Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Хунасанинг мероси ҳақидаги боб

3508 марта кўрилган

  • Хунаса ёки хунсо (خنثى) мулойимлик, синиқлик ва эгилиш маъносини билдирувчи «инхинос» (انخناث) сўзидан олинган бўлиб, фароиз илми истилоҳида хунаса деб ҳам эркаклик, ҳам аёллик таносил аъзосига эга бўлган ёки умуман таносил аъзоси бўлмаган шахсга айтилади.

  • Унда бор бўлиши мумкин бўлган томонлар фарзандлик, ака-укалик, амакилик ва валоъдир. Чунки, бу санаб ўтилганларнинг ҳар бири эркак бўлиши ҳам, аёл бўлиши ҳам мумкин. Мушкил (яъни, эркак ё аёллиги аниқланмаган) хунаса на ота, на она, на бобо, на буви бўла олади. Чунки, агар ундай бўлса эди, унинг иши аниқ бўлган бўлар ва мушкил хунаса дейилмас эди. Шунингдек, мушкил хунаса на эр, на хотин бўла олади. Чунки, модомики, мушкил бўларкан, унинг турмуш қуриши ҳам дуруст бўлмайди.

  • Аллоҳ таоло одамзотни эркак ва аёл қилиб яратди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!» (Нисо: 1),«Осмонлар ва Ер Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур» (Шўро: 49).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло улардан ҳар бирининг ҳукмини баён қилди ва ҳам эркак, ҳам аёл бўлган шахснинг ҳукмини баён қилмади. Бу эса бу икки сифат бир кишида жамланмаслигига далолат қилади. Ундай бўлса, қандай қилиб ўртада зидлик бўлгани ҳолда бу нарса бўлаяпти?! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло улар ўртасини ажратиб турувчи аломатлар қилиб қўйди. Шунда ҳам баъзан бир шахсда ҳам эркакнинг, ҳам аёлнинг таносил аъзоси бўлиб, иштибоҳ пайдо бўлиб қолади.

  • Уламолар хунасанинг унда зоҳир бўладиган эрлик ё аёлликка далолат қилувчи белгиларига қараб мерос олишига ижмоъ қилганлар. Масалан, агар эркак кишидек бавл қилса, эркакнинг меросини олади, аёл кишидек бавл қилса, аёлнинг меросини олади. Чунки, бавл қайси йўлдан келиши бир шахснинг эркаклиги ё аёллигига энг катта далиллардан саналади. Зотан, бавл ёш боладан ҳам, катта кишидан ҳам келади. Унинг қайси таносил аъзоси орқали бавл қилишининг ўзиёқ ўша жинс аҳлидан эканига далолат қилади ва бавл келмаётган таносил аъзоси ортиқча аъзо ва яралишидаги бир нуқсон бўлиб саналади.

Агар ҳар икки аъзоси билан бавл қилса, кўпроқ қайсиниси билан бавл қилиши эътиборли бўлади. Агар бошида бир аъзоси билан бавл қилишни бошлаб, кейин иккинчисидан ҳам бавл келса, биринчи бавл келган аъзо эътиборли бўлади.

Агар ҳар икки аъзоси бавлнинг вақтида ҳам, миқдорида ҳам баробар бўлса, унда балоғатга етганда зоҳир бўладиган бошқа аломатлари зоҳир бўлгунча кутилади ва то ўша пайтгача мушкил (ноаниқ) бўлиб қолади. Лекин, балоғатга етгач ҳолати аниқ бўлишига умид бўлади.

Балоғатга етганидан сўнг билинадиган аломатлар эркакларга хос бўлган белгилар бўлса, яъни соқол-мўйлов чиқиши ёки таносил аъзосидан маний (сперма, уруғ суви) келиши каби ишлардан бирортаси зоҳир бўлса, у эркак киши саналади. Аёлларга хос бўлган аломатлар, яъни ҳайз, ҳомиладорлик, кўкракларининг кўтарилиши зоҳир бўлса, у аёл деб саналади.

  • Агар балоғат ёшига етгач ҳам унда эркаклик аломатларидан ҳам, аёллик аломатларидан ҳам биронтаси зоҳир бўлмаса, у ҳолати аниқланиши умид қилинмайдиган мушкил бўлиб қолаверади.

Уламолар унга ҳар икки ҳолатида ҳам мерос белгилашда ва у билан бирга бўлганларга мерос беришда бир неча фикрга бўлинганлар.

-       Баъзи уламолар мушкил хунасага зарар бўлувчироқ муомала қилинади, аммо у билан бирга бўлганларга эмас, деганлар. Яъни, уни эркак деб кўрилган тақдирда унга ўзининг улушидан камроқ улуш берилади ёки аёл деб кўрилган тақдирда улушини берилади. Агар ҳар икки тақдирдан бирида ворис бўлмаса, унга ҳеч нарса берилмайди.

-       Баъзи уламолар ҳар икки ҳолатда ҳам хунасага ҳам, у билан бирга бўлганларга ҳам зарарлироқ муомала қилинади, (тақсимотдан) ортиб қолган молни то хунасанинг ҳоли аниқлашгунича ёки ворислар уни тақсимлашга келишиб олгунларича тўхтатиб турилади, деганлар.

-       Баъзи уламолар мушкил хунасага агар у эркак ва аёллиги билан мерос олса, эркак ва аёл улушининг ярми берилади, агар икки тақдирдан фақат бири билан мерос олса, унга ўзи мерос олаётган тақдирнинг ярми берилади ва хунасанинг ҳоли аниқланишидан умид бўлса ҳам, бўлмаса ҳам фарқсиз, шунга амал қилинади, деганлар.

-       Баъзи уламолар масалага батафсилроқ киришиш керак, дейдилар. Яъни, агар хунасанинг ҳоли аниқланишига умид бўлса, унга ва у билан бирга бўлганларга зарарлироқ муомала қилинади, унга ҳам, у билан бирга бўлганларга ҳам аниқ билинган меросларини берилади ва ортиб қолган молни то унинг ҳоли аниқ бўлгунича тўхтатиб турилади. Агар унинг ҳоли аниқланишига умид бўлмаса, у ҳолда хунасага агар ҳар икки тақдир билан мерос олаётган бўлса, эркак меросининг ярмини ва аёл меросининг ярмини берилади. Агар икки тақдирдан бири билан мерос олаётган бўлса, унга ўзи ҳақли бўлган улушнинг ярми берилади, деганлар. Валлоҳу аълам.