Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Дуо

15260 марта кўрилган

"Исломдаги руҳий ва ижтимоий тарбия" китобидан иқтибос

المقنبص من كتاب: "التربية الروحية والإجتماعية في الإسلام"

لمؤلفه د. أكرم ضياء الدين العمري

Муаллиф: Доктор Акрам Зиё Умарий
Мутаржим: Ҳусайн Абу Салоҳ

Дуо - Ислом динида намоз, рўза ва ҳаж каби бандани Аллоҳ таолога маҳкам боғлаб турадиган ибодатлардан биридир. Инсоннинг моддий алоқаларини табиат ва жамиятга боғлаб, Аллоҳга бўлган боғланишини эътиборсиз қолдирувчи ҳозирги моддий фалсафаларнинг акси ўлароқ, Ислом динида банданинг Аллоҳ таолога боғланиши узоқ масофаларни осонлик билан босиб ўтади. Инсоннинг Аллоҳга боғланиши инъикоси, шубҳасиз, унинг ижтимоий ва борлиқ билан бўлган алоқаларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам дуо, бошқа ибодатлар сингари муайян вақт ёки моддий ва жисмоний куч сарфлашга эҳтиёж бўлмай, ҳамма вақт қилиниши мумкин бўлган ибодатдир. Дуо – энг осон ибодатлардан бўлиб, банданинг қалбини жонлантириш, руҳини уйғотиш ҳамда Аллоҳ ва одамлар билан бўлган алоқаларини самарали қилишга кафилдир.

Дуо – банданинг Аллоҳ таолодан лутф ва ёрдам сўраши, ўзининг Унга бўлган муҳтожлиги, заифлигини изҳор қилиши, Холиқни улуғлаб, Унга санолар айтиши, демакдир. Шунинг учун ҳам, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Дуо – ибодатдир"- деган эдилар[1]. Хаттобий раҳимаҳуллоҳ: "Бу ҳадиснинг мазмуни: дуо - ибодатларнинг энг улуғи ёки афзали, демакдир. Инчунун, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳаж – Арафадир", деган эдилар[2].

Аллоҳ таоло дейди: "Роббингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қиламан», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирадилар" (Ғофир: 60);

"Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан" (Бақара: 186).

Аллоҳ бандаларига яқин. У уларнинг дуоларини эшитади. У шариатига бўйсуниб итоат этган, ижобат бўладиган дуо шартларини билиб, унга амал қилган, ижобатга тўсиқ бўладиган монеъликларни билиб, ундан узоқ бўлган кишиларнинг дуоларини қабул қилади. Аллоҳнинг чақириғига "лаббай" деган ва унга иймон келтирган кишилар тўғри йўлда бўлиб, уларнинг дуолари билан Аллоҳ ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг "Менга дуо қилинглар, ижобат қиламан" ояти ҳақида шундай деди: "Яъни, амал қилинглар ва севининглар! Чунки иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бандаларининг дуоларини ижобат қилиш ва Ўз фазлу марҳамати билан уларга (сўраганларидан кўра) зиёда қилиш Аллоҳ таолога лойиқдир"[3].

Аллоҳ таоло бандаларига яқин бўлгани учун, улар ўзлари билан Аллоҳ ўртасида воситачиларга муҳтож эмаслар. Аллоҳ бандаларига жон томирларидан ҳам яқинроқ. Улар Аллоҳга ҳар ерда ва ҳамма вақт махфий ҳолатда дуо қила оладилар. Уларнинг бошқа эътиқод ва динларда бўлгани каби фолбинлар, роҳиблар ва руҳонийларни восита қилишга эҳтиёжлари йўқ. Зотан, Ислом динида насоро динида бўлганидек индульгенция йўқ. Индульгенция – христиан черковга келиб, (кўринмаслик учун) парда тортилган курсилардан бирига ўтириб, қилган барча гуноҳларини роҳиб олдида эътироф этиши ҳамда кечириш ва розиликни сўрашидир. Бу ҳолатда инсон ўз қадр-ҳурматини нақадар тубанлаштириши ҳамда ҳаётий сирларини ошкор қилиши инъикос этмоқда.

Инсоният тарих давомида ўз эҳтиёжларини сўраш ва гуноҳларига эътироф этиш ва муножот қилиш учун тошлар, дарахтлар ва инсонлардан воситачилар излади. Ислом дини келиши биланоқ бу ишларга чек қўйди ва уни ширк деб эълон қилди. Холиқ билан махлуқ ўртасида воситачилик йўқ эканини баён қилди. Аллоҳ таоло воситачи излаш ва уларга дуо қилишни бир неча оятларда таъқиқлади:

"... Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз!" (Юнус: 106);

"(Эй Муҳаммад), уларга Иброҳим хабарини тиловат қилинг! Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» — деганида улар: «Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас уларга содиқлигимизча қоламиз», дедилар. (Иброҳим) айтди: «Илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларни(нг илтижоларингизни) эшитадиларми ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!»" (Шуъаро: 69 – 73).

Дуо қилинишга лойиқ бўлган ягона зот – Аллоҳ таолонинг ўзидир. Чунки дуо – дуогўй зарарни кетказиши ёки фойда келтиришини Аллоҳ таолодан сўраса, ибодатдир. Аллоҳ таоло айтди: "(Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Агар дуо-илтижо қилмас экансизлар, Роббим сизларга парво қилмас. Бас, сизлар (У зот юборган пайғамбарни) ёлғончи қилдингиз. Энди албатта (азоб-уқубат) сизларга лозим бўлади»" (Фурқон: 77).

Яъни, агар Роббимга ибодат қилмасангиз, Ундан сўрамасангиз, сизларга парво қилмас!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Дуо – ибодатдир"- дедилар-да: "Роббингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирадилар" (Ғофир: 60)- оятини ўқидилар.

Аллоҳ таоло: "Менгагина дуо қилнглар, ижобат қиламан!",- деб ижобат қилишни ваъда қилган экан, инсон Аллоҳдан бошқаси учун қандай ибодат қилади?! Зеро, Аллоҳдан бошқаси фойда бермайди. Чунки Аллоҳ таоло барча нарсага қодир, бошқалар эса Аллоҳнинг изни билангина бирон нарсага қодир бўла оладиган заиф махлуқлардир. Аллоҳ таоло айтди: "Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, бас унга қулоқ тутинг: Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар" (Ҳаж: 73).

Мушриклар санам ва бутлар бизни Аллоҳга яқинлаштиради деб гумон қилар эдилар. Буни Аллоҳ таоло шундай баён қилди: "«Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қиламиз»" (Зумар: 3).

Қуръон мушрикларнинг бу ишларини рад этди: "Сизлар Баъл (номли олтиндан ясалган бут)га сиғиниб, сизларнинг ҳам, аввалги ота боболарингизнинг ҳам Роббиси — энг гўзал-афзал Яратувчи Аллоҳни тарк қиласизларми?!" (Соффат: 125).

Қуръон Карим уларни Аллоҳ таъоло Қиёмат кунида воситачилар ва шерик қилинган махлуқларни чақириши, бироқ улар ижобат қила олмаслигининг ваъдасини берди: "Уларга: «Бутларингизга илтижо қилинглар, (мана энди сизларга ёрдам берсинлар)», дейилиб, уларга илтижо қилинганларида (бутлар) жавоб қилмаслар ва улар азобни кўрадилар. Агар улар ҳидоят топсалар эди (бундай азобни кўрмаган бўлур эдилар)" (Қасас: 64).

Модомики, Аллоҳ бандаларига яқин ва дуоларини эшитар экан, воситачи ва шерикларнинг нима кераги бор?!

Дуонинг шарт ва одоблари

Холис ният, қалб уйғоқлиги, Аллоҳ таолога ҳамду сано ва пайғамбаримизга салавоту салом билан бошлаш, дуодан аввал намоз, садақа ёки рўза тутиш каби солиҳ амални қилиш, гуноҳлардан узоқлашиш, ҳаром луқма емаслик, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "(Ё) яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар ёки Аллоҳ сизларга балосини юборади-да, дуолар қилсангиз ҳам мустажоб бўлмайсизлар!"[4].

Дуо асносида овозни баланд кўтармаслик, мустаҳаб.

Аллоҳ таоло айтади: "Роббингизга тазарруъ билан, хуфёна дуо қилингиз!" (Аъроф: 55).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтди: "Салафлар дуо қилишга берилишар, бироқ овозлари эшитилмас эди. Улар ўзлари билан Роббилари ўртасида пичирлар эдилар, холос.

Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу айтди: "Биз расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик. Бирон бир водийга кўтарилсак таҳлил ва такбир айтар ва овозларимиз кўтарилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳой одамлар, ўзингизни босинг! Сизлар кар ёки ғойиб-узоқда бўлган зотга дуо қилмаяпсизлар. У- сизлар билан биргадир. У – Эшитувчи, Яқин, исми улуғ ва шаъни буюк бўлган зотдир"- дедилар"[5].

Банда Аллоҳга чин юракдан ёлбориб, музтар одамдек илтижо қилса, унинг дуолари ижобатга яқин бўлади. Аллоҳ таоло деди: "Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган" (Намл: 62).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган дуоларни қилиш, мустаҳаб.

Чунки, Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавомиъул калим – пурмаъно сўзлар билан дуо қилишни яхши кўрар, ундай бўлмаганини ташлар эдилар[6].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига фасоҳат ва балоғат соҳиби бўлсаларда, кенг юқамровли ва махсус дуоларни ўргатар эдилар. Чунки расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи ва салламга пурмаъно сўзлар ато этилган эди. Шунинг учун ҳам саҳоблар, Унинг дуоларини ёд олишга тиришар эдилар. Абу Умома разияллоҳу анҳу айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп дуо қилдилар ва биз унинг ҳаммасини ёдлай олмадик. Биз: "Ё расулуллоҳ, сиз кўп дуо қилдингиз ва биз уни ёдлай олмадик"- дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мен сизларга буларнинг барчасини ўз ичига олган дуони ўргатайми?": "Аллоҳим, биз Сендан пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўраган яхши нарсаларни сўраймиз ва Сендан пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам паноҳ сўраган ёмон нарсалардан паноҳ сўраймиз. Сенгина ёрдам сўраладиган зотсан. Кўзланган мақсадга сенинг ёрдаминг ила етилади, куч ва қудрат Аллоҳдандир"- деб айтинглар, дедилар."[7].

Дуо қилаётганда бир матлаб остига кирган тафсилотларни кўпайтириш макруҳдир. Масалан: Аллоҳ таолодан жаннатни сўрар экан, жаннат неъматларини бирма-бир санаб ўтиш ёки жаҳаннамдан паноҳ сўрар экан азоб турларини санаб, уларнинг ҳар биридан алоҳида-алоҳида паноҳ сўраш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни "тажовуз" (меъёрдан ошиш) деб таърифлаб: "Дуода тажовуз қиладиган қавмлар чиқади"- дедилар[8].

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтди: "Дуода қофиядош сўзларни танлаш ёки сўз санъатига берилиш, макруҳдир. Амри маҳол нарсаларни сўралмайди.Умид қилинмайдиган нарсаларга оғиз очилмайди. Масалан: дунёда мангу қолишни сўралмайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таологина мангуликни Ўзи учун танлаб, фонийликни бандалари учун тақдир қилди. Гуноҳ нарсалар, қариндошлик ришталарини узиш ва шу каби таъқиқланган нарсаларни сўраб ҳам дуо қилинмайди"[9].

Ўз жони, фарзандлари ва молу дунёси зарарига, қариндошлик ришталарини узиш ва гуноҳ учун дуо қилиш ҳамда дуони тез қабул қилишни сўрашдан қайтарган ҳадислар ворид бўлган: «Фарзандларингиз ва молларингизни баддуо қилманглар, Аллоҳдан сўраладиган - дуо ижобат бўладиган бир соатга мувофиқ бўлиб қолманглар, натижада Аллоҳ дуойингизни қабул қилиб қўйса»[10].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Модомики гуноҳ бўладиган ишлар ёки қарнидошлик ришталарини узиш билан дуо қилмас ва дуони тез қабул бўлишини сўрамас экан, банданинг дуолари қабул бўлаверади"- дедилар. Саҳобалар: "Тез қабул бўлишини сўраш нима дегани?"- деб сўраганларида расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Банданинг: "Дуо қилдим, дуо қилдим, дуоларим қабул бўлмади",- деб умидсизланиб, дуо қилишдан тўхташидир"- дея жавоб бердилар[11].

Дуонинг белгиланган замони ва макони йўқ бўлсада, замон ва маконларниг баракалари бир-биридан фарқ қилади. Масалан: Байтул-Ҳаром, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари ва шу масжид ичидаги расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбари билан уйлари ўртасидаги равза энг баракали жойлардан, саҳар пайти, азон билан иқомат ўртаси ва фарз намозлари ўқилганидан кейинги вақтлар дуо учун энг муносиб вақтлардан ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: "Дуоларнинг қайси бири қабул бўлади?"- деб сўралганида: "Кечанинг охирги қисми ва фарз намозлари сўнггида қилингани"- деб жавоб бердилар[12].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Роббимиз таборака ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганида қуйи осмонга тушади ва: «Роббимиз Таборака ва Таоло ҳар кеча, кечанинг учинчи қисми қолганда Самоуд-дунёга тушиб: Ким менга дуо қилади дуосини ижобат қиламан, ким мендан сўрайди тилагини бераман, ким мендан мағфират сўрайди уни мағфират қиламан, дейди»[13].

Дуо қабул қилиниши умид қилинган вақтлар - кечанинг охирги учдан бири, азон пайти, азон билан такбир ўртаси, фарз намозлардан сўнгра, имомнинг жума куни минбарга чиқиш пайтидан то жума намозининг фарзи ўқилгунича ва жума куни аср пайтидан кейинги охирги лаҳзалардир[14].

Дуонинг мақбул бўлиши умид қилинган вақтлардан бири - сажда ҳолатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Банданинг Роббисига энг яқин бўлган пайти – саждадаги пайтидир. Бас, (у онда) кўп дуо қилингиз!"[15].

Арафот куни, вақт ва фарзнинг шарафи бирлашган бир пайт ва рамазон ойи дуолар ижобат бўлиши умид қилинган вақтлардан биридир.

Мусулмон дуо учун энг афзал вақтларни, хусусан саҳарларни танласин. Аллоҳ таолога бор ҳиммати билан юзлансин. Роббисига муножот қилар экан, дунёвий алоқаларидан айрилсин. Дуони ёлбориб, синиқлик, ҳокисорлик ва камтарлик билан қилсин. Таҳорат олиб, Қиблага қараб, Аллоҳ таолога ҳамду сано ва пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар айтсин. Сўнгра, маъсур – пайғамбаримиздан ривоят қилинган ва пурмаъно сўзлар билан дуо қилсин. Маъсур бўлмаган сўзлар билан ҳам дуо қилса бўлаверади. Агар юқоридаги шартларга асосан бўлса. Аллоҳ таоло: "Менга дуо қилинглар ижобат қиламан!"- деб айтган ваъдасига вафо қилади. Чунки У, вафодорларнинг вафодоридир.

Агар дуо ижобат бўлмаса, мусулмон ниятни тузатиш, қалб самимийлиги ва ҳаром нарсаларни емаслик каби ижобат шартларида қўйган камчиликларига қарасин. Чунки ҳаром луқма ейиш, ҳадис шарифда келганидек, дуонинг ижобат бўлишига катта монеъликлардан биридир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Албатта Аллоҳ тоййиб-покдир фақат пок нарсанигина қабул қилади. Аллоҳ таоло мўминларни пайғамбарларни буюрган нарсага буюрди, Аллоҳ таоло Мўминун сурасининг 51- оятида шундай деди: «Эй Пайғамбарлар, ҳалол пок таомлардан енглар ва амали солиҳ қилинглар». Бақара сурасининг 172- оятида эса: «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар». - оятини ўқиб ундан кейин бир кишини зикр қилдилар: Бу киши узоқ сафар қилган, соч соқоли тўзиган, уст боши чангга беланган, қўлини осмонга чўзиб: Эй Роббим, Эй Роббим деб дуо қилади, ҳолбуки, емоғи ҳаром, ичмоғи ҳаром, кийим боши ҳаром, ҳаром билан боқилган, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин!»- дедилар"[16].

Ривоят қилишларича, бир киши султон Маликшоҳ ҳузурида Низомулмулкни танқид қилиб: "У ҳар йили юз минглаб динорни илм излаган толибларга ва уламоларга сарф этмоқда. Ҳолбуки, бу маблағ билан Константинополь сурларига байроқ тика оладиган лашкарни таъминлаш мумкин эди!"- деди. Маликшоҳ Низомулмулкни чорлатиб, дашном берди ва мадрасаларни нега қураётганини сўради. Низомулмулк унга шундай жавоб берди: "Мен сиз учун "Тун лашкарлари" деб номланган лашкарларни туздим. Сизнинг аскарларингиз кечалари ором олганида, "Тун лашкарлари" Роббилари ҳузурида сафга туриб, кўз ёшларини тўкадилар. Забонларини ишга соладилар. Аллоҳга сиз ва аскарларингиз учун қўлларини очадилар. Сиз ва аскарларингиз уларнинг ҳимоялари билан яшайсиз, дуолари билан тунайсиз, баракалари билан устингиздан ёмғир ва ризқлар ёғади"[17].

Аллоҳ таоло "Роббингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларда жаҳаннамга кирадилар" (Ғофир: 60) оятида "Менга дуо-илтижо қилинглар" дейиш билан мўъминларни ўз тавҳиди, улуҳият ва ибодат билан ёлғизлашга чорламоқда.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан: "Сизга дуо ибодатнинг ярми эканининг хабари етдими?"- деб савол берилганида: "Ундай эмас, (дуо) ибодатнинг барисидир!"- деб жавоб берди[18].

Суфён раҳимаҳуллоҳ айтди: "Гуноҳларни қилмаслик ҳам, дуодир" (Аввалги манба).

Аллоҳ таоло Ўзига ибодат ва дуо қилишдан бош тортган кимсаларнинг, жаҳаннамга хорланиб ва хўрланиб киришларининг ваъдасини берди. Аллоҳ таоло мазкур оятда муваҳҳидларнинггина дуоларини мустажоб қилишини шарт қилди. Шубҳасиз, ижобат – ўз шартлари ва муносиб дуолар билангина бўлади. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: "Мен ижобатнинг эмас, дуо қилишнинг ғамини чекаман. Агар дуо қилишга илҳом берилса, ижобат ҳам у билан бирга келади"- деган эди[19].

Аллоҳ таоло одамларнинг дуолар билан ибодат қилишлари ва Ўзидан сўрашларини суяди. Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи ва салламдан: "Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади" ҳадиси ривоят қилинган[20].

Дуо – яхшиликлар нозил бўлиши ва балоларнинг даф бўлишидаги катта сабаблардан биридир. Савбон разияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда: "Тақдирни дуогина қайтара олади. Умрни эзгу ишгина узайтиради. Банда қилган гуноҳи сабабли ризқдан маҳрум бўлади", дейилган[21].

Ушбу ҳадис ҳодисалар, умр ва ризқларнинг пешонага ёзиб қўйилган экани ҳақидаги ҳадисларга зид эмасдир. Чунки у нарсаларнинг барчаси ўз сабаблари билан тақдир қилинган. Дуо эса энг катта сабаблардан биридир. "Банда сабабни қилар экан, тақдир амалга ошади. Сабабларни қилмас экан, тақдир ҳам амалга ошмайди. Худди тўйиш ва қониш таом ва сув билан бўлганидек, жаннат ва жаҳаннамга кириш ҳам амаллар билан бўлади"[22].

Шунинг учун ҳам вабо йўқолгунича Шом тоғларига чиқиб туриш учун қайтаётганида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бир саҳобанинг: "Аллоҳнинг тақдиридан қочаяпсизми?!"- деб берган саволига: "Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочмоқдамиз"- деб жавоб берган эди[23]. Бу сўзлар сабабларни ушлаш, тақдирни тақдир билан даф қилишнинг зарурати ва дуо – сабабларнинг энг афзали эканини баён қилмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари разияллоҳу анҳумларнинг ишлари дуонинг таъсири ва аҳамиятини очиқ кўрсатиб, "Дуонинг пешонага ёзиб қўйилган нарсага таъсири йўқ" деб айтилган сўзга раддия бермоқда.

Дуонинг ижобатини тақозо этган сабаблардан баъзилари ушбу ҳадисда ўз аксини топган: "Учта дуо ижобатдир ва бунда ҳеч шубҳа йўқдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, отанинг фарзандига дуоси"[24].

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: "Сафар узоқ давом этгани сайин банда дуонинг ижобатига яқинроқ бўлади. Чунки унда туғилиб ўсган юртдан узоқдаги ғурбат ва сафардаги қийинчиликлар сабабли синиқлик пайдо бўлади. Қалбдаги бу синиқлик - дуонинг ижобат бўлиш сабабларидан биридир"[25].

Эскирган кийимларни кийиш, чанг теккан ва тўзғиган сочлар ҳам, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ифодаланганидек, дуо ижобатининг омилларидандир: "Сочлари тўзғиган, чанг теккан ва жулдур кийим кийган қанча одам борки, унга эътибор берилмайди. Бироқ, у Аллоҳ номига қасам ичса, Аллоҳ унинг қасамини оқлайди!"[26].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир сўраш намози учун жулдур кийимда, тавозе ва ёлбориш билан чиққан эдилар[27].

Мутарриф ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳнинг жияни қўлга тушиб қолди. Шунда Мутарриф раҳимаҳуллоҳ эгнига жулдур кийимларни кийиб, қўлига асо олди. Буни кўрганлар: "Нега бундай қилдингиз?"- деб савол берганларида: "Роббим учун ҳокисорлик қилмоқдаман. Шояд У мени жияним учун ҳомий-шафоатчи қилса"- деб жавоб берди (Аввалги манба).

Дуо ижобат бўлишининг сабабларидан бири - қўлни осмонга кўтаришдир. Салмон разияллоҳу анҳу айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳаёли ва саховатли зот бўлиб, банда қўлларини осмонга (илтижо қилиб) кўтарса, унинг қўлларини ноумид ва бўш қайтаришдан ҳаё қилади"- дедилар"[28].

Дуонинг ижобат сабабларидан яна бири – Аллоҳнинг рубубиятини такрор-такрор тилга олиб ёлборишдир. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: "Агар банда: "Ё, Роббим!"- деб тўрт марта айтса (такрорласа) Аллоҳ: "Лаббай, бандам, сўра, тилангинг берилади!"- дейди"[29].

Дуонинг ижобат бўлишига сабаб бўладиган нарсалардан бири - тоат-ибодатларни қилишдир. Бу, ғорга кирганларида ғор оғзини ҳарсанг тош беркитиб қамалиб қолган, Аллоҳ учун холис қилишган амалларини восита қилганларида эса тош сурилиб, ғор оғзи очилган уч кишининг ҳикояси келтирилган ҳадисда баён қилинган. Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ: "Солиҳ амал – дуони (Аллоҳга) етказади"- деди-да: "(Ҳар бир) хуш сўз Унга (Аллоҳга) юксалади ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтаради" (Фотир: 10) оятини ўқиди[30].

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтди: "Аллоҳ, Ўзи ҳаром қилган нарсалардан сақланилса, дуо ва тасбиҳларни қабул қилади"[31].

Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳ айтди: "Озгина тақвонинг бўлиши дуонинг ижобат бўлишига кифоядир" (Аввалги манба).

Ривоят қилинишича саҳобаларнинг: "Ё расулуллоҳ, Роббимиз яқинми: Унга пичирлаб гапирсак ёки узоқми: товушимизни кўтариб гапирсак?!- деб берган саволлари Аллоҳ таолонинг: "Агар бандаларим Сиздан Мен ҳақимда сўрасалар айтингки, Мен уларга яқинман" оятининг нозил бўлишига сабаб бўлган[32]. Аллоҳ яқин бўлгани учун ҳам, бандалар товушларини кўтаришга эҳтиёжни ҳис этмайдилар. Аллоҳ таоло Закарийё алайҳис-саломни: "Роббисига дуо-илтижо қилиб деган эди" (Марям: 3) дея мақтади. Бу - Закарийё алайҳис-саломнинг ўз Роббисини яқин эканини ва Унинг хуфёна дуоларни эшитишини билиши туфайли эди. Дуони хуфёна қилиш одобдан экан, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: "Ошкора ва хуфёна дуо ўртасида етмиш даража бор"- деди[33]. Аллоҳ таоло айтди: "Роббингизга тазарру билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз! Зотан, У ҳаддан ошувчи кимсаларни суймас" (Аъроф: 55).

Тазарру, хушуъ, синиқлик ва ҳокисорликнинг дуо ижобат бўлиш сабабларидан бири эканида ҳеч шубҳа йўқдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло ёқтирмайдиган тажовуз "баланд товуш билан дуо қилиш" деб ҳам тафсир қилинди. Ибн Журайж раҳимаҳуллоҳ айтди: "Товушни кўтариш, бақириб, қичқириш - дуо қилишдаги тажовуздан ҳисобланади".

Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ давом этиб айтади: Дуони тазарру, ҳокисорлик ва қўрқиб қилмаган одам – тажовузкордир.

Аллоҳ таолога Ўзи жорий қилмаган ибодат билан сиғинишингиз, Ўзи айтмаган ва изн бермаган сўзлар билан ҳамду санолар айтишингиз ҳам, тажовуздир. Чунки бу – ҳамду сано ва дуодаги тажовуздир. Бу тажовуз – сўраш ва талаб қилишдаги тажовузнинг ўзгинасидир"[34]. Шубҳасиз, қалблар ҳаёти – Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш ва Унга яқин бўлиш биландир. Серобчилик пайтида Аллоҳ таолони таниш – оғир ва машаққатли ҳолатларда қилинган дуолар ижобатининг катта омиллардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Сиз Аллоҳни серобчилик пайтида унутманг, У сизни қийинчилик пайтида унутмайди!"[35].

Аллоҳ учун қилинадиган ибодат, дуо ва зикрлардан бандани Аллоҳ ато этган неъматлар тўсади. Банданинг дунё неъматларига бўлган эътибори, молу дунё тўплашга ҳарислиги, фарзандларни кўпайтиришга иштиёқи кучайгани, ўз жонига жабр қилишдан қўрқиб ўзини сарҳисоб қилишга муҳтож бўлгани сайин, тоат-ибодатдан осийликка, зикрдан эса ғафлатга ўтиб кета бошлайди. Солиҳ бандалардан бири бўлган Иброҳим Адҳам раҳимаҳуллоҳга: "Дуо қилсак нега дуоларимиз мустажоб бўлмайди? Ахир Аллоҳ таоло: "Менгагина дуо қилинглар ижобат қиламан!" демоқда-ку?"- деб савол берилганида: "Чунки, сизларнинг қалбларингиз ўлгандир!"- деб жавоб берди.

- Қалбимизни нима нарсалар ўлдирди?

- Уни саккиз хислат ўлдирган:

1) Аллоҳнинг ҳаққини танидингиз, бироқ ҳаққини бермадингиз;

2) Қуръонни ўқидингиз, бироқ унинг ҳукмларига амал қилмадингиз;

3) расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севамиз, дедингиз, бироқ Унинг суннатларига риоя қилмадингиз;

4) ўлимдан қўрқамиз, дедингиз, бироқ унга тайёргарлик қилмадингиз.

5) Аллоҳ таоло: "Дарҳақиқат, шайтон сизларнинг душманингиздир, бас, уни душман ҳисоблангиз!"- деди (Фотир: 6), сиз бўлсангиз у билан гуноҳларда бирга бўлдингиз;

6) жаҳаннамдан қўрқамиз, дедингиз, бироқ баданларингизни унга ҳозирладингиз;

7) биз жаннатни севамиз, дедингиз, бироқ, унга яраша амал қилмадингиз;

8) кўрпангиздан турганингиздан бошлаб ўз айбларингизни қўйиб, бошқаларнинг айблари билан шуғулландингиз-да, Роббингизнинг ғазабини келтирдингиз. Шундай экан, дуоларинигз қандай мустажоб бўлсин?!"[36].

Гуноҳ ишларга муккасидан кетган айрим одамлар умид ва раҳматларни ифодалаган оятларга ёпишиб оладилар. Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ: "Ўзинг итоат қилмаган Зотнинг раҳматидан умидвор бўлишинг - аҳмоқлик ва хорликдан бошқа нарса эмас"- деди. Оқил одам ҳушёр бўлади, гуноҳларига тавба қилади, ҳеч иккиланмай Роббисига ибодат қилишга шошилиб, динида собит қилиши учун, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби дуолар қилади: "Аллоҳим! Эй қалбларни бурувчи Зот, менинг қалбимни динингда барқарор қил!"[37].

Дуо ижобат бўлиши учун ихлос бўлиши шартдир. Аллоҳ таоло айтди: "Бас (эй мўминлар), сизлар (Аллоҳга) У зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!" (Ғофир: 65).

Аллоҳ таоло инсонлар Аллоҳга дуо қилиш, Ундан тилаш ва Ундан паноҳ сўраш табиати билан яралганликлари, ҳатто улар ичидаги кофирлар ҳам бошларига оғир мусибат етса ўз олиҳаларини қўйиб, Аллоҳнинг Ўзигагина ёлборганларини баён қилди: "Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган" (Намл: 62). Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло, кофирларнинг ўз фитратларидан воз кечишларини инкор этди: "Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олмоқдасизлар!" (Намл: 62).

Музтар-ночор одамлардан бири – мазлум одамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўлишга чақирдилар: "Мазлумнинг дуосидан қўрқ! Чунки у (дуо) билан Аллоҳ ўртасида ҳеч қандай парда йўқдир!;[38]

"У (мазлумнинг дуоси) учун само дарвозалари очилади ва Робб азза ва жалла: "Иззатимга қасамки, сенга кейинроқ бўлсада, албатта, ёрдам бераман!"- дейди"[39]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадислари сиёсий ва ижтимоий адолатнинг кенг дарвозасини очиб, адолат ва садоқат меъёрлари асосида одамларнинг алоқаларини мустаҳкамлайди.

Ҳа, Ислом бандаларни Аллоҳга бўлган алоқаларини шундай ислоҳ қилиш учун келган: улар Аллоҳдан бошқасига на дуо ва на ибодат қиладилар. Аллоҳ уларга жон томирларидан ҳам яқинроқдир. У, дуогўйнинг Қуръон кўрсатиб, суннат чеклаган шартлар асосида қилган дуосинигина қабул қилади ва одамларнинг ўзаро алоқаларини мутлақ адолат асосларига биноангина тузатади.

[1] - Термизий раҳимаҳуллоҳ "ал-Жомеъ": 5/ 211, ҳадис № 2969. Ҳасан ҳадис.

[2] - Термизий раҳимаҳуллоҳ "ал-Жомеъ": 3/ 237, ҳадис № 889; Ибн Можжа раҳимаҳуллоҳ "Сунан": 2/ 1003, ҳадис № 3015)" (Хаттобий "Шаънуд-дуъот", 5.

[3] - Суютий раҳимаҳуллоҳ "ад-Дуррул-мансур фит-тафсир бил-маъсур": 7/ 302.

[4] - Термизий раҳимаҳуллоҳ "Жомеъ": 4/ 468.

[5] - "Фатҳул-Борий": 6/ 135, ҳадис № 2992.

[6] - Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ: 2/ 162, ҳадис № 1482.

[7] - Термизий раҳимаҳуллоҳ: 5/ 537, ҳадис № 3521, ғариб ҳадис.

[8] - Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ: 2/ 162, ҳадис № 1480; ибн Можжа раҳимаҳуллоҳ: 2/ 1271, ҳадис № 3864.

[9] - Хаттобий раҳимаҳуллоҳ "Шаънуд-дуот", 15.

[10] - Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 4/ 23047, ҳадис № 3009.

[11] - Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 1/ 350, ҳадис № 482.

[12] - Термизий: 5/ 527, ҳадис № 3499, ҳасан ҳадис.

[13] - "Фатҳул-Борий": 3/ 29, ҳадис № 1145; имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 1/ 521, ҳадис № 758. Ҳадис лафзи имом Муслим раҳимаҳуллоҳники.

[14] - Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ "ал-Жавобул-Кафий", 9.

[15] - Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 1/ 350, ҳадис № 482.

[16] - Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 2/ 703, ҳадис № 1015.

[17] - "ал-Ироқ фит-тарих", 506 – 507.

[18] - Табарий тафсири: 25 / 79.

[19] - Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ "ал-Фаваид", 128.

[20] - Термизий раҳимаҳуллоҳ: 5/ 456, ҳадис № 3373.

[21] - Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: 5/ 280.

[22] - Ибн Қоййим "ал-Жавобул-кофий", 15.

[23] - Термизий раҳимаҳуллоҳ, ҳадис № 3373; ибн Ҳажар "Фатҳул-Борий": 11/ 95.

[24] - Термизий раҳимаҳуллоҳ: 4/ 314, ҳадис № 195; ибн Можжа раҳимаҳуллоҳ: 2/ 1270, ҳадис № 3862.

[25] - Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ "Жомеул-улуми вал-ҳикам", 98.

[26] - Термизий раҳимаҳуллоҳ: 5/ 693, ҳадис № 3854, саҳиҳ ҳасан ҳадис.

[27] - Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ "Жомеъул-улуми вал-ҳиками", 98.

[28] - Термизий: 5/ 557, ҳадис № 3556, ҳасан ғариб ҳадис; Абу Довуд: 2/ 165, ҳадис № 1488.

[29] - Баззор раҳимаҳуллоҳ "Жомеъул-улум", 99.

[30] - Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ "Жомеъул-улуми вал-ҳиками", 100.

[31] - Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ "Жомеъул-улуми вал-ҳиками", 101.

[32] - Табарий раҳимаҳуллоҳ: 2/ 158.

[33] - Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ "ат-Тафсирул-қоййим", 245.

[34] - Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ "ат-Тафсирул-Қоййим", 254.

[35] - Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: 1/ 307.

[36] - Асбаҳоний раҳимаҳуллоҳ "Ҳилятул-авлиё": 8/ 15, 16.

[37] - Термизий раҳимаҳуллоҳ: 4/ 447, ҳадис № 2140 ва 5/ 538, ҳадис № 3522, ҳасан ҳадис.

[38] - ("Фатҳул-Борий": 3/ 357, ҳадис № 1496 ва 5/ 101, ҳадис № 2448; имом Муслим раҳимаҳуллоҳ: 1/ 50, ҳадис № 19. Ҳадис лафзи имом Муслим раҳимаҳуллоҳникидир.

[39] - Термизий раҳимаҳуллоҳ: 4/ 673, ҳадис № 2526. Термизий айтди: "Бу ҳадиснинг санади кучли эмас. У санад менимча муттасил эмас".