Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ўлик ерни тирилтиришга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

2949 марта кўрилган

Ўлик ердан мурод – эгасиз ётган ердир.

Фуқаҳолар таърифига кўра, у тегишли бўлмаган ва маъсумнинг мулкига кирмаган ердир.

Бу таъриф билан иккита нарса ундан чиқиб кетади:

  1. «Маъсумнинг мулки» яъни, мусулмон ё (ҳарбий бўлмаган) кофирнинг сотиб олиш, ҳадя ва бошқа сабаб билан мулкига айланган ер.
  2. «Тегишли бўлмаган» яъни, маъсумнинг мулкига тегишли манфаатлар унга тааллуқ топган ер. Масалан, йўллар, кўча томондаги (уй билан кўча оралиғидаги) ерлар, сув йўллари каби. Ёки шу диёр аҳлининг манфаатларига хизмат қиладиган ер. Масалан, қабристонлар, ахлатхоналар, ийд намозлари ўқиш учун ажратилган ер, ўтин териладиган, чорва боқиладиган ўринлар каби. Буларнинг ҳеч бирига ўзлаштириш орқали эгалик қилиш мумкин эмас.

Агар ер маъсумнинг мулкидан ва унга тегишлиликдан холи бўлса ва уни биров тирилтирса (ўзлаштирса), унинг мулкига айланади. Жобир розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Ким ўлик ерни тирилтирса, у уникидир» (Термизий (1379), Аҳмад (3/304, №14271) ривоятлари, Термизий саҳиҳ санаган). Шу маънода бошқа ҳадислар ҳам келган (Жумладан, «Саҳиҳул Бухорий»да (2335) Оиша розияллоҳу анҳодан шу мазмунда ҳадис ривоят қилинган).

Деярли барча уламолар фикрига кўра, ўлик ерга уни тирилтириш билан эгалик қилинади, фақат айрим шартларидагина ихтилофлар бор. Бироқ, Ҳарам ва Арафотдаги ўлик ерлар бундан мустасно, уларни тирилтириш билан эгаллаб олиш мумкин эмас. Чунки, бунда ҳожиларнинг ибодатларни эркин адо этишларига тўсқинликлар пайдо бўлади, улардаги жойларга ҳамма одамлар бирдек ҳақлидирлар.

Ўлик ерни тирилтириш қуйидаги ишлар билан ҳосил бўлади:

  1. Одат бўлганидек, девор билан ўраб, қўрғон қилиб олиш. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир (ўлик) ерни девор билан ўраб олса, у уникидир», деганлар (Аҳмад (3/381, 15088), Абу Довуд (3077) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоятлари, Ибнул Жоруд саҳиҳ санаган, Самурадан ҳам шу мазмунда ривоят қилинган). Бу эса ўлик ерни қўрғонлаб олган одам унга эгалик қилишга ҳақли бўлишига далил бўлади. Бундаги мўътабар миқдор – луғатда девор деб номланадиган, яъни, кўрган киши уни девор деб айтадиган бўлишидир. Аммо, агар ўлик ер атрофига айлантириб тош ё тупроқ тўкса ё устидан бемалол хатлаб ўтиш мумкин бўлган паст девор билан ўраса ёки унинг атрофига хандақ қазиб чиқса, бу билан унга эгалик қилолмайди. Лекин, уни тирилтиришга (ўзлаштиришга) бошқалардан кўра ҳақлироқ бўлади. Тирилтирмасдан туриб сотиши жоиз бўлмайди.
  2. Ўлик ерга қудуқ қазиса ва сувга етиб борса, уни тирилтирган ҳисобланади. Агар қудуқ қазиса-ю, сувгача етиб бормаса, бу билан эгалик қилолмайди. Лекин, уни ўзлаштиришга бошқалардан кўра ҳақлироқ бўлади. Чунки, уни ўзлаштиришга ҳаракат бошлаб қўйган бўлади.
  3. Агар ўлик ерга булоқ ё анҳордан сув тортиб келса, шу билан уни тирилтирган бўлади. Чунки, сувнинг фойдаси ер учун девор олгандан кўра кўпроқдир.
  4. Агар ўлик ерга келаётган, зироат учун етарли бўлмаган оз миқдордаги сувни тўсиб, бир жойга йиғса ва у ер шу сув билан экин экилишга яроқли бўлса, уни тирилтирган бўлади. Чунки, ерга бунинг фойдаси далилда келган девор билан ўраб олишнинг фойдасидан кўра кўпроқдир.

Баъзи уламолар фикрларига кўра, ўлик ерни тирилтириш учун умумий ва аниқ чекланган қонун-қоидалар йўқ. Балки, бунда урфга қаралади. Одатда одамлар нима ишни ерни тирилтириш деб санасалар, ўша ишни қилиш билан ерга эгалик ҳосил бўлаверади. Ҳанбалий уламолардан бир жамоаси шу фикрни ихтиёр қилганлар.

Мусулмонлар имоми (халифа, ҳоким) ерни уни тирилтирган одамга ажратиб беришга ҳақлидир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол ибн Ҳорисга Ақиқни берганлар (Байҳақий (4/152) Билол ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилган), Воил ибн Ҳужрга Ҳазрамавтдан ер берганлар (Абу Довуд (3058), Термизий (1381) Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), Умарга, Усмонга ва бошқа бир неча саҳобаларга ер ажратиб берганлар (Байҳақий (6/145) ривояти). Лекин, ерни бўлиб беришнинг ўзи билангина то уни тирилтирмагунча унга эгалик ҳосил бўлмайди, бироқ шунда ҳам бошқалардан кўра у ерга эагилкка лойиқроқ бўлади. Агар тирилтирса, эгалик қилади, тирилтиришдан ожиз бўлса, имом уни қайтариб олиб, тирилтиришга қодир бўлган бошқа бировга беришга ҳақли бўлади. Чунки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлиб берилган ерларни тирилтиришдан ожиз бўлганлардан қайтариб олиб қўйганлар (Масалан, Билол ибн Ҳорисдан Ақиқни олиб қўйганлар. Қаранг: Сунанул-Байҳақий: 6/148, 149).

Ўлик ердан бошқа мубоҳ бўлган бирон нарсани, масалан, ўтин, ов каби нарсани бошқалардан олдинроқ қўлга киритган киши унга эгалик қилишга ҳақли бўлади.

Агар одамларнинг ер-мулклари оралаб мубоҳ сув, яъни бировга мулк бўлмаган, анҳор ва водий суви каби умумий сув ўтадиган бўлса, юқори тарафдаги ер эгаси у билан ерини суғоришга ва сувни то тўпиққа (ошиққа) чиққудек даражада ушлаб туриб, кейин ўзидан кейинги ерга ўтказишга ҳақли бўлади. Кейинги ер эгаси ҳам ана шундай қилиб, кейин ўзидан кейингига ўтказиши мумкин. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Суғор, эй Зубайр! Кейин сувни то жадрга (яъни, деворнинг асосига) етгунича ушлаб тур», деганлар (Бухорий (2359), Муслим (2357) Зубайрнинг бир ансорий билан бўлган воқеаси ҳақида Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Абдурраззоқ Маъмардан, у Зуҳрийдан ривоят қилишича: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сўнг сувни то жадрга етгунича ушлаб тур» деган сўзларини текшириб кўрган эдик, тўпиққача экани маълум бўлди» (Бухорий (2362) Зуҳрийдан ривояти).

Яъни, улар мазкур қиссада айтилган жадр (девор асоси, пойдевор)ни ўлчаб, унинг тўпиқ баробарида бўлишини аниқлаганлар ва сувни ушлаб туриб, кейин қўшнисига ўтказиш учун шу миқдорни меъёр қилиб белгилаганлар. Абу Довуд ва бошқалар Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан (Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадаги машҳур «Сайли маҳзуз»да: «Сувни то тўпиққа етгунча ушлаб туришга, кейин уни паст тарафдаги қўшнига ўтказишга» ҳукм қилганлар (Абу Довуд (3639), Ибн Можа (2482) ривоятлари).

Аммо, агар сув эгалик бўлса, уни эгалари ўртасида ер-мулкларига қараб, тақсимланади ва ҳар бир киши ўзининг ҳиссасидан ўзи истаганидек фойдаланади.

Мусулмонлар имоми мусулмонларнинг байтул-молига тегишли чорва ҳайвонлари, чунончи жиҳод учун боқилаётган отлар ёки закотга келган туялар ўтлаши учун алоҳида яйловни ажратиб қўйишга ҳақли, бироқ бу мусулмонларга танглик етказмаслиги ва уларга зарар келтирмаслиги шарти биландир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нақиъни мусулмонларнинг отлари учун ажратиб қўйдилар» (Аҳмад (2/155, 157, №6438, 6464), Бухорий (2370) ривоят қилганлар).

Имом ўлик (эгасиз) ердаги ўт-ўланларни зарур бўлса ва агар шу билан мусулмонларга зарар етмайдиган бўлса, закот ва жизя туялари ва жиҳод отлари ўтлаши учун ажратиб қўйиши жоиз.