Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рўзани бузувчи ишлар ҳақидаги боб

3616 марта кўрилган

Айрим ишлар борки, уларни қилиш билан кишининг рўзаси бузилади. Мусулмон киши улардан сақланиши ва эҳтиёт бўлиши учун уларни билиб олиши лозимдир. Улар қуйидагилар:

1) Жимоъ (жинсий алоқа). Жимоъ қилган кишининг рўзаси бузилади ва шу куннинг қазосини тутиши, қазо билан бирга каффорат ҳам бериши лозим бўлади. Каффорат – бир қул озод қилишдир. Агар қул бўлмаса ёки шу миқдорда пули бўлмаса, икки ой узлуксиз рўза тутади. Агар бирон шаръий узр сабабли бунга қодир бўлмаса, олтмишта мискинга таом бериши лозим. Ҳар бир мискинга шу диёрда истеъмол қилинадиган таомдан ярим соъ миқдорида беради.

2) Бўса олиш, қучоқлаш, жинсий олатини қўл билан жунбушга келтириш ёки шаҳват билан боқиш каби ишлар билан маний (уруғ суви) чиқариш. Бундай қилган кишининг рўзаси бузилиб, ўша кунги рўзанинг қазоси лозим бўлади, каффорат лозим бўлмайди. Чунки, каффорат фақат жимоъга хосдир. Уйқуда эҳтилом бўлиб, маний чиқарган бўлса, рўзасига зарар етмайди. Чунки, бу унинг ихтиёрисиз юз берган бўлади. Бироқ, жунубликдан ғусл қилиши вожиб бўлади.

3) Қасддан еб-ичиш. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «То тонгдан оқ ип қора ипдан (яъни, тонг ёруғлиги тун қоронғулигидан) ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).

Аммо, ким эсида йўқ еб-ичган бўлса, бу унинг рўзасига таъсир кўрсатмайди. Ҳадисда борки: «Ким рўзадор ҳолида унутиб еса ёки ичса, рўзасини охирига етказсин. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичирибди» (Бухорий (1933) ва Муслим (1155) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Қуйидаглар ҳам рўзани бузади:

Бурун орқали сув ёки бошқа бирон нарсанинг қоринга ўтиши, буни бурнаки деб ҳам атайдилар.

Томир орқали баданга озиқлантирувчи модда юбориш, рўзадорга қон қуйиш ҳам рўзани бузади, чунки, бу билан бадан озиқланади.

Озиқлантирувчи укол олиш ҳам таом ўрнига ўтади ва рўзани бузади.

Рўзадор киши рўзасини эҳтиёт қилиб, озиқлантирувчи бўлмаган уколлардан ҳам имкон қадар сақланса ва кечқурунгача кечиктирса яхши бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингга шубҳали туюлган нарсани қўйиб, шубҳали бўлмаганини ол», деганлар (Термизий (2518), Насоий, Аҳмад (1/200, №1727), Ибн Хузайма (2348), Ибн Ҳиббон (2/498, №722) Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

4) Ҳижома (зулук ё қортиқ ёрдамида қон олдириш) ёки фасд (томирдан қон олдириш) воситасида бадандан қон чиқариш, шунингдек, беморга ёрдам учун қон бериш ҳам рўзани бузади.

Аммо, таҳлил (анализ) учун оз миқдорда олинган қон рўзага таъсир қилмайди. Шунингдек, рўзадордан унинг ихтиёрисиз қон келиши, яъни, бурни қонаши, жароҳатланиши, тиши тушиши каби сабаблар билан қон чиқиши рўзани бузмайди.

5) Қусиш, яъни, ошқозонидаги нарсани оғиз орқали қасддан чиқариш ҳам рўзани бузади.

Аммо, қусуқ ғолиб келиб, ихтиёрсиз равишда келса, бунинг рўзага таъсири бўлмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ихтиёрсиз қусган кишига қазо лозим эмас. Қасддан ҳаракат қилиб қусса, рўзасининг қазосини тутиб берсин» (Абу Довуд (2380), Термизий (719), Ибн Можа (1676) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Рўзадор киши рўзасини эҳтиёт қилиб, сурма қўйишдан ва кўзига томизғи дорилар томизишдан сақланиши муносибдир.

Оғиз ва бурун чайишда муболаға қилмаслиги, яъни, сувни чуқур тортмаслиги керак. Чунки, сув ичига кетиб қолиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзадорлигингдан бошқа пайтда истиншоқни муболағали қил (яъни бурунга чуқур сув ол)», деганлар (Абу Довуд (2366), Термизий (788), Насоий (87) Ибн Можа (407) Лақит ибн Собра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Мисвок ишлатиш рўзага таъсир қилмайди. Аксинча, саҳиҳ қавлга кўра, у рўзадорга ҳам, бошқага ҳам кундузнинг исталган пайтида ишлатиш мустаҳаб ва тарғиб қилинган ишдир.

Рўзадорнинг томоғига чанг ёки пашша кетиб қолса, рўзаси бузилмайди.

Рўзадор киши ёлғон, ғийбат, ҳақорат сўзлардан тийилиши лозим бўлади. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман», десин. Чунки, баъзи одамлар бўладики, емак-ичмакни тарк қилиши осон бўлади-ю, ўзи одатланиб қолган ярамас хулқ-атвор ва гап-сўзларни тарк қилиши осон бўлмайди. Шунинг учун салафлардан бири: «Емак-ичмакни тарк қилиш энг осон рўзадир», деган эди.

Мусулмон киши Аллоҳдан қўрқиши ва тақво қилиши, Парвардигорининг буюклигини ва У зот уни ҳар доим ва ҳар бир ҳолатини кузатиб турганини ҳис қилиши, рўзасини бузадиган ва нуқсонли қиладиган ишлардан сақланиши лозим.

Рўзадор Аллоҳнинг зикри, Қуръон тиловати ва кўп нафл ибодатлар билан машғул бўлиши лозим. Салафлар рўза тутганларида масжидларда ўтиришар, рўзамизни асрайлик, бировни ғийбат қилмайлик, дер эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳиллик (бақир-чақир)ни тарк қилмаса, емак-ичмагини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ», деганлар (Бухорий (1903) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Сабаби, банданинг рўзадан бошқа пайтда мубоҳ бўлган ушбу майл-истакларни тарк қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиши қачонки, Аллоҳ унга ҳар қандай ҳолда ҳам ҳаром қилган ёлғончилик, зулм, одамларнинг қонлари, обрўлари ва молларига тажовуз қилиш каби ишларни тарк қилиш билан Унга қурбат ҳосил қилганидан кейингина ҳосил бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинган ҳадис борки: «Рўзадор киши модомики, бир мусулмонни ғийбат қилмас ё унга озор бермас экан, ибодатдадир» (Ибн Адий «Ал-камил»да (6/496) келтирган).

Анас розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинишича: «Одамларнинг гўштларини ейишда давом этиб турган киши рўза тутмабди» (Ибн Аби Шайба (4/10, №8975) ривоят қилган).

Демак, рўзадор киши рўзадан бошқа пайтда мубоҳ бўлган ишларни тарк қилар экан, энди ҳеч қачон ҳалол бўлмайдиган ишларни тарк қилиши ва ҳақиқий рўзадорлар сафига қўшилиши у учун лойиқроқдир.