Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Одам ўлдиришнинг каффорати ҳақидаги боб

3129 марта кўрилган

  • Каффорат «ўраш» маъносини билдирувчи «куфр» калимасидан олинган, чунки у гуноҳни ўраб, яширади.

  • Қатлга каффорат фарз бўлишига Қуръон, Суннат ва ижмоъдан далил мавжуд.

  • Аллоҳ таоло айтади: «Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва маййитнинг эгаларига — агар кечиб юбормасалар — хун тўлаши вожибдир. Агар маййит ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 92).

  • Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қотил хусусида: «Унинг номидан (қул) озод қилинглар, Аллоҳ унинг (яъни, озод қилинган қулнинг) ҳар бир аъзоси муқобилида унинг бир аъзосини дўзахдан озод қилади», деганлар.

  • Каффорат фақат билмасдан (хотоан) ва қасдданга ўхшаш (шибҳул амд) ўлдиришда фарз бўлади. Аммо, қасддан тажовуз қилиб ўлдиришда каффорат йўқдир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93). Бунда каффорат зикр қилинмади.

    Ривоят қилинишича, Ҳорис ибн Сувайд ибн Сомит бир кишини ўлдирди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қасосни вожиб қилдилар ва каффоратни вожиб қилмадилар (Байҳақий (8/57) ривояти), Амр ибн Умайя аз-Зомрий икки кишини қасдан ўлдирганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қасос олиб берганлар ва каффорат вожиб қилмаганлар («Ад-дуррул-мансур»да (3/36) айтилишича, Абу Нуайм «Далоилун-нубувва»да келтирган). Чунки, каффорат билмасдан қилинган жиноятда, унинг гуноҳини ўчириб юбориш учун фарз бўлди. Чунки, бу гуноҳ ҳам тафритдан (яъни бепарволикдан) холи бўлмайди. Демак, у (каффорат) гуноҳи у билан кўтарилиб кетмайдиган даражада катта бўлган ўринда лозим бўлмайди.

    Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қасддан ўлдиришда ҳам, ғамус (ёлғон) қасамда ҳам каффорат йўқ, бу Аҳмад, Абу Ҳанифа ва уларга мувофиқ бўлганларнинг фикридир» (Иъламул-муваққиъийн: 2/118).

    Муваффақуддин Ибн Қудома ва бошқалар сўзларига кўра, билмасдан ўлдириб қўйиш ҳаромлик ё мубоҳлик билан сифатланмайди, чунки у мажнуннинг ўлдиришидекдир. Аммо, шу сабабли увол кетган жон маъсум ва (ўлдриш) ҳаром қилинган эди. Шунинг учун бунда каффорат фарз бўлди» (Ал-муғний: 8/401).

    Яъни, билмасдан ўлдириб қўйишда каффорат машруъ бўлишидаги ҳикмат икки ишга қайтади:

    1. Билмасдан қилиш қотилнинг бепарволигидан холи бўлмайди.

    2. Шу сабабли увол кетган жоннинг ҳурматига қараш.

  • Аммо, қасддан ўлдиришда каффорат фарз бўлмайди. Чунки, унинг гуноҳи катталиги ва қаттиқлиги учун каффорат билан ювилмайди. Лекин, қасддан ўлдирган шахс агар Аллоҳ таолога тавба қилса ва ўзидан қасос олинишига имкон берса, бу унинг гуноҳини енгиллатади. Тавба билан Аллоҳнинг ҳаққи ундан соқит бўлади, валийларнинг ҳаққи эса қасос олиш ёки афв қилиш билан соқит бўлади, мақтулнинг ҳаққи қолади ва Аллоҳ уни Ўзи истаган нарса билан рози қилади. Аллома Ибнул Қаййим «Ал-жавабул-кафий» китобида (348-350-б) шу маънони тақрир қилган.

  • Ким бир (ўлдириш) ҳаром қилинган жонни ўлдирса, гарчи у қул бўлса ҳам ёки сулҳ остидаги ё омонлик берилган кофир бўлса ҳам, ёки тирик жон бўлса ё ҳомила бўлса, яъни ҳомиладорнинг қорнига уриш сабабли ҳомиласи ўлик тушган бўлса, унга каффорат фарз бўлади. Чунки, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятининг умуми остига киради: «Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва маййитнинг эгаларига — агар кечиб юбормасалар — хун тўлаши вожибдир. Агар маййит ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 92).

  • Бировни ўлдиришни хоҳ бир ўзи ёлғиз амалга оширган бўлсин, ё бунда бошқа биров билан шерик бўлган бўлсин, хоҳ очиқ-ошкор қатл бўлсин, хоҳ қатлга сабаб бўлиш йўли билан бўлсин, яъни масалан, чоҳ-қудуқ қазиб қўйган ё пичоқни тиккалаб қўйган ва ҳоказо қилиб ундан ўлим содир бўлган бўлсин, фарқсиздир.

    Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шерикларидан ҳар биридан каффорат лозим бўлади. Бу аксарият аҳли илмнинг, жумладан Молик, Шофиий ва асҳоби раъйнинг сўзидир» (Ал-муғний: 10/39).

  • Қотилга – хоҳ у катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин, хоҳ мажнун бўлсин, хоҳ озод бўлсин, хоҳ қул бўлсин – каффорат фарз бўлади. Чунки, оятнинг умуми шуни тақозо қилади.

  • Каффорат – бир мўмин қулни озод қилишдир. Агар тополмаса, икки ой кетма-кет рўза тутишдир, бунда (рўза тутиш ўрнига) таом бериш кифоя қилмайди. Агар рўза тутишга қодир бўлмаса, зиммасида каффорат қолаверади ва ўрнига таом бериш ўтмайди. Чунки, Аллоҳ таоло буни зикр қилмади. Каффоратларда ўрин босиш фақат нас (оят ва ҳадисдан бўлган далил) билан бўлади, қиёс билан бўлмайди.

  • Қул рўза тутиш билан каффорат тўлайди, чунки унда қул озод қиладиган мол бўлмайди.

  • Агар қотил мажнун ё ёш бола бўлса, унинг номидан валийси қул озод қилиб, каффорат беради, чунки улар номидан рўза тутиш имконсиздир. Ҳар иккисига ҳам каффорат фарз бўлади, чунки у дияга ўхшаб қатлга тааллуқли бўлган молиявий ҳақдир ва яна у закотга ўхшаган молиявий ибодатдир.

  • Қатл бир нечта бўлганда дия ҳам бир нечта бўлгани каби қанча бўлса каффорат ҳам ўшанча бўлади. Агар бир неча шахсни ўлдирган бўлса, ўшанча адад каффорат фарз бўлади.

  • Агар қатл мубоҳ бўлса, яъни боғий (тажовузкор) ё муртадни, оилали (яъни эрли ё хотинли) зинокорни ўлдириш, шунингдек қасос ё ҳад (шаръий жазо) билан ўлдириш ёки ўз жонини ҳимоя қилиш мақсадида ўлдириб қўйиш каби қатлларда каффорат лозим бўлмайди. Чунки, бунда мақтулнинг ҳурмати бўлмайди.

    Эслатма:
  • Қатл каффоратини адо қилиш ҳозирги пайтда жуда кўпчилик одамлар бепарво қарайдиган ишлардан бўлиб қолди. Хусусан, кўплаб инсонлар қурбон бўлиб кетаётган йўл-транспорт ҳодисалари ортидан бунга жавобгар шахслар рўза тутишга ялқовлик қилиб, айниқса бундай ҳодиса қайта такрорланиб қолганда зиммаларида каффорат қолиб кетиш ҳоллари кўп учрамоқда.

    Ундан ташқари, яна бир ҳолат ҳам борки, қотилнинг оқилалари (яъни, асаба йўли билан унга меросхўр бўлувчи эркак қариндошлари) билмасдан (хотоан) ўлдириб қўйишнинг диясини ўз зиммаларига олишдан бўйин товлайдиган бўлиб қолишди. Мабодо, бирорталари уни зиммасига олган тақдирда ҳам буни фақат табарруъ (ихтиёрий ёрдам, садақа) сифатида қилинадиган нарса деб гумон қиладиган бўлиб қолди. Шунинг учун билмасдан қатл қилиш содир бўлиб қолган айрим кишилар дияни тўлашга одамлардан ёрдам сўраб юришларига гувоҳ бўлинмоқда. Бу катта бир шаръий ҳукмни бекорга чиқариш бўлиб, кўпчиликни бу ҳақда илмсиз қолишига олиб келади. Баъзан мана шу жарима номи билан ҳийла қилиб одамлардан сўраниб юрувчилар ҳам пайдо бўлиб қолган. Ундай кимсаларнинг қўлларидан ушлаб, одамларнинг молини ботил йўл билан ейишдан қаттиқ тийиб қўйиш лозим бўлади.