Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қизларнинг мероси ҳақидаги боб

2655 марта кўрилган

  • Ёлғиз қиз иккита шарт билан мероснинг яримини олади:

Биринчи шарт: Унга шерик бўладиган опа ё сингиллари бўлмаслиги.

Иккинчи шарт: Уни фарздан асабага ўтказиб қўядиган ака-укаларидан холи бўлиши.

  • Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: «Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли ме­рос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёллар бўлса, уларга (маййит) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга(мероснинг) ярми тегур» (Нисо: 11). «Агар якка қиз бўлса» деган сўздан унинг шерик бўладиган опа ё сингилларидан холи бўлиши, «бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида» деган сўздан эса унинг муассибдан (асабага ўтказиб қўядиган ака-укадан) холи бўлиши шартлиги чиқади.
  • Ўғилнинг қизи учта шарт билан ярим улуш мерос олади:

Биринчи шарт: Унга муассиб (асабаликка ўтказиб қўювчи) йўқ бўлиши. Яъни, ака-укаси, ўзининг даражасида бўлган амакиваччаси унга муассиб бўлади.

Иккинчи шарт: Унга мушорик (шерик бўлувчи) йўқ бўлиши. Яъни, опа-синглиси, ўзининг даражасида бўлган амакининг қизи унга мушорик бўлади.

Учинчи шарт: Ундан кўра юқорироқ бўлган фаръи ворис бўлмаслиги. (Фаръи ворис деб маййитнинг фарзандлари ва ўғилларининг фарзандларига айтилади).

  • Икки ва ундан ортиқ қизлар икки шарт билан учдан икки улушни оладилар:

Биринчи шарт: Икки ва ундан кўпроқ бўлишлари.

Иккинчи шарт: Муассиб бўлмаслиги. Маййитнинг пуштикамаридан бўлган ўғли уларга муассиб бўла олади.

Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли ме­рос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёллар бўлса, уларга (маййит) қолдирган нарсанинг учдан иккиси тегур» (Нисо: 11). Аллоҳ таолонинг: «Бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида» деган сўзидан қизларнинг учдан икки улуш мерос олишида муассибнинг бўлмаслиги шартлиги маълум бўлади. «Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёллар бўлса» деган сўзидан уларнинг икки ва ундан кўпроқ бўлишлари шартлиги тушунилади.

  • Лекин, баъзи уламоларга оятдаги «иккидан ортиқ аёллар бўлса» деган лафз мушкуллик туғдирди. Чунки, унинг зоҳири иккита қиз учдан бир улуш олмаслигини, балки фақат учта ва ундан кўп қизлар олиши мумкинлигини англатади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ҳам шундай ривоят қилинган. Жумҳур уламо бунинг хилофини айтганлар ва икки қиз ҳам учдан икки улуш олишига ҳукм қилганлар. Бунга далил Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир: «Саъд ибн Рабиънинг аёли Саъддан бўлган икки қизини олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва: «Ё Расулуллоҳ, бу иккиси Саъд ибн Рабиънинг қизлари. Оталари сиз билан бирга Уҳудда (иштирок этиб) шаҳид бўлди. Амакилари буларнинг молларини олиб қўйиб, уларга мол қолдирмади. Буларни мол билан турмушга берилади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ бу ҳақда ҳукм қилади», дедилар. Шундан сўнг мерос ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларнинг амакисига одам юбориб: «Саъднинг икки қизига учдан икки улуш, оналарига саккиздан бир улуш бергин, қолгани сенга», дедилар (Абу Довуд (2891), Термизий (2098), Ибн Можа (2720), Аҳмад (3/353, 314798) ривоятлари, Термизий ҳасан санаган).

Ушбу ҳадис иккита қиз учдан икки улушга ҳақли бўлишига далил бўлади. Бу низо-тортишув ўрнидаги ҳужжат ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан Аллоҳ таолонинг: «Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёллар бўлса, уларга (маййит) қолдирган нарсанинг учдан иккиси тегур» (Нисо: 11) деган сўзларига тафсир ва унинг маъносига баёндир. Айниқса, бу оят нозил бўлишига сабаб Саъд ибн Рабиънинг икки қизи ҳақидаги воқеа ва оналарининг улар ҳақида қилган саволи эди ва оят тушгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларниг амакиларига одам юборган эдилар.

«Иккидан ортиқ аёллар бўлса» оятини далил қилиб, икки қизга учдан бир улуш мерос берилмаслигини, бунинг учун учта ва ундан ортиқ қиз бўлиши кераклигини айтган кишиларга бир неча жавоблар айтилган. Жумладан:

Бу каломнинг баъзиси баъзисига мутобиқ (мувофиқ) келиши бобидандир. Чунки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли ме­рос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёллар бўлса, уларга (маййит) қолдирган нарсанинг учдан иккиси тегур», деди. Оятдаги كُنَّ (бўлсалар) феъли остидаги замир (яъни, улар деган кўплик олмоши) «фарзандларингиз» дегандаги кўплик сийғасига (кўринишига) мувофиқ келади. Ояти каримада учта иш жамланди: «фарзандлар» лафзи кўплик сийғасида, كُنَّ (бўлсалар) феъли остидаги замир (олмош) кўплик замири, «аёллар» кўплик кўринишидаги исм. Демак, «иккидан ортиқ» деб таъбир қилишга муносиб бўлди.

Бошқа жавоб ҳам бор: Аллоҳ таоло бир ўғил учун икки қиз улушини қилди. Агар ўғил учдан икки улушни олиб, қиз учдан бирни олса, қатъан маълум бўладики, икки қизнинг улуши учдан иккидир. Чунки, битта қизнинг битта ўғил билан бўлгандаги улуши учдан бир бўлса, битта қизнинг битта қиз билан бирга бўлгандаги улуши учдан бир улуш бўлиши лойиқроқдир. Бу қуйи билан юқорига танбеҳлаш бобидандир. Агар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло битта қизнинг меросини насс билан ва иккита қизнинг меросини танбеҳ билан зикр қилган экан, «иккитадан ортиқ» калимаси фарз (яъни, меросдаги улуш) ададнинг зиёда бўлиши билан – ва ҳатто иккитадан зиёда бўлса ҳам – зиёда бўлмаслигини ифодалайди, валлоҳу аълам.

  • Ўғилнинг иккита қизи ҳам учдан иккига ҳақли бўлишда худди пуштикамардан бўлган қизлар билан бир хилдир. Чунки, ўғилнинг қизи ҳам қизга ўхшагандир. Бироқ, улар учдан икки улушга ҳақли бўлишлари учун учта шарт топилиши керак:

Биринчи шарт: Икки ва ундан ортиқ бўлишлари.

Иккинчи шарт: Муассибнинг бўлмаслиги, муассиб ўғилнинг ўғлидир, хоҳ ўзларининг ака-укалари бўлсин, хоҳ уларнинг даражасида бўлган амакиваччалари бўлсин, фарқсиз.

Учинчи шарт: Улардан кўра юқорироқ бўлган фаръи ворис бўлмаслиги. Фаръи ворис пуштикамардан бўлган ўғил ёки ўғилнинг ўғли ёки пуштикамардан бўлган қиз ёки ўғилнинг бир ё бир неча қизларидир, валлоҳу аълам.