Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қароқчиларнинг жазоси ҳақидаги боб

2725 марта кўрилган

  • Аллоҳ таоло айтади: «Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қилмишларига жазо бўлсин учун, Аллоҳ томонидан азоб бўлсин учун қўлларини кесинглар!» (Моида: 38).

  • Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Чорак динор ва ундан ортиқ (ўғирлик)да қўл кесилади» (Бухорий (6789), Муслим (1684) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

  • Умуман ўғрининг қўлини кесиш вожиблигига мусулмонлар ижмоъ қилганлар.

  • Ўғри жамиятдаги фосид (фасодли) унсурдир, агар тек қўйилса, фасоди уммат жисмига юқади. Бинобарин, муносиб жазони татбиқ қилиш билан уни тийиб қўйиш зарур. Шунинг учун Аллоҳ таоло унинг қўлини – чўзилиши жоиз бўлмаган нарсага чўзилган золим қўлни, бузғунчи бўлган ва бунёдкор бўлмаган, оладиган ва бермайдиган бу қўлни – кесишга ҳукм қилди.

  • Ўғирлик – молни эгасидан ёки унинг ноибидан яширинча йўл билан олишдир. Агар олувчи Ислом ҳукмларини лозим тутган, олинган мол (ўғирлик) нисобига етган бўлса, у молни эҳтиёт қилиб сақланган жойидан олган бўлса, олинган молнинг эгаси маъсум (яъни моли ва жонига дахл қилиниши мумкин бўлмаган) бўлса, олувчи учун унга нисбатан бирон шубҳа бўлмаса (шунда буни ўғирлик, деб саналади).

  • Ўғри, молини ўғирлатган шахс, ўғирланган мол, ўғирлик кайфияти ушбу таъриф ўз ичига олган аниқ сифатларни ўзида жамлаган бўлиши зарур. Агар шу сифатлардан биронтаси тўла топилмаса, қўлни кесилмайди. У сифатлар қуйидагилар:

  • Яширинча йўл билан олган бўлиш. Агар яширинча йўл билан олган бўлмаса, қўл кесилмайди. Яъни, масалан, молни зўрлик билан, одамлар кўзида олса ёки талончилик билан олса. Чунки, бу ҳолатда молнинг эгаси ёрдамга чақириши, қароқчи ва талончининг қўлидан ушлаши имкони бўлади.

    Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Талончи ва тортиб олувчининг қўли кесилмагани ҳолда ўғрининг қўли кесилишига сабаб, ундан сақланиш имкони йўқлигидир. Чунки, у уй-жойларни тешиб киради, ҳимоя воситаларини бузади, қулфни синдиради. Агар унинг қўли кесилиши машруъ бўлмаса, одамлар бир-бирларининг молларини ўғирлайверишар, зарар каттайиб, оғирлик кучайган бўларди» (Иъламул-муваққиъийн: 2/61-63, Ат-туруқул-ҳикамия: 74-б).

    Вазир ибн Ҳубайра айтади: «Талончи, зўрлик билан тортиб олувчи, хоин – жиноятлари ва гуноҳлари улкан бўлишига қарамасдан – улардан бирортасининг қўли кесилмайди» (Ихтилафул-аимматил-улама: 2/285).

    Уларнинг тажовузларини дарралаш, азоб бериш, узоқ вақт қамаш, оғир молиявий жазо бериш билан даф қилиш мумкин.

  • Ўғирликда қўл кесишни вожиб қиладиган сифатлардан яна бири – ўғирланган нарса муҳтарам (ҳурмати бор) мол бўлиши керак. Лаҳв (беҳуда ўйин-кулги, мусиқа) асбоби, маст қилувчи ичимлик, тўнғиз, ўлимтик каби ҳурмати йўқ ва мол саналмайдиган нарсалар, шунингдек мол бўлгани ҳолда эгаси уруш ҳолатидаги кофир бўлгани учун ҳурмати бўлмаган нарсаларда қўл кесилмайди. Чунки, уруш ҳолатидаги кофирнинг қони ва моли ҳалол бўлади.

  • Мазкур сифатлардан яна бири – ўғирланган мол нисоб, яъни уч исломий дирҳам ёки чорак исломий динор ёки нархи шу иккисига тенг бўлган бошқа пул миқдорида бўлиши. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўғрининг қўли фақат чорак динор ва ундан ортиқ (ўғирлик)да кесилади», деганлар (Бухорий (6790), Муслим (1684) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Ўша даврда чорак динор уч дирҳамга тенг бўлган.

    Қўл кесишни ушбу миқдорга хослашда зоҳир бир ҳикмат бордир. Яъни, ушбу миқдордаги пул-мол кўпинча иқтисодли одам учун унинг ўзига ва қарамоғидагиларга бир кунга етарли бўлади. Қаранг, унга қарши жиноят қилинса, дияси 500 динор қилиб белгиланган қўлни чорак динор ўғирлик учун кесилади! Чунки, у қўл омонатли бўлиб турганида қимматбаҳо, деб кўриларди, хиёнаткор бўлгач, қимматини йўқотди. Шунинг учун мулҳидлардан бири – Мааррий - : «Э воҳ, дияси 500 тилла қилиб белгиланган қўлни чорак динор учун кессалар?!» деган мазмунда шеър ёзганида унга уламолардан бири: «Омонатдорлик азизлиги унинг қийматини оширган эди, хиёнаткорлик хорлиги унинг қийматини тушириб юборди» деган мазмундаги шеър билан жавоб берганди.

  • Ўғирликда қўл кесилишини вожиб қиладиган сифатлардан яна бири – ўғирланган молни ҳирзидан (маҳкам сақлаб қўйилган жойидан) олган бўлишидир. Молнинг ҳирзи деб одатда уни сақланадиган жойга айтилади. Ҳирз молнинг турига, яшаб турган мамлакатларга, султоннинг адолатли ё зулмкорлигига, қудратли ё кучсизлигига қараб фарқли бўлади. Қимматбаҳо молларнинг ҳирзи уй-жойлар, дўконлар, мустаҳкам қулф-калитли бинолар ичида бўлади. Ундан бошқа нарсаларнинг ҳирзи ўша диёрдаги одатга қараб бўлади. Агар ҳирздан бошқа жойдан ўғирласа, яъни масалан, очиқ қолдирилган эшикдан кириб олган бўлса, қўл кесилмайди.

  • Ўғрида ўғирлаб олган нарсаси борасида шубҳа йўқ бўлиши керак. Агар уни олишига изн беради деб гумон қилинган бирон шубҳа бўлса, қўли кесилмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шубҳалар бўлганида имконингиз борича ҳадлар (ижроси)ни бекор қилингиз», деганлар (Шу мазмунда Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан (1424) ва Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан (2545) ривоят қилганлар). Бинобарин, отасининг молидан ё фарзандининг молидан ўғирлаб олган кишининг қўли кесилмайди. Чунки, улардан ҳар бирининг нафақаси иккинчисининг зиммасига фарз бўлади. Бу эса жазо ижросини бекор қиладиган шубҳадир. Шунингдек, бир молга ҳақдорлиги бўлган киши ундан олса, унинг қўли кесилмайди, лекин унинг бундай қилиши ҳаром бўлиб, унга адаб берилади ва олган нарсасини қайтариб олинади.

  • Юқоридаги сифатлар тўла-тўкис бўлиши билан бирга ўғирлик собит (исботланган) бўлиши ҳам зарур. Бу эса ўғирлик қандай содир қилинганини, ўғирланган молнинг ҳирзини, миқдорини ва жинсини айтиб берадиган ва шу билан эҳтимоллар ва шубҳаларни бартараф қиладиган иккита адолатли кишининг гувоҳлиги билан ёки ўғрининг ўзи ўғирлик қилганига икки бор гувоҳлик бериши билан бўлади. Чунки, Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда айтилишича, ўғирлик қилганини эътироф қилган бир ўғрини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келинди. У зот унга: «Сен ўғирлагансан деб ўйламайман», дедилар. У: «Йўқ, (мен ўғирладим)», деди. Икки ё уч марта қайтариб сўрадилар. Сўнг буюрдилар, қўлини кесилди (Абу Довуд (4380), Ибн Можа (2597) Абу Умайя ал-Махзумий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Ўғри иқрорида ўғирликни қандай қилганини сифатлаб бериши зарур, токи ноўрин қўл кесилгани гумон қилиниши эҳтимоли кетсин ва қўл кесилиши учун керак бўлган шартлар тўла-тўкис бўлгани ё бўлмагани аниқ бўлсин.

  • Молини ўғирлатган одам молини талаб қилган бўлиши ҳам зарур. Агар молини талаб қилмаса, қўлини кесилмайди. Чунки, эгасининг изн бериши ва кечиб юбориши билан мол мубоҳга айланиб қолади. Агар талаб қилмаса, ўша молни унга марҳамат қилиб юборгани эҳтимоли пайдо бўлади. Бу эса жазони бекор қиладиган шубҳадир.

  • Агар шартлари тўла бўлгани туфайли қўлни кесиш фарз бўлса, ўнг қўл кесилади. Чунки, «Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қилмишларига жазо бўлсин учун, Аллоҳ томонидан азоб бўлсин учун қўлларини кесинглар!» (Моида: 38) оятидаги أيديهما (қўлларини) калимаси Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қироатида أيمانهما (ўнг қўлларини) деб ўқилган. Кесиш ўрни кафтнинг бўғимидан бўлади. Чунки, қўл ўғирлик қуроли бўлди, шу туфайли ўғирлик қуролини йўқ қилиш билан жазо берилди ва кесишни кафтга чекланди. Чунки, қўл деб умумий айтилганда кафтни тушунилади. Уни кесилгандан кейин қонни тўхтатиш ва жароҳатни битказиш учун керак бўлган ҳар бир даврнинг ўзига хос барча зарурий даволарини қилинади. Валлоҳу аълам.