Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Дияларнинг миқдори ҳақидаги боб

2878 марта кўрилган

  • Жонга белгиланган дияларнинг миқдори мусулмонлик, озодлик, эркаклик ва аёллик эътибори билан ҳамда ўлдирилган шахснинг аниқ-тиниқ мавжуд ёки қориндаги ҳомила экани эътибори билан тафовутли бўлади.

  • Улар ичида энг кўпи озод мусулмон кишининг дияси миқдори бўлиб, минг мисқол тилла ёки ўн икки минг исломий дирҳам – ҳар ўн дирҳами етти мисқолга тенг – ёки юзта туя ёки икки юзта қорамол ёки икки мингта қўйга тенгдир. Чунки, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяга эга бўлганларга юз туяни, қорамол эгаларига икки юзта молни, қўй эгаларига икки мингта қўйни дия қилиб белгиладилар» (Абу Довуд (4543) ривояти).

    Икрима Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича: «Бир киши ўлдирилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг диясини ўн икки минг дирҳам қилиб белгиладилар» (Абу Довуд (4546), Термизий (1388), Насоий (4803), Ибн Можа (2629) ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Амр ибн Ҳазмга ёзиб берган мактубларида айтилишча: «Тилла эгаларига минг динор» (Насоий (4853) ва бошқалар ривояти).

  • Аҳли илмлар мана шу айтилганлар диянинг асл-асосларими ва агар зиммасига дия лозим бўлган киши – ўзи юқорида айтилган турдаги кишилардан бўлмаса ҳам – шулардан қай бирини берса ҳам валий уни қабул қилиши лозимми ёки йўқми, чунки, у ўзига аслида фарз бўлган нарсани берган бўлди, деган масалада ихтилоф қилганлар. Аҳли илмлардан бир жамоаси бунинг жоизлигини айтганлар.

    Иккинчи қавлга кўра, диядаги асл-асос фақат туялардир. Бу жумҳур уламонинг сўзидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин жонда юзта туя (дия берилади)», деганлар (Молик «Муватто»да (2/849, №1547), Байҳақий (8/100) Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), «Огоҳ бўлинглар, қасдданга ўхшаш билмасдан ўлдириб қўйишда юз туя (дия) бордир», деганлар (Абу Довуд (4547), Насоий (4795), Ибн Можа (2627), Аҳмад (2/164, №6533) ривоятлари).

    Абу Довуд ривоят қилишича, Умар розияллоҳу анҳу хутба қилиб, айтдилар: «Огоҳ бўлингиз, туя қимматлаб кетди, Умар уни (дияни) тилла эгаларига минг динор қилиб, кумуш эгаларига ўн икки минг қилиб, қорамол эгаларига икки юзта сигир қилиб, қўй эгаларига икки мингта қўй қилиб, ҳулла (қимматбаҳо кийим тури) эгаларига икки юзта ҳулла қилиб белгилади» («Сунан Аби Довуд» (4542), Амр ибн Шуайб отасидан у бобосидан ривоят қилган). Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасддан ўлдиришнинг диясини туяларда муғаллаз (оғирлатилган) қилганлар, билмасдан ўлдириб қўйиш диясини мухаффаф (енгиллатилган) қилганлар, аҳли илмлар шунга ижмоъ қилганлар, асл шудир.

    Рожиҳ (қувватлироқ) сўз шудир. Шунга кўра, мазкур турдаги дияларнинг туядан бошқаларини қийматлаш жиҳатидан туяга қараб эътибор қилинади.

  • Қасддан ўлдириш ва қасдданга ўхшаш ўлдиришнинг дияси муғаллаз қилинади. Яъни, юзта туяни тўрт қисмга ажратилади: йигирма бештаси бинт махоз, йигирма бештаси бинт лабун, йигирма бештаси ҳиққа, йигирма бештаси жазаъа бўлади. Чунки, Зуҳрий Соиб ибн Язиддан ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида дия тўрт қисм бўларди: йигирма бешта жазаъа, йигирма бешта ҳиққа, йигирма бешта бинт лабун, йигирма бешта бинт махоз». Мана шу кўринишда келган туяларни мақтулнинг валийси қабул қилиши лозим бўлади. Агар истаса, мазкур турлар бўйича, ҳар бир даврнинг баҳосига қараб, баҳосини берса ҳам бўлади.

  • Билмасдан ўлдириб қўйишнинг дияси мухаффаф бўлади. Яъни, юзта туяни беш қисмга ажратилади: йигирмата бинт махоз, йигирмата бинт лабун, йигирмата ҳиққа, йигирмата жазаъа, йигирмата бану махоз. Ушбу турлар ё уларнинг қиймати ҳар асрнинг ўз баҳосига қараб берилади.

    Бинт махоз – бир ёшни тўлдирган урғочи туя, бинт лабун – икки ёшни тўлдирган урғочи туя, ҳиққа – уч ёшни тўлдирган урғочи туя, жазаъа – тўрт ёшни тўлдирган урғочи туядир.

  • Аҳли китоб бўлган озод кишининг дияси, у хоҳ зиммий бўлсин, хоҳ омонлик берилган ё сулҳ остидаги киши бўлсин, мусулмон киши диясининг ярмидир. Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли китобларнинг дияси мусулмонлар диясининг ярми деб ҳукм қилдилар» (Аҳмад (2/183, №6716), Насоий (4806), Ибн Можа (2644) ривоятлари).

  • Зиммий ё сулҳ остидаги ё омонлик берилган мажусийнинг дияси, шунингдек сулҳ остидаги ё омонлик берилган бутпарастнинг дияси саккиз юз исломий дирҳамдир. Чунки, Ибн Адий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилган ҳадисда: «Мажусийнинг дияси саккиз юз дирҳамдир», дейилади (Ал-камил: 4/207). Аксарият аҳли илмнинг сўзи шудир.

  • Аҳли китоб, мажуслар ва бутпарастларнинг аёллари дияси эркаклари диясининг ярмидир. Мусулмон аёллар дияси мусулмон эркаклар диясининг ярми бўлгани каби.

    Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳли илмлар аёл кишининг дияси эркак киши диясининг ярми бўлишига ижмоъ қилганлар» (Ал-ижмоъ: 116-б). Амр ибн Ҳазмга ёзиб берилган мактубда: «Аёл кишининг дияси эркак киши диясининг ярмидир», дейилади (Байҳақий (8/95) Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёл киши эркак кишидан кўра ноқисроқ, эркак кишининг фойдаси нисбатан кўпроқ бўлгани ва у аёл киши ўринлата олмайдиган диний мансаб ва валийликларга эга бўлгани, шунингдек, чегараларни қўриқлаш, жиҳод қилиш, ерни обод қилиш ва саноат ишларини юргизиш каби оламнинг манфаатлари у билан мукаммал бўладиган ишларни қилгани, дунёни ва динни ҳимоя қилгани боис аёл кишининг қиймати дияда у билан баробар бўлмади. Бинобарин, ўрталаридаги тафовутларга кўра, шориънинг ҳикмати унинг қиймати эркак қийматининг ярми бўлишини тақозо қилди» (Иъламул-муваққиъийн: 2/149).

  • Диянинг учдан биридан камроғини вожиб қиладиган нарсаларда эркак ва аёл баробар бўлади. Чунки, Амр ибн Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилган марфуъ ҳадисга кўра: «Аёлнинг дияси то диясининг учдан бирига етгунча эркакнинг дияси билан бир хилдир» (Насоий (4805) ривояти). Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ: «Суннат шудир», деганлар.

    Имом Ибнул Қаййим айтади: «Гарчи Абу Ҳанифа, Шофеий, Лайс, Саврий ва бир жамоа хилоф қилган бўлсалар ва: «Аёлнинг дияси озида ҳам, кўпида ҳам яримдир» деган бўлсалар ҳам, лекин суннат авлодир. Учдан бирдан пасти ва ундан юқорисидаги фарқ шуки, ундан пасти камдир, унда аёл киши эркак билан баробар бўлиш билан мусибати бутланади. Шу боис ўғил ва қиз ҳомиланинг дияси баробар бўлди, чунки у камдир, яъни бир қулдир» (Иъламул-муваққиъийн: 2/148).

  • Қулнинг дияси унинг қийматидир, эркак бўлсин, аёл бўлсин, катта бўлсин, кичик бўлсин, қанчага етса ҳам. Бу агар унинг қиймати озод кишининг диясидан паст бўлганда ижмоъ қилинган ишдир. Аммо, агар унинг қиймати озод кишининг диясига етса ё ундан ўтиб кетса, Аҳмад – ундан машҳур бўлган қавлга кўра – ва Молик, Шофеий, Абу Юсуфлар унинг қиймати қанчага етса, дияси шунча, деганлар.

  • Ҳомила – ўғил бўлсин, қиз бўлсин – агар онасига қасддан ёки билмасдан қилинган жиноят сабабли ўлик тушган бўлса, унинг дияси бир қул ё чўри бўлиб, қиймати беш туяга тенгдир. Чунки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Лаҳёнлик аёлнинг ўлик тушган ҳомиласи ҳақида бир қул ё чўри (ни дия сифатида бериш)га ҳукм қилдилар» (Бухорий (6740), Муслим (1681) ривояти).

    Ўша қул ё чўрини худди ҳомила тирик туғилганида бўлганидек, ундан мерос олинади. Чунки, у унинг диясидир. Қул ё чўрининг қиймати беш туяга тенг, яъни она диясининг ўндан бирига тенг деб белгиланади. (Уларнинг қиймати бундан кам бўлмаслиги керак.)