Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Музораба шериклигига доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3633 марта кўрилган

Музораба шериклиги бундай номланиши сабаби – у «тижорат мақсадида сафар қилиш» маъносидаги «зорбун фил-арз» иборасидан олинган. Аллоҳ таоло айтади: «У зот ... бошқалар Аллоҳнинг фазл-марҳаматидан (ризқ-рўз) истаб Ер юзида (яъни унинг турли томонларига) сафар қилишларини ... билди (Муззаммил: 20).

Музорабанинг шаръий маъноси – маълум миқдордаги молни фойданинг бир бўлаги муқобилига тижоратга ишлатадиган одамга беришдир.

Муомаланинг бу тури ижмоъ билан жоиздир, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асрларида ҳам бўлган ва у зот бунга йўл қўйиб берганлар, бу иш Умар, Усмон, Алий, Ибн Масъуд ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган, саҳобалардан бунга мухолиф бўлганлари борлиги маълум эмас.

Молни музорабага ишлатиш жоизлиги ҳикмат тақозоси ҳамдир. Чунки, одамларнинг бунга эҳтиёжлари бор, зеро динор ва дирҳамлар фақат айлантириш ва тижорат билан ўсиб-кўпаяди.

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Музораба қилувчи киши ҳам омонатдор, ҳам вакил, ҳам ажиир (мардикор), ҳам шерикдир. Яъни, молни қабул қилиб олган пайт омонатни ўз бўйнига олган, унда тасарруф қилган пайт вакил, унинг учун елиб-югуриб хизмат қилишида ажиир (мардикор), ундан келган фойдада шерикдир» Зодул-маъод: 1/161).

Музораба саҳиҳ бўлиши учун уни бажарувчининг улуши миқдори аниқ бўлиши шартдир, чунки у бунга шарт билан ҳақли бўлади.

Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳли илмнинг ижмоъларига кўра, музорабага ишловчи киши мол эгасига фойданинг учдан бири ё ярми ё икковлари келишиб оладиган маълум бир бўлагини шарт қилишга ҳақлидир» (Ил-ижмаъ: 140-б).

Агар фойданинг ҳаммасини оламан деса ёки шунча миқдордаги пулни оламан деса ёки ноаниқ бир бўлагини айтса, фосид бўлади.

Ишловчининг фойдадаги улуши миқдорини тайин қилиш ҳар иккаласининг келишувига кўра бўлади. Агар пул-молнинг эгаси ишловчига: «Тижоратга ишлат, фойдаси ўртамизда», деса, ҳар бирига фойданинг тенг ярми тегади. Чунки, фойдаси ўртамизда, деган ибора бировига ортиқ ё кам бўлишини англатмайди, балки ҳар иккиси теппа-тенг бўлишиб олишини тақозо қилади. Бу гўё: «Мана бу ҳовли иккаловимизнинг ўртамизда» деса, ҳовли улар ўртасида тенг иккига бўлинишини англатгани кабидир.

Агар мол эгаси: «Шу билан тижорат қил, фойданинг учдан иккиси – ёки учдан бири – менга», деса, ёки: «Шу билан тижорат қил, фойданинг учдан иккиси – ёки учдан бири – сенга», деса, бу битим дуруст бўлади. Чунки, иккаласидан бирининг улуши аниқ бўлгач, у уни олади, қолгани иккинчисига бўлади. Зеро, фойдага ҳар иккиси ҳақли, иккаловидан бирининг улуши аниқ ўлчовли бўлганидан кейин лафздан тушунилган маънога кўра, қолгани иккинчисига бўлади.

Агар шарт қилинган бўлак кимга тегиши ҳақида ихтилоф қилиб қолсалар, у хоҳ оз бўлсин, хоҳ кўп бўлсин, ишловчига бўлади. Чунки, у қилган хизмати билан унга ҳақли бўлган. Баъзан унга иш енгил бўлгани учун озроқ бўлакни шарт қилинган бўлади, баъзан эса иш оғир бўлганидан унга кўпроқ бўлакни шарт қилинган бўлади, баъзан ишловчиларнинг маҳорати ё маҳоратсизлигига қараб улуш миқдори фарқли бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, ишловчининг ҳиссаси шарт билан белгиланади, мол эгасининг ҳиссаси эмас. Чунки, мол эгаси ўз улушига шарт билан эмас, моли билан ҳақли бўлади.

Агар музораба келишуви бузилса, фойдаси молнинг эгасига бўлади, чунки бу унинг молининг фойдаси, ишловчига эса ўзига ўхшаган хизматчиларнинг иш ҳақи берилади, чунки у шарт билан ҳақдор бўлган эди, музораба бузилиши билан шарт ҳам бузилди.

Музорабани муайян вақтга белгилаб қўйиш дурустдир, яъни, мол эгаси: «Шу пулни сенга бир йил муддатга музорабага бердим», деса дуруст бўлади.

Бирон шартга боғлиқ қилинган музораба ҳам дурустдир, яъни, мол эгаси: «Фалон ой келгач, шу пулни музорабага ишлат» ёки: «Агар Зайддан молимни олсам, у сенга музорабага», деса, дуруст бўлади. Чунки, музораба тасарруф қилишга изндир, уни келажакдаги бирон шартга боғлиқ қилиш жоиз.

Биров билан музорабага ишловчи киши яна бошқа бировнинг пулини музорабага олиши – агар бу аввалги шерикка зарар етказадиган бўлса – жоиз эмас, фақат пул эгасининг изни билан бўлса жоиз. Яъни, масалан, иккинчи пул кўпроқ бўлиб, ишловчининг вақтини кўп олиб қўйиши туфайли биринчи пулнинг тижоратига вақти унчалик етишмай қоладиган бўлса, ёки биринчи шерикнинг пули кўпроқ бўлиб, унга кўп вақт талаб қилгани ҳолда иккинчи шерикнинг пули билан машғул бўлиши оқибатида унинг баъзи ишлари қолиб кетадиган бўлса. Лекин, биринчи шерик ўзи изн берса ёки унга зарар етмайдиган бўлса, ишловчи киши бошқаси билан ҳам музорабага ишлаши жоиз.

Ишловчи киши музораба пулидан сафар учун ё бошқа мақсадларда ишлатмайди, фақат мол эгаси билан шуни шартлашиб олган бўлса, мумкин. Чунки, у молда унинг фойдасидан бир бўлаги муқобилига ишлайди, агар шартлашиб олмаган бўлса, ундан ортиғига ҳақли бўлмайди. Аммо, қачонки бу нарса одат тусига кирган бўлса, унга амал қилиниши мумкин.

Музорабанинг фойдаси ўртадаги ақд-битим ниҳоясига етмай туриб тақсимланмайди, аммо иккала тарафнинг розилиги билан тақсимланиши мумкин. Чунки, фойда дастмоянинг сақланиб қолиши воситаси бўлиб, баъзи муомалаларда зарар бўлиб қолса, уни ўша фойда билан қопланади. Энди агар музораба ақди ҳали битмай туриб, фойдани бўлинса, эҳтимолий зиённи қоплашга жамғарма қолмайди. Фойда дастмояни сақлаш бўлиб, ишловчи дастмоя тўла бўлганидан кейингина фойдага ҳақли бўлади.

Музорабага ишловчи омонатни ўз зиммасига олувчидир, у ўзига топширилган бу омонатда Аллоҳдан қўрқиши лозим. Унинг талафот ёки зиён ҳақидаги даъвосидаги сўзи қабул қилинади, бир нарсани музораба учун эмас, ўзим учун сотиб олдим, деган сўзи ёки буни ўзим учун эмас, музораба учун сотиб олдим, деган сўзи инобатга олинади. Чунки, у бу ишда омонатдор деб эътибор қилинади, валлоҳу аълам.