Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ман қилинган байълар баёни ҳақидаги боб

3327 марта кўрилган

Аллоҳ таоло бандаларига олди-сотдини ҳалол қилди, бироқ, шарти шуки, олди-сотди билан банд бўлиш ундан кўра фойдалироқ ва муҳимроқ нарсадан қолиб кетишга, яъни масалан, фарз ибодатни адо этишдан тўсишига ёки бировларга зарар келтиришига сабаб бўлмасин.

Зиммасига жумъа намози фарз бўлган киши иккинчи азондан кейин олди-сотди билан шуғулланиши дуруст бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига — Жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир», деган (Жумъа: 9). Тижорат билан машғуллик намозга ҳозир бўлмасликка восита бўлиб қолмасин деб Аллоҳ таоло жумъа намозига азон айтилгандан сўнг савдо қилишдан қайтарди ва бу ерда хоссатан байъни келтиришига сабаб – тижорат ва савдо-сотиқ кишининг энг муҳим тирикчилик воситаларидан саналади. Қайтариқ ҳаромликни ва байънинг дуруст бўлмаслигини тақозо қилади. Шунингдек, савдо-сотиқдан бошқа нарса сабабли намоздан машғул бўлиб қолиш ҳам ҳаромдир.

Шунингдек, азон айтилганидан сўнг олди-сотди ва бошқа ишлар билан бўлиб, бошқа фарз намозларни ҳам масжидларда жамоат бўлиб ўқишдан қолиб кетиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: «(У чироқ) бир уйларда (яъни масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган (қиёмат) кунидан қўрқурлар. Улар Аллоҳ ўзларини қилган амалларининг энг гўзаллари сабабли мукофотлаши ва яна уларга Ўз фазлу-карами билан зиёда (савоблар ато) қилиши учун (эртаю кеч Аллоҳни поклаб ибодат қилурлар). Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур» (Нур: 36-38).

Шунингдек, бирон нарсани у билан Аллоҳнинг маъсиятига ёрдамланадиган ва уни Аллоҳ ҳаром қилган йўлларда ишлатадиган кишига сотиш дуруст бўлмайди.

Бинобарин, шарбатни (яъни, меванинг сувини) ундан ароқ тайёрлайдиган одамга сотиш дуруст эмас. Аллоҳ таоло: «Гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!», дейди (Моида: 2). Ундай қилиш ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилиш бўлиб қолади.

Шунингдек, мусулмонлар ўртасида фитна қўзғолиб турган пайтда қурол сотиш мумкин эмас, чунки, у билан бир мусулмоннинг қони тўкилиши мумкин. Бундай пайтларда умуман қурол-яроғ сифатида ишлатиш мумкин бўлган ҳар қандай асбобни сотиш жоиз бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганлар (Табароний «Ал-кабир»да (18/136, №286) Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна пайтида силоҳ савдосидан қайтарганлар. Бухорий «Саҳиҳ»да (415-с): «Фитна пайтида қурол сотиш ҳақидаги боб» деб таълиқ қилиб, «Имрон ибн Ҳусойн фитна пайтида қурол сотишни макруҳ санаган», деди). Чунки, Аллоҳ таоло: «Гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!», дейди (Моида: 2).

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир-бирини қувватлаб келган шариат далилларига кўра, савдода қасд-ниятлар эътиборга олинади ва улар савдонинг дуруст ё фосид бўлишига таъсир кўрсатади... Бир кишига шу билан мусулмон кишини ўлдиришини билиб туриб, қурол сотиш ҳаром ва ботилдир. Чунки, бу гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик бўлади. Агар бир кишига қуролни у билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилишини билиб туриб, сотса, бу тоат ва ибодат бўлади» (Иъламул-муваққиъийн: 3/109-110).

Шунингдек, мусулмонларга қарши урушадиган ва уларнинг йўлларини тўсиб, қароқчилик қиладиган кимсаларга ҳам қурол сотиш жоиз бўлмайди.

Мусулмон қулни кофирга сотиш мумкин эмас, чунки, бунда мусулмоннинг кофир қўлида хорланиши ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай», деди (Нисо: 141). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ислом олий бўлади, унга олий бўлинмайди», деганлар (Дорақутний (3/252, №30), Байҳақий (6/205) Оиз ибн Амр ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Бир мусулмон биродарнинг савдоси устига савдо қилиш, яъни, бир киши бир матони ўн динорга сотиб олаётган бўлса: «Мен сенга худди шундай матони тўққизга бераман» ёки «Мен сенга шу пулга бундан яхшироғини бераман» дейиш ҳаромдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирингиз бошқа бирингизнинг байъи устига байъ қилмасин», деганлар (Бухорий (2139) ва Муслим (1412) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Бошқа бир ҳадисда: «Бир киши биродарининг байъи устига байъ қилмасин», деганлар (Бухорий (2140) ва Муслим (1413) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Худди шу каби, биров сотиб олаётган нарсани стиб олиш, яъни, бировга бир матони тўққиз динорга сотаётган одамга: «Мен шу матони ўнга сотиб оламан» дейиш ҳаромдир.

Бугунги кунда мусулмонларнинг бозорларида шу каби ҳаром муомалотлар нақадар авж олган! Мусулмон киши бундан сақланиши ва бошқаларни ҳам бундан қайтариши лозим.

Шаҳар ёки қишлоқ аҳлидан бўлган кишининг бадавийга (яъни, дашту саҳродан келган кишига) нарса сотиши ҳам ҳаром қилинган байълар жумласига киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳозир бодийга (яъни, шаҳарлик бадавийга) сотмасин», деганлар (юқоридаги Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳадиси давоми).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: «Ҳозир бодийга (яъни, шаҳарлик бадавийга) сотмасин», деганларини қандай тушуниш керак?» деб сўралганда: «Унга даллол бўлмайди», яъни, сотувчи билан олувчи ўртасида даллоллик ҳам қилмайди, деб жавоб берганлар (Бухорий (2158) ва Муслим (1521) ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларни Аллоҳ таоло баъзиларини баъзилари билан ризқлантиришига қўйиб қўйинглар» деганлар (Муслим (1522) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Шунингдек, шаҳарлик бадавийнинг нарсасини сотиб бериши ва унга нарса олиб бериши ҳам жоиз эмас. Яъни, шаҳарлик бадавийга бориб: «Мен сенга нарсангни сотиб бераман ёки нарса харид қилиб бераман» дейиши жоиз эмас. Аммо, агар бадавий шаҳарликка келиб, ундан нарсасини сотиб беришини ёки нарса харид қилиб беришини сўраса, бунга ҳеч қандай монеълик йўқдир.

Ийна (яъни, рибонинг бир тури) байъи ҳам ҳаром қилинган байълардан биридир. Бунинг кўриниши шундай бўладики, бир киши бировга насияга товар сотади, сўнг уни арзонроқ нархда нақд пулга сотиб олади. Масалан, бировга насияга 20.000га автомашина сотади, сўнг уни 15.000 нақд бериб, ўзи қайта сотиб олади. Тўлов вақти келгунича сотиб олган одамнинг зиммасида 20.000 қолаверади. Мана шу байъ тури ҳаромдир. Чунки, бу рибога эришиш учун қилинадиган бир ҳийла деб саналади. Гўё насия пулни нақд пул муқобилига ўртада ортиқчаси билан сотди ва матони ҳийла сифатида аралаштирди, холос.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ийна (рибо) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди» (Абу Довуд (4362), Аҳмад (2/42, №5007) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамларга бир замон келадики, байъда рибони ҳалол санайдилар» (Хаттобий «Ғарибул-ҳадис»да Авзоъий орқали келтирган. Ибнул Қаййим «Таҳзибус-сунан»да бу ҳадисни зикр қилиб: «Бу агарчи мурсал бўлсада, у билан қувватланишга яроқлидир. Хусусан, уни қувватловчи марфуъ ҳадис ҳам келган», дейди).