Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Жанозага доир аҳкомлар ҳақидаги боб

5621 марта кўрилган

Шариатимиз – Аллоҳга ҳамдлар бўлсин – инсоннинг ҳаётлик пайтидаги фойдаларини ҳам, вафотидан кейинги фойдаларини ҳам ўз ичига олган комил шариатдир. Аллоҳ таоло шаръий қилган ўлим ва жанозага доир аҳкомлар – беморликдан тортиб, жон таслим қилиш ва қабрга қўйишгача бўлган ишлар, беморнинг ҳолидан хабар олиш, унга калимаи шаҳодатни талқин қилиш, вафотидан кейин ювиш, кафанлаш, жаноза намози ўқиш, дафн қилиш, унинг ортидан қарзларини ўташ, васиятларини адо этиш, меросини тақсимлаш, етим қолган сағирларини кафолатга олиш каби ҳукмлар мазкур фойдалар жумласига киради.

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлим ва жанозалар хусусида тутган йўллари энг комил, бошқа умматларнинг йўлларидан фарқли йўл бўлиб, Аллоҳ таолога тўла бандаликни бажо келтириш, маййитга яхшилик қилиш, унга қабрида ҳам, охиратда ҳам манфаати тегадиган: беморлигида кўриш, калимаи шаҳодатни талқин қилиш, энг яхши ва афзал сифатларда ювиш ва кафанлаш каби ишларни қилишни ўз ичига олган эди. Унинг жанозасида саф тортиб турадилар, Аллоҳга ҳамду сано айтадилар, Унинг пайғамбарига саловоту салом йўллайдилар, маййитга мағфират ва раҳмат тилайдилар, сўнг унинг қабри устида унга Аллоҳдан сабот тилаб турадилар, кейин эса тириклигида ҳолидан хабар олиб турганлари каби энди қабрини зиёрат қиладилар, ҳаққига дуолар қиладилар, унинг аҳлига ва яқинларига яхшиликлар қиладилар» (Зодул-маъод:1/479).

Ўлимни кўп эслаш, гуноҳлардан тавба қилиш, бировларнинг ноҳақлик билан қўлга киритилган нарсаларини ўз эгаларига қайтариш, ўлим ғафлатда қолдириб ҳужум қилмасидан туриб, солиҳ амалларга шошилиш орқали ўлимга ҳозирлик кўриш суннатдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Лаззатларни кесувчи (ўлим)ни кўп эсга олинглар!» (Термизий (2307), Насоий (1823), Ибн Можа (4258), Аҳмад (2/292, №7925), Ибн Ҳиббон (7/259, №2992), Ҳоким (4/321) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар!», дедилар. Шунда биз: «Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ҳаё қиламиз», дедик. «Уни назарда тутмадим. Балки, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш – бош ва ундаги аъзоларни, қорин ва унинг ичидагиларни сақлаш, ўлиш ва чиришни ёдга олишдир. Охиратни танлаган банда дунё зийнатини тарк этади. Ким ана шундай йўл тутса, дарҳақиқат Аллоҳдан ҳаё қилибди», дедилар (Термизий (2463) ривояти).

1) Бемор ҳамда ўлим соати яқинлашиб қолган кишига доир ҳукмлар

Инсон бирон дардга дучор бўлса, аввало, сабр қилиши, ажр умид қилиши, жазавага тушмаслиги ва Аллоҳнинг қазо ва қадаридан нолимаслиги лозим. Бировларга дардини айтиши ва қандай касалга гирифтор эканидан хабар беришида бирон гуноҳ бўлмайди. Фақат, Аллоҳнинг қазосига рози бўлган, шикоятини фақат Аллоҳнинг ўзига қилган, шифони Унинг ўзидан талаб қилган ҳолда бўлса, бу нарса сабрга зид келмайди. Балки, бундай қилиш шаръан матлуб ва мустаҳабдир. Мана, Айюб алайҳиссалом Парвардигорига илтижо қилиб: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғидирсан», деди (Анбиё: 83).

Шунингдек, мубоҳ – шаръан рухсат берилган дори-дармонлар билан даволаниш мумкин. Ҳатто, баъзи уламолар бунинг зарур ва шарт эканини ҳам айтиб, фарзга яқинлаштириб қўйганлар. Мусаббабларни сабабларга боғлиқ эканини исбот қилувчи ва даволанишга буюрувчи ҳадислар келган, уларда бундай қилиш таваккулга зид бўлмаслиги ва бу худди очлик ва ташналикни емак-ичмак билан даф қилишга ўхшашлиги баён қилинган.

Ҳаром билан даволаниш мумкин эмас. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши: «Аллоҳ таоло шифоларингизни сизларга ҳаром бўлган нарсаларда қилмади», дейдилар (Бухорий №5614 ҳадисдан олдин таълиқ қилиб келтирган).

Абу Довуд ва бошқалар Абу Дардо розияллоҳу анҳудан марфуъан келтирган ҳадисда: «Аллоҳ таоло дардни ҳам, давони ҳам туширган ва ҳар бир дарднинг давосини қилган. Шундай экан, даволанинглар, бироқ ҳаром билан даволанманглар!» (Абу Довуд (3874) ривояти).

«Саҳиҳ Муслим»да хамр (ароқ) ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У даво эмас, балки дарддир», деганлар (Муслим (1984) Ториқ ибн Сувайд ал-Жуъфий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Шунингдек, ақидага халал етказадиган нарса билан ҳам даволаниш жоиз эмас. Ширкий сўзлар ё мажҳул исмлар ё тилсимларни ўз ичига олган туморлар тақиш, шифо ҳамда бало-қазодан ва кўздан сақланиш эътиқоди билан билакка ё бошқа жойига мунчоқ, ип, латта, ҳалқа каби нарсаларни боғлаб олишлар шу жумладандир. Чунки, бунда қалб фойдани келтириш ва зарарни даф қилишда Аллоҳдан бошқага боғланиб қолади. Буларнинг бари ширк ёки унга олиб борувчи воситалардир.

Фолбин, мунажжим, сеҳргар ва жинкаш каби фирибгарлар қўлида даволаниш ҳам шу жумлага киради. Зотан, мусулмон киши учун унинг ақидаси саломатлигидан муҳимроқ бўлиши даркор.

Аллоҳ таоло шифони баданга, ақл ва динга манфаатли бўлган нарсаларда қилди. Буларнинг энг аввалида Қуръони карим, у билан ва шаръий дуолар билан руқя қилиш (дам солиш) туради.

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хайру эҳсонлар қилиш, зикр, дуо, тазарруъ, Аллоҳга илтижо ва тавбалар қилиш ҳам касалликнинг энг катта даволаридандир. Бу ишларнинг касални даф қилиш ва шифо ҳосил бўлишида нафснинг бунга ҳозирлиги ва уни қабул қилишга тайёрлиги даражасига қараб, табиий дори-дармонлардан кўра таъсири кучлироқ бўлади» (Зодул-маъод: 4/130).

Шифохоналарда бўлсин ё бошқа жойда бўлсин, касалликни яхши билувчи ва тўғри ташхис қўя олувчи табиблар қўлида ҳалол дори-дармонлар воситасида даволанишнинг зарари йўқдир.

Бемор кўриш ҳам суннатдир. «Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис тўпламларида келганки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кишининг мусулмон биродари устида бешта хаққи бор: Саломига алик олиш, касал бўлса зиёрат қилиш, (вафот этса) жанозасига қатнашиш, чақирса бориш ва аксирса (кейин алҳамдулиллаҳ деса) ярҳамукаллоҳ дейиш», дедилар (Бухорий (1240) ва Муслим (2162) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Беморни зиёрат қилганда унинг ҳолини сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморга яқин келиб, ундан ҳол сўрардилар.

Зиёрат кун ора ёки икки кун ўтказиб қилинса, яхши бўлади. Агар бемор ўзи хоҳласа, ҳар куни зиёрат қилиш ҳам мумкин. Зиёрат пайтида бемор ўзи зўрламаса, кўп ўтирмаган маъқул.

Беморга: «Ла баъса алайк, тоҳур иншооллоҳ» (Ҳеч қиси йўқ, иншааллоҳ, бу касаллик гуноҳлардан покланишга сабаб), дейди (Бухорий (3616) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Бемор кўнглига шодлик улашади, унга шифо сўраб дуо қилади, Қуръон ўқиб, хусусан, «Фотиҳа», «Ихлос» ва икки «Қул аъувзу» билан дам солади.

Бемор молидан бир қисмини яхшилик ишларига васият қилиши суннатдир. Қарз олди-бердиларини, зиммасида бўлган омонатларни васият қилиши вожиб бўлади. Бундай қилиш аслида, ҳар бир соғлом одамдан ҳам матлуб бўлган ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Васият қилмоқчи бўлган бирон нарсаси бор мусулмон киши олдида васияти ёзилмаган ҳолда икки кечани ўтказиши дуруст эмас», деганлар (Бухорий (2738) ва Муслим (1627) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Икки кечани зикр қилишлари таъкид учун, чегаралаш учун эмас. Имкон қадар тезроқ васияти ёзилган бўлиши лозим, чунки инсон ажали қачон етишини билмайди.

Бемор киши Аллоҳга яхши гумонда бўлмоғи керак. Чунки, Аллоҳ таоло: «Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги ўйидаман» (яъни, мени қандай гумон қилса, шундайман), дейди (Бухорий (7405) ва Муслим (2675) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Ўлими яқинлашганини ҳис қилган пайтда бу яна ҳам таъкидлироқдир.

Беморни Аллоҳнинг раҳматидан умидвор қилиш суннатдир. Беморлик ҳолида ражо (умидворлик) ҳисси хавф ҳиссидан устун бўлмоғи лозим. Соғлик пайтида эса ҳар икки ҳис баробар бўлиши яхшидир. Чунки, хавф ҳисси кучлироқ бўлган одам бир нав умидсизликка тушиб қолиши мумкин, ражо ҳисси кучлироқ бўлса, Аллоҳнинг макри-азобидан бироз хотиржамлик ҳолатида бўлади.

Ўлими яқинлашиб қолган беморга ҳузурида бўлган киши «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни талқин қилиши (яъни унинг қулоғига айтиб туриши) суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Вафот этаётган кишиларингизга «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни талқин қилинглар», деганлар (Муслим (916) ривояти).

Бунинг сабаби – вафот этаётган киши калимаи ихлос устида вафот этиши ва бу унинг охирги сўзи бўлиб қолиши учундир. Муъоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадис борки: «Кимнинг охирги сўзи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлса, жаннатга киради» (Абу Довуд: (3116) ривояти).

Унга ушбу калимани мулойимлик билан талқин қилинади, қийнаб қўймаслик учун кўп қайтаравермайди.

Юзини қиблага қаратиб қўйиш суннатдир.

Олдида «Ёсин» сурасини ўқиб турилади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Вафот этаётган кишиларингизга «Ёсин»ни ўқинглар», деганлар (Абу Довуд (3121), Ибн Можа (1448), Ибн Ҳиббон (7/269, №3002) Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Ибн Ҳиббон саҳиҳ санаган). Яъни, вафоти ҳозир бўлган кишига ўқилади. Вафот этгандан кейин унга ўқилмайди. Маййитга ўлимидан кейин Қуръон ўқиш бидъатдир. Ўлими ҳозир бўлиб турган кишига ўқиш эса суннатдир.

Жаноза пайтида ёки қабр устида ёки маййитнинг руҳига атаб қироат қилишлар бари бидъатдир. Мусулмон киши суннатга амал қилиши, бидъатдан четланиши вожибдир.

2) Вафотга доир ҳукмлар

Инсон вафот этгач, унинг кўзларини юмиб қўйиш мустаҳабдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Салама розияллоҳу анҳу вафот этганида унинг кўзларини юмиб қўйганлар ва: «Руҳ олингач, кўз унинг ортидан эргашиб (қараб) қолади. (Маййит ҳақида) фақат яхши гапни гапиринглар. Чунки малоикалар сизлар айтаётган гапларга «амийн» деб турадилар», деганлар (Муслим (920) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган).

Маййитнинг усти бирон мато билан ўраб қўйилиши суннатдир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида яманий мато билан ўраб қўйилдилар» (Бухорий (5814) ва Муслим (924) ривоятлари).

Вафот этгани аниқ бўлгач, уни тезроқ дафнга ҳозирлаш лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кишининг мурдаси аҳли-оиласи олдида сақлаб турилиши лойиқ эмас», деганлар (Абу Довуд (3159) Ал-Ҳусойн ибн Ваҳваҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Чунки, бу билан маййитнинг жасадини бузилиш ва айнишига йўл қўйилмайди.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййитнинг ҳурмати уни (дафнини) тезлатишдир» (Ал-муғрий: 2/162).

Маййитнинг валийси ёки бирон яқин кишиси келишини кутиш билан жасад бузилиши хавфи бўлмаса, кутишнинг зарари йўқ.

Мусулмоннинг ўлими хабари эълон қилиниши мубоҳдир, токи уни дафнга тайёрлаш ва жанозасида ҳозир бўлишга кишилар шошилсинлар.

Аммо, маййитнинг ўлимини жазавалар билан ва унинг мақтовли сифатларини санаш билан эълон қилиш – жоҳилият феълидандир. Дафн маросимида нутқ сўзлаш ва мотамлар уюштириш ҳам шу қабилдаги ишлардан.

Маййитнинг васиятини тезроқ ижро қилиш мустаҳабдир, бунда ажрга тезроқ етишиш бордир. Аллоҳ таоло васиятнинг шаънига эҳтимом бериш ва уни ижро қилишга ундаш нуқтаи назаридан уни қарздан муқаддам зикр қилди.

Унинг қарзларини тезроқ ўтаб қўйиш лозимдир.

Хоҳ қарзи Аллоҳдан бўлсин, ҳаж, назр, тоат ёки каффорат каби.

Хоҳ одамлардан бўлсин, омонатлар ва бировларнинг ҳақларини қайтариш каби.

Хоҳ ўзи бу ҳақда васият қилган бўлсин, хоҳ васият қилган бўлмасин, фарқсиз.

Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўминнинг жони то қарзи адо этилмагунча қарзига боғланиб туради», деганлар (Аҳмад (2/440, №9679), Термизий (1079) ривоят қилган ва ҳасан деган). Ушбу ҳадис маййитнинг қарзи бўлса, уни тезроқ тўлаб қўйиш зарурлигига далолат қилади. Бу қарзини тўлашга етарли моли бўлган киши ҳақидадир. Аммо, кимнинг моли бўлмаган бўлса, ўзи қарзини тўлашга азм қилган ҳолда ўлган бўлса, Аллоҳ таоло уни ўтаб қўйишига далолат қилувчи ҳадислар келган.

3) Маййитни ювишга доир ҳукмлар

Жанозага доир ҳукмлардан бири – маййитни ювишдан хабардор ва бунга имконияти бор одам зиммасига уни ювиш вожиб бўлишидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда туясидан йиқилиб, туянинг оёқлари остида нобуд бўлган одам ҳақида: «Уни сув ва сидр билан ювинглар...», деганлар (Муттафақун алайҳ, Бухорий (1265), Муслим (1206) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Исломда маййитни ювиш сўзу амалда мутавотирдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдек покиза ва мутоҳҳар зот ҳам ювилганлар (Абу Довуд (3141), Ибн Можа (1464) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Шундай экан, бошқалар албатта ювилиши фарздир. Маййитни ювиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир.

Эркак кишини эркак киши ювади. Яхшиси ва афзали маййитни ювиш учун ишончли, ювиш тартиб-қоидаларини яхши билувчи одамни танланишидир. Чунки, бу ҳам ўзига хос кўринишга эга бўлган бир шаръий ҳукм бўлиб, уни шаръий жиҳатдан яхши билган одам тарафидан татбиқ қилиниши зарурдир. Маййитни ювиш учун энг муқаддам ўринда унинг васийси туради. Агар маййит ўзини бирон шахс ювишини васият қилган бўлса ва у шахс ишончли ва одил бўлса, у бунга энг ҳақли бўлади. Чунки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларини аёллари Асмо бинт Умайс ювишини васият қилганлар (Абдурраззоқ «Мусаннаф»ида (3/308, №6117), Ибн Аби Шайба (2/455, №10969), Байҳақий (3/397) ривоят қилганлар). Демак, аёл киши эрини ювиши, шунингдек, эркак киши ҳам аёлини ювиши жоиз бўлади. Анас розияллоҳу анҳу ўзларини Муҳаммад ибн Сийрийн ювишини васият қилганлар (Ибн Саъд «Табақот»да (7/19) ривоят қилган).

Маййитни ювишга васийсидан кейин унинг отаси энг лойиқдир. Чунки, ота ўз ўғлига нисбатан энг меҳрибон ва шафқатли одам саналади.

Сўнг бобоси ҳақлироқ, у ҳам юқоридаги маънода отага шерикдир.

Сўнгра бошқа яқин қариндошлари, улардан кейин бегона одамлар ҳақли бўладилар.

Лойиқликдаги бу тартиб мазкур айтиб ўтилганларнинг ҳаммаси ювиш тартиб-қоидаларини яхши билган ва буни ўзлари талаб қилган ҳолга тегишли. Акс ҳолда, ювиш аҳкомларини яхши биладиган кишилар билмайдиганлардан лойиқроқ бўладилар.

Аёл кишини аёл киши ювади. Аёл кишини ювишга энг лойиқ унинг васийясидир. Агар ўзини муайян бир аёл ювишини васият қилган бўлса, ўша аёлда бунга салоҳият бўлса, уни бошқалардан муқаддам қилинади. Ундан кейинги ўринда бошқа қариндош ва яқин аёллар туради.

Аёл кишини ювишга ҳақлилар мана шу тартибга кўрадир, эркак кишини ювишга ҳақлилар ҳақида юқорида айтиб ўтилди.

Эр хотинини, хотин эса эрини ювиши жоиздир. Чунки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларини рафиқалари ювишини васият қилганлар, Алий розияллоҳу анҳу эса Фотима розияллоҳу анҳони ювганлар (Абдурраззоқ (3/410, №6122), Дорақутний (2/232, №1827) ривоят қилганлар). Бу каби ҳолатлар бошқа саҳобалардан ҳам содир бўлган (Жумладан, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу (Байҳақий (3/397) ривоят қилган).

Етти ёшга кирмаган болани – хоҳ ўғил бола бўлсин, хоҳ қиз бола бўлсин – эркак киши ҳам, аёл киши ҳам ювиши жоиз. Ибнул Мунзир: «Биз билган барча аҳли илмлар аёл киши гўдак болани ювиши мумкинлигига ижмоъ қилганлар», дейди (Ал-авсат: 5/338). Чунки, гўдак боланинг тириклик пайтида ҳам аврати йўқ эди, ўлимидан кейин ҳам бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари Иброҳимни ҳам аёллар ювганлар.

Етти ёшдан юқори ўғил бола жасадини аёл киши ювиши жоиз эмас, шунингдек, етти ёшдан катта қиз бола жасадини эркак киши ювиши ҳам жоиз эмас.

Мусулмон киши кофир кимсани ювиши, тобутини кўтариши, кафанлаши, унга жаноза намози ўқиши, қабрига кузатиб қўйиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавм билан дўст бўлманглар!» (Мумтаҳана: 13). Ояти карима умумий ҳолида уларни ювиш, жанозасида иштирок этиш ва қабрига кузатиш ҳаромлигига далил бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Улардан биронтаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига ҳам бориб турманг! Чунки улар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига кофир бўлдилар ва итоатсиз ҳолларида ўлдилар» (Тавба: 84).

Яна айтади: «На пайғамбар ва на бу мўминлар — агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам — уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир» (Тавба: 113).

Уни дафн қилмайди, лекин кофирлар уни кўмиб қўйишга ярамасалар, жасади ҳидланиб, бировларга озор бермаслиги учун мусулмон киши уни бирор чуқурга ташлаб, кўмиб қўяди. Бадрда ўлдирилган мушрикларни қудуққа ташлаб юборилиши бунга далил бўлади (Бухорий (3976), Муслим (2874) Абу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Намозни қасддан тарк қилувчи муртаднинг, шунингдек, кофир қилиб қўювчи бидъат эгасининг ҳукми ҳам шундай.

Мусулмон кишининг кофирнинг тиригига ҳам, ўлигига ҳам муомаласи ана шундай, безорлик ва нафрат бўлмоғи керак.

Аллоҳ таоло Ўз халили Иброҳим алайҳиссалом ва у кишига эргашганлар ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтиргунларингизча сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар» (Мумтаҳана: 4).

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари га мухолифлик қилган кимсалар билан гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22).

Бунга сабаб – куфр билан иймон ўртасидаги адоват, кофирларнинг Аллоҳ ва Унинг расулларини ҳамда Унинг динини душман тутишларидир. Шундоқ экан, уларнинг тиригини ҳам, ўлигини ҳам асло дўст тутиш жоиз эмас.

Аллоҳ таолодан қалбларимизни ҳақда саботли қилишини ва бизларни тўғри йўлига ҳидоят қилишини сўраймиз.

Маййитни ювишга тоза ва мубоҳ (яъни, бировдан тортиб ё ўғирлаб олинмаган) сув ишлатилиши шарт қилинади. Афзали совуқ сув билан ювиш, бироқ, жасаддаги кирликни кетказиш учун зарур бўлса ёки қаттиқ совуқ кунларда илиқ сув ишлатиш мумкин.

Ювишни имкони борича кўзлардан яширин ва усти ёпиқ бўлган, уй, чодир каби жойда амалга оширилади.

Ювишдан олдин маййитнинг киндигидан тиззасигача ёпиб қўйиш вожибдир. Шундан сўнг унинг кийимларини ечилади ва сув ва чиққан нарсалар оқиб кетиши учун қияроқ қилиб қўйилган ювиш тахтасига оёғини пастга қилиб ёткизилади.

Ювишда ювувчи ва ёрдамчилар иштирок этадилар, бошқаларнинг ҳозир бўлиши макруҳдир.

Ювиш қуйидагича амалга оширилади: Ювувчи маййитнинг бошини кўтариб, ўтиришга яқин ҳолатга келтиради, сўнг унинг қорнини сал-сал босиб, силайди, шу билан чиқишга тайёр бўлиб турган нарса (ахлат) бўлса чиқиб кетади. Шу ҳолда чиққан нарсани сув оқизиб кетиши учун кўпроқ сув қуйиб юборади. Сўнг ювувчи қўлига дағалроқ латта ўраб, маййитни истинжо қилдиради ва остини сув билан поклайди.

Сўнг ювишни ният қилиб, бисмиллаҳ деб, намозга таҳорат қилгандек таҳорат қилдиради. Фақат мазмаза (оғиз чайқаш) ва истиншоқ (бурун чайиш) қилдирмайди, бунинг ўрнига маййитнинг тишлари ва бурун катакларини сувли қўли билан ёки намланган латта билан артиб қўяди.

Унинг оғзига ҳам, бурнига ҳам сув киритмайди. Кейин бошини ва соқолини сидр ёки совун кўпиги билан ювади.

Сўнг жасаднинг ўнг томонини, яъни, бўйиннинг ўнг қисмини, сўнг ўнг қўлини, сўнг ўнг кўкрагини, ўнг ёнини, ўнг сонини, ўнг болдир ва қадамини ювади. Сўнг чап ёнига ёткизиб, орқа ўнг томонини ювади. Сўнгра чап томонини ювиб чиқади, сўнг ўнг ёнига ёнбошлатиб, орқа чап томонини ювади.

Ювишда сидр ёки совун ишлатилади, ювувчи ювиш пайтида қўлига латта ўраб олиши мустаҳабдир.

Агар бир марта ювиш билан поклик ҳосил бўлса, шу билан фарз адо этилган бўлади. Уч марта ювиш мустаҳабдир. Агар тозалик ҳосил бўлмаса, уч мартадан ортиқ, то етти мартагача ювиш мумкин. Охирги ювишни кофур билан ювади. Чунки, кофур маййитнинг жасадини қотиради, хушбўйлантиради ва совуқ сақлайди. Шунинг учун уни асари сақланиб қолсин деб охирги ювишда ишлатилади.

Шундан сўнг маййитни сочиқ ё шу каби нарса билан артилади, мўйловини қисқартирилади, тирноқлари ўсган бўлса, олинади, қўлтиқлари туки тозаланади. Олинган нарсаларни ёнига, кафани ичига қўйилади. Аёл кишининг сочи уч ўрим қилиб, орқасига ташлаб қўйилади.

Агар маййитни ювиш имконсиз бўлса, яъни сув йўқ бўлса ёки ёмон яралар ё куйганлик сабабли жасаднинг титилиб кетиши хавфи бўлса, ёки маййит бегона эркаклар ичида ёлғиз аёл бўлса ёки бегона аёллар орасидаги ёлғиз эркак бўлса, бундай ҳолларда уни тупроқ билан таяммум қилдирилади, таяммум қилдирувчи киши қўлига бирон нарса ўраб туриб, унинг юзи ва қўлларига тупроқли қўлини суртади.

Агар маййитнинг айрим аъзоларини ювиш имкони бўлмаса, имкони бор аъзоларини ювиб, имкони бўлмагани ўрнига таяммум қилдирилади.

Ювувчи маййитни ювиб бўлганидан сўнг ўзи ҳам ғусл қилиши мустаҳабдир, фарз эмас.

4) Кафанлашга доир ҳукмлар

Маййитни ювиб, қуритгандан кейин кафанлаш машруъдир.

Кафан жасадни тўла ўровчи бўлиши шарт қилинади.

Оқ, покиза, имкони бўлса янги, бўлмаса ювилган матодан бўлиши мустаҳабдир.

Кафаннинг фарз миқдори – маййитнинг жасадини ўраб турадиган битта матодир.

Мустаҳаб миқдори эса, эркак киши учун уч лифофа (ўровчи мато), аёл киши учун беш қатор мато: изор, рўмол, қамис (кўйлак) ва иккита лифофа (ўровчи мато) бўлишидир.

Кичик ёшли болани битта матога кафанланади, учта билан кафанлаш мубоҳ.

Норасида қизчани битта қамис ва иккита лифофа билан кафанланади.

Кафанларга хушбўй тутатқи туталиши ва ҳидини ушлаб қолиши учун аввал атиргул суви каби бирон суюқлик пуркалиши мустаҳабдир.

Эркак кишини қуйидагича кафанланади: Учта лифофани устма-уст ёзилади, сўнг маййитни усти ўралган ҳолда олиб келиб, лифофалар устига юзини юқорига қилиб ёткизилади.

Сўнг ҳанут (хушбўй модда)ни олиб, пахтага теккизиб, уни маййитнинг думбалари орасига қўйилади ва устидан латта билан маҳкамланади. Сўнг ҳанут билан хушбўйлантирилган пахтани унинг кўзлари ва бурун катакларига, оғзи ва қулоқларига, сажда ўринларига: пешонаси, бурни, икки қўли, икки тиззаси ва оёқ учларига, шунингдек, қўлтиқларга, тиззалар ортига, киндигига қўйилади. Кафанлар орасига ва маййитнинг бошига ҳам хушбўйлик суртилади. Сўнг энг устки қатордаги лифофани чап томонини ўнг томонига, сўнг ўнг томонини чап томонига ўралади. Кейин иккинчисини, кейин учинчисини шундай қилиб ўралади. Матонинг ортиқча қисми маййитнинг оёқ томонига қараганда бош томонида кўпроқ қолдирилади. Сўнг бош тарафидаги ортиқча қисмини йиғиб, юзи устига буклаб қўйилади. Оёқ тарафидаги ортиқча қисмини йиғиб, оёқлари устига қўйилади. Сўнг улар очилиб кетмаслиги учун устидан боғлаб қўйилади, ушбу боғичлар қабрда ечиб қўйилади.

Аёл кишини бешта матога кафанланади. Аввал изор ўралади, сўнг кўйлак кийдирилади, сўнг бошига рўмол ўралади, сўнг иккита матога ўралади.

5) Маййитга жаноза ўқишга доир аҳкомлар:

Вафот этган мусулмон кишига жаноза намози ўқиш машруъдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким жанозада то намоз ўқиб бўлингунча ҳозир бўлса, унга бир қийрот (ажр), то дафн қилингунча ҳозир бўлса, унга икки қийрот (ажр) бўлади», дедилар. «Икки қийрот қанча бўлади?» деб сўралди. «Иккита катта тоғча», дедилар (Бухорий (1353) ва Муслим (945) ривоятлари).

Маййитга намоз ўқиш фарзи кифоя бўлиб, баъзилар адо этса, бошқалар зиммасидан гуноҳ соқит бўлади. Агар ҳеч ким ўқимаса, ҳамма тенг гуноҳкор бўлади.

Маййитга намоз ўқишда ният, қиблага юзланиш, сатри аврат, намоз ўқувчи ҳам, намози ўқилаётган ҳам таҳоратли бўлиши, нажосатдан сақланиш, намоз ўқувчи ҳам, намози ўқилаётган ҳам мусулмон бўлиши, жанозанинг (маййитниг) ҳозир бўлиши – агар юртида бўлса, – намоз ўқувчининг мукаллаф бўлиши шарт қилинади.

Жаноза намозининг рукнлари: қиём (тик туриш), тўрт такбир айтиш, сураи Фотиҳани ўқиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ўқиш, маййит ҳаққига дуо ўқиш, тартиб ва саломдир.

Суннатлари: Ҳар бир такбирда қўл кўтариш, қироатдан олдин «аъувзу»ни айтиш, ўзига ва мусулмонларга дуо қилиш, қироатни махфий қилиш, тўртинчи такбирдан сўнг ва саломдан олдин бироз туриш, ўнг қўлини чап қўли устига кўкракларига қўйиш, саломда ўнг томонга ўгирилиш.

Жаноза намозида имом ва ёлғиз ўқувчи одам маййит эркак киши бўлса, кўкраги қаршисида, аёл кишининг ўрта (бел) қисми қаршисида туради, муқтадийлар эса имомнинг орқасида турадилар. Улар уч саф бўлиб туришлари мустаҳабдир. Сўнг иҳром такбири айтади ва такбирдан кейиноқ – истифтоҳ ўқимасдан – аъувзу ва бисмиллаҳни ўқиб, Фотиҳа сурасини ўқийди, сўнг такбир айтиб, ташаҳҳудда ўқигандек саловот ўқийди. Сўнг такбир айтиб, маййит ҳаққига ҳадисларда келганидек қуйидагича дуо ўқийди:

اَللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا وَمَيِّتِنَا، وَشَاهِدِنَا وَغَائِبِنَا، وَصَغِيرِنَا وَكَبِيرِنَا، وَذَكَرِنَا وَأُنْثَانَا، اَللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الإِسْلاَمِ، وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوَّفَهُ عَلَى الإِيمَانِ، اَللَّهُمَّ لاَ تَحْرِمْنَا أَجْرَهُ وَلاَ تُضِلَّنَا بَعْدَهُ.

Маъноси: «Парвардигоро! Бизнинг тиригу ўликларимизни, ҳозиру ғоибларимизни, каттаю кичигимизни ҳамда эркагу аёлимизни (гуноҳларини) мағфират этгин. Эй Аллоҳ! Агар биздан биронтамизни яшатадиган бўлсанг, уни исломда яшатгин. Жонини оладиган бўлсанг, иймони билан олгин. Эй Аллоҳ! Бунинг ажр-савобидан бизни маҳрум айлама ва унинг ортидан бизни Ўзинг адаштирмагин» (Абу Довудд (3201), Термизий (1025), Ибн Можа (1498) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

اَللَّهُمَّ اغْفِرْ لَهُ وَارْحَمْهُ، وَعَافِهِ، وَاعْفُ عَنْهُ، وَأَكْرِمْ نُزُلَهُ، وَوَسِّعْ مُدْخَلَهُ، وَاغْسِلْهُ بِالْمَاءِ وَالثَّلْجِ وَالْبَرَدِ، وَنَقِّهِ مِنَ الْخَطَايَا كَمَا نَقَّيْتَ الثَّوْبَ الأَبْيَضَ مِنَ الدَّنَسِ، وَأَبْدِلْهُ دَاراً خَيْراً مِنْ دَارِهِ، وَأَهْلاً خَيْراً مِنْ أَهْلِهِ، وَزَوْجاً خَيْراً مِنْ زَوْجِهِ، وَأَدْخِلْهُ الْجَنَّةَ، وَأَعِذْهُ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ (أَوْ مِنْ عَذَابِ النَّارِ).

Маъноси: «Парвардигоро! Уни мағфират этгин, раҳм қилгин. Унга офият ато этгин, афв этгин. Унинг насибасини (чиройли-кўп) улуғ қилгин. Кирар жойини кенг қилгин. Уни сув, қор ва дўл билан ювгин. Оппоқ либосни кирлигидан пок этганинг каби уни хатолардан поклагин. Унга ўз ҳовлисидан яхшироқ бўлган ҳовли, аҳлидан ҳам яхшироқ аҳл ва аёлидан яхшироқ аёл-жуфт ато қилгин. Уни жаннатга киргиз ва қабр [ёки дўзах азобидан] асрагин» (Муслим (963) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

(وَافْسَحْ لَهُ فِي قَبْرِهِ، وَنَوِّرْ لَهُ فِيهِ)

«Унинг қабрини кенг қилгин ва нурга тўлдиргин» (Муслим (920) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган).

Маййит аёл киши бўлса, дуо сўзларини муаннас сийғасида (яъни, аёллик шаклида) айтади, «лаҳу» ўрнига «лаҳа», «-ҳу» ва «-ҳи» ўрнига «-ҳа», дейди.

Агар ёш болага намоз ўқилаётган бўлса, қуйидаги дуони ўқийди:

اَللَّهُمَّ اجْعَلْهُ فَرَطاً وَذُخْراً لِوَالِدَيْهِ، وَشَفِيعاً مُجَاباً، اَللَّهُمَّ ثَقِّلْ بِهِ مَوَازِينَهُمَا، وَأَعْظِمْ بِهِ أُجُورَهُمَا، وَأَلْحِقْهُ بِصَالِحِ الْمُؤْمِنِينَ، وَاجْعَلْهُ فِي كَفَالَةِ إِبْرَاهِيمَ، وَقِهِ بِرَحْمَتِكَ عَذَابَ الْجَحِيمِ، وَأَبْدِلْهُ دَاراً خَيْراً مِنْ دَارِهِ، وَأَهْلاً خَيْراً مِنْ أَهْلِهِ، اَللَّهُمَّ اغْفِرْ لأَسْلاَفِنَا، وَأَفْرَاطِنَا، وَمَنْ سَبَقَنَا بِالإِيْمَانِ.

Маъноси: «Эй Аллоҳ! Уни ота-онаси учун (охиратдаги) ажр, захира ҳамда дуоси ижобат бўладиган (шафоатчи) шафеъ қилгин. Эй Аллоҳ, шу гўдак сабабли уларнинг (ота-онасининг) мезонларини оғир, ажру-мукофотларини улуғ қилгин. Гўдакни солиҳ мўминлар қаторига қўшгин. Иброҳимнинг кафолатида (кафиллигида) қилгин. Ўз раҳматинг билан уни жаҳаннам азобидан сақлагин, унга уйидан яхшироқ уй, аҳлидан яхшироқ аҳл (оила) ато қилгин (ўрнига бергин). Эй Аллоҳ! Ёшу қаримизни ҳамда биздан олдин иймон билан ўтиб кетган кишиларни мағфират қилгин!» (Ибн Аби Шайба (6/107, №29829), Абдурраззоқ (3/529, №6588) ривоятлари).

Сўнгра такбир айтиб, бироз туради, сўнг ўнг томонига салом беради.

Ким жанозанинг бир қисмига етиб келолмаса, келиб қўшилган жойидан бошлаб ўқийди, имом салом берганидан кейин етолмаган қисмини ўзи ўқиб қўяди. Агар тобут ердан кўтарилишидан хавф қилса, такбирларни бирин-кетин (ўртада тўхталишсиз) қилиб, салом беради.

Маййитга жаноза ўқиёлмаган одам унинг қабрига бориб, ўқиб қўйиши ҳам мумкин.

Бирон кишининг вафотидан хабар топган бошқа диёрдаги киши унга ғойибона жаноза ўқиб қўйса, жоиздир.

Ҳомиладор аёлнинг ҳомиласи ўлик тушса, тўрт ойни тўлдирган бўлса, унга жаноза ўқилади. Агар тўрт ойдан кам бўлса, ўқилмайди.

6) Маййитни қабрга қўйиш ҳақида:

Маййитни кузатиш ва қабрга қўйиш унинг ҳолини билган мусулмонлар учун фарзи кифоядир. Уни дафн қилиш Қуръон ва Суннат билан машруъдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ахир Биз ерни тирикларни ҳам, ўликларни ҳам йиғувчи қилиб қўймадикми?!» (Вал-мурсалат: 25, 26), «Сўнгра унга ўлим бериб, қабрга киритди» (Абаса: 21). Маййитни дафн қилиш ҳақида кўплаб ҳадислар келган, дафн қилиш – яхшилик ва тоат, маййит учун иззат-икром ва ҳурмат-эътибордир.

Жаноза ортидан бориш ва уни қабрга кузатиш суннатдир. «Саҳиҳайн»да келганки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким жанозада то намоз ўқиб бўлингунча ҳозир бўлса, унга бир қийрот (ажр), то дафн қилингунча ҳозир бўлса, унга икки қийрот (ажр) бўлади», дедилар. «Икки қийрот қанча бўлади?» деб сўралди. «Иккита катта тоғча», дедилар (Бухорий (1353) ва Муслим (945) ривоятлари).

Бухорийда: «Ким кузатиб қўйса» лафзи билан, Муслимда эса: «Ким жаноза билан бирга чиқса ва то дафн қилингунча унинг ортидан борса», деб келган (Саҳиҳ Муслим: 56/945, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).

Ҳадисда – унинг барча ривоятларида – жанозани кузатиш ва қабрга қўйишга тарғиб бордир.

Жаноза ортидан бораётган киши имкони бўлса, тобутни кўтаришда иштирок этиши суннатдир. Маййитни улов устида ё автомашинада олиб боришнинг, хусусан қабристон узоқроқда бўлса, зарари йўқдир.

Маййитни дафн қилишга шошилиш суннат. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жанозани (маййитни) тезроқ олиб боринглар. Агар (маййит) солиҳ бўлса, яхшилик сари муқаддам қилган бўласиз. Агар бошқача бўлса, ёмонни елкангиздан тезроқ туширган бўласиз», деганлар (Бухорий (1315) ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан (944) ривоят қилганлар). Лекин, тезроқ олиб бориш дегани қаттиқ югуриш маъносида бўлмаслиги, тобуткашлар ва кузатиб борувчилар хотиржамликни лозим тутишлари, овозларини на қироат билан, на таҳлилу зикрлар билан кўтармасликлари, «Унинг ҳаққига истиғфор айтинглар», ё шунга ўхшаш гаплар билан овоз кўтармасликлари лозим. Чунки, бу бидъат бўлади.

Аёллар жаноза ортидан эргашиб боришлари ҳаромдир. Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Биз жанозаларга эргашиб боришдан қайтарилдик» (Бухорий (313) ва Муслим (938) ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида аёллар тобут ортидан қабристонга бормасдилар, маййитларни кузатиш эркакларга хос иш эди.

Қабрни чуқурроқ ва кенгроқ қилиб қазиш суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қазинглар, кенг ва чуқур қилинглар», деганлар (Абу Довуд (3216), Термизий (1713), Ибн Можа (1560) Ҳошим ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий: «ҳасан, саҳиҳ», деган).

Аёл кишини қабрга қўйишда қабр устини ёпиб туриш суннатдир.

Маййитни қабрга қўяётган одам: «Бисмиллаҳи ва ала миллати росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи ва саллам» дейиши суннатдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Маййитларингизни қабрга қўйганда: «Бисмиллаҳи ва ала миллати росулуллоҳи» (Аллоҳнинг номи билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динига мувофиқ), денглар», деганлар (Абу Довуд (3213), Термизий (1046), Ибн Можа (1550), Аҳмад (2/40, №4990) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Термизий ҳасан санаган).

Маййитни лаҳадга ўнг томони билан, қиблага юзлантирган ҳолда қўйилади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба ҳақида: «У тирикларингиз-у ўликларингизнинг қибласи», деганлар (Абу Довуд (2875), Байҳақий (3/408) Убайд ибн Умайрдан, у отасидан ривоятлари).

Боши остига ғишт ё тош ё тупроқ қўйилади, маййитни қабрнинг олдинги деворига яқин қўйилади, юзи билан ерга бўлиб қолмаслиги ёки чалқанча бўлиб қолмаслиги учун орқасига тупроқ суяб қўйилади.

Сўнг лаҳаднинг ёриғини ғишт ва лой билан суваб, тўсиб қўйилади, сўнг устига тупроқ тортилади, ўзидан чиққанидан ортиқча тупроқ қўшилмайди.

Қабрни ердан бир қарич миқдорида кўтариб, ёмғир сувлари туриб қолмайдиган қилиб, ўркачсимон шаклда, тепасини баландроқ, ёнларини қияроқ қилиб қўйилади. Устига майда тошлар тўкилиб, тупроғи учиб кетмаслиги учун сув сепиб, шиббалаб қўйилади. Ердан бироз кўтариб қўйилишидаги ҳикмат – қабр экани билиниб туриши ва оёқости қилинмаслиги учундир. Қабрнинг чегараси билиниб туриши учун икки четига белги тиклаб қўйиш мумкин, белгига бирон нарса ёзилмайди.

Дафндан фориғ бўлгач, мусулмонлар қабр устида туриб, маййитнинг ҳаққига дуо ва истиғфор айтишлари мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитнинг дафнидан фориғ бўлгач, унинг устида турардилар ва: «Биродарингизга истиғфор айтинглар ва унга сабот берилишини сўранглар, чунки у ҳозир сўроққа тутилади», дердилар (Абу Довуд (3221) Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Аммо, қабр устида Қуръон тиловат қилиш бидъатдир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саҳобаи киром ҳам бундай қилмаганлар. Ҳар қандай бидъат залолатдир.

Қабрлар устига сағаналар бино қилиш, уларни гипс билан суваш ва устига ёзиш мумкин эмас, ҳаром. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрни гипслаб сувашдан, унинг устида ўтиришдан ва унинг устига бино қилишдан қайтардилар» (Муслим (970) ривояти).

Имом Термизий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, саҳиҳ санаган ҳадисда айтилишича: «Қабрларни гипслаб сувашдан, уларга ёзишдан ва уларни оёқости қилишдан қайтардилар».

Чунки, бундай қилиш ширкка ва мозорларга сиғинишга олиб бориши мумкин. Жоҳиллар қабр устига бино қилинган сағанани ёки зийнатни кўриб, қалблари унга боғланиб қолиши хавфи бор.

Қабрларга чироқ қўйиш, яъни уларни электр нури ё бошқа ёритқичлар билан ёритиш, қабрлар устига масжидлар бино қилиш, қабр олдида ё унга қараб намоз ўқиш ҳаромдир.

Аёлларнинг қабрларни зиёрат қилишлари ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қабрларни кўп зиёрат қилувчи аёлларни, улар устига масжидлар ва чироқлар қилувчиларни Аллоҳ лаънатласин», деганлар (Термизий (320), Абу Довуд (3236), Насоий (2024), Ибн Можа (1574-1575) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

«Саҳиҳ»да келганки: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди» (Бухорий (435) ва Муслим (529) Оиша ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилганлар). Зеро, оламдаги ширкнинг асли қабрлар устига бинолар қилиб, уларни улуғлашдан келиб чиққан.

Қабрлар устида юриш, уларни босиш ва устида ўтириш, уларни баъзи маросимлар учун жой қилиб олиш, уларга сув очиб юбориш каби ишлар билан қабрларни топташ ҳаромдир. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда (971) айтилганки: «Сизлардан бирингиз чўғ устида ўтириши, чўғ унинг кийимини куйдириб, баданига етиши у учун қабр устида ўтиргандан яхшироқдир».

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабр устига ўтириш, унга суяниш ва уни оёқости қилишдан қайтаришлари ҳақида тафаккур қилган киши бунинг қабр эгаларини эҳтиром қилиш ва уларни оёқлар остида эзилишдан сақлаш учун бўлганини билади» (Таҳзибус-сунан: 9/37).

7) Таъзия ва қабрлар зиёратига оид ҳукмлар:

Ўлим мусибати етган хонадон аҳлига таъзия билдириш ва уларни сабрга чорлаш, маййит ҳаққига дуо қилиш суннатдир. Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳудан ривоят қилган марфуъ ҳадис борки: «Қай бир мўмин бир биродарига бирон мусибати сабабли таъзия изҳор қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унга каромат (улуғлик) либосини кийдиради» (Ибн Можа (1601) ишончли санад билан ривоят қилган). Бу маънода бошқа ҳадислар ҳам бор.

Таъзия «Аъзомаллоҳу ажрака ва аҳсана аза-а-ака ва ва ғофара лимаййитика» (яъни, Аллоҳ ажрингизни улуғ, сабрингизни чиройли қилсин, вафот этган кишингизни мағфират этсин), дейиш билан бўлади.

Ҳозирда баъзилар қиладиган, таъзияхонлик учун ўтириш ва бу ҳақда эълон қилиш лойиқ эмас.

Маййитнинг аҳли учун таом ҳозирлаб, келтириш мустаҳабдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаъфарнинг оиласига таом ҳозирланглар, улар бошларига тушган мусибат билан оворалар», деганлар (Абу Довуд (3132), Термизий (999), Ибн Можа (1610), Аҳмад (1/205, №1751) Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий ҳасан санаган).

Ҳозирги пайтда айрим жойларда қилинаётганидек, маййитнинг аҳли одамлар учун махсус жой тайёрлаб, уларга таом ҳозирлашлари, Қуръон ўқиб ўтирадиган қориларни ижарага олишлари, бунинг учун молиявий таклифотларни ўз бўйинларига олишлари – мотамнинг ҳаром ва бидаът бўлган кўринишидир. Имом Аҳмад Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ишончли санад билан ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Биз маййитни дафн қилингандан кейин унинг аҳли-оиласи ҳузурида тўпланиш ва уларнинг таом ҳозирлашларини ниёҳадан (яъни, ман қилинган дод-фарёд қилиш жумласидаги ишлардан) санар эдик» (Ибн Можа (1612), Аҳмад (2/204, №6905) ривоят қилганлар).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййитнинг аҳли-оиласи таом ҳозирлаб, одамларни чақиришлари номашруъ, балки бидъат ишдир» (Мажмуъул-фатава: 24/316).

Туртуший раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мотам маросимлари уламолар ижмоъ-иттифоқига кўра, мамнуъдир. Мотам – мусибат муносабати билан йиғилиш бўлиб, у бидъат ва мункардир, бу ҳақда бирон нарса нақл қилинган эмас. Шунингдек, иккинчи, учинчи, тўртинчи, еттинчи кунларда, бир ой ўтгач, йил ўтгач ўтказиладиган маросимлар мусибат устига мусибатдир. Агар ушбу маросимлар мерос ҳисобидан қилинса, меросхўрлар ичида маҳжурун алайҳ (бирон сабаб билан молида тасарруф қилишдан ман қилинган одам) ёки изн бермаганлари бўлса, бундай издиҳом қилиш ҳам, унда таом ейиш ҳам ҳаром бўлади» (Ал-ҳавадис вал-бидаъ: 175-с).

Ибрат ва насиҳат олиш учун, маййитлар ҳаққига дуо ва истиғфор айтиш учун қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун хос мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинг», деганлар (Муслим (977), Термизий (1054) Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Имом Термизий ривоятида: «Чунки у сизларга охиратни эслатади», деб қўшиб қўйилган. Бироқ, зиёрат учун махсус сафар қилинмайди.

Қабрларни зиёрат қилиш уч шарт билан мустаҳабдир:

1) Зиёрат қилувчи эркак киши бўлиши керак, аёл кишига мумкин эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қабрларни кўп зиёрат қилувчи аёлларни, улар устига масжидлар ва чироқлар қилувчиларни Аллоҳ лаънатласин», деганлар (Термизий (320), Абу Довуд (3236), Насоий (2024), Ибн Можа (1574-1575) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

2) Зиёрат сафарсиз бўлмоғи керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Учта масжиддан – менинг масжидим, масжидул-ҳаром ва масжидул-ақсодан бошқасига бориш учун эгар-жабдуқлар маҳкамланмайди (яъни, зиёрат мақсадида йўлга отланилмайди)», деганлар (Бухорий (1189) ва Муслим (1397) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

3) Зиёратдан мақсад – ибрат ва насиҳат олиш, маййитлар ҳаққига дуо қилиш бўлмоғи керак. Агар зиёратдан мақсад қабр ва мозорлар билан табаррукланиш, қабрда ётганлардан ҳожатлари раво бўлишини ва мушкуллари кушойиш бўлишини сўраш бўлса, у ҳолда ширк ва бидъат бўлади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабрларни зиёрат қилиш икки хил бўлади: шаръий зиёрат ва бидъий зиёрат.

Шаръий зиёратдан маййитга салом бериш ва худди жаноза намозида қилинганидек, унинг ҳаққига дуо қилиш кўзда тутилган бўлади.

Бидъий зиёратда эса зиёрат қилувчи маййитдан ўз ҳожатларини раво қилишини сўрашни ёки унинг қабри устида дуо қилишни ёки уни воситачи қилиб дуо қилишни кўзда тутган бўлади. Бу набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эмас, умматнинг салафлари ва имомларидан бирон киши буни мустаҳаб санаган эмас, аксинча, бу умматнинг салафлари ва имомлари иттифоқи билан ман қилинган бидъатдир» (Мажмуъул-фатава: 26/148-149).

Валлоҳу аълам. Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.