аммо, учта ҳолат бундан мустасно:

  1. Агар аёли билан жанжал-хусумат устида киноя лафзини тилга олган бўлса.
  2. Ғазаб ҳолида уни тилга олган бўлса.
  3. Аёли талоқ сўраган пайтида жавобига киноя лафзини айтган бўлса.

Шу уч ҳолатда гарчи, талоқни ният қилмадим, деса ҳам киноя лафзи билан талоқ тушади. Чунки, қарина (ҳолат) уни ният қилганига далолат қилиб турибди. Бундай ҳолатда унинг талоқни ният қилмадим, деган сўзи инобатга олинмайди, валлоҳу аълам.

Эр талоққа бировни ўзидан вакил қилиши жоиз. Хоҳ вакил бегона киши бўлсин, хоҳ аёлнинг ўзи бўлсин, фарқсиз. Аёлнинг ўзини талоққа вакил қилиш ва талоқ ишини унинг қўлига топшириб қўйиш жоиз. У ҳолда, агар вакилнинг ваколатини чеклаб қўймаган бўлса, вакил талоқнинг ошкор лафзида ҳам, киноясида ҳам, ададда ҳам унинг ўрнига кифоя қилади.

Талоқ қилувчининг ўзидан бўлсин, вакилидан бўлсин, талоқ фақат унинг лафзини айтиш билангина содир бўлади. Агар дилида ният қилибгина қўйган бўлса, то тили билан унинг лафзини айтмагунича ва тили қимирламагунича талоқ тушмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло умматимни кўнглидан ўтказган гапини – модомики гапирмаган бўлса ёки амалга оширмаган бўлса – кечирди», деганлар (Бухорий (5269), Муслим (202) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, лафз Бухорийники). Талоқ фақат талоқ лафзи билан содир бўлади. Бироқ, икки ҳолат бундан мустасно:

Биринчи ҳолат: Агар талоқ лафзини хатда ёзган бўлса ва ўзи талоқни ният қилган бўлса, талоқ тушади. Агар ният қилмаган бўлса, бунда ихтилоф бор, кўпчилик фикрига кўра, талоқ тушади.

Иккинчи ҳолат: Соқов кишининг талоқ ҳақидаги ишораси агар тушунарли бўлса, талоқ тушади.

Талоқнинг сонига келсак, у эркакларнинг озод ёки қул бўлишига қараб эътибор қилинади, аёлларнинг эмас. Чунки, Аллоҳ таоло бу хусусда эркакларга хос хитоб қилди: «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар» (Талоқ: 1), «Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса...» (Бақара: 231).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Талоқ фақат (аёлнинг) болдиридан ушлаган кишининг (яъни, эрнинг) ҳаққидир», деганлар (Ибн Можа (2081) ва Дорақутний 94/24, №3946) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Озод эркак гарчи хотини чўри бўлса ҳам, учта талоққа эга бўлади. Қул эса, гарчи хотини озод аёл бўлса ҳам, иккита талоққа эга бўлади. Эр-хотин озод кишилар бўлган ҳолатда эр хилофсиз учта талоққа эга бўлади. Эр-хотин қул-чўри бўлган ҳолатда эр хилофсиз иккита талоққа эга бўлади. Хилоф эр-хотиннинг бири озод, иккинчиси қул бўлган ҳолатдадир. Саҳиҳ гап, юқорида айтилганидек, эрнинг қул ё озод бўлиш ҳолати эътиборга олинади. Чунки, талоқ эрнинг ҳаққидир.

Талоқда истисно қилиш жоиз. Истиснодан мурод – жумланинг бир қисмини الا (илло, магар, ...дан бошқаси) ва шу маънодаги сўз билан ажратиб чиқаришдир. Истисно талоқнинг сонидан чиқарилиши мумкин: «Сен бир кам уч талоқсан» деганга ўхшаш. Истисно талоқ қилинган хотинлар ададидан чиқарилиши ҳам мумкин: «Хотинларим талоқ, Фотимадан бошқаси» каби.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам унинг саҳиҳ бўлиши учун истисно қилиб чиқарилаётган миқдор мустасно минҳунинг, яъни асл миқдорнинг ярмича ё ундан камроқ бўлиши шарт қилинади. Шунинг учун агар: «Сен икки кам уч талоқсан» деса истисноси саҳиҳ бўлмайди.

Шунингдек, талоқлар сони мавзусида истиснони тил билан айтиш шарт қилинади. Агар тилида: «Сен уч талоқсан» деса-ю, дилида «бир кам» деб қўйса, уч талоқ тушади. Чунки, тилда айтилган адад ҳужжат бўлиб, дилидаги нияти билан у кўтарилиб кетмайди. Чунки, лафз ниятдан кўра кучлироқ. Аммо, дилида аёлларидан бирортасини истисно қилиши жоиз. Агар: «Хотинларим талоқ» деса-ю, дилида «Фалончидан бошқаси» деса, истисно дуруст бўлади ва истисно қилган аёли талоқ бўлмайди. Чунки, «хотинларим» деган сўз ҳамма аёлларга ҳам, уларнинг бир қисмига ҳам яроқлидир. Шунга кўра, нияти нима бўлса, шу бўлади.

Талоқни шартларга таълиқ қилиш (яъни, боғлиқ қилиб қўйиш) ҳам дурустдир. Бунинг маъноси – уни «агар» ва шу маънодаги сўз билан келгусида бўладиган ё бўлмайдиган бирон ишга боғлиқ қилишдир. Масалан: «Агар ҳовлига кирсанг, талоқсан», деса, шарт қилинган иш ҳосил бўлиши билан, яъни ҳовлига кириши билан талоқ тушади.

- Таълиқ фақат эр тарафидан саҳиҳ-яроқли бўлади. Агар: «Фалончига уйлансам, у талоқ» деса, кейин унга уйланса, талоқ тушмайди. Чунки, таълиқ қилган пайтда у ҳали унга эр бўлмаган эди. Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан марфуъан ривоят қилган ҳадисда келганки: «Одам фарзанди учун ўзи эга бўлмаган нарсасида назр қилиш йўқдир, ўзи эга бўлмаган нарсасида қул озод қилиш йўқдир, ўзи эга бўлмаган нарсасида талоқ қилиш йўқдир» (Термизий (1181), Ибн Можа кейинги қисмини (2047), Аҳмад (2/189, №6769) ривоятлари). Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра... уларни талоқ қилсангизлар» (Аҳзоб: 49). Оят ҳам, ҳадис ҳам бировнинг бегона аёлга талоқи воқеъ бўлмаслигига далолат қилмоқда. Бирон нарсага таълиқ қилинмаган оддий талоқ никоҳдан аввал бўлган бўлса унинг тушмаслигига барча уламолар ижмоъ қилган, уйланмоқчи бўлган аёлга уйланишига таълиқ қилган бўлса (фалончихонга уйлансам у мендан талоқ бўлсин деган бўлса) жумҳур уламолар сўзига кўра бу талоқ тушмайди.

- Агар талоқни бирон шартга таълиқ қилса (боғласа), то ўша шарт вужудга келмагунча талоқ тушмайди.

Агар талоқда шак ҳосил бўлса, яъни унинг лафзи айтилгани хусусида ёки ададида ёки шарти ҳосил бўлиши борасида шак бўлиб қолса:

- Агар ўзи томонидан талоқ содир бўлганига шак қилса, у ҳолда хотинига талоқ тушмайди. Чунки, никоҳ аниқ-тиниқ иш бўлиб, у шак билан йўққа чиқмайди.

- Агар талоққа таълиқ қилган шарти ҳосил бўлганига шак қилса, масалан: «Агар ҳовлига кирсанг, талоқсан», деган бўлса, сўнг аёлининг ҳовлига кирган-кирмагани хусусида шак қилиб қолса, шакнинг ўзи билан талоқ тушмайди.

- Агар ўзидан талоқ содир бўлганига аниқ ишонса ва талоқнинг ададида шак қилиб қолса, фақат бир талоқ лозим келади. Чунки, аниғи шудир, ундан ортиғида шак бор. Аниқ нарса шак билан йўқ бўлмайди. Бу барча аҳкомлар учун умумий бўлган жуда фойдали қоида бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ўзингга шубҳали туюлган нарсани қўйиб, шубҳали бўлмаганини ол», деган сўзларидан олинган (Термизий (2518), Насоий, Аҳмад (1/200, №1727), Ибн Хузайма (2348), Ибн Ҳиббон (2/498, №722) Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Шунингдек, намози ичида ўзидан ел чиққан-чиқмагани ҳақида шубҳаланиб қолган одам ҳақида: «Товушини эшитмагунича ёки ҳидини сезмагунича намозидан чиқмайди», деган сўзларидан ва шу каби бошқа ҳадислардан олинган (Муттафақун алайҳ).

Бу эса шариатимизнинг нақадар бағрикенглиги ва комиллигига далолат қиладиган ишлардандир. Бунинг учун Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.