Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Боғийларга (тажовузкорларга) қарши уруш қилиш ҳақидаги боб

2808 марта кўрилган

  • Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зеро Аллоҳ адолат қилувчиларни суюр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» (Ҳужурот: 9, 10).

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ишларингиз бир кишининг қўлида жамланиб турган ҳолида биров сизларга келиб бирлигингизга путур етказишни ёки жамоатингизни бўлиб ташлашни истаса, уни ўлдиринглар!» (Муслим (1852) Арфажа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

  • Яна айтганлар: «Кимда-ким ушбу умматнинг жам бўлиб турган ишини бўлиб ташлашни истаса, ким бўлишидан қатъий назар, уни қилич билан уринглар!» (Муслим (1852) Арфажа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

  • Саҳобалар боғийга қарши жанг қилишга ижмоъ қилганлар.

  • Боғийликнинг асли маъноси зўравонлик, зулмкорлик ва ҳақдан бурилишдир. Боғийлар зўравон, золим, ҳақдан бурилган ва мусулмонларнинг имомлари (бошлиқлари)га мухолиф бўлган кишилардир. Чунки, мусулмонлар учун жамоат ва имом бўлиши зарурдир. Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103). Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизларни Аллоҳдан тақво қилишга ва гарчи устларингизга бир қул амир бўлса-да, қулоқ солиш ва итоат қилишга васият қиламан» (Абу Довуд (4607), Термизий (2676), Ибн Можа (42) Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу заруриятлардан, чунки бунга одамларнинг эҳтиёжи бор, шу билан бирликни сақлаб қолинади, ҳамжиҳатликни ҳимоя қилинади, ҳадлар ижро қилинади, ҳақ-ҳуқуқлар тўла-тўкис қилинади, амри маъруф ва наҳий мункар барпо бўлади...

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Билмоқ керакки, одамларни бошқариш диннинг энг улкан вожибларидан, балки диннинг ҳам, дунёнинг ҳам туриши шу биландир. Зеро, одамлар давомий равишда бир-бирларига эҳтиёжлари тушиб тургани туфайли уларнинг манфаатлари жамоаларнинг бир-бирлари билан жамланишлари воситасидагина амалга ошади. Жамланганда эса албатта бир бошлиқ бўлиши зарур бўлади. Шариат соҳиби бунинг нақадар зарурлигига диққатни қаратиш мақсадида ҳатто кичик ва вақтинчалик жамоатларга ҳам бир бошлиқ бўлишини вожиб қилган» (Мажмуъул-фатава: 28/390).

    Яна айтади: «Маълумки, одамларнинг салоҳияти раҳбарлар воситасида амалга ошади. Гарчи, раҳбарлар орасида золим ҳукмдорлар ҳам бўлиб турса-да, бу бутунлай раҳбарсиз туришдан кўра яхшироқдир. Айтилганидек, золим имом билан олтмиш йил туриш имомсиз бир кеча туришдан яхши...» (Минҳажус-сунна: 1/548).

  • Агар шавкат ва қудрат эгаси бўлган бир қавм иштибоҳли бир таъвил билан имомга қарши чиқса, уни раҳбарликдан бўшатишни ёки унга мухолиф чиқишни, итоатидан бош тортишни, бирликка путур етказишни истаса, улар боғийлар ва золимлар саналади, имом улар билан сўзлашувлар олиб бориши, ўзига нисбатан нима айб қўйишаётганини сўраб-суриштириши, агар зулм ўтган бўлса, уни бартараф қилиши, агар шубҳали даъво билан чиққан бўлсалар, шубҳаларига ойдинлик киритиши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло: «Уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!» (Ҳужурот: 9), деди.

  • Ислоҳ фақат шу билан бўлади. Агар улар имомга қўяётган айблар у қилиши ҳалол бўлмаган иш бўлса, уни бартараф қилади. Агар ҳалол иш бўлса-ю, улар наздида нодуруст ва ҳаққа хилоф бўлиб кўринаётган бўлса, имом уларга ўз далилини баён қилади. Агар шу билан кифояланиб, ҳаққа қайтсалар ва итоатни лозим тутсалар, уларни бўш қўяди. Агар қайтмасалар, уларга қарши жанг қилиши фарз бўлади, раият имомга мададга келиши лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар!» (Ҳужурот: 9), деди. То ёмонликлари даф бўлгунича ва фитналар олови ўчгунича уларга қарши жанг қилиш фарз бўлади.

  • Улар билан жанг қилишда қуйидаги ишлардан сақланади:

    1. Уларга қарши вайронагарчилик келтирувчи бомбалар сингари оммавий қирғин қуролларидан фойдаланиши ҳаром бўлади.

    2. Уларнинг фарзандларини, шунингдек, ортга қайтганларини, жароҳатланганларини ва урушни тарк қилганларини ўлдириши ҳаром бўлади.

    3. Улардан асир олинганлари то фитна тингунича ҳибсда сақланади.

    4. Уларнинг молларини ўлжа қилиб олинмайди. Чунки, бу бошқа мусулмонларнинг моллари каби саналади, уларни ўлжа қилиш жоиз эмас. Уруш тўхтаганидан ва фитна тинчиганидан кейин улардан қай бирининг моли бировга ўтиб кетган бўлса, уни қайтариб олади. Аммо, жанг пайтида талафотга учраган моли тўлаб берилмайди. Ҳар икки тарафдан урушда ўлдирилганлар қонига зомин бўлинмайди.

    Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фитналар қўзғолган даврда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳали кўпчиликни ташкил қилардилар. Улар бирон кишидан қасос олинмаслигига, Қуръонни таъвил қилгани учун моли олинмаслигига фақат йўқотилган молнинг айни ўзи топилса олиш мумкинлигига иттифоқ қилганлар...» (Ибн Аби Шайба (5/459, №27964), Байҳақий 8/174) ривоят қилганлар).

    «Ал-ифсоҳ»да айтади: «Саҳобалар иттифоқига кўра, адолат аҳли боғийларга етказган талафотларга зомин бўлинмайди, боғийлар етказган талафот ҳам шундай...» («Ҳошиятур-равзил-мурбиъ» соҳиби ундан нақл қилган: 7/396).

  • Агар мусулмонлардан бўлган икки тоифа бир-бири билан уруш олиб бораётган бўлса, уларнинг ҳар иккиси ҳам имомнинг тоатида бўлмаса, балки ўрталарида бўлган асабият (таассубчилик) туфайли ёки бошлиқлик талашиб урушаётган бўлсалар, ҳар иккаласи золим саналади, чунки ҳар иккиси бир-бирига боғийлик қилаётган бўлади ва бирининг иккинчисидан афзаллиги бўлмайди. Аммо, улардан бир тоифаси имомнинг буйруғи билан урушаётган бўлса, ўша тоифа ҳақ устида бўлади ва униси боғий бўлади.

  • Агар бир қавм хаворижларнинг фикрини изҳор қилса, яъни масалан, гуноҳи кабира эгаларини кофирга чиқарса, мусулмонларнинг қонини ҳалол санаса, саҳобаларни сўкишни дуруст санаса, у қавм боғий ва фосиқ хаворижлардан деб кўрилади. Агар бунинг устига имомга қарши чиқишни ҳам қўшсалар, уларга қарши урушиш фарз бўлади.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ хаворижлар ҳақида шундай дейди: «Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, аҳли сунна уларнинг адашган бидъатчи эканликларига ҳамда уларга қарши уруш қилиш саҳиҳ далил-ҳужжатлар билан вожиб эканига иттифоқ қилганлар... Саҳобалар уларга қарши уруш қилишга иттифоқ қилганлар, аҳли сунна уламолари ичида уларга қарши адолатли имомлар билан жанг қилиниши хусусида хилоф йўқдир... Лекин, уларга қарши золим имомлар билан бирга жанг қилинадими? Баъзи уламолардан нақл қилинишича, урушилади. Шунингдек, аҳдни бузган аҳли зиммаларга қарши ҳам урушилади. Бу жумҳурнинг сўзидир. Уларнинг сўзларига кўра, ҳар бир яхши ёки фожир амир билан бирга – агар у олиб бораётган жанг жоиз бўлса – жанг қилинади. Агар у кофирларга, муртадларга, аҳдни бузганларга, хаворижларга қарши шаръий суратда жанг олиб бораётган бўлса, у билан бирга жангга кирилади. Агар ножоиз бўлган жангни олиб борса, у билан жангга кирилмайди» (Минҳажус-сунна: 6/116).

  • Агар хаворижларнинг фикрини изҳор қилган у кишилар имомнинг итоати остидан чиқишни изҳор қилмсалар, уларга қарши урушилмайди ва уларга нисбатан мусулмонлик ҳукми жорий бўлади. Лекин, уларга таъзир бериш ва ишларини инкор қилиш, ўз фикрларини мусулмонлар орасида изҳор қилишга ва бидъатларини ёйишга имкон берилмаслик лозим бўлади.

    Бу уларни кофир саналмаслик фикридагилар сўзига кўрадир. Жумҳур шу фикрни билдирган. Аммо, хаворижларни кофир сановчилар фикрига кўра, уларга қарши ҳар қандай ҳолда ҳам уруш қилиш фарз бўлади.