Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Витр намози ва унга оид аҳкомлар ҳақидаги боб

8503 марта кўрилган

Аввал энг муҳим намозлардан бўлмиш витр намози ҳақида сўз юритамиз. У энг кучли нафл намозлардан бўлиб, ҳатто баъзи уламолар уни вожиб ҳам деганлар. Маълумки, вожиблиги ҳақида ихтилоф қилинган нарса вожиб эмаслиги аниқ бўлган нарсадан кўра таъкидлироқ бўлади.

Мусулмонлар витрнинг машруълигига иттифоқ қилганлар, уни тарк қилиш яхши эмас. Витрни давомий тарк қилувчи кишининг гувоҳлиги ўтмайди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким витрни қасддан тарк қилса, у яхши одам эмас, унинг гувоҳлиги қабул қилинмаслиги керак» (Ал-муғний: 2/594).

Имом Аҳмад (5/357, №23019) ва имом Абу Довуд (1419) марфуъан ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «مَنْ لَمْ يُوتِرْ فَلَيْسَ مِنَّا» «Витр ўқимаган одам биздан эмас».

Витр – ўзидан олдинги ракъатлардан ажралган тоқ – яъни, бир ракъатли ёки (агар бир салом билан ўқилган бўлса) уч ракъат, беш ракъат, етти ракъат, тўққиз ракъат, ўн бир ракъатли намознинг номидир. Агар ушбу ракъатлар икки ва ундан ортиқ салом билан ўқилган бўлса, витр охирида алоҳида ўқилган тоқ ракъатдир.

Витрнинг вақти хуфтон намозидан сўнг бошланиб, то тонг пайтигача давом этади. «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрни туннинг барча қисмида, аввалида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам ўқийверганлар. Витрларининг охири саҳарга борарди» (Бухорий (996), Муслим (745) ривоятлари).

Туннинг хуфтон намозидан кейинги барча қисми витр вақти бўлишига далил бўлувчи кўп ҳадислар келган. Ким туннинг охирида тура олишига ишонса, витрни туннинг охирига кечиктириши афзал. Ким туннинг охирида тура олишига ишонмаса, ухлашдан олдин витр ўқиб олади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга васият-насиҳат қилганлар. Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бирингиз туннинг охирида тура олмай қолишидан қўрқса, витрни ўқиб, кейин ухласин. Ким туннинг охирида туришига ишонса, витрни туннинг охирида ўқисин. Чунки, кечанинг охиридаги намоз (фаришталар) ҳозир бўладиган намоздир. Мана шуниси афзалдир» (Саҳиҳ Муслим: 755).

Витрнинг энг ози бу ҳақда келган ҳадисларга кўра ва ўн нафар саҳобалардан собит бўлганига кўра, бир ракъатдир. Лекин, ундан олдин жуфт ракъат ўтган бўлиши афзал ва яхшироқдир.

Витрнинг энг кўпи ўн бир ракъат ёки ўн уч ракъат бўлиб, икки ракъат – икки ракъатдан ўқийди, сўнг охирида бир ракъат билан витр қилади. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўн бир ракъат ўқирдилар, ундан бир ракъатини витр қилардилар» (Имом Муслим (736) ривояти). Бир лафзда: «Ҳар икки ракъатда салом берардилар ва бир ракъат билан витр қилардилар» (Имом Муслим (736) ривояти). Намозни ташаҳҳудга ўтирмай давом эттириб кетавериши ва охири ўн ракъат бўлганда ўтириб, ташаҳҳуд ўқиб, салом бермасдан туриб кетиб, ўн биринчи ракъатни ўқиб, сўнг ташаҳҳуд ўқиб, салом бериши ҳам мумкин. Шунингдек, намозни ўтирмасдан давом эттириб, охирида, ўн биринчи ракъатни ҳам ўқигач, сўнг ташаҳҳуд ўқиб, салом бериши ҳам мумкин. Биринчи кўринишда ўқиш афзалроқ.

Етти ракъат ёки беш ракъат билан витр қилиши, яъни ҳамма ракъатида туриб кетиб, фақат охирги ракъатида ўтириб, ташаҳҳуд ўқиб, салом бериши ҳам мумкин. Чунки, Умму Салама розияллоҳу анҳо ривоят қилишларича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етти ва беш ракъат билан витр қилиб, ўртасини на салом ва на калом билан бўлардилар» (Аҳмад (6/310, №26641), Насоий (1714), Ибн Можа ривоятлари).

Уч ракъат билан витр қилиши, яъни икки ракъат ўқиб салом бериши, сўнг учинчи ракъатни алоҳида ўқиши ҳам мумкин, биринчи ракъатда «Саббиҳисма»ни, иккинчи ракъатда «Кафируун»ни, учинчи ракъатда «Ихлос»ни ўқиши мустаҳабдир.

Демак, юқорида ўтганлардан хулоса қилсак, 11 ракъат билан, 13 ракъат билан, 9 ракъат билан, 7 ракъат билан, 5 ракъат билан, 3 ракъат билан, 1 ракъат билан витр қилиш мумкин. Комилликнинг энг олий ва афзали 11 ракъат, комилликнинг энг қуйиси 3 ракъат бўлиб, 1 ракъат ҳам витрга ўтади.

Витрда рукуъдан кейин қунут дуоси ўқиш, яъни қўл кўтариб:

» اللَّهُمَّ اهْدِنِى فِيمَنْ هَدَيْتَ وَعَافِنِى فِيمَنْ عَافَيْتَ وَتَوَلَّنِى فِيمَنْ تَوَلَّيْتَ وَبَارِكْ لِى فِيمَا أَعْطَيْتَ وَقِنِى شَرَّ مَا قَضَيْتَ إِنَّكَ تَقْضِى وَلاَ يُقْضَى عَلَيْكَ وَإِنَّهُ لاَ يَذِلُّ مَنْ وَالَيْتَ وَلاَ يَعِزُّ مَنْ عَادَيْتَ تَبَارَكْتَ رَبَّنَا وَتَعَالَيْتَ «

«Аллоҳуммаҳдиний фийман ҳадайта, ва аафиний фийман аафайта, ва тавалланий фийман таваллайта, ва барик лий фиймаа аътойта, ва қиний шарро маа қозойта, иннака тақзий ва ла юқзо алайка, иннаҳу ла язиллу ман ваалайта ва ла яиззу ман аадайта, табарокта Роббана ва таъалайт» дейиш мустаҳабдир (Абу Довуд (1425), Термизий (464), Насоий (1745), Ибн Можа (1178) Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Маъноси: «Эй Аллоҳ! Мени ҳидоят этган кишиларинг қатори ҳидоят этгин. Офият (соғлик, тўғрилик) ато этганларинг қаторида офият бергин. Яқин тутганларинг қаторида мени ҳам Ўзингга яқин этгин. Ато қилган нарсаларингни мен учун баракотли этгин. Қазо-ҳукм этган нарсаларинг ёмонлигидан мени асрагин. Албатта, Сен ҳукм этасан. Сенга (қарши) ҳукм этилмас. Сен дўст тутган киши хор бўлмас ва Сен душман тутган киши азиз бўлмас. Парвардигоро! Сен баракотли-буюк ва олий Зотдирсан».