Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Саҳв саждаси ҳақида боб

4123 марта кўрилган

Инсон унутиш ва эсдан чиқаришга учраб туради, шайтон унинг фикрини сочиб, намозидан чалғитишга тинмай ҳаракат қилади, кўпинча шунинг натижасида намозда зиёдалик ёки нуқсон бўлиб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло мана шундай ҳолга тушган намозхонга шайтоннинг адабини бериш, камчиликнинг ўрнини тўлдириб қўйиш ва Раҳмонни рози қилиш учун намозининг охирида уламолар саҳв саждаси деб номлашган саждани қилишни машруъ қилди.

Саҳв – унутиш маъносидадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам намозда саҳв қилганлар, бироқ у зотнинг саҳвлари уммат учун Аллоҳнинг жуда катта неъмати ва динларини мукаммаллашишига сабаб бўлган, шу билан улар унутиб, адашган пайтларида нима қилиш кераклигини билиб олган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намозда саҳв қилиш ҳолатлари бир неча бор содир бўлган. У зот икки ракъатда салом бериб қўйиб, сажда қилганлар (Бухорий (482), Муслим (573) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар), уч ракъатда салом бериб қўйиб, сажда қилганлар (Муслим (573) Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган), икки ракъатдан кейин эсларида йўқ ташаҳҳуд ўқимасдан туриб кетиб, сажда қилганлар (Бухорий (829), Муслим (570) Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар) ва ҳоказо. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бир киши саҳв қилиб, бир ракъат ўқидими ё икки ракъатми, билмаса, бир ракъатга бино (яъни ҳисоб) қилсин. Агар икки ракъат ўқидими ё уч ракъат ўқидими, билмаса, икки ракъатга бино қилсин. Агар уч ракъат ўқидими ё тўрт ракъатми, билмаса, уч ракъатга бино қилсин ва салом беришидан олдин икки бор сажда қилсин» (Термизий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3/341).

Қуйидаги уч ҳолатдан бирида саҳв саждаси қилиш машруъ бўлади:

1) Саҳв туфайли намозни зиёда қилса.

2) Саҳв туфайли намозни камайтириб қўйса.

3) Зиёда ё кам ўқигани хусусида шубҳа қилиб қолса.

Далил келганидек, мана шу уч ҳолатда сажда қилади, ҳар бир зиёдалик, нуқсон ва шакда сажда қилавермайди.

Сабаби мавжуд бўлганда саҳв саждаси қилади, намози фарз бўладими, нафлми, фарқсиз. Чунки, далил умумий келган.

Саҳв саждаси қилиш машруъ бўлган ҳолатларнинг биринчиси – намоздаги зиёдалик ҳолати бўлиб, зиёдалик феълларда ёки қавлларда (оғзаки ўқиладиган нарсаларда) бўлиши мумкин:

Феъллардаги зиёдалик агар намознинг жинсидан бўлган зиёдалик бўлса, масалан ўтириш керак бўлган ўринда туриб кетса ёки туриш керак бўлган пайт ўтириб олса, ёки рукуъ ва сужудни зиёда қилиб юборса, буни саҳв билан – унутиб қилган бўлса, саҳв саждаси қилади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши намозида зиёда қилса ёки камитса, икки марта сажда қилиб қўйсин», деганлар (Имом Муслим (573/96) ривояти). Чунки, намоздаги зиёдалик маънода унинг ҳайъати-кўриниши учун нуқсондир, шу боис нуқсонни тўлдириш мақсадида сажда қилиш машруъ бўлди.

Шунингдек, унутиб бир ракъат ортиқча ўқиса ва буни ўқиб бўлгач билса, саҳв саждаси қилади. Аммо, агар ўша ортиқча ракъатни ўқиётган пайт билиб қолса, дарҳол ўтириб, агар ташаҳҳуд ўқимаган бўлса ташаҳҳуд ўқиб, саҳв саждаси қилади, сўнг салом беради.

Агар имом бўлиб ўқиётган бўлса, маъмумлар орасидан зиёдаликни пайқаб қолган киши уни огоҳлантириши лозим, огоҳлантириш эркаклар томондан тасбеҳ айтилиш, аёллар томонидан эса чапак чалиниш билан бўлади. Шунда имом агар ўзининг ҳақлигига жазм қилмаса, уларнинг танбеҳларига ён бериши лозим бўлади. Чунки, бундай қилиш ҳаққа қайтиш бўлади. Худди шунга ўхшаш, камайтириб қўйган ҳолда ҳам уни огоҳлантиришлари лозим бўлади.

Аммо, қавлда зиёдалик бўлса, масалан, рукуъ ва сужудда қироат қилиб қўйса ёки тўрт ракъатли (фарз) намозларнинг кейинги икки ракъатида, шомнинг учинчи ракъатида (Фотиҳадан кейин) бирон сурани қироат қилса, буни саҳван-унутиб қилган бўлса, саҳв саждаси қилиши мустаҳаб бўлади.

Саҳв саждаси қилиш машруъ бўлган ҳолатларнинг иккинчиси – унутиб намоздан бирон нарсани тарк қилиш билан уни камитиб қўйса, агар камитган нарсаси намознинг рукни бўлса ва бу рукн такбиратул-иҳром бўлса, унинг намози намоз бўлмайди ва саҳв саждаси билан тузалмайди. Агар тарк қилинган рукн такбиратул-иҳромдан бошқа рукн, масалан, рукуъ ё сужуд бўлса ва уни тарк қилганини кейинги ракъатнинг қироатига киришишдан олдин билиб қолса, орқага қайтиши ва ўша рукнни ва ундан кейинги амалларни қилиши вожиб бўлади. Аммо, уни тарк қилганини кейинги ракъатнинг қироатини бошлаб қўйганидан кейин билиб қолса, ўша рукн тарк қилинган ракъат бекор бўлади ва кейинги ракъат унинг ўрнига тушади.

Агар тарк қилинган рукнни салом берганидан сўнг билса, уни тўла бир ракъатни тарк қилиш деб эътибор қилади. Агар ўртада кўп вақт ўтмаган бўлса ва таҳорати кетмаган бўлса, тўла бир ракъат ўқийди, кейин саҳв саждаси қилиб, сўнгра салом беради. Агар ўртада анча вақт ўтган бўлса ёки таҳорати синган бўлса, намозни бошқатдан ўқийди. Борди-ю, тарк қилинган рукн охирги ташаҳҳуд ёки салом бериш бўлса, уни тўла бир ракъатни тарк қилиш деб эътибор қилмайди, балки ўша тарк қилинган амални қилиб, саҳв саждаси қилгач, салом беради.

Агар биринчи ташаҳҳудда ўтиришни унутиб, учинчи ракъатга туриб кетса, ҳали тўла туриб улгурмаган бўлса, қайтиб ташаҳҳудга ўтиради. Агар тўла қад ростлаган бўлса, қайтиши макруҳдир, аммо қайтса намози бузилмайди. Агар кейинги ракъатнинг қироатини бошлаб қўйган бўлса, орқага қайтмайди. Чунки, у рукнга киришган бўлиб, уни бўлмайди. Агар рукуъ ё сужуддаги тасбеҳни тарк қилган бўлса, кейинги ракъатга тўла туриб кетмаган бўлса, қайтиб, уларни ўқиши лозим. Ушбу ҳолатларнинг барчасида саҳв саждаси қилади.

Саҳв саждаси қилиш машруъ бўлган ҳолатларнинг учинчиси – намозда шак қилиб қолиш ҳолатидир. Агар ракъатлар сонида шак қилса, яъни икки ракъат ўқидими, уч ракъатми, билмай қолса, озига бино (яъни, ҳисоб) қилади. Чунки, ози (яъни, икки ракъат ўқигани) аниқ, кўпи (яъни, уч ракъат ўқигани) эса шубҳалидир. Сўнг саломдан олдин саҳв саждаси қилади. Бунга далил Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиски: «Агар сизлардан бир киши намозида шак қилиб, бир ракъат ўқидими ё икки ракъатми, билмаса, уни бир ракъат (деб ҳисоб) қилсин. Агар икки ракъат ўқидими ё уч ракъат ўқидими, билмаса, икки ракъат (деб ҳисоб) қилсин» (Аҳмад (1/190, №1656), Термизий (398), Ибн Можа (1209) Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан, Муслим (571) ва Термизий (396) Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоятлари).

Агар маъмум имомга биринчи ракъатдан эргашдими, иккинчи ракъатдами, шак қилиб қолса, иккинчи ракъатдан эргашган деб ҳисоб қилади. Ёки биринчи ракъатга етган ё етмаганида шак қилса, ўша ракъатни ҳисоб қилмайди ва саҳв саждаси қилади.

Агар рукнни тарк қилганлигида шак қилиб қолса, уни тарк қилган деб ҳисоблайди ва ўша рукнни ва ундан кейинги амалларни юқорида батафсил айтилганидек, адо қилади.

Агар вожибни тарк қилганликда шак қилса, бу шакни эътибор қилмайди ва саҳв саждаси ҳам қилмайди. Шунингдек, зиёдалик тўғрисида шак қилса ҳам, бу шакка эътибор бермайди. Чунки, асл-асос зиёда эмаслигидир.