Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Бувининг мероси ҳақидаги боб

2517 марта кўрилган

  • Бувидан мурод ҳақиқий буви бўлиб, фақат аёллар орқали келган онанинг онаси ва унинг оналари каби бувидир, отанинг онаси каби бувидир. Шунингдек, фақат эркаклар орқали келган ҳар бир бувидир, отанинг отасининг онаси, отанинг отасининг отасининг онаси каби. Ёки аёллар орқали эркакларга қараб келган бувидир, отанинг онасининг онаси, отанинг отасининг онасининг онасининг онаси каби.

Аммо, эркаклар орқали аёлларга қараб келган буви, яъни масалан, онанинг отасининг онаси ва отанинг онасининг отасининг онаси кабилар мерос олмайди. Чунки, у зул-арҳомдандир.

  • Мерос олувчи бувининг зобити (белгиси) шуки, у фақат аёллар орқали келган ёки фақат эркаклар орқали келган ёки аёллар орқали эркакларга қараб келган бувидир. Мерос олмайдиган бувининг зобити шуки, у эркаклар орқали аёлларга қараб келган бувидир. Бошқача айтганда: икки аёл орасида бир эркак орқали келган (ҳалқадаги) бувидир.
  • Бувига мерос берилишига далил суннат ва ижмоъдандир:

- Қабиса ибн Зуайб ҳадиси суннатдан далил бўлади. У айтади: «Бир буви Абу Бакрнинг ҳузурига меросини сўраб келди. У: «Аллоҳнинг Китобида сизга ҳеч қандай улуш йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ҳам сиз учун бирон улуш топмадим. Сиз кетаверинг, мен одамлардан сўраб кўраман», деди.  Сўнг Абу Бакр одамлардан сўради. Шунда Муғийра ибн Шуъба: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бўлганман, у зот бувига олтидан бирни берганлар», деди. «Сиз билан яна биров бормиди?», деб сўради Абу Бакр. Муҳаммад ибн Маслама ўрнидан туриб, у ҳам Муғийра ибн Шуъба айтган сўзни айтди. Шундан сўнг Абу Бакр унга (яъни, бувига) шуни ижро қилди».

«Сўнг иккинчи бир буви Умар ҳузурига меросини сўраб келди. У: «Аллоҳнинг Китобида сиз учун ҳеч нарса йўқ, лекин фақат мана шу олтидан бир бор. Агар иккалангиз шунда бирлашсангиз, у ўрталарингизда бўлади. Қай бирингиз у билан ёлғиз қолса, у унга бўлади», деди» (Молик «Муваттоъ»да (2/513, №1076), Абу Довуд (2894), Термизий (2101), Ибн Можа (2721), Аҳмад (4/225, №17980) ривоятлари, Термизий саҳиҳ санаган).

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртада она бўлмаган ҳолда бувига олтидан бир (берилишига ҳукм) қилганлар (Абу Довуд (2895) ривояти, Ибнус-Сакан, Ибн Хузайма ва Ибнул Жоруд саҳиҳ санаганлар).

Бу икки ҳадис бувининг олтидан бирга ҳақли бўлишини ифодалайди. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо айтганларидек, аслида буви учун Аллоҳнинг Китобида ҳеч қандай улуш йўқ эди. Чунки, Қуръонда зикр қилинган она ҳукмнинг энг яқин онага хосланишини тақозо қиладиган қайдлар билан қайдланган эди. Буви гарчи, она деб номланса-да, фароизда зикр қилинган она лафзига дохил эмас, агарчи Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидаги оналар лафзи остига кирса ҳам: «Сизлар учун оналарингиз (билан никоҳланиш) ҳаром қилинди» (Нисо: 23). Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бувига олтидан бирни берганлар. Демак, унинг мероси суннат билан собит бўлди.

Шунингдек, бувининг мероси уламолар ижмоъси билан ҳам собит бўлган. Аҳли илмлар ўртасида онанинг онасига ва отанинг онасига мерос тегиши ҳақида ихтилоф йўқ, улардан бошқаларда ихтилоф қилганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва бир жамоа уламолар бувиларга, гарчи улар кўп бўлсалар ҳам, битта даражада бўлсалар, мерос берганлар. Фақат ворис бўлмаган отага уланган буви, яъни масалан онанинг отасининг онаси бундан мустасно. Баъзилар фақат учта бувига – онанинг онасига, отанинг онасига ва отанинг отасининг онасига мерос берганлар.

  • Бувига мерос берилиши учун ўртада она бўлмаслиги шарт қилинади. Чунки, буви она орқали келгандир. Ким бир восита орқали келган бўлса, ўша ўртадаги восита уни меросдан тўсади, фақат истисно ҳоллар бундан мустасно. Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, она барча тарафдан бувини тўсади.

 

Бувиларга мерос бериш кайфияти:

  • Агар бувилардан фақат биттаси бўлса ва ўртада она бўлмаса, буви олтидан бирни олади, бундан зиёда олиши мумкин эмас. Маййитнинг ўғли бўлмаган ва ака-укалари жамланмаган ҳолда буви – худди она каби – учдан бир улуш олиши ҳақидаги сўз эътиборга олинмайдиган шоз (нодир) сўздир.
  • Агар бувилардан бир нечтаси бўлса, агар даражада бир хил бўлсалар, олтидан бир улушда шерик бўладилар. Чунки, саҳобалар розияллоҳу анҳум бувиларни шу улушда шерик қилганлар. Чунки, улар бир нечта бўлиб, уларга эркак киши шерик эмас, кўпчилик бўлсалар ҳам, биргина буви бўлса ҳам худди хотинларда бўлганидек – ҳаммаси бир хилдир.

Энди агар улардан бири маййитга яқинроқ бўлса, олтидан бир ёлғиз унинг ҳаққи бўлади, хоҳ она тарафидан, хоҳ ота тарафидан бўлган буви бўлсин, фарқсиздир ва у бошқа узоқроқ бувиларни соқит қилади. Чунки, улар битта меросни оладиган оналардир, даражалари ҳар хил бўлганда улардан энг яқин бўлгани меросга ҳақли бўлади.

  • Отанинг онаси бўлган буви ота бўлган ҳолда ҳам мерос олади, бобонинг онаси бўлган буви бобо бўлган ҳолда ҳам мерос олади, ўртадаги ўзи у орқали келган киши бу ҳолда уни соқит қилолмайди. Бу «Ким бир восита орқали келган бўлса, ўша восита уни меросдан тўсади» деган қоидага хилоф равишда амалга ошади. Чунки, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши ўғли бор бўлган буви ҳақида: «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғли билан бирга ва ўғли тирик бўлган ҳолда олтидан бир улушни берган биринчи буви эди», деганлар (Термизий (2102) ривояти). Бундаги иллат-сабаб шуки, буви ўзи у орқали келган кишининг (яъни, ўғлининг) меросини олиб қўймайди, шу туфайли ўғли мавжуд бўлгани ҳолда уни соқит қилмайди.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким бир шахс орқали келган бўлса, ўша шахс уни соқит қилади» деган гап умумий қоидага кўра ҳам, аксига олганда ҳам ботилдир. Қоидага кўра ботиллиги – онанинг боласи она билан биргаликдаги ҳолати, аксига олганда эса, ўғилнинг боласи амакилари билан бирга ва ака-уканинг боласи амакилари билан бирга бўлган ҳолат ва шунга ўхшаган бошқа ҳолатларки, бунда бир шахс ўзи у орқали келмаган киши сабабли ҳам соқит бўлади. Бундаги иллат (улар айтган гап эмас, балки) у (яъни биров орқали келган киши) унинг меросини олиб қўйишидир. Қай бир киши бир шахснинг меросини олиб қўядиган бўлса, ўша шахс – агар маййитга ундан кўра яқинроқ бўлса – уни соқит қилади. Бувилар онанинг ўрнида турадилар, шу сабабли она – гарчи улар у орқали келмаган бўлсалар ҳам – уларни соқит қилади, валлоҳу аълам» (Мажмуъул-фатава: 31/354).