Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Дини бошқа одамларнинг бир-биридан мерос олишлари ҳақидаги боб

2670 марта кўрилган

  • Дини бошқа бўлиш – мерос қолдирувчи бир динда, мерос олувчи бошқа динда бўлишидир.

  • Бунинг остида иккита масала бор:

 

Биринчи масала: кофирнинг мусулмондан, мусулмоннинг кофирдан мерос олиши:

Уламолар бу масалада тўрт хил сўзга бўлинганлар:

1)            Мусулмон билан кофир бир-биридан мутлақо мерос олмайди. Бу аксарият аҳли илмнинг сўзларидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кофирдан, кофир мусулмондан мерос олмайди», деганлар (Бухорий (6764) ва Муслим (1614) Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

2)            Мусулмон билан кофир бир-биридан фақат валийлик йўли билангина мерос олишлари мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон насронийдан мерос олмайди, фақат қули ё чўриси бўлсагина олиши мумкин», деганлар (Насоий «Ал-кубро»да (4/83, №6389), Дорақутний (4/74, №22), Байҳақий 96/218) Жобир розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилганлар). Бу ҳадис мусулмон киши ўзининг озод қилган насроний қулидан мерос олишига далил бўлади. Буни аксига ҳам қиёс қилиш мумкин, яъни насроний мусулмон қулини озод қилган бўлса, унга ворис бўлади.

3)            Кофир агар мусулмон қариндошининг мероси тақсимланишидан олдин мусулмон бўлса, ундан мерос олади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоҳилиятда тақсим қилинган ҳар бир тақсим ўша тақсим қилингани бўйича қолади, унга Ислом етиб келган ҳар бир тақсимот Ислом тақсим қилгани бўйича бўлади», деганлар (Абу Довуд (2914), Ибн Можа (2485) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Ҳадис далил бўладики, агар кофир ўзининг мусулмон мерос қолдирувчисининг мероси тақсимланишидан олдин Исломни қабул қилса, мерос олади.

4)            Мусулмон кофирдан мерос олади, акси эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом зиёда бўлади, камаймайди», деганлар (Абу Довуд (2912), Ибн Аби Шайба (6/284, №31450) Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Мусулмон кишига кофирнинг меросини бериш зиёдалик, кофирга мусулмоннинг меросини бериш эса нуқсондир. Ҳадис далолатига кўра, Ислом зиёдаликни жалб қилади, нуқсонни жалб қилмайди.

Булар ичида кучлироғи – валлоҳу аълам – биринчи сўз, яъни, мусулмон билан кофир бир-биридан мерос олмаслигидир. Чунки, унинг далили саҳиҳ ва очиқ-равшандир. Бошқа сўзларнинг далиллари эса ё саҳиҳ эмас, ё очиқ эмас, улар биринчи сўзнинг далилига тенг келолмайди.

 

Иккинчи масала: кофирларнинг бир-бирларидан мерос олишлари:

Кофирлар учун икки ҳолат мавжуд:

1)            Битта динда бўлишлари. Масалан, яҳудий яҳудий билан, насроний насроний билан. Бу ҳолатда уларнинг бир-бирларидан мерос олишлари ҳақида хилоф йўқ.

2)            Динлари бошқа-бошқа бўлиши. Яҳудларнинг насронийлар ёки мажусийлар ёки бутпарастлар билан бўлган ҳолатлари каби. Бу ҳолатда уламолар уларнинг бир-бирларидан мерос олишлари хусусида ихтилоф қилганлар. Ихтилоф «куфрнинг ҳаммаси битта миллатми ёки турлича миллатларми?» деган нарса устига қурилган.

Улар бу ҳақда уч хил сўзга бўлинганлар:

1)           Куфр битта миллатдир. Бу ҳанафий ва шофеъийларнинг сўзидир (бир юртда яшаган ҳолатларида), ҳанбалий мазҳабидаги бир ривоят ҳам шудир ва бу жумҳурнинг сўзидир. Яъни, куфр ўзининг барча шакли ва ҳамма кўриниши билан битта миллатдир. Кофирлар динлари турлича бўлишига қарамай бир-биридан мерос олади. Чунки, ота-болаларнинг бир-бирларидан мерос олишлари ҳақидаги наслар (ояту ҳадис далиллари) умумийдир, фақат шариат соҳиби истисно қилганлари бундан мустасно. Аллоҳ таоло: «Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига дўстдирлар» (Анфол: 73) деган.

2)           Куфр учта миллатга бўлинади. Яҳудия бир миллат, насрония бир миллат, қолган куфр турлари бир миллат. Чунки, китоблари йўқлиги уларнинг ҳаммасини бирлаштириб туради. Яҳудий насронийдан мерос олмайди, иккаласидан бири бутпарастдан мерос олмайди.

3)           Куфрнинг ҳаммаси ҳар хил миллат, ҳар бир миллат аҳли иккинчи миллат аҳлидан мерос олмайди. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки хил миллат аҳли бир-биридан мерос олмайди», деганлар (Абу Довуд (2911), Насоий «Ал-кубро»да (4/82, №6383), Ибн Можа (2731), Аҳмад (2/195, №6844) Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан (Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан) ривоят қилганлар).

Мана шу сўз кучлироқ бўлса керак. Чунки, юқоридаги ҳадис низо ўрнида ҳужжат бўлади. Қолаверса, ҳар хил миллатлар аҳли ўртасида ўзаро ёрдамлашув бўлмайди. Демак, мусулмонларнинг кофирлар билан бўлган ҳолатлари каби, улар ўртасида ўзаро мерос олиш ҳам бўлмайди. Ундан ташқари, мерос олишни вожиб қилувчи мерос олишдан ман қилувчи билан қарама-қарши келиб қолди. Яъни, динда фарқли бўлиб қолдилар. Чунки, дини бошқа бўлиш ҳамма тарафлама ажралишни тақозо қилади. Демак, монеъ қувватли бўлди ва мерос олишни вожиб қилувчи (сабаб)ни ман қилди, вожиб қилувчи монеъ борлиги учун амал қилолмади.

Куфрнинг ҳаммаси битта миллат дейдиган кишилар диёри бошқа бўлиш кофирларнинг бир-бирларидан мерос олишларига монеълик қилади, дейдилар. Чунки, ўрталарида ўзаро ёрдамлашув ва қўллаб-қувватлаш бўлмайди. Бу маъно миллатлар фарқли бўлганда ҳам мавжуд бўлади. Мана шу сўзга кўра, бизга қувватлироқ кўринган фикр шуки, насроний масалан ўзининг яҳудий қариндошидан ё мажусий қариндошидан ё бутпараст қариндошидан мерос олмайди, бутпараст ҳам масалан ўзининг яҳудий қариндошидан мерос олмайди. Балки, яҳудийлар бир-бирларидан, насронийлар бир-бирларидан, мажусийлар бир-бирларидан мерос олишади. Бошқа куфр миллатлари ҳам шундай, валлоҳу аълам.