Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Хулъга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

4437 марта кўрилган

Хулъ – эр аёлидан бирон эваз бадалига, махсус лафзлар билан ажралишидир. Хулъ (ечиб ташлаш) деб аталишига сабаб, аёл бамисоли кийимни ечгандек ўзини эридан ечиб (ажратиб) олади. Чунки, эр-хотин бир-бирига либос ўрнидадир. Аллоҳ таоло айтади: «Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз» (Бақара: 187).

Маълумки, турмуш қуриш эр билан аёлнинг бирикиши ва тинч-тотув ҳаёт кечириши бўлиб, ундан оила ва фарзандлар вужудга келади. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир» (Рум: 21). Агар оила қуришдан мазкур маъно рўёбга чиқмаса, яъни иккала тараф ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат пайдо бўлмаса, ёки муҳаббат фақат бир томонлама топилса ва тотув ҳаёт вужудга келмаса, бунинг давоси ҳам топилмаса, у ҳолда эр аёлига яхшилик билан жавобини беришга буюрилган. Аллоҳ таоло айтади: «(Оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим)» (Бақара: 229), «Бордию эр-хотин ажралиб кетсалар, Аллоҳ иккаласини ҳам Ўзининг кенг карами билан беҳожат қилиб қўйгай (Яъни ҳар иккисига ҳам аввалги турмушидан яхшироқ эр ёки хотин насиб этиши мумкин). Аллоҳ фазлу карами кенг ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 130).

Аммо, агар муҳаббат эр томонидан топилса-ю, аёл томонидан топилмаса, аёл эрининг хулқини ёки ҳуснини ёқтирмаса, ёки эрининг дини ноқислигидан кўнгли тўлмаса, ёки эрининг ҳаққини тарк қилиш билан гуноҳкор бўлишдан қўрқса, у ҳолда аёл киши ўзини эридан қутқариб олиш учун маълум эваз тўлаб, ундан ажралишни талаб қилишга ҳақлидир. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эридан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсада (яъни хотиннинг эваз беришида, эрнинг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир», дейди (Бақара: 229). Яъни, агар эр ёки хотин агар турмушларини давом эттирсалар, уларнинг ҳар иккиси бир-бирига нисбатан зиммаларидаги мажбуриятларини адо этолмасликларини билсалар ва бунинг оқибатида эрнинг хотинга тажовуз қилиши ёки хотиннинг эрга итоатсизлиги келиб чиқиши хавфи бўлса, хотин киши ўзини эридан маълум тўлов эвазига ажратиб олиши мумкин ва эр бу эвазни олиб, хотинининг йўлини очиб қўйиши билан гуноҳкор бўлмайди.

Бунинг ҳикмати шуки, аёл бу билан эридан қайтиб келмас бўлиб ажралади. Бунда ҳар икки тараф учун адолатли ечим бордир. Эр бу ҳолатда аёлининг талабини қабул қилиши суннатдир. Агар эр хотинини яхши кўрса, хотин сабр қилиши ва ўзини ажратиб олмаслиги яхши бўлади.

Ояти каримада айтилган сабаблари тўла-тўкис топилганда, яъни, эр-хотин агар никоҳларини сақлаб қолсалар, Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо этолмасликлари хавфи бўлса, хулъ мубоҳ бўлади. Агар хулъга зарурат бўлмаса, у макруҳ бўлади. Айрим уламолар наздида заруратсиз хулъ ҳаром бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бир аёл ҳеч бир сабабсиз эридан талоқ сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳаромдир», деганлар (Абу Довуд (2226), Термизий (1187), Ибн Можа (2055), Аҳмад (5/283, №22440) Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Шайх Тақийюддин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қуръон ва Суннатда келган хулъ шуки, аёл эрини ёмон кўради ва ундан ажралишни истайди, асир ўзини қутқариб олгани каби ўзини ундан қутқариб олиш учун маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини унга қайтариб беради» (Мажмуъул-фатава: 32/282).

Агар эр хотинини ёқтирмаса, лекин уни бир кун жонига тегиб, ўзини ундан тўлов эвазига қутқариб олиши учунгина тутиб турган бўлса, бу билан унга зулм қилаётган бўлади ва ундан эваз олиши унга ҳаром бўлади ва хулъ дуруст бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ва (агар бирга яшаш ниятингиз бўлмаса) берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб олманглар!» (Нисо: 19). Яъни, маҳрларининг бир қисмидан ёки ҳаммасидан воз кечишлари ёки эрларининг зиммаларида бўлган ўз ҳақ-ҳуқуқларидан воз кечишлари учун уларни қийнаб ушлаб турманглар, магар эр хотинини шу ҳолда тўсиб туриши унинг зинодан пок эмаслиги сабабли бўлиб, бу ишни унга берган маҳрини қайтариб олиш учун қилса, жоиз бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин)», деди (Нисо: 19).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ояти карима тафсирида айтади: «Бу бир киши ҳақидаки, унинг аёли бор ва у аёли билан бирга турмуш қилишни истамайди, зиммасида унинг маҳри бор, ўша маҳрдан воз кечиб ўзини қутқариб олсин деб аёлига зиён етказиб ушлаб туради» (Табарий (4/308), Ибн Аби Ҳотим (3/903) ўз тафсирларида келтирганлар).

Аллоҳ таоло бундай қилишдан қайтарди, сўнг: «Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин)», деди (Нисо: 19). Бузуқликдан мурод зино бўлиб, у ҳолда эр ўзи берган маҳрни қайтариб олишга ва аёли ундан воз кечиши ва хулъ талаб қилиши учун унга зуғум ўтказишга ҳақли бўлади.

Ўринли сабаби бўлган пайтда хулъ қилиш жоизлигига Қуръон, суннат ва ижмоъдан далиллар бор.

- Қуръондан далил юқорида ўтган оятки: «Агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эридан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсада (яъни хотиннинг эваз беришида, эрнинг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир» (Бақара: 229).

- Суннатдан далил «Саҳиҳ»да келган ҳадиски, Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳунинг аёли: «Ё Расулуллоҳ, мен уни хулқида ҳам, динида ҳам айбламайман. Лекин, мен Исломда куфрга кетишни (яъни, Исломда қайтарилган эрга нисбатан куфрони неъмат қилишни ва уни ёқтирмаслик сабабли зиммамда у учун фарз бўлган ҳақни адо этишга қосирлик қилишни) истамайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «(Маҳр учун берган) боғини унга қайтариб берасанми?», дедилар. У: «Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Собитга): «Боғни қабул қилиб ол ва у билан ажраш», дедилар (Бухорий (5273) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

- Ижмоъдан далил шуки, Ибн Абдилбар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Музанийдан бошқа бирон кишини бунга мухолиф бўлганини билмаймиз. У ушбу оятни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти билан мансух бўлган, деб ҳисоблаган: «Агар бир хотинни қўйиб, бошқа хотинга уйланмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар!» (Нисо: 20) (Ат-тамҳид: 23/275, Ал-истизкор: 6/76).

Хулъ саҳиҳ бўлиши учун табарруъ (ихтиёрий инфоқ-эҳсон) қилиши дуруст бўлган шахс томонидан эваз берилиши, талоқ қилиши дуруст бўладиган эр тарафидан талоқ содир бўлиши, то эваз бермагунча аёлни зуғум билан ушлаб турилмаслиги ва хулъ лафзи билан бўлиши шарт қилинади. Аммо, агар талоқ лафзи билан бўлса ёки талоқ ниятида талоққа ишора қилувчи лафз билан бўлса, унда талоқ тушади ва ражъат қилишга (яъни, иддаси ичида қайтариб олишга) ҳақли бўлмайди, унга яна уйланишни истаса, агар талоқлари сони уч талоққа етмаган бўлса, бошқа эрга тегмаган бўлса ҳам, янги никоҳ ақди билан уйланиши мумкин бўлади. Аммо, агар хулъ, фасх (никоҳни бузиш), фидаъ (тўлов) лафзлари билан бўлса ва талоқ деб ният қилмаган бўлса, у билан талоқлар сони камаймайдиган фасх бўлади (никоҳни бузиш бўлади). Бу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ворид бўлган, у Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ҳужжат қилган: «Та­лоқ икки мартадир» (Бақара: 229). Кейин Аллоҳ таоло айтди: «Агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эридан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсада (яъни хотиннинг эваз беришида, эрнинг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир» (Бақара: 229). Кейин Аллоҳ таоло айтди: «Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди» (Бақара: 230). Аллоҳ таоло аввал икки талоқни зикр қилди, сўнг хулъни зикр қилди, ундан сўнг яна бир талоқни зикр қилди. Агар хулъ талоқ бўлса эди, бу талоқ тўртинчиси бўлиб қоларди. Валлоҳу аълам.