Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сулҳга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

2689 марта кўрилган

Сулҳ луғатда «низони бартараф этиш» маъносидадир. Шаръий истилоҳда эса «икки низолашаётган томон ўртасида ислоҳга олиб борувчи битимга эришиш» маъносида қўлланилади.

У ғоят фойдали битимлардан, шунинг учун ҳам зарурат тақозо қилгудек бўлса, унда бироз ёлғон ишлатишга ҳам рухсат берилади.

Сулҳнинг машруълигига Қуръон, Суннат ва ижмоъдан далиллар бор.

Аллоҳ таоло айтади:

«Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир» (Нисо: 128).

«(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зе­ро Аллоҳ адолат қилувчиларни суюр» (Ҳужурот: 9).

«Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан — агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар — ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз» (Нисо: 114).

«Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз!» (Анфол: 1).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмонлар ўртасида сулҳ жоиздир, ҳаромни ҳалол қилиб берадиган ва ҳалолни ҳаром қилиб берадиган сулҳ бундан мустасно» (Термизий (1356), Ибн Можа (2353) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан, Аҳмад (2/366, №8784) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари одамлар ўртасини ислоҳ қилиб қўярдилар (Қубо аҳли орасини ислоҳ қилишлари (Бухорий (2693) ва Муслим (1675), Рубаййиъ бинт Назр бир жориянинг тишини синдириб қўйганида ўрталарини ислоҳ қилиб қўйганлари (Бухорий: 2703) бунга мисол бўлади).

Жоиз саналувчи сулҳ – Аллоҳ ва Расули буюрган одилона сулҳ бўлиб, у билан аввало Аллоҳнинг розилиги, сўнг жанжаллашувчи томонларни рози қилиш кўзланган бўлади.

Одамлар ўртасини ислоҳ қилувчи киши воқеаларни яхши билган ва зиммасидаги вазифани таниган, адолатни қасд қилган одам бўлиши зарур. Одамлар ўртасини тузатувчи кишининг фазилати кундузлари рўзадор, тунларни ибодат билан ўтказувчи кишининг фазилатидан ортиқдир. Аммо, агар сулҳ адолатдан холи бўлса, зулмга ва ҳақни поймол қилишга айланади. Қудратли золим билан заиф мазлум ўртасини золимни рози қиладиган ва унга зулм қилишга имкон яратиб берадиган, заифнинг ҳаққини топтайдиган ва унга ўз ҳаққига етишига имкон бермайдиган суратда сулҳга келтириш каби.

Сулҳ махлуқларнинг (яъни бандаларнинг) бир-бирларига нисбатан бўлган, кечиб юбориш ёки ўрнига эваз талаб қилишни қабул қиладиган ҳақ-ҳуқуқларида бўлади. Аммо, Аллоҳ таолонинг ҳақ-ҳуқуқларига, масалан, закот ёки шаръий жазоларни ижро этиш кабиларга сулҳ аралашмайди. Чунки, уларни комил адо этишнинг ўзи сулҳдир.

Одамлар ўртасидаги сулҳ беш турли бўлади:

  1. Мусулмонлар ва улар билан урушаётганлар ўртасидаги сулҳ;
  2. Мусулмонлар ичидаги адолат аҳли билан тажовуз аҳли ўртасидаги сулҳ;
  3. Ажралиб кетиш хавфи бўлган эр-хотин ўртасидаги сулҳ;
  4. Икки жанжаллашувчи томон ўртасидаги молиявий бўлмаган масаладаги сулҳ;
  5. Икки жанжаллашувчи томон ўртасидаги молиявий масаладаги сулҳ. Биз бу ерда айни шу турдаги сулҳ ҳақида сўз юритамиз. Сулҳнинг ушбу тури икки қисмга бўлинади:

Биринчиси: Иқрорликдан келиб чиққан сулҳ;

Иккинчиси: Инкордан келиб чиққан сулҳ.

Биринчи тури, яъни иқрорликдан келиб чиққан сулҳ икки турли: ҳақнинг жинсига тушадиган нав ва ҳақнинг жинсидан бошқасига тушадиган нав.

Жинсига тушадигани мисоли шуки, маълум қарз ё молиявий мулкнинг ўз қўлида эканига иқрор бўлади, шунда қарзнинг бир қисмини беришга ва қолганини соқит бўлишига сулҳга келишади ёки ҳалиги молиявий мулкнинг бир қисмини ҳадя қилиб, бир қисмини олишга сулҳ қилади.

Сулҳнинг бу тури қачонки, иқрор пайтида шарт қилинмаса, яъни, зиммасида ҳақ (қарз) бўлган киши: «Менга шунчасини беришинг шарти билан ёки шунча эваз беришинг шарти билан иқрор бўламан», деб айтмаган бўлса, ёки ҳақдор киши: «Менга шунча беришинг шарти билдан сендан кечаман ё ҳадя қиламан», деб айтмаган бўлса, шундагина саҳиҳ-яроқли бўлади. Аммо, сулҳ юқоридаги каби шарт билан бўлса, саҳиҳ бўлмайди, чунки, ҳақ эгаси ҳаққининг ҳаммасини талаб қилишга ҳақлидир.

Сулҳнинг бу тури саҳиҳ бўлиши учун унинг (яъни ҳақдорнинг) ҳаққини шусиз (яъни шу сулҳсиз) ҳам ман қилмаслиги шарт қилинади. Чунки, бу бировнинг молини ботил йўл билан ейиш бўлади ва бу ҳаромдир. Қолаверса, зиммасида ҳақ бўлган киши уни ўз эгасига ҳеч қандай қайд ва шартсиз бериши лозим бўлади.

Сулҳнинг бу тури саҳиҳ бўлиши учун яна ҳақ эгаси табарруъ қилишга (ихтиёрий бериб юбориш-садақа қилишга) яроқли кишилардан бўлиши шарт қилинади. Агар у табарруъ қилишга яроқли кишилардан бўлмаса, саҳиҳ бўлмайди. Яъни, масалан, етимнинг ёки мажнуннинг молига валий бўлса, чунки, бу табарруъдир, у эса бунга молик бўлмайди.

Хулоса шуки, сулҳнинг бу тури жоиз бўлади, бироқ шарти шуки, аввало зиммасида ҳақ бўлган одам уни мана шу сулҳсиз ҳам адо қилиши мумкин бўлиши керак, қолаверса, ҳақ эгаси табарруъ қилишга яроқли киши бўлиши керак. Мана шу шартлар тўла бўлса, бу турдаги сулҳга келишиш жоиз бўлади. Чунки, бу ҳолда у табарруъ (яъни ихтиёрий садақа) бобидан бўлади, инсон ўзининг ҳаққидан баъзисини соқит қилишга ҳам, ҳаммасини тўла қилиб олишга ҳам ҳақлидир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жобирнинг ҳақдорлари билан сўзлашиб, ундан бир қисмини енгиллатишга кўндирганлар (Бухорий (2127) унинг отаси – Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром розияллоҳу анҳунинг қарзи ҳақидаги ҳикояда келтирган).

Иқрордан келиб чиққан сулҳнинг иккинчи тури – ҳақнинг ўрнига унинг жинсидан бўлмаган нарса билан сулҳлашиш. Яъни, масалан, бирон қарз ёки нарсани эътироф қилади, сўнг ўша нарсанинг ўрнига унинг жинсидан бўлмаган бошқа нарсани эваз қилиб олишга сулҳ тузади (келишади).

Агар бир пулга унинг жинсидаги бошқа пул билан сулҳлашса, бу унга саррофлик ҳукмлари жорий бўладиган саррофлик бўлади.

Агар пулга пулдан бошқа нарса билан сулҳлашса, бу байъ деб эътибор қилинади ва унга байънинг ҳукмлари жорий бўлади.

Агар унга бир манфаат билан, масалан, ҳовли жойида яшаб туриши билан сулҳлашса, у ижара саналалди ва унга ижара ҳукмлари жорий бўлади.

Агар пулдан бошқа нарсага бирон мол билан сулҳлашса, бу байъ бўлади.

Иккинчи тури: инкордан келиб чиққан сулҳ. Унинг маъноси – бир киши бошқа бировга унда бўлган бир мулк ёки қарзни даъво қилади, шунда жавобгарликка тортилаётган киши даъво қилинаётган нарсани билмаган ҳолда сукут қилади. Сўнг даъвогар бирон нақд ёки насия мол эвазига даъвосидан (кечишга) сулҳ қилади. Бу ҳолатдаги сулҳ аксарият аҳли илмлар наздида саҳиҳдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар ўртасида сулҳ жоиздир, ҳаромни ҳалол қилиб берадиган ва ҳалолни ҳаром қилиб берадиган сулҳ бундан мустасно», деганлар (Термизий (1356), Ибн Можа (2353) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан, Аҳмад (2/366, №8784) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ, ҳасан, Ҳоким саҳиҳ санаган).

Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо розияллоҳу анҳуга шу ҳадисни ёзиб юборган, шу эътиборлар учун у ҳужжат қилинишга яроқли бўлган (Дорақутний (4/206, №15), Байҳақий (10/150) ривоятлари).

Ушбу турдаги сулҳнинг жавобгарликка тортилаётган кишига фойдаси – у шу билан ўзини даъводан ва қасамдан қутқариб қолади. Даъвогарга фойдаси – ўзини ҳужжат келтириш мажбуриятидан қутқаради ва даъво қилаётган ҳаққининг кечикиши олдини олади.

Инкордан келиб чиққан сулҳ даъвогарнинг ҳаққида байъ ҳукмида бўлади. Чунки, у уни ўзининг молидан эваз деб эътиқод қилади, бинобарин унга ўзи эътиқод қилган нарсанинг ҳукми лозим келади. Жавобгарликка тортилаётган шахс гўё ундан сотиб олгандек бўлади, у томонидан ҳам бунга байънинг ҳукмлари киради, айб сабабли қайтариб бериш ва шафеълик билан олиш каби.

Ушбу сулҳнинг жавобгарликка тортилаётган шахс ҳаққидаги ҳукми – ўзига қарши қўзғатилган даъводан покланишидир. Чунки, у қасамдан қутулиш, ўзидан зарарни кетказиш, хусуматга барҳам бериш ҳамда хусуматлашиш ва тубанлашишдан ўзини сақлаш учун молни берган бўлади. Чунки, обрў-эътиборли инсонлар бундай хусуматлардан ўзларини юқори тутишади ва бу улар учун оғир бўлади, шунинг учун зиммаларини ундан поклаш учун молни берадилар. Агар сулҳлашган нарсада айб топса, ўша сабабли қайтариб беришга ва шафеълик билан олинишга ҳақли бўлмайди. Чунки, у уни бирон нарсадан эваз деб эътиқод қилмайди.

Инкор сулҳида сулҳлашаётган томонлардан бири ёлғон гапирса, масалан, даъвогар ёлғон сўзлаб, ўзиники эмаслигини аниқ билган нарсани даъво қилса, ёки инкор қилувчи ўзидан даъво қилинаётган нарса ҳақиқатдан унинг зиммасида бор эканини билиб туриб инкор қилса ва ўзини шу инкори билан ёлғон айтаётганини билса, агар даъвогар ёки даъвога торилаётган шахс томонидан шу каби ёлғон содир бўлса, улардан қай бири ёлғон айтаётган бўлса, ўшаниси ҳаққида сулҳ ботинан ботил бўлади, чунки, у ҳақни билиб турибди, уни ўз эгасига етказишга қодир, ўзининг қилаётган ҳатти-ҳаракатида ўзини ҳақли деб эътиқод қилмаяпти. Бу одамнинг мана шу сулҳ орқали етишган нарсаси у учун ҳаромдир. Чунки, у уни зулм ва тажовуз билан қўлга киритди, ҳақ ўрнига эваз қилиб эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ ҳаром йўллар билан емангиз!» (Бақара: 188). Бу сулҳ гарчи одамлар кўзида улар ҳолатнинг ботинини билмаганлари сабабли саҳиҳ бўлиб кўринса ҳам, аслида еру осмонлардаги ҳеч нарса ундан махфий қолмайдиган Зот ҳузурида ҳақиқатни заррача ўзгартира олмайди. Мусулмон киши бундай суитасарруф ва ботил ҳийла қилишдан ўзини сақлаши лозим бўлади.

Инкор сулҳига доир масалалардан яна бири шуки, агар бирон киши инкор қилувчининг ўрнига унинг изнисиз сулҳ қилса, бу сулҳ яроқли бўлади. Чунки, у бегона шахс бу иши билан даъвога тортилаётган одамнинг зиммасини хориж қилишни ва ундан хусуматни олиб ташлашни қасд қилган бўлади. У бу иши билан гўё унинг зиммасидаги қарзини тўлаб қўйгандек бўлади. Лекин, у ўзи берган нарсадан бирон нарсани ундан талаб қилмайди. Чунки, у берган нарсасини қайтариб олишга ҳақли эмас, уни табарруъ-эҳсон қилди.

Ноаниқ ҳақ хусусида ҳам сулҳ қилиш саҳиҳ бўлади. Бу ҳақ улардан ҳар бири учун иккинчисининг зиммасида бўлсин ёки бировиники бўлсин, фарқсиз. Бу ноаниқ нарсани билиш имконсиз бўлса. Масалан, ўрталаридаги узоқ давр ўтиб кетган ҳақ бўлса, ҳар иккиси ҳам ўзининг зиммасидаги ҳақни аниқ билмаса (бу сулҳ яроқли бўлади). Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки киши ўз ўрталарида бўлган жуда эски мерослари ҳақида низолашиб келганларида: «Қуръа ташланглар ва ҳақни талаб қилинглар, бирингиз иккинчингизни ҳалол қилсин (яъни, зиммасини хориж қилсин)», деганлар (Абу Довуд (3584), Аҳмад (6/320, №26717) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Чунки, бу ҳақни соқит қилишдир, шу боис зарурат учун ва молнинг зое бўлишига ёки зиммада қолишига олиб келмаслиги учун ноаниқ нарсада ҳам саҳиҳ бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларни бир-бирини ҳалол қилиб қўйишга буюришлари зиммани поклаш учун эҳтиёт йўлини тутишга ва махлуқнинг (яъни, банданинг) ҳаққи улуғлигига далолат қилади.

Шаръан белгиланган ёки ундан кўпроқ ёки озроқ дия (хун пули)даги қасос хусусида сулҳга келишиш дуруст бўлади. Чунки, мол тайин топмаган, унинг муқобилида эваз воқеъ бўлмайди.

Ҳадларда (яъни, жиноятга бериладиган жазоларда) сулҳга келишиш дуруст бўлмайди. Чунки, ҳадлар зажр (яъни, тийиб қўйиш) учун машруъ бўлган ва улар Аллоҳ таолонинг ҳамда жамиятнинг ҳаққидир. Бу ҳақда сулҳга келишиш шу ҳақни ботил қилиб қўяди ва жамият унинг фойдасидан маҳрум бўлади ҳамда бузғунчи ва тажовузкорлар учун йўл кенг очиб қўйилган бўлади.