Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёлнинг нафақасини ва тақсимини соқит қиладиган нарсалар ҳақидаги боб

3658 марта кўрилган

Аёл агар эрининг изнисиз сафар қилса, ёки унинг изни билан ўзининг зарурий бир ҳожати учун сафар қилса, у ҳолда эрнинг зиммасидаги унга тегишли нафақа ва тақсим ҳаққи соқит бўлади. Чунки, агар сафари эрининг изнисиз бўлса, итоатсизлик қилган бўлади. Агар сафари эрининг изни билан ўзининг зурурий ҳожати учун бўлса, эри ундан фойдалана олмаслигига у сабабчи бўлган бўлади.

- Агар эр аёлини ўзи билан бирга сафарга чиқишини истаса-ю, аёли кўнмаса, унга нафақа лозим бўлмайди. Чунки, у бу иши билан итоатсизлик қилди.

- Агар аёл эри билан бирга ётишдан бош тортса, эрнинг зиммасида бўлган аёлнинг нафақа ва тақсим ҳаққи соқит бўлади.

Эркак киши аёлларидан бировининг уйига унинг навбати бўлмаган кечада, шунингдек кундузида ҳам заруратсиз ва ҳожатсиз кириши мумкин эмас

Бир аёл ўзининг навбати кунини эрнинг изни билан кундошларидан бирортасига ҳадя қилса ёки эрга ҳадя қилса ва эр уни бошқа бир аёлига белгиласа, жоиздир. Чунки, бундаги ҳақ иккаласига тегишли бўлиб, бу ҳадяга иккаласи ҳам рози бўлган бўлади. Савда розияллоҳу анҳо ўз тақсим кунларини Оиша розияллоҳу анҳога ҳадя қилганлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога икки кунни ажратардилар (Бухорий (2593) ва Муслим (1463) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Агар ўз навбати кунини ҳадя қилган аёл бундан қайтса ва ўз тақсимини талаб қилса, эр келгусида унга ҳам тақсим қилади.

- Аёл киши эрининг зиммасидаги ўз нафақаси ва тақсими ҳаққидан кечиб, фақат эри уни ўз никоҳида сақлаб туришини сўраса жоиз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир бўлишидан қўрқса, у иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олишлари зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир» (Нисо: 128).

Оиша розияллоҳу анҳо ушбу оят мазмунида айтадилар: «У эрнинг қўл остида бўлган бир аёлки, эр уни кўп ҳам хушламай қолган ва талоқ қилишни истайди. Шунда у: «Мени никоҳингизда қолдиринг, талоқ қилманг, мен нафақа ва тақсимдан воз кечаман», дейди (Бухорий (5206) ва Муслим (3021) ривоятлари).

Савда розияллоҳу анҳо кексайиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ажралиб кетишларидан қўрқиб, ўз кунларини Оиша розияллоҳу анҳога бергандилар (Абу Довуд (2135) ривояти).

Қиз хотинга уйланган ва бошқа аёли ҳам бўлган киши унинг ҳузурида етти кун туради, сўнг бошқа аёлларига навбат билан айланади, бу етти кунни ҳисоб қилмайди. Жувон хотинга уйланса, унинг ҳузурида уч кун туради ва кейин бошқа хотинларига айланади, бу уч кунни ҳисоб қилмайди. Чунки, Абу Қилоба Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича: «Суннат шуки, эркак киши жувон устига қизга уйланса, унинг ҳузурида етти кун туриб, кейин тақсимни бошлайди. Жувонга уйланса, унинг ҳузурида уч кун туриб, кейин тақсимни бошлайди». Абу Қилоба: «Агар истасам, буни Анас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан марфуъ ривоят қилган, деган бўлардим», деди (Бухорий (524) ва Муслим (1461) ривоятлари).

- Агар жувон хотин ҳам эри унинг ҳузурида етти кун туришини истаса, эр шундай қилиши мумкин. У ҳолда бошқа кундошлариникида ҳам шунча кундан туради ва сўнг бир кечадан қилиб тақсимни бошлайди. Чунки, Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланганларида унинг ҳузурида уч кун қолдилар ва: «Сиз сабабли аҳлингизга хорлик етмайди (яъни, уч кунгина туришим сизга рағбатсизлигимдан эмас), агар истасангиз, сизга етти кунни ажратаман. Бироқ, сизга етти кун қилсам, бошқа аёлларимга ҳам етти кун қиламан», дедилар (Муслим (1460), Аҳмад (6/295, №26529) ривоятлари).

Бу мавзуга тааллуқли масалалардан яна бири нушуз – қайсарлик ва итоатсизлик, яъни, аёл киши зиммасида фарз бўлган эрининг ҳаққини бермаслиги масаласидир. Нушуз «дўнглик, тепалик» маъносидаги «нашз» сўзидан олинган бўлиб, аёл киши гўё ўзига фарз қилинган яхшилик билан ҳаёт кечиришдан катталик қилиб, ўзини юқори тутгандек бўлади.

Аёл киши арзирли сабабсиз ўзини бундай тутиши ҳаром бўлади. Агар эр аёлидан нушуз аломатларидан бирон нарсани топса, яъни, масалан, аёли унинг жинсий рағбатига ижобат қилмаса, ёки талаб қилганида пайсалга солса, бу ҳолда унга насиҳат қилади, Аллоҳдан қўрқитади, унинг зиммасидаги ўзининг ҳаққини эслатади ва агар ҳаққини бермаса гуноҳкор бўлишини айтади. Шунда ҳам қайсарлигида давом этса, эр у билан бирга ётмай қўяди ва уч кунгача унга гапирмайди. Шундан кейин ҳам ўжарлигида давом этса, уни жонини ачитмайдиган қилиб уради. Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар) уринглар» (Нисо: 34).

Агар эр ҳам, хотин ҳам ўзига жуфти томонидан зулм етганини даъво қилса ва ўрталарини ислоҳ қилиш имкони бўлмаса, ҳоким (қози) уларнинг ҳар иккисининг хонадонидан бўлган икки одил ҳакамни юборади. Чунки, қариндошлари уларнинг ички иллатларидан яхшироқ хабардор ва уларнинг фойдаларини кўзлаш ва омонатдорликка яқинроқдирлар. Бу иккала ҳакам ислоҳни ният қилишлари лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр томонидан бир ҳакам, хотин томонидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта Аллоҳ билувчи ва хабардор бўлган зотдир» (Нисо: 35). Иккала ҳакам эваз билан ёки эвазсиз уларни бириктириш ёки ажратишдан қайси бирини яхши деб билсалар, муаммони ҳал қилишда уларнинг сўзига амал қилинади, валлоҳу аълам.