Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Кундалик рўзанинг бошланиш ва ниҳояланиш вақти ҳақидаги боб

3998 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз (яъни эр-хотин бир-бирига киши либосга муҳтож бўлгани каби муҳтождирлар). Аллоҳ сизлар ўзларингга хиёнат қилаётганларингни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан (яъни, тонг ёруғлиги тун қоронғулигидан) ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! (Бақара: 187).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу Аллоҳ таоло тарафидан мусулмонларга бўлган рухсат ва Исломнинг аввалида жорий бўлган ишни улардан кўтаришдир. Яъни, аввалда улардан бир киши оғзини очганидан сўнг еб-ичиш ва жимоъ қилиш то хуфтон намозигача ёки хуфтондан олдин ухлаб қолгунича мумкин бўларди. Ухлаб қолса ёки хуфтонни ўқиса, шундан сўнг келгуси куни оқшомигача ейиш-ичиш ҳам, жимоъ ҳам ҳаром бўларди. Бундан улар анчагина қийинчилик тортдилар. Шундан сўнг ушбу оят нозил бўлди ва бу билан улар кўп хурсанд бўлдилар. Чунки, Аллоҳ таоло рўзадорга туннинг истаган пайтида, то тонг ёруғлиги тун қоронғулигидан ажраладиган пайтгача еб-ичиш ва жимоъ қилишга рухсат берган эди» (Тафсир Ибн Касир: 1/288-290).

Ояти каримадан рўзанинг кундалик бошланиш ва ниҳояланиш чегараси маълум бўлди, унинг бошланиши тонгнинг иккинчи ёришиши (яъни субҳи содиқ)дан, ниҳояси эса кун ботиши билан экани билинди.

Аллоҳ таолонинг тонг отгунича еб-ичишга рухсат беришида саҳарлик қилишнинг мустаҳаб эканига далил бордир.

«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир», деганлар (Бухорий (1923) ва Муслим (1090) ривоятлари).

Бир ютум сув билан бўлса-да саҳарлик қилишга тарғиб қилувчи кўп асарлар ворид бўлган. Саҳарликни тонг отиш пайтигача кечиктириш мустаҳабдир.

Агар бир одам жунуб ҳолатда уйғонса, ёки ҳайзли аёл тонг отишидан олдин покланса, ҳар иккиси ҳам аввал саҳарлик қилиб, рўза тутиб оладилар, ғусл қилишни тонг отгандан кейинга кечиктирадилар.

Айримлар бўладики, тунни бедор ўтказадилар-да, эрта саҳарлик қилиб, тонг отишидан бир-икки соат олдин ухлаб оладилар. Ундай кишилар бир неча хатоларга йўл қўяётган бўладилар:

Биринчидан, рўзани вақтидан олдин тутиб олишади.

Иккинчидан, бамдод намозини жамоат билан ўқишни тарк қилишади ва Аллоҳ таоло фарз қилган жамоат намозини тарк қилиш билан Аллоҳга осий бўлишади.

Учинчидан, айрим ҳолларда бамдод намозини вақтидан кечиктириб ўқишади ёки умуман қазо қилиб, кун чиққанидан кейин ўқишади. Бу эса энг катта гуноҳлардан саналади. Аллоҳ таоло айтади: «Намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозҳон»ларга ҳалокат бўлгай» (Моъун: 4, 5).

Фарз рўзага тунда ният қилиш зарур. Агар рўзага ният қилса-ю, уйғонганида тонг отиб кетган бўлса, рўза тутиб олаверади, рўзаси камчиликсиз ва яроқли бўлади, иншааллоҳ.

Кун ботганини кўзи билан кўриб ишонч ҳосил қилса ёки азон ё бошқа ишончли хабар воситасида куннинг ботгани ҳақида гумони ғолиб бўлса, ифтор қилишга шошилиши мустаҳабдир. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар модомики ифтор қилишга шошилар эканлар, яхшилик узра бўлаверадилар» (Бухорий (1957) ва Муслим (1098) ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигор азза ва жалладан ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай дейилади: «Бандаларим ичида Менга энг суюкли бўлганлари ифтор қилишга шошилувчироқларидир» (Термизий (700), Ибн Хузайма (2062), Ибн Ҳиббон (8/275, №3507) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Оғизни рутоб (янги пишган ҳўл хурмо) билан очиш суннатдир, рутоб бўлмаса, тамр (қуруқ хурмо) билан очади, тамр ҳам бўлмаса, сув билан очади.

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишдан аввал бир неча рутоб билан ифтор қилар эдилар. Агар у бўлмаса тамр билан, у ҳам бўлмаса бир неча қултум сув билан ифтор қилар эдилар» (Аҳмад (3/164, №1267), Абу Довуд (2356) ва Термизий (696) ривоятлари). Агар рутоб ҳам, тамр ҳам, сув ҳам бўлмаса, топган емак-ичмаги билан ифтор қилаверади.

Шу ўринда эътибор қаратиш лозим бўлган бир иш бор. У ҳам бўлса, баъзи одамлар ифтор дастурхонида бемалол кечки овқатларини тановул қилиб ўтириб, шом намозини масжидда жамоат билан ўқишни тарк қилишади ва бу билан жуда катта хатога йўл қўйишади, ўзларини улкан савобдан маҳрум ва уқубатга дучор қилишади. Аслида, рўзадор оғзини очиб олгач, масжидга бориши, намоздан қайтиб келгач, кечки овқатини тановул қилиши лозим.

Рўзадор оғиз очиш пайтида истаган дуоларини қилиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзадорнинг ифтори олдида рад қилинмас дуоси бўлади», деганлар (Ибн Можа (1753) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, исноди саҳиҳ).

Муоз ибн Зуҳрадан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифторлари пайтида: «Аллоҳумма лака сумту ва ала ризқика афтарту» «Эй Парвардигор, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ билан ифтор қилдим», дердилар (Абу Довуд (2358) ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифтор қилган пайтларида: «Чанқоқ қонди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоҳ», дердилар (Абу Довуд (2357) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Ҳоказо, мусулмон киши рўза тутиш ва оғиз очишнинг вақти ва сифати ҳақидаги аҳкомларни ўрганиши, рўзасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ машруъ кўринишда адо этиши, шу билан рўзаси яроқли ва амали Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлишига эришмоғи лозим. Чунки, бу жуда муҳим ишлардан саналади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).