Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рамазон рўзасининг фарзлиги ва унинг вақти ҳақидаги боб

3920 марта кўрилган

Рамазон ойида рўза тутиш Ислом рукнларидан бир рукн ва Аллоҳнинг фарзларидан бир фарздир.

Бунга Китоб, Суннат ва ижмоъ далил бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир. (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 183-185).

«Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» оятидаги буйруқ фарзликни ифодалайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Бухорий (8) ва Муслим (16) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Рўзанинг фарзлигига ва фазилатига далолат қилувчи ҳадислар кўп ва машҳурдир.

Мусулмонлар рўзанинг фарз эканига ва уни инкор қилган кишининг кофир бўлишига ижмоъ-иттифоқ қилганлар.

Рўзанинг машруъ бўлишидаги ҳикматларни айтсак, у билан қалблар тозаланади, разил ахлоқлар ва тубан истак-хоҳишлардан покланади. Чунки, рўза инсон баданидаги шайтон юрадиган йўлларни торайтиради. Маълумки, шайтон инсоннинг қон томирларида юради. Инсон еб-ичиб турган пайтида нафси шаҳватлар учун кенгайиб, иродаси заифлашиб, ибодатга рағбати камаяди. Рўзада бунинг акси юз беради.

Рўзада дунёдан ва дунё шаҳватларидан юз ўгириш ва охиратга рағбатланиш пайдо бўлади.

Унда мискинларга меҳр-мурувват туйғулари уйғонади, уларнинг алам-оғриқларини ҳис қилиш вужудга келади. Чунки, рўзадор одам очлик ва ташналик азоби нималигини ўзи тотиб кўради. Зеро, рўза шариатда – ейиш, ичиш, жимоъ ва шу каби шариатда баёни келган ишлардан ният билан тийилиш маъносини англатади, беҳуда иш-амал ва бемаъни гап-сўзлардан тийилиш ҳам шу маънога дохил бўлади.

Рўзанинг кундалик фарз бўлиш вақти субҳи содиқдан, яъни, уфқда ёйилган оқликдан бошланиб, кун ботиши билан ниҳоясига етади. Аллоҳ таоло айтади: «Энди улар билан (яъни, аёлларингиз билан рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! То тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187). «Оқ ип қора ипдан ажраладиган пайт»дан мурод кундузнинг ёруғлиги туннинг қоронғулигидан ажраладиган пайт, демакдир.

Рамазон ойи рўзасининг фарзлиги эса ой киргани маълум бўлганидан бошланади. Ойнинг киргани уч нарса билан билинади:

Биринчиси: Унинг ҳилолини – янги ойини кўриш билан. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ойни кўриб, рўза тутинглар», деганлар (Бухорий (1909) ва Муслим (1081) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Ойни кўрган кишига рўза тутиш фарз бўлади.

Иккинчиси: Ойни кўрилганига гувоҳлик ёки бу ҳақда хабар берилиш билан. Битта адолатли мукаллафнинг кўриши билан рўза тутилади, унинг бу ҳақда берган хабари кифоя қилади. Чунки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтишларича: «Одамлар Рамазон ойини кўргани чиқдилар, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ойни кўрганим хақида хабар берган эдим, ўзлари ҳам рўза тутдилар, одамларни ҳам тутишга буюрдилар» (Абу Довуд (2342) ривояти, Ибн Ҳиббон (8/231) ва Ҳоким (1/585) ривоят қилиб, саҳиҳ санаганлар).

Учинчиси: Шаъбон ойини ўттиз кун тўла қилиш билан. Қачонки, шаъбоннинг ўттизинчи кунига ўтар оқшомида булут, туман каби тўсиқлар бўлган ҳолида ёки бўлмаса ҳам ҳилол кўринмаганда шундай қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ой йигирма тўққиз кундир, то (рамазон) ҳилолини кўрмагунча рўза тутманглар ва то (шаввол ҳилолини) кўрмагунча рўзадан чиқманглар. Агар булутли бўлса, шунинг ўлчовини олинглар» (Бухорий (1907) ва Муслим (1080) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). «Шунинг ўлчовини олинглар» дегани шаъбон ойини ўттиз қилиб тўла қилинглар, маъносидадир. Чунки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан собит бўлган ҳадисда келганки: «Агар сизларга булутли бўлса, ойни ўттиз кун қилинглар» (Бухорий (1909) ва Муслим (1081) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Рамазон рўзаси ҳар бир мусулмон, мукаллаф, қодир кишига фарздир. Кофирга фарз эмас, агар тутса, яроқли саналмайди. Агар кофир ой асносида тавба қилса, ойнинг қолган қисмида рўза тутади, куфр ҳолида бўлган вақтига қазо лозим бўлмайди.

Ёш болага рўза фарз эмас, лекин ақлини таниган ёшдаги боланинг тутган рўзаси саҳиҳ-яроқли бўлади ва унинг ҳаққида нафл бўлиб қолади.

Мажнунга рўза фарз эмас, агар жунун ҳолида рўза тутса, ният бўлмагани учун рўзаси дуруст бўлмайди.

Рўзадан ожиз бўлувчи беморга, шунингдек, мусофирга рўзани вақтида тутиш фарз эмас, касаллиги ва сафаридан хориж бўлганидан кейин қазосини тутади. Аллоҳ таоло айтади: «Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади» (Бақара: 184).

Рўзанинг фарзлиги ҳақидаги хитоб муқимга ҳам, мусофирга ҳам, соғга ҳам, касалга ҳам, пок аёлга ҳам, ҳайзли ва нифосли аёлга ҳам, беҳушга ҳам бирдек тегишли. Уларнинг ҳаммасининг зиммасига рўза фарз бўлади.

Бироқ, уни тутишга бўлган қасд икки хил, яъни адо (вақтида тутиш) ва қазо (кейин тутиш) шаклида бўлади.

Баъзилар рўзани шу ойнинг ўзида адо қилиб, яъни ўз вақтида тутишга буюрилдилар. Улар – соғлом ва муқим кишилардир, ҳайзли ва нифосли аёллар бундан мустасно.

Баъзилар эса фақат қазосини тутишга буюрилдилар. Улар – ҳайзли ва нифосли аёллар, шунингдек, рўзани ўз вақтида тутишга қодир бўлмайдиган касаллардир.

Яна бир тоифа кишилар икки иш ўртасида ихтиёрли қилиндилар. Улар – рўза тутиш билан ўта қийналиб қолмайдиган мусофир ва бемор кишилардир.

Қай бир киши бирон узр сабабли рўза тутмаган бўлса, кейин рамазоннинг кундузи асносида узри ариса, масалан, мусофир сафаридан қайтиб келса, ҳайз ва нифосли аёл покланиб қолса, кофир Исломни қабул қилса, мажнун жунунидан тузалса, ёш бола балоғатга етса, булардан ҳар бирига куннинг қолган қисмида оғизлари берк бўлиш ва кейин шу куннинг қазосини ҳам тутиш фарз бўлади.

Шунингдек, ойнинг киргани кундузи аниқ маълум бўлса, мусулмонлар шу куни оғизларини бекитадилар ва рамазондан сўнг бир кун қазо тутадилар.