Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Беморнинг молиявий тасарруфлари ҳақидаги боб

2796 марта кўрилган

Тансиҳатлик ҳолати инсоннинг ўз молида шариат ҳудудида ва эс-ҳуши билан тасарруф қилишга қодирлик жиҳатидан беморлик ҳолатидан фарқли бўлади. Саломатлик ҳолатида қилинган садақа беморлик ҳолатида қилинган садақадан афзалроқ ва ажри кўпроқдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам», деб қолишдан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Аллоҳ бирон жонни ажали келган вақтида (вафот этдирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мунофиқувн: 10, 11).

«Саҳиҳайн»да ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, қайси бир садақанинг ажри улуғроқ бўлади?» деб сўради. «Танинг соғ, бахил бўлган ҳолингда, камбағалликдан қўрқиб, бой бўлишни орзу қилган ҳолингда садақа қилишинг ва (садақа қилишни) ортга сурмаслигингдир. Жон ҳалқумга етган пайтда: «Фалончига шунча, фалончига шунча» дейсан, энди у фалончиники (яъни ворисники) бўлган бўлади», дедилар (Бухорий (1419) ва Муслим (1032) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоятлари).

Касаллик икки қисмга бўлинади:

1) Хавфли бўлмаган касаллик. Яъни, одатда ўлим хавфи бўлмаган касаллик, тиш оғриғи, кўз оғриғи, енгилроқ бош оғриғи каби. Касалликнинг бу турида беморнинг молиявий тасарруфи худди соғ одамнинг тасарруфи каби лозим саналади, молининг ҳаммасини ҳадя қилиб юборса ҳам яроқли бўлаверади. Агарчи, шу касали кейинчалик кучайиб кетиб, ўлимига сабаб бўлса ҳам, ҳадя қилган ҳолати эътиборига кўра, бу иши дуруст бўлади. Чунки, у ҳадя қилган пайтида соғ одамнинг ҳукмида эди.

2) Хавфли касаллик. Яъни, одатда ўлимга олиб келадиган касаллик. Бу турдаги беморнинг ҳадя ва инфоқ-эҳсони жами молининг учдан биридан ошиғига ўтмайди. Агар молининг учдан биригача бўлса ўтади, ундан ортиғи эса фақатгина ўлимдан сўнг ворисларининг ижозати билангина ўтиши мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло вафот этаётган пайтларингизда амалларингизга зиёда равишда молларингизнинг учдан бирини (васият қилишга имкон бериш билан) сизларга садақа қилди», деганлар (Ибн Можа (2709), Байҳақий (6/269, №12351) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Дорақутний (4/150, №3) Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Бу ҳамда шу маънода келган бошқа ҳадислар ўлим олдидан молнинг учдан бирида тасарруф қилишга изн борлигига далил бўлади. Бу жумҳур уламонинг мазҳабларидир. Чунки, хавфли касаллик ҳолида ўлим рўй бериши кўпроқ бўлади, шу ҳолда молини ҳадя қилиб юбориши ворисларга қийинчилик келтиради. Шу боис бундай беморнинг тасарруфи худди васият каби молининг учдан бирига чеклаб қўйилди.

Хавф-хатар ҳолати ҳам молиявий тасаррруф ҳукмида худди хавфли касаллик ҳолатига ўхшаган бўлади. Яъни, масалан, диёрида вабо тарқалган одамнинг ёки жанг майдонида душман сафи рўбарўсидаги кишининг ёки тўлқин турган пайтда денгиз ичида бўлган кишининг молиявий тасарруфи ҳам молининг учдан биридан ортиғига ўтмайди, бироқ ўлимидан сўнг ворислари ижозат берсагина ўтади. Ана шундай ҳолдаги кишининг ворисларидан бирига қилган инфоқ-эҳсони ҳам фақатгина шу ҳолатда вафот этса, ўлимидан сўнг ворисларининг ижозатлари билангина ўтади. Агар хавфли касаллигидан тузалиб кетса, унинг барча қилган ҳадялари ўтади.

Касаллиги сурункали бўлган, бироқ тўшакка михланиб қолмаган кишининг барча молидан қилган инъом-эҳсонлари худди соғлом одамнинг қилган инъом-эҳсонларидек ўтади. Чунки, унинг тез орада ўлишидан хавф қилинмайди, у кекса одам ҳукмида бўлади. Аммо, сурункали касал бўлиб, тўшакка михланиб қолган одам худди хавфли касаллик ҳолатида бўлган одамдек саналиб, унинг васиятлари молининг фақат учдан бир қисмига ва ворисларидан бошқагагина ўтади, қачонки ворислари ижозат берсагина тўлалигича ўтиши мумкин.

Учдан бири деганда ўлими пайтидаги молининг учдан бири эътибор қилинади. Чунки, васиятлар лозим бўладиган ва васиятга ҳақдор бўлиш вақти шу вақтдир. Бу пайтда васиятлар ва ҳадялар молининг фақат учдан бирига ўтади. Агар бемалолчилик бўлмаса, ҳадяларни васиятлардан муқаддам қилинади. Чунки, ҳадялар касалнинг ҳаққида лозимдир, шу боис ҳадяни худди соғлик пайтида бўлгани каби васиятдан муқаддам қилинади.

Васият билан ҳадя ўртасида фарқлар мавжуд. Фуқаҳолар раҳимаҳумуллоҳ сўзларига кўра, васият ҳадядан тўртта нарсада фарқ қилади:

  • Васиятда аввалги-ю кейингилар баробардир. Чунки, у ўлимдан кейинги табарруъ (ихтиёрий инфоқ)дир ва бирданига бериш фарз бўлади. Аммо, ҳадяда навбати билан берилади. Чунки, у берувчининг зиммасида лозим бўлган эди.
  • Ҳадя берган одам берган ҳадяси олувчининг қўлига теккандан сўнг уни қайтиб олишга ҳақли бўлмайди. Васиятда эса, васият қилувчи васиятини қайтариб олиши мумкин. Чунки, васият фақат ўлим сабабли лозим келади.
  • Ҳадя қилинувчи нарса мавжуд бўлиши билан ҳадяни қабул қилиш эътиборли бўлади. Чунки, унга дарҳол эгадор бўлинади. Аммо, васият ўлимдан сўнггина эга бўлинадиган нарсадир. Унинг қабули ўлим содир бўлган пайтдан эътибор қилинади, ўлимдан олдин уни қабул қилишга ҳукм қилинмайди.
  • Ҳадяга уни қабул қилган пайтдан эътиборан эгадорлик собит бўлади. Васиятга эса ўлимдан олдин эгадорлик собит бўлмайди. Чунки, у ўлимдан кейин эгадор бўлинадиган нарсадир.