Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Намозда имом учун машруъ бўлган нарсалар ҳақидаги боб

3214 марта кўрилган

Имомнинг зиммасида жуда катта масъулият бор, у намоз учун жавобгар, агар тўла-тўкис ва чиройли адо этса, кўп яхшиликларга эга бўлади. Имоматнинг фазилати машҳурдир, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг халифалари уни бевосита ўзлари адо этганлар. У учун фақат энг афзал кишиларни танлаганлар. Ҳадисда борки: «Уч киши қиёмат куни мушк тепаликлари устида бўлади: бир қавмга имом бўлган ва улар ундан рози бўлган киши...» (Термизий (1986) ва Аҳмад (2/26) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Яна бир ҳадисда шундай дейилган: «У учун ортида намоз ўқиган кишиларнинг ажрича ажр бўлади» (Табароний «Ал-муъжамул-авсат»да (7/370) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоя қилган).

Ким ўзида ушбу вазифага лаёқат бор деб билса, имоматни талаб қилишига ҳеч қандай монеъ йўқдир. Саҳобалардан бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Мени ўз қавмимга имом қилиб қўйинг», деганида у зот: «Сиз уларга имомсиз, энг заифларини риоя қилинг», деганлар (Абу Довуд (531), Насоий (672), Ибн Можа (987), Аҳмад (4/21, №16270) Усмон ибн Абил-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бунга Аллоҳ таолонинг: «Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга имом-пешво қилгин», дейдиган кишилардир» (Фурқон: 74) ояти ҳам шоҳид бўлади.

Имоматга эга бўлган киши унга яхши аҳамият қаратиши, имкони борича унинг ҳаққини тўла адо этиши лойиқ, шунда у улкан ажрга эга бўлади. Имом яна муқтадийларнинг ҳолини риоя қилиши, уларнинг вазиятларини тўғри баҳолай олиши, уларга оғирлик туширишдан сақланиши, уларни қизиқтириши ва бездириб қўймаслиги лозим. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги тавсияларига амал қилган бўлади: «Сизлардан бирингиз одамларга имом бўлиб намоз ўқиса, енгил ўқисин! Зеро, уларнинг орасида бемор, заиф ва ҳожатманд (кишилар) бор. Ўзи ёлғиз ўқиса, истаганича узайтираверсин» (Бухорий (671), Муслим (467), Абу Довуд (794), Термизий (236), Насоий (823) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

«Саҳиҳайн»да Абу Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар, ичингизда бездирувчилар бор. Кимда ким одамларга (имом бўлиб) намоз ўқиса, енгил ўқисин! Зеро, уларнинг орасида бемор, заиф ва ҳожатманд (кишилар) бор», деганлар (Бухорий (702), Муслим (466) ривоятлари). Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра енгилроқ ва мукаммалроқ ўқувчи биронта имом ортида намоз ўқимадим» (Имом Муслим (469) ривояти). У зот бу ишда ҳам, бошқа ишларда бўлганидек намуна эдилар.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кимда-ким мўжазлик ва мукаммалликда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини тутса, ундан чўзиб юборди деб шикоят қилинмайди» (Фатҳул Борий: 1/466).

Матлуб бўлган енгиллатиб ўқиш – намознинг рукнлари, фарзлари, суннатларини ўз ўрнига келтириб, мукаммал адо этиб ўқилган енгил намоздир. Енгил ўқишга буюриш нисбий иш бўлиб, муқтадийларнинг хоҳиш-ҳаволарига эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган, унда давомий бўлган ва унга буюрганидек намоз ўқишга қайтарилади.

Баъзи уламолар айтадилар: Талаб қилинганидек енгил ўқиш маъноси – тасбеҳлар ва намознинг бошқа амалларини комилликнинг энг қуйи даражасида бажариш демакдир. Рукуъ ва сужудда комилликнинг энг қуйи даражаси тасбеҳларни уч марта айтиш билан ҳосил бўлади. Агар муқтадийлар намозни узунроқ ўқишни истасалар ва буни кўпчилик бир овоздан қўллаб-қувватласа, у ҳолда жамоатдан бездириб қўйиш монеълиги ўртадан кўтарилгани боис, имом уларга намозни узунроқ қилиб ўқиб бериши яхшидир.

Имом Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фуқаҳоларнинг имом рукуъ ва сужудда тасбеҳни учтадан оширмасин, деган сўзлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ишга, яъни учтадан зиёда қилишга зид келмайди. У зот -соллаллоҳу алайҳи ва саллам- шундай қилардилар, сабаби, саҳобаларнинг яхшиликка бўлган рағбатлари буни узун санамасликни тақозо қиларди» (Фатҳул Борий: 1/18).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом машруъ миқдордан зиёда қилмаслиги ва кўпинча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аксарият ҳолларда қилганидек қилиши керак бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам манфаат нуқтаи назаридан келиб чиқиб, зиёда ва кам қилардилар» (Ал-фатавал-кубро: 5/345).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар айтишларича, ҳадисларда қироат миқдорининг ҳар хил келиши ҳолат тақозосига кўра эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларнинг ҳолатларидан келиб чиқиб, уларнинг узунроқ ўқишни афзал кўрадиган пайтларида узунроқ қироат қилардилар, узр ё бошқа сабабларга кўра қисқароқ ўқишни афзал кўрадиган пайтларида қисқароқ қилиб ўқирдилар. «Саҳиҳайн»да келганидек, баъзан у зот намозни узунроқ ўқишни истаган ҳолларида гўдак йиғисини эшитиб қолиб, онаси қийналишини истамаганларидан қироатни қисқароқ қилардилар» (Нававий, Ал-мажмуъ: 3/349).

Имом намозни муқтадийлар бирон сура ўқиш, рукуъ ва сужудда тасбеҳни уч марта айтиш каби суннатни бажо келтиролмай қоладиган даражада енгил ўқиши макруҳдир.

Тартил билан (яъни, дона-дона қилиб) қироат қилиши, тасбеҳ ва ташаҳҳудда орқадагилар суннат бўлган зикру тасбеҳларни бемалол ўқиб олишларига, рукуъ ва сужудни хотиржам қилиб олишларига имконият яратиб бериши суннатдир.

Имом биринчи ракъатни узунроқ ўқиши суннатдир. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи ракъатни узунроқ ўқирдилар (Бухорий (759), Муслим (451) ривоятлари).

Имом рукуъга борган ҳолида бирон кишининг кириб келганини сезса, кириб келган киши намозга қўшилиб, ракъатга улгуриб қолиши учун рукуъни узунроқ қилиши мустаҳаб бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари сифати ҳақида Ибн Аби Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга кўра, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозининг биринчи ракъатида то қадам товушлари эшитилмай қолгунича турардилар (Имом Аҳмад (4/356, №19146) ва имом Абу Довуд (802) ривоятлари). Бироқ, у ҳолда кутиб туриш муқтадийларга оғир тушадиган бўлса, уни тарк қилиш афзал бўлади. Чунки, ортида намоз ўқиётганларнинг ҳурмати ҳали намозга келиб қўшилмаганларнинг ҳурматидан юқорироқдир.

Умуман олганда, имом муқтадийларнинг ҳолатига риоя қилиши ва шу билан бир қаторда намознинг мукаммал ўқилишига ҳам эътибор бериши, бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига эргашиши, у зотнинг буйруқ ва тавсияларига амал қилиши вожиб бўлади. Мана шунда барча учун яхшилик бордир.

Баъзи имомлар имоматнинг шаъни ва масъулиятига бепарво қарайдилар, кўпинча масжидга келмайдилар ёки кечикиб келадилар. Бу эса муқтадийларнинг норозилигига сабаб бўлади ва ўртада гап-сўз ва келишмовчиликлар келтириб чиқаради, намозхонларнинг тинчини бузади. Бундай имомлар ялқов ва масъулиятга бепарво қарайдиган кишиларга ёмон намуна бўладилар. Шунинг учун ундай имомларни қўлидан тутиб, ўз вазифасини сидқидилдан бажаришини, масжидни имомсиз қолдириб, мусулмонларни бездирмаслигини талаб қилиш лозим бўлади. Акс ҳолда, уни имоматдан четлатиш керак.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ айласин.