Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Истиброъ ҳақидаги боб

3211 марта кўрилган

Истиброъ – чўрининг бачадони (ҳомиладан) тозалигини билиш мақсадида кутиш бўлиб, ажратиш ва кесиш маъносидаги «бароъат» сўзидан олинган.

Қай бир киши сотиб олиш, совғага олиш, асир олиш ва шу каби йўллар билан жинсий алоқага яроқли бир чўрига эга бўлса, то истиброъ қилмагунча унга қўшилиши ва қўшилишга олиб борадиган ишларни қилиши ҳаром бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, суви билан бировнинг экинини суғормасин», деганлар (Абу Довуд (2158), Термизий (1131) Рувайфиъ ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бошқа бир ҳадисда: «Ҳомиладор то (ҳомиласини) туғмагунича ватъ (жинсий алоқа) қилинмайди», деганлар (Абу Довуд (2157) Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ҳомиладор чўрининг истиброси ҳомиласини туғиши билан ниҳоясига етади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти умумига кўрадир: «Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4).

Ҳомиладор бўлмаган чўри агар ҳайз кўрадиган бўлса, унинг истиброси бир ҳайздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Автос асиралари ҳақида: «Ҳомиладор то ҳомиласини туғмагунича, ҳомиладор бўлмагани то бир ҳайз кўрмагунича жинсий алоқа қилинмайди», деганлар (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар). Ушбу ҳадис асирга олинган ва бошқа чўрига қўшилишдан олдин истиброъ қилиш вожиблигига, шунингдек, ҳомиладор ва ҳайз кўрувчи асираларнинг истиброси нима билан бўлишига далил бўлади.

Аммо, ҳайздан умиди узилган чўри ва кичик ёшдаги чўри бир ой ўтказиш билан истиброъ қилинади. Чунки, бир ой иддада бир ҳайз ўрнига ўтади.

Чўрига қўшилишдан олдин уни истиброъ қилишдаги ҳикматни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари баён қилиб беради: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, суви билан бировнинг экинини суғормасин» (Абу Довуд (2158), Термизий (1131) Рувайфиъ ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). У зот ушбу ҳадислари билан истиброъдан мақсад сувларнинг аралашиб кетишидан ва насабларнинг шубҳали бўлиб қолишидан сақланиш эканини баён қилдилар.