Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Муртадликка доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3463 марта кўрилган

  • Муртад сўзи луғатда «ортга қайтувчи» маъносини англатади.

  • Истилоҳда эса мусулмон бўлганидан сўнг ўзи ихтиёрий равишда сўз билан ё эътиқод қилиш билан ё шак билан ё амал билан кофирликка қайтган одамга муртад дейилади.

  • Дунёда ҳам, охиратда ҳам муртадга хос бўлган ҳукмлар мавжуд.

  • Унинг дунёдаги ҳукмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадислари билан баён қилиб қўйганлар: «Ким динини алмаштирса, уни ўлдиринглар» (Бухорий (3017) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Уламолар шунга ва қатл қилинишидан олдин аёлини ундан ажратиш, молини тасарруф қилишдан ман қилишга ижмоъ қилганлар.

  • Охиратдаги ҳукмини Аллоҳ таоло баён қилган: «Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 217).

  • Муртадлик Исломни бузувчи ишлардан бир ишни қилиш билан ҳосил бўлади, жиддий бўлсин, ҳазиллашиб қилган бўлсин, масхаралаш бўлсин, фарқсиз. Аллоҳ таоло айтади: «Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66).

  • Аммо, мажбурланган киши мажбурликдан куфр калимасини айтган бўлса, у бу билан муртад бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улкан азоб бордир» (Наҳл: 106).

  • У сабабли муртадлик ҳосил бўладиган Исломни бузувчи амаллар кўпдир:

    Улар ичида энг каттаси Аллоҳга ширк келтиришдир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, яъни Аллоҳдан бошқага – азиз-авлиёлар, солиҳлар, ўлганлардан дуо қилиб сўраса, ё уларнинг қабрларига атаб жонлиқ сўйса, ёки назр қилса, ё ўликлардан мадад тиласа, Ислом динидан муртад бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким ўзи билан Аллоҳ ўртасида воситалар қилиб, уларга дуо қилса, улардан сўраса ва уларга таваккул қилса, кофир бўлишига иттифоқ қилинган» (Ал-фатавал-кубро: 5/535).

    Шунингдек, ким баъзи пайғамбарларни ё баъзи илоҳий китобларни инкор қилса, муртад бўлади. Чунки, у Аллоҳни ёлғончи қилган, Аллоҳнинг пайғамбарини ва Аллоҳнинг китобини инкор қилган бўлади.

    Шунингдек, малоикаларни инкор қилган ё ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилган киши ҳам кофир бўлади. Чунки, у Қуръон, Суннат ва ижмоъни инкор қилган бўлади.

    Шунингдек, Аллоҳ таолони сўккан ё Унинг пайғамбарларидан бирон пайғамбарни сўккан киши ҳам кофир бўлади.

    Шунингдек, ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбарлик даъво қилса ёки пайғамбарлик даъво қилган кишини тасдиқласа, у ҳам кофир бўлади. Чунки, у Аллоҳ таолонинг: «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40) деган сўзларини ёлғон санаган бўлади.

    Ким зинокорлик ҳаромлигини инкор қилса ёки ҳаромлигига иттифоқ қилинган тўнғиз гўшти ва ароқ каби очиқ ҳаром нарсалардан биронтасининг ҳаромлигини инкор қилса, ёки ҳалоллигига итифоқ қилинган ва ҳалоллиги борасида хилоф бўлмаган нарсани, яъни масалан шаръий йўл билан бўғизланган ҳайвон гўштини ҳаром деса, у ҳам кофир бўлади.

    Шунингдек, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Бухорий (8) ва Муслим (16) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар), деган ҳадисларида айтилган бешта ибодатдан биронтасининг фарзлигини инкор қилса, у ҳам кофир бўлади.

    Ким динни масхара қилса ё Қуръони Каримни таҳқирласа, ё Қуръонда камчилик бор деса, ё Қуръондан бирон нарсани яшириб қолдирилган деса, унинг кофирлигида ҳам хилоф йўқдир.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ислом динида билиниши зарур бўлган ва барча мусулмонлар иттифоқ қилган иш шуки, кимда-ким Ислом динидан бошқасига эргашиш ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан бошқа шариатга эргашиш мумкин деб санаса, кофир бўлади. Унинг куфри Китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисини инкор қилган кишининг куфридан фарқли бўлмайди» (Ал-фатавал-кубро: 3/534).

    Яна айтади: «Ким Аллоҳнинг ваъдаси ёки азоб хабари билан огоҳлантиришини масхара қилса, ёки Исломдан ўзга динни қабул қилган насроний ва бошқаларни кофир санамаса ё уларнинг куфри ҳақида шак қилса ё мазҳабларини тўғри деб билса, ижмоъан кофир бўлади».

    Яна айтади: «Ким саҳобаларни ёки улардан бирортасини сўкса, сўкишига қўшимча равишда Алийни илоҳ ё набий деб даъво қилса ва Жибрил хато қилган (ва ваҳийни Алий розияллоҳу анҳу ўрнига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга келтирган) деса, унинг кофирлигида шак-шубҳа йўқдир» (Ас-соримул-маслул: 3/1108).

    Кимда-ким шариати исломия ўрнига инсонлар томонидан чиқарилган қонунлар билан ҳукм қилса, бу қонунларни инсонларга шариати исломиядан кўра яроқлироқ деб кўрса, ёки Ислом ўрнига шуюъий (коммунистик) ёки миллатчилик мафкурасини мақбул санаса, унинг муртадлигида шак-шубҳа йўқдир.

    Муртадликнинг турлари кўп. Мисол тариқасида айтсак, ғайб илмини даъво қилган киши, мушрикларни кофир санамаган ё куфрларида шубҳа қилган ё уларнинг йўлини тўғри санаган киши, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бир кимсанинг йўли у зотнинг йўлларидан мукаммалроқ, бошқанинг ҳукми у зотнинг ҳукмларидан яхшироқ деб билган киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсадан биронтасини ёмон кўрган киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларидан бирон нарсани мазах қилган киши, шунингдек, мушриклар билан ҳамкорлик қилган ва мусулмонлар зиддига уларга кўмак берган киши, ғулув кетган суфийларга ўхшаб айрим шахслар учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларидан четга чиқиш дуруст деб эътиқод қилган киши, Аллоҳнинг динидан юз ўгириб, уни ўрганмаган ва унга амал қилмаган киши, мана шуларнинг ҳамма-ҳаммаси муртад бўлади.

    Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу динни бузувчи амалларни жиддийлик билан қиладими, ҳазиллашибми, қўрққаниданми, фарқсиздир. Фақат мажбурланган киши бундан мустасно. Ҳаммаси ғоят хатарли, ғоят кўп дучор бўлинадиган ишлардан. Мусулмон киши улардан ҳазир бўлиши ва уларнинг ўзига нисбатан бўлган хавфидан огоҳ бўлиши лозим. Аллоҳдан Унинг ғазабини келтирадиган ва азобига дучор қиладиган ишлардан паноҳ тилаймиз» (Муаллафот Муҳаммад ибн Сулаймон фил-ақийда: 214-с).

    Юқорида айтилганлар Исломни бузувчи ишлардан айрим намуналардир. Аслида, Исломни бузувчи ишлар бундан анча кўпдир. Сиз уларни ўрганишингиз ва таниб олишингиз лозим, шунда улардан ҳазир ва эҳтиёт бўласиз. Зеро, ширкни билмаган киши унга тушиб қолиш хавфидан омон бўлмайди.

    Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: «Жоҳилиятни билмаган киши Ислом устида улғайса, Исломнинг ҳалқаларини бирма-бир синдириб қўйиши мумкин» (Ибн Таймия «Мажмуъул-фатава»да (10/301) келтирган).

    Мен сизга шайхулислом Ибн Таймиянинг «Иқтизоус-сиротил-мустақийм мухолафата асҳабил-жаҳийм» китобини, Муҳаммад ибн Сулаймоннинг «Ал-масаил-аллатий холафа фийҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳлал-жаҳилийя» китобини ва унинг аллома Маҳмуд Шукрий томонидн ёзилган шарҳини ўқишни тавсия қиламан.

  • Исломдан муртад бўлган кишидан тавба қилишини талаб қилиш ва уч кун муҳлат бериш керак бўлади. Агар тавба қилишдан бош тортса, ўлдирилади. Чунки, Умар розияллоҳу анҳуга бир кишининг мусулмон бўлганидан кейин куфрга қайтгани ва тавба қилишни талаб қилмасданоқ қатл қилингани хабари етгач, у киши: «Уч кун қамаб қўйиб, ҳар куни биттадан кулча бериб, тавба қилишини талаб қилмабсизлар-да! Балки, тавба қилиб қоларди ё Аллоҳнинг амрига қайтарди. Эй Аллоҳим, мен (бу ишда) ҳозир бўлмадим ва хабари етганидан сўнг рози ҳам бўлмадим», деганлар (Молик «Муваттоъ»да (2/737, №1414), Ибн Аби Шайба (7/7, 332845) ривоят қилган).

    Чунки, муртадлик шубҳа туфайли бўлади ва дарҳол кетиб қолмайди. Шу боис унга фикр қилиб кўришга кифоя қилгудек муҳлат бериш лозим бўлади. Агар тавба қилмаса, ўлдириш фарз бўлади, деган сўзга далил шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким динини алмаштирса, уни ўлдиринглар», деганлар (Бухорий (3017) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

  • Унинг қатлига имом ўзи ёки унинг ноиби бош-қош бўлади. Чунки, бу Аллоҳнинг ҳаққи учун бўлган қатлдир, шу боис улул-амрнинг ҳаққи бўлади.

  • Муртадни қатл қилиш вожиблигидаги ҳикмат шуки, у ҳақни таниганидан сўнг уни тарк қилди ва ерда муфсидга (бузғунчилик қилувчига) айланди. Бузилган аъзони сақлаб туриш жамиятга зарар келтиради ва динга зиён етказади.

  • Муртаднинг тавбаси икки шаҳодат калимасини айтиш билан ҳосил бўлади. Чунки, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари умумига киради: «Мен одамлар билан то улар «Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир» деб гувоҳлик бермагунларича ва намозни барпо қилиб, закотни адо этмагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шу (айтилган ишлар)ни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаб қоладилар – Исломнинг ҳаққи бундан мустасно – ва уларнинг ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг зиммасидадир» (Бухорий (1399) ва Муслим (22) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Кимнинг муртадлиги динда зарурий саналган ишлардан бирортасини инкор қилиши сабабли бўлган бўлса, унинг тавбаси икки шаҳодат калимаси айтишидан ташқари ўзи инкор қилган ишга иқрор бўлиши билан бўлади.

  • Муртадни ўз молида тасарруф қилишдан ман қилинади. Зиммасида бўлган қарзларини молидан адо этилади, ўзига ва аҳли-оиласига молидан сарф қилиб турилади. Агар Исломга қайтса, молини қайтариб олади ва уни тасарруф қилиш ҳаққини қўлга киритади. Агар муртадлигида ўлиб кетса ёки қатл қилинса, ўлган заҳоти моли мусулмонларнинг байтулмолига ўлжа сифатида олинади. Чунки, унинг вориси бўлмайди. Мусулмонлардан бирон киши унга меросхўр бўлмайди, чунки, мусулмон кофирдан мерос олмайди. Кофирлардан бирон киши ҳам, гарчи ўзи ихтиёр қилган дин аҳлидан бўлса ҳам, унга меросхўр бўлмайди, чунки, унинг муртадлигига иқрор бўлинмайди. Муртад кофирдан ҳам, мусулмондан ҳам мерос олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмон кофирдан, кофир мусулмондан мерос олмайди» (Бухорий (6764) ва Муслим (1614) Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

  • Уламолар Аллоҳ таолони сўккан ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан кишининг тавбаси мақбул бўлиш-бўлмаслиги ҳукмида ихтилоф қилганлар.

  • Баъзи уламолар дунёдаги ҳукмларда, яъни қатлини қолдирилиш, меросхўр бўлиш ва мерос қолдиришга доир аҳкомларда тавбаси мақбул бўлмайди, балки ҳар қандай ҳолда ҳам қатл қилинади, чунки унинг гуноҳи улкан, ақидаси бузуқ, Аллоҳ таолони ҳақоратлади, деганлар.

  • Иккинчи қавлга кўра, унинг тавбаси мақбул саналади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур» (Анфол: 38).

  • Уламолар шунингдек, муртадлиги такрорланган кимсанинг тавбаси мақбул бўлиши ҳақида ҳам ихтилоф қилганлар.

  • Бир қавлга кўра, дунёда тавбаси мақбул бўлмайди ва гарчи тавба қилса ҳам, муртадлик ҳукмини ижро этиш лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Албатта иймон келтириб, сўнг куфрга қайтган, кейин яна иймонга келиб, сўнгра яна кофир бўлган, кейин эса куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз мағфират қилмайди ва уларни зинҳор ҳақ йўлга ҳидоят қилмайди» (Нисо: 137).

  • Иккинчи қавлга кўра, унинг тавбаси мақбул бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур» (Анфол: 38). Ушбу оят умумийдир, у муртадлиги такрорланган кишиларга ҳам умумий бўлади.

  • Зиндиқнинг – яъни, ичида куфрни яшириб, мусулмонлик изҳор қилувчи мунофиқнинг тавбаси мақбул бўлиши ҳақида ҳам ихтилоф қилганлар.

  • Бир қавлга кўра, тавбаси мақбул бўлмайди. Чунки, унинг Исломга қайтганини кўрсатадиган аниқ белги йўқ, Аллоҳ таоло айтган: «Магар қайсилари тавба қилиб, ўзларини ўнглаб, (одамларга ҳақиқатни) очиқ айтсалар, бас, уларнинг тавбаларини қабул қиламан» (Бақара: 160). Агар тавба изҳор қилса ҳам, аввалги ҳолидан, яъни Исломни изҳор қилиб, ичида куфрни яширишдан зиёда бўлмайди.

  • Иккинчи қавлга кўра, зиндиқнинг тавбаси мақбул бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз! Магар тавба қилиб ўзларини ўнглаган ва Аллоҳга боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилган зотлар — ана ўшаларгина мўминлар билан бирга бўлурлар. Яқинда Аллоҳ мўминларга улуғ ажр ато этажак!» (Нисо: 145, 146). Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мунофиқлардан Исломни изҳор қилганлари учун тийилганлар.

    Ҳулулийлар, ибоҳийлар, ўз доҳийларини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан афзал сановчилар, шунингдек, бировга маърифт ҳосил бўлса, ундан амру наҳий соқит бўлади, деб ҳисоблайдиганлар ё бировга маърифат ҳосил бўлса, унга яҳудия ва насрония каби динлар билан динланиши жоиз бўлади, деб санайдиган кимсалар ҳам зиндиқлардан ҳисобланади.

  • Уламолар шунингдек, тамйиз ёшига (7 ёшга) етган боланинг мусулмонлиги дуруст бўлиши ва ундан муртадлик воқеъ бўлиши борасида ҳам ихтилоф қилганлар. Уларга кўра, агар бола муртадлик сабабларидан бирон нарсани қилса, ундан муртадлик ҳосил бўлади. Чунки, мусулмонлиги дуруст саналган кишининг муртадлиги ҳам яроқли ҳисобланади. Тамйиз ёшига етган боланинг мусулмонлиги яроқли саналади, демак, муртадлиги ҳам яроқли саналади. Лекин, уни то балоғатга етганидан сўнг тавба қилиши талаб қилинмагунича ва уч кун муҳлат берилмагунича қатл қилинмайди. Тавба қилса, тавбаси мақбул бўлади, муртадлигида қолса, қатл қилинади.

  • Уламолар намознинг фарзлигига иқрор бўлгани ҳолда бепарволик билан ўқимай юрган киши ҳақида ҳам ихтилоф қилганлар. Саҳиҳ гап шуки, ундай одам кофир бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта киши билан куфр ва ширкнинг ўртасида намозни тарк қилиш туради», деганлар (Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган), «Биз билан улар (кофирлар) ўртасини ажратиб турувчи аҳд-паймон намоздир. Ким намозни тарк қилса, шубҳасиз кофир бўлибди», деганлар (Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Аллоҳ таоло айтади: «(Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида,) улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқувчилардан бўлмадик» (Муддассир: 42, 43), «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар» (Тавба: 11). Ояти карима далолатига кўра, намозни тўкис адо этмаган киши биз учун диний биродар бўлмайди. Аллоҳ таоло: «Намознинг фарзлигига иқрор бўлсалар», демади, балки: «Намозни тўкис адо этсалар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», деганлар (Бухорий (8) ва Муслим (16) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). «Намознинг фарзлигига иқрор бўлиш» демаганлар, «Намозни барпо қилиш», деганлар.

    Кейинги даврларда намозга бепарволик ва уни ўқишга ялқовлик қилиш кучайиб кетди. Бу жуда хатарли ишдир. Намозга бепарволик қилаётган кишилар Аллоҳга тавба қилишлари ва ўзларини дўзахдан қутқариб қолишлари лозим бўлади. Чунки, намоз Исломнинг устунидир, у фаҳшу мункар ишлардан, гуноҳлардан қайтариб туради.