Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ғусл аҳкомлари ҳақидаги боб

5257 марта кўрилган

Юқорида сиз кичик таҳоратсизликдан покланиш ҳукмлари ва таҳоратни синдирувчи нарсалар ҳақида билиб ўтдингиз. Энди катта таҳоратсизликдан – жунуб бўлсин ёки ҳайз ва нифос бўлсин – покланиш ҳақида сўз юритамиз. Бу покланишни ғусл деб аталади. Ғусл – бутун баданга махсус шаклда сув етказиш демакдир.

Унинг фарзлигига далил: Агар жунуб бўлсаларингиз, ювиниб-покланингиз!» (Моида: 6).

Айтишларича, жунубликдан ғусл қилишга жоҳилият даврида ҳам амал қилинган ва у Иброҳим алайҳис-салом динининг қолдиқларидан экан.

Ғуслни вожиб қиладиган нарсалар олтита бўлиб, улардан бири содир бўлганда мусулмон киши ғусл қилиши фарз бўлади:

Биринчи: Эркак ё аёл жинсий аъзосидан маний (уруғ суюқлиги) келиши. Бу ҳодиса ё уйғоқ ҳолатда ё уйқуда содир бўлади. Уйғоқ ҳолатда бўлганда лаззат билан чиқиши шарт қилинади. Агар лаззатсиз чиқса, ғуслни вожиб қилмайди. Касаллик ёки (манийни) тутиб туролмаслик ҳоллари бунга мисол бўлади. Агар уйқу ҳолатида чиқса, буни эҳтилом деб номланади ва бунда мутлақ ғусл вожиб бўлади. Уйқудаги одам уйғониб, манийнинг асарини топса, унга ғусл қилиш вожиб бўлади. Эҳтилом бўлса-ю, маний чиқмаса, уйғонгач унинг асарини топмаса, ғусл вожиб бўлмайди.

Иккинчи: Ғуслни вожиб қилувчи ишлардан яна бири – закар (эрлик олати) фарж (аёл қини)га кириши, гарчи инзол (уруғ сувини тўкиш) ҳосил бўлмаса ҳам. Бунга далил имом Муслим ва бошқалар ривоят қилган ҳадиски, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар (бир киши аёлининг) тўрт аъзоси (икки қўл ва икки оёғи) орасига ўтирса, сўнг олат қинга тегса, дарҳақиқат ғусл вожиб бўлибди», деганлар. Жинсий алоқа туфайли, гарчи инзол бўлмаса ҳам, ҳар икки томонга ғусл вожиб бўлади. Ушбу ҳадис бунга далил бўлади. Аҳли илмлар ҳам шунга ижмоъ қилганлар.

Учинчи: Бир тоифа уламолар наздида кофирнинг Исломни қабул қилиши ҳам ғуслни вожиб қилади. Кофир одам мусулмон бўлса, унга ғусл қилиш вожиб бўлади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи Исломни қабул қилган кишиларни ғусл қилишга буюрганлар. Кўпчилик уламолар фикрича, кофир Исломни қабул қилса, унга ғусл қилиш вожиб эмас, мустаҳаб саналади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир Исломни қабул қилган кишини ғусл қилишга буюрганлари нақл қилинмаган. Демак, далилларни жамлаб, буйруқни мустаҳабликка ҳамл (таъвил) қилинади. Валлоҳу аълам.

Тўртинчи: Ўлим ҳам ғуслни вожиб қилади. Маййитни ғусл қилдириш вожиб. Фақат жангда шаҳид бўлган кишини ювилмайди. Бунинг тафсилоти жаноза аҳкомлари ичида келади, иншоаллоҳ.

Бешинчи ва олтинчи: Ҳайз ва нифос ҳам ғуслни вожиб қилувчи ҳолатлардандир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳайзинг кетгач, ғусл қилиб, намоз ўқийвер». Аллоҳ таоло айтади: «Пок бўлганларидан кейин» (Бақара: 222). Яъни, ҳайзли аёллар ҳайз тамом бўлганидан кейин ғусл қилиб покланганларидан кейин.

Ғуслнинг сифати:

- Дили билан (покланишни) ният қилади;

- Сўнг «бисмиллаҳ» айтиб, икки қўлини уч марта ювади, жинсий аъзосини ювади;

- Сўнг комил таҳорат қилади;

- Сўнг бошига уч марта сув қуйиб, сочлари остига етказади;

- Сўнг бутун баданига сув етказиб, қўли билан ишқалаб ювади.

Ҳайз ёки нифоси тугаган аёл ғусл қилиш учун ўрилган сочларини ёяди, жунубликдан ғусл қилувчи аёл қийинчилик бўлмаслиги учун сочини ёймайди (ва ювмайди), бироқ сочлари остига сув етказиши вожибдир.

Ғусл қилувчи хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, сочлари остига, баданининг сув етиши қийин бўлган жойларига, томоғи остига, қўлтиқлари остига, киндигига, тиззаларининг орқасига сув етишига эътибор бериши лозим. Соат ёки узук таққан бўлса, уларни қимирлатиб, остига сув етказади.

Хуллас, ғуслни тўла-тўкис қилиши, баданидан бирон жойига сув етмай қолмаслигига қаттиқ аҳамият бериши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир тукнинг тагида жанобат (нопоклик) бор, сочни ювинглар ва терини тоза қилинглар» (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Ғуслда сувни ортиқча исроф қилиб ишлатиш яхши эмас, имкон қадар озроқ сув билан мукаммал покланиб ювиниш машруъдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муд сув билан таҳорат қилардилар, бир соъ сув билан ғусл қилардилар. Сувни камроқ ишлатиш ва исрофга йўл қўймасликда у зотдан ўрнак олиш лозим.

Шунингдек, ғусл қилувчи киши ўзгалар кўзидан яшириниши, одамлар олдида яланғоч ювинмаслиги керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло ҳаёлидир, ҳаё ва тўсилишни яхши кўради. Сизлардан бирон киши ғусл қилса, тўсиниб олсин!» (Абу Довуд ва Насоий ривояти).

Катта таҳоратсизликдан ғусл қилиб покланиш банда билан Рабби ўртасидаги омонатлар жумласидан бўлиб, унга риоя қилиш, унинг ҳукмларига аҳамият бериш ва машруъ кўринишда адо этиш лозим. Шундай экан унга оид ҳукмлардан қай бирини билмаса, сўраб ўргансин, ҳаё уни бундан тўсмасин. Чунки, Аллоҳ таоло ҳақдан ҳаё қилмайди. Ўз соҳибини дин иши ҳақида сўрашдан тўсган ҳаё айбли ҳаёдир ва у шайтон томонидан инсонни ўз динини ва унинг аҳкомларини мукаммал билишдан тўхтатиб қоладиган қўрқоқликдир.

Таҳорат жуда муҳим ишлардан бўлиб, у ҳақда бепарво бўлиш асло ярамайди. Чунки, Исломнинг устуни бўлган намознинг яроқлилиги таҳоратга боғлиқдир. Аллоҳ таолодан барча мусулмонларни динларида онгли ва сўзу амалларида ихлосли қилишини сўраймиз.