Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Завул-арҳом – қариндошларнинг мероси ҳақидаги боб

2626 марта кўрилган

Қариндош деб фароиз илми истилоҳида фарз эгаси ҳам, асаба ҳам бўлмаган ҳар бир қариндошга айтилади. Улар қисқа қилиб айтганда тўрт гуруҳга бўлинадилар:

Биринчи гуруҳ: Маййитга нисбатланадиган кишилар. Улар қизларнинг фарзандлари, ўғилларнинг қизларининг фарзандларидир, ҳар қанча қуйига кетсалар ҳам.

Иккинчи гуруҳ: Маййит уларга нисбатланадиган кишилар. Улар (меросдан) соқит бўлган боболар ва соқит бўлган бувилардир, ҳар қанча юқорига кетсалар ҳам.

Учинчи гуруҳ: Маййитнинг ота-онасига нисбатланадиган кишилар. Улар опа-сингилнинг фарзандлари, ака-укаларнинг қизлари, она томондан бўлган ака-укаларнинг фарзандлари ва улар орқали кетганлар, ҳар қанча қуйига кетса ҳам.

Тўртинчи гуруҳ: Маййитнинг боболари ва бувиларига нисбатланадиган кишилар. Улар она томондан бўлган амакилар, мутлақ аммалар, мутлақ амакиларнинг қизлари, мутлақ тоғалар, ҳар қанча узоқлашсалар ҳам, уларнинг болалари, ҳар қанча узоқлашсалар ҳам.

  • Бу уларнинг қисқача тарздаги туркумларидир. Улар агар эр-хотиндан бошқа фарз эгалари мавжуд бўлмаган ва асабалардан биронтаси бўлмаган ҳолда мерос оладилар. Бунинг бир неча далиллари бор. Жумладан:

1)             Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75). Яъни, Аллоҳнинг ҳукмида баъзилари баъзиларининг меросига ҳақлироқдирлар.

2)             Аллоҳ таоло айтади: «Эркаклар учун ота-оналар ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қол­дириб кетган меросдан улуш бордир» (Нисо: 7). Эркаклар, аёллар, қариндош-уруғлар деган лафз қариндошларни ўз ичига олади. Уни хослашни даъво қилган кишига далил келтириш лозим бўлади.

3)             Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тоға вориси йўқ кишининг ворисидир», деганлар (Абу Довуд (2899), Ибн Можа (2634), Насоий «Ал-кубро»да (4/76, №6351), Термизий (2103) Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий ҳасан ҳадис деган).

Ушбу ҳадисдан далил олиш йўли шуки, у зот фарз ё асабалик билан мерос олувчи бўлмаганда тоғани ворис қилдилар, тоға қариндошлардан (зул-арҳомдан) саналади. Демак, бошқа қариндошлар ҳам унга қўшиладилар.

Булар қариндошларга (зул-арҳомга) мерос берилади, деб айтадиган кишиларнинг баъзи далиллари бўлиб, бир қанча саҳобалардан, жумладан Умар ва Алий розияллоҳу анҳумолардан  ривоят қилинган. Ҳанбалий ва ҳанафийлар ҳам шу фикрни олганлар.

  • Қариндошларга мерос берилишини айтган кишилар уларга мерос бериш кайфияти ҳақида бир неча хил сўзга бўлинганлар. Улардан энг машҳури иккита сўздир:

1)Улар танзил (яъни, бировнинг ўрнига тушириш) йўли билан мерос оладилар. Яъни, уларнинг ҳар бирини ўзлари у орқали келган киши ўрнига туширилади ва унинг улушини берилади. Масалан, қизларнинг болалари ва ўғилларнинг қизларининг болалари оналарининг ўрнида бўладилар. Она бир амаки ва аммалар ота ўрнида бўладилар. Тоғалар, холалар ва онанинг отаси она ўрнида бўладилар. Ака-уканинг қизлари ва ака-уканинг болаларининг қизлари оталарининг ўрнида бўладилар ва ҳоказо.

2)Қариндошларга мерос бериш худди асабаларга мерос беришга ўхшаган бўлиб, улардан энг яқин бўлгани, сўнг яқинликда ундан кейин бўлгани муқаддам қилинади, валлоҳу аълам.