Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Дияга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

2849 марта кўрилган

  • Дия ёки хун пули – жабрланувчига ёки унинг валийсига жиноят сабабли тўланадиган пул-молдир.

  • Диянинг вожиблигига Қуръон, Суннат ва ижмоъдан далиллар мавжуд.

  • Аллоҳ таоло айтади: «Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва маййитнинг эгаларига — агар кечиб юбормасалар — хун тўлаши вожибдир...» (Нисо: 92).

  • Саҳиҳ ҳадис борки: «Кимнинг бир яқин кишиси ўлдирилса, у икки ишнинг бирини танлашга: ё дия ё эса қасос олинишига ихтиёрлидир» (Бухорий (2434), Муслим (1355), Абу Довуд (45065), Термизий (1405), Насоий (4785), Ибн Можа (2624) ривоятлари).

  • Бир инсонга бевосита талафот етказган, яъни масалан, уни урган ё автоулови билан уриб юборган ҳар қандай одамга, шунингдек, бировнинг ўлимига сабаб бўлган, яъни масалан, йўл устига чоҳ қазиб қўйган ё тош тўкиб қўйган ва бу иши кимнингдир талафотига сабаб бўлган одамга дия тўлаш лозим бўлади, талафот кўрган шахс мусулмон бўладими, зиммийми, омонлик сўраган одамми ё сулҳдаги одамми, фарқсиз. Аллоҳ таоло айтади: «Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш... лозим» (Нисо: 92).

  • Агар у сабабли жабрланувчи талафот кўрган жиноят очиқдан-очиқ қасддан қилинган бўлса, диянинг ҳаммаси жиноятчининг молида дарҳол (берилиши) фарз бўлади. Чунки, асл-асос талафот етказилганнинг бадали талафот етказувчига бўлишини тақозо қилади.

    Ал-Муваффақ Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳли илмлар ижмоъларига кўра, қасддан (қилинган жиноят)нинг дияси қотилнинг молида фарз бўлади, уни оқиланинг зиммасига қўйилмайди. Асл-асос шуни тақозо қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳеч бир кўтарувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас» (Анъом: 164)» (Ал-муғний: 12/16).

    Фақат билмасдан (қилган жиноят)нинг диясидагина ушбу аслга хилоф қилинади, чунки билмасдан (жиноят содир) қилиш ҳолатлари кўп содир бўлади. Одамийнинг дияси кўп, уни жиноят содир этган кишининг молида вожиб қилиш уни қийнаб қўяди. Шу боис қотилга ёрдам бўлиши ва унинг юкини енгиллатиш важидан уни оқиланинг зиммасига юклашни ҳикмат тақозо этади. Чунки, у маъзурдир. Қасддан жиноят содир қилган киши эса маъзур бўлмайди ва енгиллатишга лойиқ эмас. Чунки, унга қасос фарз бўлган. Агар афв қилинса, жонини қутқариб олиш учун дияни унинг ўзи кўтаради.

  • Аммо, қасдданга ўхшаш (шибҳул амд) ва билмасдан (хотоан) қилинган қотилликнинг дияси қотилнинг оқиласи (асаба йўли билан унга ворис бўлувчи эркак қариндошлари) зиммасига бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда келганки: «Ҳузайллик икки аёл урушиб қолиб, бири иккинчисига тош отиб, уни қорнидаги боласи билан қўшиб ўлдириб қўйди... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг хун пулини унинг (яъни, ўлдириб қўйган аёлнинг) оқиласи (эркак қариндошлари) зиммасига ҳукм қилдилар» (Бухорий (6910), Муслим (1681) ривоятлари). Демак, ҳадис қасдданга ўхшаш ўлдиришнинг диясини қотилнинг оқиласи кўтаришига далил бўлади.

    Билмасдан ўлдиришнинг диясига келсак, Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Биз билган барча аҳли илмлар уни оқиланинг зиммасига бўлишига ижмоъ қилганлар» (Китабул-ижмаъ: 172-б). Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Унинг оқила зиммасига бўлиши ҳақида хилоф борлигини билмаймиз» (Ал-муғний: 12/16). Билмасдан ўлдириб қўйиш ўрнига ўтадиган ўлдириш дияси ҳам шунга ўхшашдир, ухлаётган одам бировнинг устига юмалаб кетиб, уни ўлдириб қўйиши, қудуқ қазиб қўйиш ва унга биров тушиб кетиб ҳалок бўлиши каби.

  • Шаръан изн берилган иш ортидан келадиган талафотга ҳам зомин бўлинмайди. Масалан, бир одам боласига ё хотинига адаб берса ёки султон ўз раиятидан биронтасига адаб берса ва улардан ҳеч бири адаб беришда ҳаддидан ошмаган бўлса, шунда адаб берилган киши вафот этса, адаб берувчига ҳеч нарса фарз бўлмайди. Чунки, у шаръан қилиши мумкин бўлган ишни қилди ва унда ҳаддан тажовуз қилмади. Агар адаб беришда ҳаддан ошса ва одатда қилиниши керак бўлган даражадан ошириб юборса, натижада адаб берилган шахс талафот кўрса, адаб берувчи унга зомин бўлади.

  • Агар ҳомиладор аёлга адаб берса-ю, шу сабабли унинг ҳомиласи тушиб кетса, адаб берувчи ҳомиланинг зоминлигини бўйнига олиши ва бир қул ё чўри озод қилиши фарз бўлади. Чунки, «Саҳиҳайн»да келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (қорнига урилиб) ҳомиласи тушган аёл ҳақида бир қул ё чўри (ни дия сифатида бериш)га ҳукм қилганлар (Бухорий (7317), Муслим (1689) Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу аксарият аҳли илмнинг сўзидир.

  • Кимда-ким ҳомиладорни қўрқитиб юборган ва шу сабабли унинг ҳомиласи тушиб кетган бўлса, яъни масалан, уни султон талаб қилса ёки бир киши унга миршаблар билан бостириб кирса, ҳомиланинг зоминлиги ўша аёлни қўрқитиб юборган одам зиммасига бўлади. Чунки, ҳомиланинг ҳалок бўлишига у сабаб бўлди. Умар розияллоҳу анҳу ҳақида ривоят қилинишича, у киши эри ғойиб (яъни сафарда) бўлган ва олдига (бировлар) кириб турилган бир аёлга одам юбордилар. Аёл: «Вой шўрим қурсин! Менда Умарнинг нима иши бўлиши мумкин?!», деди. Сўнг йўлда келаётганида қўрққанидан тўлғоқ тутиб, бола ташлаб қўйди, боласи икки марта чинқириб йиғлаб, сўнг вафот этди. Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига маслаҳат солдилар. Баъзилари: «Сизга ҳеч нарса лозим эмас», дейишди. Алий розияллоҳу анҳу: «Агар улар сизнинг хоҳиш-ҳавонгизга қараб гапиришган бўлса, сизга холислик қилишмабди. Унинг дияси сизнинг зиммангизга бўлади, чунки сиз у аёлни қўрқитиб юборгансиз ва у бола ташлаб қўйган», дедилар (Абдурраззоқ (9/459, №18010) ривояти).

  • Бир киши бир шахсни қудуққа тушишга ёки дарахт ва шу каби бирон нарсага чиқишга буюрган бўлса, у шундай қилса ва чиқиш ё тушишда ҳалок бўлса, буюрган одам зомин бўлмайди. Чунки, у жиноят қилмади ва бунда унга тажовуз қилмади.

    Агар буюрилган шахс мукаллаф (оқил ва болиғ) бўлмаса, буюрувчи зомин бўлади, чунки унинг талафот кўришига сабаб бўлди.

    Агар бирон шахсни қудуққа тушиш ёки дарахтга чиқиш учун ижарага олган бўлса ва у шу сабабли вафот этса, ижарага олган киши унга зомин бўлмайди. Чунки, у жиноят қилмади ва тажовуз қилмади.

  • Бир киши бировни унинг ҳовлисида қудуқ қазиб бериш учун чақирса, у ўпирилган тупроқ остида қолиб ўлса, тупроқни унинг устига биров ташлаб юбормаган бўлса, унга зомин бўлмайди. Чунки, унга тажовуз қилмади.

    Юқорида айтиб ўтилганлардан Исломнинг жонларни сақлашга ва бегуноҳ қонларни тўкилишдан асраб қолишга жиддий аҳамият берганини кўриш мумкин.

    Лекин, ҳозирги замонга келиб, хусусан автомашиналарни бошқаришда қонун-қоидаларга амал қилмайдиган ёш-ялангларнинг бу масъулиятга бепарво қарашлари одатий ҳолга айланиб қолди. Улар ўз жонларини ҳам, ўзгаларнинг жонларини ҳам хатарга солмоқдалар. Қанчадан-қанча беайб одамлар шу сабаб ҳаётдан кўз юмиб кетмоқдалар. Бутун бошли жамоалар ёки оилалар масъулиятни ҳис қилмайдиган ва оқибатни ўйламайдиган бир ғўр ва енгилтак кимсанинг айби билан жувонмарг бўлиб кетмоқда. Кўпинча бунга ўша ғўр болаларнинг оталари сабабчи бўлиб қолмоқдалар, болаларига тезюрар автомобиллар олиб бериб, шу билан бегуноҳ жонларни ҳалокатга дучор қилмоқдалар. Бу қилмишлари билан улар болалари қўлига одамлар тинчлигига путур етказадиган ва уларнинг ҳаётлари билан ўйнашадиган даҳшатли қуролни тутқазиб қўймоқдалар.

    Ундай кишилар фарзандлари хусусида ҳам, мусулмонларнинг бегуноҳ қонлари хусусида ҳам Аллоҳдан қўрқишлари лозим. Барчанинг тинч-омонлигига кафил бўладиган тартиб-қоидаларга амал қилишга ҳаммани бирдек мажбур қилиш ҳокимлар зиммасидаги вазифалардан саналади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръон билан тиймаган баъзи нарсаларни султон билан тийиб қўяди.