Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Никоҳ тўйи – валима ҳақидаги боб

3953 марта кўрилган

Валима луғатда тўпланиш, тўлишиш маъноларида бўлиб, эркак ва аёл турмуш қуриб бирлашгани учун кейинчалик бу маъно никоҳ муносабати билан қилинадиган зиёфат маъносига кўчган. Луғатда ҳам, уламолар урфида ҳам никоҳ зиёфатидан бошқа зиёфатга валима деб айтилмайди.

Валиманинг ҳукми – уламолар иттифоқи билан суннатдир. Баъзилар уни вожиб ҳам дейишган. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга буюрганлар, унга чорланганда ижобат қилиш вожиб. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу уйлангани ҳақида айтганида: «Бир қўй сўйиб бўлса ҳам валима қилинг», деганлар (Бухорий (5155) ва Муслим (1427) ривоятлари). Бу имконияти бор одам учундир. Йўқса, қурби етганича валима қилиши мумкин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Софийя розияллоҳу анҳога уйланганларида ҳайс (ун, сарёғ, қурутни аралаштириб тайёрланган егулик) билан валима берганлар. Бу эса қўй сўймасдан ҳам валима қилса бўлишига далил бўлади.

Валимада (яъни никоҳ тўйида) исрофга йўл қўйиш, ҳозирги даврда одамлар қилишаётгани каби кўплаб қўйлар ва туялар сўйиш, дабдаба учун ортиқча кўп таомлар ҳозирланиб, кейин уларни ахлатга ташлаб юборишлар жоиз эмас, шариат бундай қилишдан қайтарган, соғлом ақл ҳам буни сиғдиролмайди. Бундай қилувчиларга ва шунга рози бўлиб қараб турган кишиларга азоб-уқубат ва неъматнинг заволи бўлиши хавфи бор. Қолаверса, бу валималар аксарият ҳолларда кибр ва манманлик каби мункар ишлардан ҳам саломат бўлмайди.

Кўпинча бундай тўй зиёфатлари ресторанларда қилинади, уларда сатр авратга бепарво қаровчи аёллар ҳам иштирок этиши ва уларнинг эркаклар билан аралашиб юришлари кузатиладики, бунинг ёмон оқибатларидан ҳам омонликда бўлинмайди. Бу зиёфатлар одатда куй-қўшиқлар билан ўтади ва уларга фосиқ қўшиқчиларни ҳамда аёллар ва келин-куёвни суратга туширадиган фожир тасвирчиларни жалб қилинади.

Бу зиёфатларга кўплаб пул-моллар бефойда, балки фасод ишлар учун сарфланади. Бундай ишларни қилаётган кишилар Аллоҳдан қўрқсинлар. Аллоҳ таоло айтади: «Биз қанча маишати ҳаддан ошган қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилдик» (Қасас: 58), «Еб-ичинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилувчи кимсаларни севмас» (Аъроф: 31), «Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, Ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар» (Бақара: 60). Бу ҳақда бундан бошқа ҳам жуда кўп оятлар бор.

Никоҳ тўйи зиёфатига чақирилган киши агар унда қуйидаги шартлар топилса, ижобат қилиши фарз бўлади:

Биринчи шарт: У шу муносабат билан қилинаётган биринчи зиёфат бўлиши керак. Агар бир муносабат билан такрор-такрор зиёфат қилинса, биттадан ортиғига ҳозир бўлиш фарз бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Валима биринчи куни ҳақ (вожиб), иккинчиси маъруф (яхшилик), учинчиси риё ва сумъадир», деганлар (Абу Довуд (3745), Ибн Можа (1915) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қолган кунлари ҳам зиёфат қилиш одат бўлган тақдирда ҳам, одатдан ортиқ еб-ичиш ва жонлиқлар бўғизлаш ҳаромдир. Агар яна шундай қилса, таъзир берилади» (Ал-фатавал-кубро: 4/560).

Иккинчи шарт: Чорловчи (зиёфат эгаси) мусулмон бўлиши керак.

Учинчи шарт: Чорловчи маъсиятларни очиқ-ошкор қилиб юрадиган осий кимсалардан бўлмаслиги керак.

Тўртинчи шарт: Чорловчи уни алоҳида чорлаган бўлиши, чорлов умумий бўлмаслиги керак.

Бешинчи шарт: Валимада маст қилувчи ичимлик, куй-қўшиқ, мусиқа ва отарчилар каби мункар нарсалар бўлмаслиги керак.

Мана шу шартлар топилган валимага чорланган киши унга бориши лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Энг ёмон таом – келган одамларни ман қилинадиган ва истамаган (яъни, тўқ) одамларни чақириладиган валимада берилган таомдир. Ким чорловни қабул қилмаса, Аллоҳ ва Расулига осий бўлибди», деганлар (Бухорий мухтасар шаклда (5177) ва Муслим (1432) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Никоҳни эълон қилиш, яъни у ҳақда хабар тарқатиш ва билдириш суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Никоҳни эълон қилинглар», деганлар (Термизий (1089), Ибн Можа (1895), Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Бир лафзда: «Никоҳни изҳор қилинглар», дейилган (Байҳақий (7/290) ривояти).

Уни эълон қилиш учун дуф (шилдироқсиз доира) чалиш суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳалол (яъни овоза қилинган никоҳ) билан ҳаром (яъни бузуқлик) ўртасини ажратиб турувчи нарса овоза ва дуфдир», деганлар (Насоий (3369), Термизий (1088), Ибн Можа (1896), Аҳмад (3/418, №15451) Муҳаммад ибн Ҳотиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).